ГИЁҲВАНДЛИК, наркомания, бангилик — наркотик моддаларга ўрганиб қолиш, ружу қилиш, аниқроғи табиий ёки синтетик заҳарли моддалар (айрим дори моддалари)ни вақтинча ёки сурункасига истеъмол қилиш натижасида келиб чиқадиган касаллик ҳолати. Гиёҳвандлик организм соматик ва руҳий ҳолатининг чуқур ўзгаришига сабаб бўлади ва гиёҳвандни таназзулга олиб боради. Гиёҳвандликда ўзини тўхтатиб бўлмайдиган даражада гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш майли пайдо бўлади, гиёҳванд модданинг миқдорига нисбатан эҳтиёж, руҳий ва жисмоний боғлиқлик ортиб боради. Гиёҳвандлик аста-секин бошланиб, сурункали давом этади. Гиёҳванд моддалар дастлаб хушнудлик, димоғчоғлик (қ. Эйфория), хотиржамлик ҳиссини уйғотиб, кайф қилдиради, кейин бора-бора бу касалликка айланади. Гиёҳвандлик 2 зайлда авж олиши мумкин. Биринчи ҳолда врач буюрган ва беморнинг руҳи ҳамда кайфиятини ошириш хусусиятига эга бўлган дориларни узоқ вақт ва нотўғри қабул қилиш; оғриқ, уйқусизлик ва б. дардлардан қутилиш мақсадида дори миқдори (дозаси)ни ошириб бориш; дарддан тузалиб дорига унчалик эҳтиёж бўлмаса ҳам, уни қабул қилавериш натижасида дорининг наркотик таъсири ва миқдори орта бориб, пировардида гиёҳванд моддага мойиллик кучайиб, у ҳумор қиладиган бўлиб қолади. Иккинчи ҳол онгли равишда кайф қилиш мақсадида гиёҳванд моддаларга ўрганишдир.
Гиёҳвандликка, одатда, иродаси кучсиз, ўзини тия олмайдиган, ўткир сезгиларни ўзида синаб кўришга қизиқувчан, руҳан заиф ва ўта худбин кишилар берилувчан бўлади. Ёшлар тарбиясидаги нуқсон ва камчиликлар, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиб юрувчи катта ёшдагиларга таклид ва ҳавас, оиладаги нохуш шароит (ота-онанинг ичкиликбоз ёки гиёҳванд бўлиши) ҳамда гиёҳванд моддаларнинг осон топилиши ёки қўл остида бўлиши ҳам Гиёҳвандликка сабаб бўлиши мумкин. Гиёҳвандликка мубтало бўлганларда хасталик борган сари кучая бориб, одатда, кутилмаган ёмон оқибатларга олиб келади. Гиёҳвандлик эйфориясида, яъни кайфи чоғликда 2 босқич кузатилади: қисқа муддатли —1-5 дақиқа давом этадиган ўткир ҳиссиётли босқич (ҳақиқий эйфория) ва узоқ (1—3 соат) чўзиладиган бўшашиш, тинчланиш даври. Бу босқичларнинг қисқа ёки узоқ бўлиши қандай гиёҳванд модда қабул қилинганига ва миқдорига боғлиқ. Гиёҳвандликнинг ҳамма тури ҳам ўз ривожида гиёҳванд моддаларга ўрганиб қолиш йўли билан Гиёҳвандлик синдромининг шаклланишига олиб келади. Бу синдромнинг ривожланишида ҳам 3 босқич фарқланади:
1) гиёҳванд моддага нисбатан организм реактивлигининг ўзгариши ва руҳий боғланишнинг пайдо бўлиши;
2) хумор (абстинент) синдроми кўринишида жисмоний боғланишнинг юзага келиши;
3) организм барча системаларининг заифлашиши (толерантликнинг пасайиши, яъни гиёҳванд моддаларнинг аввалги миқдорини кўтара олмаслик, хуморнинг сурункали давом этиши ва айрим ҳолларда полинаркомания нинг вужудга келиши). Гиёҳвандликка мубтало бўлган киши гиёҳванд моддаларни қайта-қайта ва кўпроқ миқдорда истеъмол кила бошлайди. Кейинчалик эса гиёҳванд моддаларсиз туролмайдиган бўлиб қолади. Бундай аҳволдан қутилиш ва ўзини бир оз енгил ҳис қилиш учун яна гиёҳванд моддага ружу қилади ва охир-оқибат гиёҳванд моддаларга ҳирс қўйиш келиб чиқади. Организмнинг дастлабки ҳимоя рефлекслари (кўнгил айниши, қусиш) йўқолади. Бу даврда организмда гиёҳванд моддаларга нисбатан мойиллик шу даражада кучайиб кетадики, гўё бу моддалар аввалги таъсир кучини йўқотгандек бўлиб қолади, энди аввалгидек эйфория (кайф) ҳолатини ҳис қилиш, хуморни тарқатиш учун ўша моддадан кўпроқ миқдорда қабул қилгиси келади. Олдинига гиёҳванд модда бирмунча ёқимсиз таъсир кўрсатган бўлса, кейинчалик гўёки унинг ҳолатини «нормаллаштирганга» ўхшайди, бемор ўзини бирмунча яхши ҳис қилади, иш қобилияти, руҳи гўё тетиклашади, пировардида у ҳақиқий гиёҳванд бўлиб қолади. Гиёҳвандларда аввал руҳий ўзгаришлар (тажанглик, кайфият бузуқлиги, хотира пасайиши) пайдо бўлган бўлса, кейинчалик жисмоний ўзгаришлар — жисмоний боғланиб қолиш синдроми (терлаш, юрак уриши, оғиз қуриши, озиб кетиш, қўл-оёқнинг титраши ва б.) рўй беради. Агар гиёҳванд ўз вақтида наркотик моддани қабул қилмаса, организмда кучли руҳий ва жисмоний ўзгаришлар, яъни гиёҳвандликка хос оғир ҳолат — хуморлик (қ. Абстиненция) синдроми пайдо бўлади. Гиёҳвандлик опиомания (афюн қабул қилиш), морфинизм, героинизм кўринишида бўлади. Гиёҳвандликнинг нашавандлик, кокаинизм, никотинизм (тамакига ружу қилиш), теизм (аччиқ чой ичиш) ва б. турлари ҳам учрайди. Икки ёки ундан ортиқ хил гиёҳванд моддани сурункали қабул қилиш — пол и наркомания дейилади. Гиёҳвандликнинг ҳамма турида ҳам организм заҳарланади ва у жуда оғир кечади.
Ер юзининг турли минтақаларида Гиёҳвандликнинг айрим турлари кузатилади. Гиёҳвандликнинг героинизм тури кейинги вақтда жуда кенг ва фожиали тарзда таркалиб бормоқда. Гиёҳвандлик авж олишининг олдини олиш учун айрим мамлакатларда тегишли тадбирлар амалга оширилган. Хусусан ЎзРда Гиёҳвандликка қарши кураш қўмитаси ташкил қилиниб, давлат дастури ишлаб чиқилган. Республикада наркология маркази ташкил қилинган ва бу марказда наркология бўйича олим ва мутахассислар томонидан малакали кадрлар тайёрланиб, улар мамлакат минтақаларида Гиёҳвандликка карши кескин кураш олиб боради. Гиёҳвандликка мубтало бўлган беморлар асосан шифохона (стационар) шароитида 2—4 ойгача даволаниб, 4—5 йилгача амбулатория кузатуви ва ҳисобида бўладилар. Ўзбекистонда гиёҳванд воситаларни и. ч. ва сотиш билан шуғулланган кишилар жиноий жавобгарликка тортилади (қ. Гиёҳвандлик воситалари).
Мирқобил Халилов.