ЖАЛОЛОБОД ВИЛОЯТИ

ЖАЛОЛОБОД ВИЛОЯТИ — Қирғизистон Республикаси таркибидаги вилоят. Мамлакатнинг жан. қисмида жойлашган. 1930 й. 21 нояб. да ташкил этилган (1958—89 й. ларда Ўш вилояти таркибида, 1990 й. дан алоҳида вилоят). Шим. ва шим.-ғарбдан Қирғизистоннинг Талас ва Чу; шарқ ва шим.-шарқдан Норин, жан.-шарқдан Ўш вилоятлари, жан ва жан.-ғарбдан ЎзР билан чегарадош. Майд. 33,7 минг км2. Ж. в. таркибида 8 туман, 5 шаҳар ва 8 шаҳарча бор. Маъмурий маркази — Жалолобод ш. Аҳолиси 880,8 минг киши (республика аҳолисининг 19%); шундан 668,5 минги қишлоқ аҳолиси (77,2%). Аҳоли зичлиги республика ўртача кўрсаткичидан бир қадар юқори бўлиб, 1 км2 га 26 киши тўғри келади (2000).

Вилоятнинг катта қисмини Тяньшан тоғларининг жан.-ғарбий тармоқлари эгаллаган. Шим.-ғарбида Писком, Сандалаш, Чатқол тизмалари; шим. да Талас Олатови, Сусамиртов, Мўлдатов ва б. ; жанубида кенг тоғлараро тектоник ботиқлар — Кетмонтепа, Тўғузторо водийси жойлашган. Норин дарёсидан ғарбда — Отойнак тизмаси, шарқда Бобошота (бал. 4490 м гача, вилоятнинг энг баланд жойи), жан.-шарқда Олатов этакларида.

Фарғона тизмаси, жан.-ғарбда бир мунча текис ва камбар тоғ олди текисликлари бор. Даре водийларидаги текисликларда Жалолобод, Қораунгур, Нанай ш. лари жойлашган. Фойдали қазилмалардан тош-кўмир, олтингугурт, нефть, газ, тош тузи ва б. учрайди.

Иклими континентал, илиқ ва қуруқ иқлим. Ўртача т-ра янв. да —2°, июлда 25—28°. Энг кўп ёғин Фарғона тизмасининг жан.-ғарбий ён бағирларига тушади. Қуйи қисмларида 400—500 мм, 2500 м баландликда — 1000 мм ва ундан кўп; вилоятнинг ўрта қисмларида 300—350 мм гача ёғади. Энг йирик дарёси — Норин. Унга чапдан Қорасув, ўнгдан Торкент, Узунаҳмат, Қорасув дарёлари қуйилади. Шарқида Сирдарё ҳавзасига мансуб Қорадарё (Кўгарт, Тентаксой, Мойлисув ирмоқлари б-н) оқади. Дарёлари гидроэнергия захирасига бой (Норин дарёсига ГЭС каскади қурилган). Суғоришда кенг фойдаланилади. Йирик кўллари: Саричелак, Кўкола, Ойкўл, Кутманкўл, Қорасув ва б. ; улар асосан музликнинг эриши, тоғ қулаши натижасида ва тектоник йўл б-н ҳосил бўлган кўллар. Тоғларда 1200 м гача сур тупрокли қуруқ дашт ва эфемерли чала чўл ландшафти; 1200 м дан 2000 м гача бўлган тоғ ён бағирлари каштан тупроғли тоғ даштларидан иборат. Чатқол, Фарғона тизмалари ён бағирлари 1200—1300 м гача баландликда ёнғоқзор, мевазор ўрмонлар ва ўсимлик турларига бой тоғ даштлари; 2000—3000 м да аралаш ва игна баргли ўрмонлар, баландроқ жойлари субальп ва альп ўтлоқлари, энг баланд жойлари қояли чўққилар, қор ва музликлардан иборат. Ҳайвонот дунёси турли туман: тоғларда тоғ эчкилари, буғу, қобон, оқ тирноқли айиқ, қор қоплони, турли-туман қуш ва судралувчилар учрайди.

Хўжалиги. Мавжуд саноат корхоналари 1990-й. лардаги иқтисодий ислоҳотлар натижасида хусусий и. ч. ва хизмат кўрсатиш корхоналарига, қ. х. да жамоа хўжаликлари деҳқон, фермер, шунингдек, хусусий деҳқон хўжаликларига айлантирилди. Саноатининг асосий тармоқлари: электр энергетика (саноат и. ч. нинг 63,4%), рангли металлургия (10%), озиқ-овқат (5,2%) саноати. Ёқилғи, рангли металлургия са-^ ноати ривожланган. Асосий и. ч. маҳсулотлари: электр энергияси (1999 й. да 11905,7 млн. кВт/соат), нефть (76,9 минг т), электр лампалари (156,7 млн. дона) ва ярим ўтказувчи материаллардан иборат. Жалолобод, Тошкўмирда 1996 й. нефтни қайта ишлаш з-длари ишга туширилди. Қурилиш материаллари, кийим-кечак, ун, гўшт, сут, ичимликлар, сабзавот консервалари, тамаки, пойабзал, мебель ишлаб чиқарилади.

Умумий ер майд. 1922,1 минг га, шундан қ. х. га ярокли ерлар 154,2 минг га бўлиб, мевали дарахтзор, пичанзор ва яйловдан иборат (2000). Бошоқли донли экинлар, дон учун маккажўхори, пахта (23271 га), полиз экинлари, картошка (4874 га), мойли экинлар (21708 га), тамаки (4002 га) экилади. 1999 й. га келиб к-з ва с-злар ўрнида янги хўжаликлар (хусусий хўжалик, фермер хўжалиги, деҳқон хўжалиги, қ. х. кооперативлари, жамоа хўжалиги, акциядорлик жамиятлари) ташкил топди. Чорвачиликда қорамол, қўй ва эчки, йилқи, парранда боқилади.

Бишкек—Ўш автомобиль йўли, Қорасув — Жалолобод — Кўкёнғоқ ва Наманган — Учқўрғон — Тошкўмир т. й. ўтган. Ҳаво транспорти Жалолобод — Бишкек, Жалолобод — Қоракўл, Жалолобод — Чўлпонота йўналишларида қатнайди.

Жалолобод вилоятида 3 олий ўқув юрти (ун-т, тижорат ин-ти, Бишкек физкультура ин-ти факультети), 3 ўрта махсус (тиббиёт, маданий маориф ва қ. х.) ўқув муассасаси бор (2000). Театр, филармония, 117 маданият саройи ва клублари, 180 кутубхона мавжуд (2000). Вилоятда 303 даволашпрофилактика муассасаси, касалхоналар ва б. (қишлоқ амбулаториялари, фельдшер-акушерлик пунктлари) бор. Уларда 1664 врач, 7066 тиббий ходим ишлайди. Жалолобод ш. яқинида минерал булоқлар асосида ташкил этилган бальнеологик курорт жойлашган.


Кирилл алифбосида мақола: ЖАЛОЛОБОД ВИЛОЯТИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ж ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФРАНЦИЯ
ҲИНДИСТОН
АНДИЖОН ВИЛОЯТИ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты