ГЕОДЕЗИЯ (гео… ва юн. daio — бўламан) — Ернинг шакли ва ўлчамларини аниқлаш, Ер юзасини план ва хариталарда тасвирлаш ҳамда муҳандислик иншоотларини қуришдаги қидирув ишлари, уларни лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланишда бажариладиган ўлчаш ишлари ҳақидаги фан.
Геодезия олий геодезия, геодезия ёки топография, муҳандислик геодезияси, харитаграфия ва фототопография каби мустақил фанларга бўлинади. Ер шакли ва ўлчамларини аниқлаш, мамлакат хариталарини тузиш учун керакли бош геодезик асосни барпо этиш, уни замонавий талабларга жавоб берадиган даражада сақдаб туриш, катта майдонларда олиб бориладиган геодезик ўлчаш ишлариии ташкил этиш, уларни бажариш билан олий Геодезия шуғулланади. Ер юзасининг айрим бўлакларини план, харита ва профилларда тасвирлашда бажариладиган геодезик ўлчаш ишлари билан муҳандислик геодезияси, Ер юзасининг катта бўлагини тасвирлаш усуллари билан харитаграфия, жойнинг план ва хариталарини фотосуратлардан фойдаланган ҳолда тузиш усулларини фототопография фани ўрганади.
Қадимда ер ўлчаш ва хўжалик ишлари учун план ҳамда хариталар тузишда Геодезиядан фойдаланишган. Мил. ав. 7-а. да Бобил ва Оссурияда лойдан ишланган тахтачаларга географик хариталар тузишган. Мил. ав. 6—4-а. ларда Ернинг шарсимон эканлигини айтишган. Мил. ав. 3-а. да Мисрда унумдор ерларни бўлиш ва ўлчаш билан шуғулланганлар. Кейинчалик жойларни ўлчаш ва Ер ўлчамларини аниқлаш, тарх тузиш, муҳандислик иншоотларини қуришда Геодезия ўлчашлар бажарилган. Мисрлик олим Эратосфен тўғри геометрик принциплар асосида биринчи марта Ер шарининг радиусини аниқлаган. Шу даврларда Аристотель ишларида «Геодезия» астрономия, харитаграфия ва геогр. билан боғлиқ бўлган билимлар тармоғи сифатида намоён бўла бошлади. Мил. ав. 2-а. да астроном ва математиклар жойнинг географик кенглиги ва узунлиги ҳамда хариталардаги меридианлар ва параллеллар тўғрисида тушунчалар киритишган. Юнонистон ва Миср олимлари Ернинг шакли ва ўлчамларини аниқлаганлар. Геодезия фани Арабистон, Хитой, Ҳиндистон ва Ўрта Осиёда ҳам тараққий этган.
9-а. бошларида Абу Абдулло Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий, кейинчалик Абу Райҳон Беруний Ернинг ўлчамларини аниқлаганлар. Абу Райҳон Берунийнинг геодезияга оид асари «Турар жойлар орасидаги масофани текшириш учун жойларнинг чегараларини аниқ-лаш» — «Геодезия» илк асар бўлиб унда харитаграфияга дойр кўп масалалар ечилган ва Геодезиянинг фан сифатида шаклланишига ана шу китоби асос бўлган. Ўша даврда халифа Маъмуннинг топшириғига биноан биринчи марта алмавсил (Мосул) ш. яқинида градус ўлчамлари бажарилиб, Ер шарининг радиуси аниқ ўлчаб топилган. Ҳоз. замон Г. ва геодезик ишларнинг ривожланиши 17-а. да қараш трубасининг ва триангуляция усулининг ихтиро килинишидан бошланган. Бурчак ўлчаш асбоби — теодолитнинт пайдо бўлиши ҳамда унинг қараш трубаси б-н бирлаштирилиши триангуляцияда бурчак ўлчашларнинг аниқпигини оширади. Ер сиртидаги нуқта баландлигини аниқлайдиган барометр ихтиро қилинди, топографик хариталар тузишни соддалаштирувчи топографик суратга олишнинг график усуллари ишлаб чиқилди. 18-а. ўрталарида француз олими А. Клеро Ер шаклининг асосий назариясини ишлаб чиқди ва Ер сфероидида географик кенгликка боғлиқ ҳодда оғирлик кучининг ўзгариш қонунини асослаб берди. Тортишиш қонунининг яратилиши ва геодезик экспедицияларнинг ўтказилганлиги Г. Ер шакли ва уни ўрганиш усуллари ҳақидаги мустақил фан сифатида намоён бўлди. Сўнгги йилларда космик Геодезия ривожланган фанлар қаторидан ўрин олди, чунки ривожланган мамлакатларда геодезик ўлчаш ишларининг асосий қисми Ер сунъий йўлдоши технологияси асосида бажарилмоқда. Айни вақтда Ўзбекистоннинг давлат геодезик тармоғи янги технология — Ер сунъий йўлдоши технологияси асосида қайта барпо этилмоқда. Ўзбекистонда Геодезияга дойр и. т. ишлари Ўзбекистон ФА Астрономия институтида, ЎзМУ, Тошкент техника унтида, Тошкент ва Самарканд архитектурақурилиш ин-тлари ва Тошкент қ. х. ни ирригациялаш ва механизациялаш интида олиб борилади (яна қ. Астрономия). Асосий геодезик ишларни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Геодезия харитаграфия ва кадастр бош бошқармаси бажаради.
Лд.. Қўзибоев Т., Геодезия, 1975; Назиров А., Геодезия, Т., 1978; Норхўжаев К. Н., Инженерлик геодезияси, Т., 1984; Нишонбоев Н., Амалий геодезия. Меъ-морчилик обидаларини таъмирлашга оид геодезик ишлар, Т., 1992; Нишонбоев Н., Амалий геодезия. Мақбул усулларда ечиладиган геодезик ишлар, 1992,Дўстмуҳамедов М. Ю., Муҳандислик геодезияси, Т., 1998.
Носир Нишонбоев.