ГАСТРОЭНТЕРИТ (гастро… ва юн. entera — ичак) — меъда ва ингичка ичак шиллиқ қаватининг яллиғланиши. Организмни заҳарлаб, умумий инфекцион касалликни вужудга келтирадиган микробларнинг овқат билан меъда-ичакка кириб кўпайиши кўпинча Гастроэнтеритга сабаб бўлади. Ҳўл мева ва сабзавотларни ювмасдан ейиш, хеш сут ичиш, айниган гўшт ва балиқ маҳсулотларини истеъмол қилиш, шунингдек кўп спиртли ичимлик ичиб, жуда кўп овқат ейиш натижасида келиб чиқади. Одамларда Гастроэнтерит ўткир ва сурункали кечади. Ўткир Гастроэнтеритда бемор тўсатдан сассиқ кекирик бўлиб, кўнгли айнийди, қайт қилади, ичи кетади, қорни санчиб, қаттиқ оғрийди, ичи қулдирайди. Кўпинча организмнинг заҳарланиш белгилари ҳам қўшилади: бош оғриб ҳарорат кўтарилади, лабга учуқ тошади, касаллик оғир кечса, юрак-томир фаолияти бузилади (беморнинг ранги ўчиб, томири сезиларсиз ва тез-тез уради, ҳушдан кетади). Касаллик енгил ўтса, бемор тезда тузалиб кетади. Оғир кечганда узоқ давом этиб, жигар, буйрак, қовукда асорат қолдириши мумкин. Сурункали Гастроэнтерит кўпроқ касалликнинг ўткир даври даволанмасдан ўтказиб юборилганда, шунингдек мустақил касаллик сифатида ҳам юзага келиши мумкин. Касалликнинг олдини олиш учун овқатланиш тартибига ва шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш керак (яна қ. Овқатдан заҳарланиш). Махсус парҳез буюрилади, доридармонлар тавсия этилади.
Гастроэнтерит билан оғриган ҳайвонларда меъда-ичак деворининг чуқур қатламлари зарарланади; ҳайвоннинг умумий аҳволи оғирлашади. Бузилган, моғорлаган, чириган ем-хашакдан, ифлос сувдан, кимёвий моддалар ҳамда ўсимликлардан заҳарланиш натижасида келиб чиқади. Касал ҳайвон бўшашади, гавда т-раси кўтарилади, мускуллари титрайди ва тиришади, ҳеч нарса емайди, кўпинча шилимшиқ ва қон аралаш ичи кетади, қорни ичига тортилади, қорин девори безиллаб туради. Гастроэнтерит 2—3 кундан 15 кунгача давом этади. Ҳайвон интоксикациядан ва юрак фаолиятининг сусайишидан ўлиши мумкин. Касал ҳайвон тезда подадан ажратилади, оч қўйилади, меъдаси 0,85% ли натрий хлорид эритмаси билан ювилади, сурги бериб ичи тозаланади. Кейин зиғир уруғи, зиғир кунжараси, гуруч ва сули ёрмасидан қайнатма тайёрланиб, кунига 2—3 маҳал 0,5—1 л дан ичирилади. Касал ҳайвон ичагидаги бижғиш ва чириш жараёнини камайтириш учун ихтиол, салол ва буриштирувчи дорилар берилади, сульфаниламид препаратлар ҳамда антибиотиклардан фойдаланилади. Ҳайвонларда интоксикациянинг олдини олиш ва юрак фаолиятини яхшилаш учун камфора мойи, кофеин берилади, венага глюкоза эритмаси юборилади.