ГЎДАК

ГЎДАК, эмадиган бола — бир ёшгача бўлган бола (шартли равишда туғилганидан кейин тўрт ҳафтагача — чақалоқ). Г. организми хали тузук ривожланмаган, аъзолари такомиллашмаган, турли хил касалликларга тез чалинадиган, шу сабабли синчиклаб парвариш қилишга муҳтож бўлади. Бу даврда боланинг бўйи ва вазни тез усади, унда энергия сарфи ортади, шу боис унинг кўпгина, хусусан ҳазм, нафас, юрак-томир ва б. системалари фаолияти жадал такомиллаша боради. Болани яхши парвариш қилинса ва тўғри, иложи борича она сути б-н боқилса, у соғлом бўлиб, вазни ошаверади. Гўдак учун энг зарур овқат — она сути, унда боланинг соғлом ва тўғри ўсиши учун зарур моддалар — оқсил, ёғ, углевод, туз, сув, витаминлар, шунингдек, ҳимоя антителолари бор, улар бола ҳаётининг дастлабки ойларида баъзи бир юқумли касалликлардан сақлаб қолади. Кўкрак сути бошқа овқатларга қараганда яхши ҳазм бўлади ва тўла-тўкис сингади, таркибида микроблар бўлмайди. Боланинг нормал ўсиши уни бекаму кўст овқатлантиришга боғлиқ. Бола бир ойлик бўлишига яқин бўйи 3—3,5 см, бир ёшида эса 25—27 см узаяди. Дастлабки 3 ойда вазн ҳафта сайин 200—250 г дан, 6-ойларда 150 — 200 г дан ошиб боради. 6 ойлик Гўдак вазни туғилгандаги вазнига нисбатан икки ҳисса, 1 ёшида уч ҳисса ошади, бу даврда вазни 10—11 кг га етиб қолади. Боланинг ҳаракат фаолияти ва психикаси жуда тез ривожланади: аввалига бола ўтира бошлайди, кейин эмаклаб кетади ва ниҳоят, турадиган бўлади, ота-онасини танийди. Бир ёшга яқин аввал катталар ёрдамида, кейин ўзи юради; тили чиқади ва мурғак қиёфасига киради; у нимжонлигига қарамай ўзининг ҳиссиётлари, кечинмалари бўлади. Бу даврда бола организмининг ҳамма аъзо ва системалари яна ҳам ривожланади, бироқ унча такомиллашмаган ва ўзига хос бўлади. Териси нозик, салга шикастланадиган ва ўзига хос парваришни талаб этади. Дастлабки 3—4 ойда тер безлари функцияси суст бўлиб, бу иссиқлик идора этилишини ёмонлаштиради, ҳарорат ўзгарганида бола салга иссиқлаб кетиши ёки совқотиши мумкин. Гўдак ярим ёшлигида айниқса юзда тери ости ёғ қавати яхши ривожланади. Гўдак ҳаётининг дастлабки ойларида суяклари қисман тоғай тўқимасидан иборат бўлиб, борабора суяк тўқимасига айланади. Тоғайлар соҳасида суякланиш нуқталари пайдо бўлади. Катта лиқилдоқ кечи билан 1,5 ёшга бориб ёпилади; калла суяклари оралигидаги чоклар 3—4 ойга бориб секин-аста зичлашади. Боланинг умуртқа поғонаси жуда майин бўлиб, салга қийшаяди. Бола нотўғри парвариш қилинса, у соф ҳавода кам бўлса, скелетининг шаклланиши бузилади — бу рахит ва б. касалликларнинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Тахм. 6 ойгача болада тиш бўлмайди; 6—8 ойликда тиш чика бошлайди, бола бир яшарлигида 8 та тиши бўлади. Тиш чиқиши маромида, ҳеч қандай касаллик аломатларисиз кечади, баъзан тиши чикаётган бола инжиқ бўлиб қолади; дармонсизланиш, уйқусизлик, иситмалаш, ич кетиши ва б. кузатилиши мумкин. Бу вақтда дарҳол врачга мурожаат этиш керак.

Гўдак ҳаётининг дастлабки ойларида ҳазм аъзолари фақат она сутини азм қила олади, 1,5—2 ойлигида витаминларга бой сабзавот ва мева шарбатлари, аста-секин 4—5 ойлик бўлганида сутли ва сабзавотли омухталар, 6—7-ойларга келиб гўштли (қиймаланган) овқатлар ва творог бериш мумкин. Бола 10—12 ойлик бўлганида хилма-хил овқатларни бераверса ҳам бўлади. Болага овқатни маълум тартиб-қоидаларга амал қилган ҳолда, унинг мурғақлигини назарда тутиб тайёрлаш талаб этилади. Акс ҳолда меъда-ичак ва моддалар алмашинувининг турли касалликлари тез авж олади. Бу даврда Гўдакнинг мускул системаси ҳали тузук ривожланмаган бўлиб, бола ўсган сари у такомиллашиб, бирмунча кучли, чидамли бўлиб боради. Болани мунтазам бадан тарбия қилдирилганда мускуллари жуда тўғри ва бекаму кўст ривожланади. Нафас мускуллари анча ривожланади ва кўкрак қафаси нафас олишда фаол қатнашади: ўпка сиғими катталашади. Бу ёшда ўпкага анча зўр келади. Нафас йўлларининг шиллиқ қавати нозик бўлади, шу сабабли, бола пала-партиш парвариш қилинса, нафас аъзолари ботбот касалланади. Юрак-томир системаси бирмунча ривожланиб, такомиллашиб боради, юрак вазни ортаверади. Юрактомир системасининг ўзига хос хусусиятлари қон айланишини осонлаштиради. Сийдик-таносил аъзолари ҳам ривожланиб боради; қовуқ катталашади, сийдик ажралиши анча камаяди. Гўдакнинг нерв системаси жуда тез ривожланади. Сезги аъзолари яхши ривожланган бўлиб, илк гўдақлик кунлариданоқ бола ширин ва аччиқни ажратади; қаттиқ товуш келганда сесканиб тушади, равшан ёруғликка ялт этиб қарайди. Бир ойлик бола рангли буюмларга тикилиб туради. Бола туғилишидан ҳид билади, она кўкрагини яқинлаштирса, жонланади — бошини буради, оғзини очади, сўриш ва ютиш ҳаракатларини қилади.

Гўдакнинг нерв фаолияти биринчи ва иккинчи сигнал системаси ривожланишига бевосита боғлиқ. Гўдак 2-ойдан бошлаб ихтиёрий ҳаракат қилади; бошини кўтара ва тута бошлайди. Йўргакланганда қўли ва оёкларини қимирлатади, жилмаяди. Бу ёшда Гўдак бир кеча-кундузда тахм. 20 соатча ухлаши керак. 3—4 ойлик Гўдак чалқанча ётқизилса, қаддини кўтаради, ён томонга ағдарилади. Қўл ҳаракати фаоллашади, ўйинчоққа интилади, бармоқларини оғзига тиқади, йўргакни тортади. Унга тикилиб караганда гувраниб бир қадар аниқ товуш чиқаради. 4 ойлик бола суяб турилса ўтиради, таниш-нотаниш кишиларни ажратади, гувраниб хониш қилади, 5 ойлигида онасини яхши танийди, бегоналарга бормайди, қўлтиғидан ушланса, оёқда текис туради, 6 ойлигидан ҳеч нарсага суянмай ўтира олади, эмакламоқчи ёки ушлаб турса, қадам ташламоқчи бўлади, содда бўғинларни талаффуз қила бошлайди. 8 ойлигида бемалол эмаклаб кетади, бирор нарсага тирмашиб ўрнидан тура олади, қўлидан ушланса, қадам ташлайди, «ойи», «ада» сўзларини аниқайтади. 10 ойлигида ўрнидан бемалол туриб «обке» ёки «айт» деганингизни қилади; «қилма», «қил» деганнинг фарқига етади, 10—15 тача сўзни билади. Суткада 14—16 соат ухлайди. Гўдак ҳаракат функциясининг ривожланиш схемаси расмда кўрсатилган. Бу даврда бадан тарбия ва чиниқтириш муҳим аҳамиятга эга, чунки чиниққан бола турли касалликларга камроқ чалинади. Нимжон болаларда диатез, рахит, анемия, гипотрофия ва б. касалликлар кузатилади. Шунинг учун иложи борича Гўдакни очиқ ҳавода сайр қилдириш, ҳаво ва қуёш ванналаридан баҳраманд этиш, массаж, гимнастика ва б. унинг ҳар томонлама етук ва соғлом ўсишига ёрдам беради.

