ГЕГЕЛЬ

ГЕГЕЛЬ (Hegel) Георг Вильгельм Фридрих (1770. 27. 8, Штутгарт — 1831. 14. 11, Берлин) — йирик немис файласуфи, немис мумтоз фалсафасининг энг машҳур вакили. 1788—93 й. ларда Тюбинген ин-тида тахсил олган. Бу ерда фалсафа ва илоҳиётни ўрганган. Бернда (1793—96), Франкфуртмайнда (1797— 1800) зодагон оилаларда ўқитувчи, Иена (1801—07), Гейдель-берг (1815—18) ун-тларида проф., Нюрнберг гимназиясида (1807—16) директор, айни пайтда, «Бамберг газетаси» да муҳаррир, Берлин ун-ти проф. (1818-28), ректори (1829-30).

Гегель ўз таълимотини бутун Ғарб фалсафаси ривожининг якуни, деб ҳисоблаган бўлсада, аслида, уни Янги давр Европа фалсафаси тараққиётининг сўнгги, юқори босқичи дейиш мумкин.

Гегель фалсафий таълимотида барча табиий ва ижтимоий ҳодиса ҳамда жараёнларнинг тубида «оламий руҳ», «оламий ақл», «мутлақ руҳ», «мутлақ ғоя», деб аталмиш мавҳум руҳий ибтидо борлигини асослашга ҳаракат қилган. Мазкур руҳий ибтидо шунинг учун ҳам оламий, мутлақки, унинг мавжудлиги ҳеч қандай бошқа нарсага боғлиқ бўлмай, у табиат ва жамият вужудга келгунича мавжуд бўлган. Бу маънода, «оламий», «мутлақ» руҳ тушунчаси «илоҳий онг» тушунчасига ҳамоҳанг ва мутаносибдир. Файласуфнинг эътироф этишича, фалсафанинг мазмуни, унинг эҳтиёж ва манфаатлари диннинг эҳтиёж ҳамда манфаатлари билан тамомила муштарак, умумийдир; динга хос нарса абадий ҳақиқат, худо ва уни англашдир; фалсафа динни қай даражада кашф қилса, ўзини шу даражада намоён этади ва аксинча, у қай даражада ўзини намоён этса, динни шу даражада кашф қилади; дин ва фалсафа ўзаро мутаносибдир. Гегельнинг фикрича, агар худо динда эътиқод шаклида тасаввур қилинса, у фалсафада мантиқий йўл билан билинади.

Гегельнинг таъкидлашича, худо барча нарсаларда мавжуд бўлиб, у фақат соф тафаккурдагина, ўзининг моҳиятига мутаносиб шаклда, мукаммал намоён бўлади. Гегель фалсафасида якун топган мутлақ билим худонинг инсон тимсолидаги «ўзини ўзи билишдан» бошқа нарса эмас.

Гегель таълимотида ривожланиш «триада» — 3 босқичлилик (тезис, антитезис ва синтез) шаклида юз беради. Шунга мувофиқ, мазкур фалсафанинг марказий тушунчаси — «мутлақ руҳ» диалектик ривожланиш жараёнида 3 босқични босиб ўтади: 1. «Мутлақ руҳ» нинг табиат яратилганига қадар бўлган соф тафаккур босқичи. 2. «Мутлақруҳ» нинг табиатга айланиши. 3. «Мутлақ руҳ» нинг табиатиинг инкори сифатида яна ўзига қайтиши. Гегель таълимотига биноан олам руҳий табиатга эга, унинг ривожи шу сабабдан ҳам юз берадики, соф илоҳий тафаккурнинг ички мазмуни, муайян босқичда, унга ҳеч ҳам мутаносиб бўлмаган жисмий борлиқ — табиат шаклига ўтади ва шу боис, унинг учун мудҳиш ҳолат — зиддият вужудга келади. Ҳаракат — диалектик ривожланишнинг муҳим тамойили бўлиб, у айни зиддиятнинг маҳсулидир. Худди табиатиинг ўзида руҳнинг ундан, яъни ўзининг «ўзгача борлиғи — бегоналашувидан» яна «ўзига қайтиши» бошланади. Ўз ҳаётининг илк босқичларида ҳали табиат қўйнида бўлган инсон онгнинг вужудга келиши (феноменология) натижасида ўз мавжудлигининг ибтидоий ҳолатидан аста-секин узилиб, кўтарила, юксала бошлайди ва у руҳий мавжудот («субъектив руҳ») сифатида, ўзининг бундай моҳиятини тегишли (англовчи ва хохловчи) хусусияти ва унинг мазмунига мос тарзда пайқамас, ўзлаштирмас экан, ибтидоси қандай бўлса, шундайлигича қолаверади.

«Объектив руҳ» нинг кўринишлари ижтимоий ҳаёт шакллари — ҳуқуқ, ахлоқ, урф-одат ва давлат ҳам худди шундай тадрижийлик жараёнларини босиб ўтади. Бу ерда ҳам бошка жойлардагидек, учинчи босқич узидан аввалги иккитасининг омихтаси (синтези) ҳисобланади. Ижтимоий ҳаётда ҳуқуқий мазмун билан ахлоқий эътиқоднинг муштараклиги ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Мазкур муштараклик давлат тимсолида ўзининг олий ифодасини топади.

Худо субъективлик билан объективликнинг (билувчи ва билувчига боғлиқ бўлмаган моҳиятнинг) бирлигидир. Субстанция (моҳият) ва билувчи (субъект) нинг мутлақ айнийлигини мушоҳада қилиш, тасаввур этиш ва билиш, яъни «мутлақ руҳ» нинг учта шакли «объектив руҳ» нинг тегишли кўринишларига таянади. Мазкур муштараклик санъатда «мушоҳада» қилинади, динда эса «тасаввур» этилади, фақат мутлақ илм — фалсафада у билинади, яъни айни шу ерда пировард мақсадга — инсон чекланган моҳиятининг чексизликка дахлдор бўлишлигига эришилади. Илоҳий ақл б-н ана шу муштараклик Гегель фалсафасининг сир-синоати, асл маъносини ташкил этади. Гегельнинг фалсафий таълимоти давлат ва тарихии тушуниш соҳаларига катта таъсир курсатди. У умумий жаҳон тарихига «оламий руҳ» нинг ўзини ўзи англаш жараёни ва шу билан бирга «озодликни англашдаги тараққиёт» сифатида қарайди. Бироқ озодлик шундан иборатки, инсон ўзининг «мутлақ ғоя» билан моҳиятан бирлигини билади ва ўзини объектив руҳ ҳосилалари ҳамда унинг хоҳиш-иродаси (давлат ва ҳуқуқ) билан тенглаштиради. Бу ҳосилалар пировард натижада «мутлақ руҳ» томонидан вужудга келтирилгандир. Озод фуқаро ўзининг умумозодлик билан жиддий ўхшашлигини англайди, қонун ташқи буйруққа ўхшаб кўринишини унинг ўзи билади.

Гегель фалсафасида табиат ва тафаккурнинг, айни пайтда жамият диалектик ривожланишининг пойдор тамойиллари — зиддият, сифат ва микдор ўзгаришлари, инкорни инкор конунлари ифодаланган.

Гегель таълимоти тизимининг турли соҳаларида Шарқ, жумладан Ўрта Осиё халқлари тарихи, фалсафаси, диний, бадиий ва умуман маънавий дунёси масалалари тегишли тарзда талқин топган.

Асосий асарлари: «Руҳ феноменологияси» (1807), «Мантиқ фани» (1812 — 16), «Фалсафа фанлари энциклопедияси» (1817), «Ҳуқуқ фалсафаси» (1821), «Дин фалсафаси буйича лекциялар»(1832), «Фалсафа тарихи буйича лекциялар» (1833—36), «Эстетика бўйича лекциялар» (1835—38), «Тарих фалсафаси буйича лекциялар» (1837). Абдулҳафиз Жалолов.


Кирилл алифбосида мақола: ГЕГЕЛЬ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Г ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФАЛСАФА
ГЕРМАНИЯ
ФРАНЦИЯ
ИБН СИНО


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты