ГЕНЕТИКА ВА ЎСИМЛИКЛАР ЭКСПЕРИМЕНТАЛ БИОЛОГИЯСИ ИНСТИТУТИ

ГЕНЕТИКА ВА ЎСИМЛИКЛАР ЭКСПЕРИМЕНТАЛ БИОЛОГИЯСИ ИНСТИТУТИ, Ўзбекистон ФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси илмий тадқиқот институти — генетик инженерия, биотехнология, генетика, ўсимликлар физиологияси ва биокимёси, қ. х. экинлари агробиологияси бўйича йирик илмий ва мувофиқлаштирувчи марказ. 1997 й. да Ўзбекистон ФА Генетика ин-ти ва Ўсимликлар экспериментал биологияси институтининг қўшилишидан ташкил топган (Генетика ин-ти 1992 й. да Ўрта Осиё фитопатология и. т. ин-ти, Ўзбекистон ФА ин-тлари таркибидаги бир неча турли лаб. лар базасида ташкил этилган). Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган. Ин-т таркибида 20 лаб., 0,8 га майдонли фитотрон, илмий жиҳозларни таъмирлаш ва улардан фойдаланиш бўлими, Фарғона филиали, Сирдарё таянч пункти, 2 экспериментал база ва Пискент туманида Дўстбеков номидаги жамоа хўжалиги бор. Ин-тга дала тажрибалари учун 23 га, кенг микёсдаги дала тажрибалари учун 600 га ер (Сирдарё вилоятида) ажратилган. Ин-т фаолиятининг асосий йўналишлари: молекуляр-генетик ва ген инженерияси тадқиқотларини қўллаган ҳолда трансген ўсимликлар, ҳайвонлар ва микроорганизмлар олиш биотехнологиясини яратиш бўйича идоралараро «Ген инженерия маркази» дастурини амалга ошириш; генетика ютуқлари негизида ғўза, буғдой, маккажўхори ва б. экинларнинг янги навларини яратиш, республикада тарқалмаган экинлар интродукцияси; ўсимликлар генетик ресуреларини сақлаш ва улардан фойдаланиш соҳасида фундаментал тадқиқотлар ўтказиш; ўсимликлар биокимёси ва физиологияси соҳасида шўрга, қурғоқчиликка чидамлилик механизмларини аниқлаш, онтогенезни бошқариш бўйича тадқиқотлар олиб бориш; қ. х. да пестицидларни қўллашнинг вируслар, микроорганизмлар, ҳайвонлар ва ўсимликлар ирсий аппаратига таъсирини ўрганиш; мамлакатимизда ва чет элларда ишлаб чиқарилган пестицидлар, ўстириш стимуляторлари, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари синовини ташкил этиш ва б.

Ин-тда йирик илмий йўналишлар ва мактаблар шаклланди; миқдорий белгиларга кўра ғўза генетик коллекцияси, қимматли хўжалик белгиларининг ирсийланиши ва ўзгарувчанлиги ўрганилди (акад. Ж. А. Мусаев); цитоэмбриологик, генетик, кариологик, анатомик усуллар билан жаҳон ғўза генофонди коллекцияси яратилди (акад. А. А. Абдуллаев), ғўза, мош, бодринг трансген ўсимликлари олинди (А. Абдукаримов); янги ғўза навларини яратишда гетерозис ҳодисасидан, радиация ва кимёвий мутагенездан фойдаланиш йўллари (Н. Н. Назиров, О. Жалилов), ғўза геноми тузилмаси ва функционал фаоллиги ўрганилди (А. П. Иброҳимов) ва б. Ин-тда ғўзанинг 30 дан ортиқ р-нлаштирилган навлари яратилган (Тошкент ғўза навлари, АН ғўза навлари, Юлдуз ва б.). Ин-т фаолияти Ф. М. Мауер, С. С. Содиқов, С. X. Йўлдошев, С. М. Мираҳмедов, В. С. Шардаков, В. Л. Голодковский, Ж. А. Мусаев, А. А. Абдуллаев, М. В. Муҳаммаджонов, А. А. Абдукаримов, О. Ж. Жалилов, И. А. Власова, А. П. Иброҳимов, Ҳ. С. Самиев ва б. олимлар номи билан боғлиқ. Ин-тда аспирантура бор. Илмий тўпламлар нашр этади.

Абдусаттор Абдукаримов.


Кирилл алифбосида мақола: ГЕНЕТИКА ВА ЎСИМЛИКЛАР ЭКСПЕРИМЕНТАЛ БИОЛОГИЯСИ ИНСТИТУТИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Г ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ТОШКЕНТ
ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН
АНДИЖОН ВИЛОЯТИ
ЯПОНИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты