ГЎШТ УЧУН БОҚИЛАДИГАН КОРАМОЛ ЗОТЛАРИ — яйловда тез ва яхши семирадиган моллар. Буларга қалмоқи (астрахон), қозоқи оқ бош, герефорд, шортгорн, абердин ангус, сантагертруда каби зотлар киради. Сигирларининг вазни 500—550 кг, буқалариники 850— 900 кг. Соғин даврида ўртача 700—800 кг, айрим ҳоллардагина 2000—2500 кг сут беради. Семиртирилган 1,5—2 яшар молларининг вазни 400—560 кг, 8 ойлик бузоқларининг вазни 180—210 кг. Улар тез етилади. 2 — 3 яшари семиртирилганда 60—65% гўшт-ёғ қилади, терисидан сифатли чарм тайёрланади. МДҲ мамлакатларида умумий гўшт маҳсулотлари ҳажмининг 43% дан кўпроғи қорамол гўштига туғри келади. АҚШ, Канада, Марказий ва Жан. Америка мамлакатлари, Австралия, Янги Зеландияда гўшт йўналишидаги қорамолчилик ривожланган. Ўзбекистонда жайдари моллар билан чатиштирилиб, гўштдор қорамол подалари яратилмоқда (қ. Қорамолчилик).