Гўдакнинг овқати ҳам ўзига хос ва рангбаранг бўлиши керак. Бола нотўғри овқатлантирилса, у зарур озиқ моддаларни етарлича олиб турмаса, бу унинг жисмоний ва ақлий жиҲатдан ривожланишига ёмон таъсир кўрсатади, натижада организм турли хил касалликларга чидамсиз бўлиб қолади. Ҳаддан ташқари кўп овқат бермаслик керак, акс ҳолда бола хом семиз бўлиб, бот-бот касалланади. Овқат таркибида оқсил, ёғ, углевод, тузлар ва витаминлар маълум миқдорда бўлиши мумкин. Кўкракда сут кам деган баҳона билан болани барвақт кўкракдан айириш ярамайди, онанинг ҳатто озгина сути ҳам болани чиниқтиради. Мабодо сут камлигидан бола оч қолиб оза бошласа, врач билан маслаҳатлашиб қўшимча овқат берилади.

Гўдак соғлиғини сақлашда ич кийими, озиқовқати, идиш-товоқлари ва ўринбошларини озода тутиш жуда муҳим. Гўдак бешикда ётадиган бўлса, уни вақтида белаб, вақтида ечишга эътибор бериш керак. Гўдак бешикдан ечилгач, унинг баданларини, хусусан боши ва куракларини силаб-сийпалаш, оёқ-қўлларини машқ қилдириш, бешик ҳамда унга ишлатиладиган анжомларини бот-бот шамоллатиб туриш лозим. Гўдакка қуруқ сўрғич сўрдириш ярамайди, уни яхшилаб қайнатиб ишлатиш лозим. Гўдак ало-ҳида уйда ётқизилса тинч ухлайди, хона тоза, ёруғ бўлиши ва вақт-вақти билан шамоллатиб турилиши лозим. Хона т-раси 20° бўлгани маъқул. Бундан исиб кетса, болани очиқ ҳавога олиб чиқилганда тез шамоллайди. Гўдак териси нозик бўлиб, салга зарарланиши мумкин, шунинг учун мунтазам парвариш қилиш, ҳар куни эрталаб ва кечқурун юзини илиқ сув б-н, қўлини эса совунлаб ювиш (чунки у қўлини оғзига тиқади, сўради), тирноғини вақт-вақти билан олиб туриш зарур. Уни ҳар куни илиқ сувда совунламасдан, ҳар 2—3 кунда совунлаб чўмилтирилади, бетоб бўлиб қрлса, тузалгунча чўмилтирмай турилади. Чўмилтирилгандан кейин майин сочиқ б-н артилади, чов бурмалари, қўлтиқ ва қулоқ орқасига вазелин ёки қиздирилган ўсимлик ёғи, «Болалар» креми суртилади. Қайнатилган тоза сувга ҳўлланган пахта билан Гўдак кўзини бурчагидан бурунга қараб ҳар куни артилади. Худди шу зайлда унинг бурни ҳам тозалаб турилади. Бурундан нафас олганда кўкрак қафаси ва ўпка яхши ривожланади, бола тинч ухлайди ва касалликка кам чалинади. Гўдаклар кийим-кечаги енгил, иссиқ, кенг, тер ва б. чиқиндилар бемалол буғланиб кетадиган бўлиши керак. Уни ҳаддан зиёд ўрабчирмаш ярамайди, акс ҳолда у исиб кетиб тез-тез шамоллайдиган бўлиб қолади. Гўдак ҳаётининг биринчи кунидан бошлаб очиқ ҳавога ўргатилиши керак. Соф, салқин ҳавода организми чиниқади, иштаҳаси очилади, тери ва ўпкаси мустаҳкамланади, касалликларга чалинмайдиган бўлади. Гўдак организмини астасекин чиниқтира бориш керак. Кетликни шошмасдан (Г. ни 1—2 мин. яланғоч ётқизиб қўйиб) алмаштириш лозим, шунда Гўдак ҳаво ваннасига ўргана боради. Гўдакни очиқ ҳавода сайр қилдириш муддати обҳавога қараб ўзгартириб турилади. Болани кун бўйича қўлда кўтариб юриш ярамайди, акс ҳолда ўрганиб қолиб, онасига ҳам, бошқаларга ҳам тиним бермайди, ўзи ҳам қийналади. Она ва оиладаги бошқа кишилар Гўдакка гапириб, товушни ажратишга, ўйинчоқларни ўйнашга ўргатишлари лозим. Соғлом бола ҳар қандай шароитда ҳам ўзи ухлаб қолади. У ётган хонани қоронғи қилиш, тинчлик сақлаш шарт эмас. Бола йиғласа, сабабини аниқлашга ҳаракат қилиш лозим. Атрофдагилар қанчалик ширинсухан бўлишса, бола ҳам шунчалик сергак ва соғлом ўсади. Гўдакни 4—5 ойлигидан тўсишга ўргатиш, эмизишдан олдин ва кейин, ухлатиш олдидан ва уйғонганидан кейин гўсаётганда уни мақтаб, эркалаб туриш керак. Гўдакнинг ҳаракатланиш қобилиятини ўстира бориш жуда муҳим, лекин бунда эҳтиёткор бўлиш лозим. Болани барвақт, яъни бадани қали қотмаганда, ҳатто атрофига ёстиқ қўйиб ўтқазилса ҳам, букчайиб ўтиради, натижада умуртқа поғонаси, эрта юришга ўргатилганда эса оёғи қийшайиб қолиши мумкин. 2,5—3 ойлигидан бошлаб болани қаттиқроқ нарса устига қорни билан ётқизиб туриш керак, бунда бўйин, орқа, оёқ мускуллари мустаҳкам бўлиб боради. Бола сурила бошлагач, узоқроққа ўйинчоқ қўйиб, уни сурилиб боришга ўргатиш зарур. 4—5-ойдан бошлаб ҳар куни 5 мин. ча бадан тарбия қилдириш керак. Ёшига мос ҳолда танланган ўйинчоқларни ўйнатиш боланинг теран ўсишига имкон беради.

Она туғруқхонадан чиққач, Гўдакни болалар поликлиникаси ҳисобга олади, шифокорлар она ҳузурига бориб, унга болани тўғри боқиш ва парваришлашга оид тегишли маслаҳатлар бериб турадилар.

Ад.: Тарасе н ко И. А., Гўдак бола парвариши, Т., 1984; Қодиров У. З., Абдумажидов А. А., Аскарьянц В. П., Болалар физиологияси, Т., 1999.

Акмал Султонов.


Кирилл алифбосида мақола: ГЎДАК ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Г ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
Туш таъбири ўзбек тилида
ИБН СИНО
ЧАЛА ТУҒИЛГАН БОЛА
ФРАНЦИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты