ЖАНГОВАР ТАРТИБ

ЖАНГОВАР ТАРТИБ — қўшинларнинг жанг қилиш учун жойланиш тартиби. Бўлинма, қисм ва қўшилмалар жанговар топширини бажариш учун тактик ҳамда техник имкониятлар ва қуролланиш даражасига қараб жойлаштирилади. Муайян р-н (доира)да жанговар топшириқни биргаликда адо этадиган қўшинлар куч ва воситалари, қоидага биноан, биргаликда харакат қилувчи барча бўлинма, қисм, қўшилмаларни ўз ичига оладиган ягона Жанговар тартибга уюшади. Жанговар ҳаракатнинг ҳар бир тури ўзига моc Ж. т. қўллашни талаб этади. Қўшинларнинг Жанговар тартиби бўлажак жанг талабларини куч ва воситаларнинг ҳолати ҳамда жанговар имкониятларини, душман қўшинларининг жойланиши ва ҳаракатини, жойнинг шартшароитларини ҳисобга олган ҳолда тузилади.

Армия махсус ҳарбий ташкилот сифатида таркиб топмаган ибтидоий жамоа тузумида қабилалар орасидаги тўқнашувларда одамлар тўда-тўда бўлиб, меҳнат ва ов қуроли бўлган тош, сўйил ва б. билан жанг қилардилар. Ибтидоий жамоа тузумининг емирилиши ва синфий жамият пайдо бўлиши билан уруғнинг қуролланган ҳамма аъзолари қаторида уруғ зодагон (аслзода)ларининг дружиналари ҳам вужудга келиб, кейинчалик улар доимий армиянинг негизи бўлиб қолди. Кураш қуроллари ҳам бирмунча такомиллашиб, найза, қилич, камон ва б. пайдо бўлди. Бу қуроллардан самарали фойдаланиш учун жангчиларни сафга тизиш зарурати туғилди. Шу йўсинда қўшинларни жанговар сафга тизишнинг дастлабки шакллари пайдо бўлди. Кейин тиғли ва ўт отувчи, 20-а. нинг 40—50-й. ларидан бошлаб эса ядро қуроллари юзага кела бошлади.

Қад. Шарқ қулдорлик давлатлари (Қад. Миср, Оссурия, Эрон, Қад. Хитой, Ҳиндистон ва б.)нинг қўшини пиёда аскарлар, отлиқдар ҳамда жанг аравалари, туя ва фил минган жангчи қисмларга бўлинган. Улар найза, ойболта, қилич, камон ва б. билан қуролланган. Бу уруш воситаларининг душманга таъсир этиш даражаси жангчиларнинг жисмоний жихатдан бақувватлигига ва уларнинг миқпорига боғлиқ бўлган. Қўшинларни сафга тизиш ҳам шунга қараб белгиланган. Мае, Мисрнинг оғир қуролланган пиёда аскарлари дастлаб кўп қаторли зич устун тарзида сафлантирилган. Кейинчалик қуролларнинг такомиллашуви ва жанговар тажрибаларнинг ортиши, жанг араваларининг пайдо бўлиши билан уларнинг ҳаракат тезлигидан самарали фойдаланиш кўзда тутилган; жанг аравалари биринчи қаторга жойлаштирилган.

Юнонистон, Қад. Рим ва Карфагеннинг ҳарбий санъати Жанговар тартибнинг янада такомиллашган шаклларини яратди. Юнонистоннинг қулдорлик давлатлари Афина ва Спартада (мил. ав. 6—4а. лар) қўшиннинг асосий тури оғир қуролли пиёда аскарлар ҳисобланган. Улар найза ва қилич билан қуролланган ҳамда ҳимоя сифатида совут, дубулға кийиб, қалқон тутишган. Мил. ав. 6-а. дан бошлаб юнон қўшинлари фалангалар (пиёда аскарларнинг жипс саф тортиб турган бир неча қатори) ва қанотлардан ташкил этилган. Олдинда ва ўнг-сўл қанотларда енгил қуролланган пиёда ва отлиқ аскарлар жойлаштирилган. Пекин фалангалар эпчил ҳаракат қилиш имконига эга бўлмагани сабабли фақат текис жойлардагина жанг қилолган. Шундай бўлсада, у душманга дастлабки кучли зарба бериш қудратига эга бўлган. Фалангаларнинг бу имкониятидан юнон лашкарбошилари моҳирона фойдаланган. Мае, Левктра ёнида бўлган жангда (мил. ав. 371 й.) Эпаминонд янгича Жанговар тартиб қўллади. У чап қанотга сараланган жангчилардан 50 қатор жойлаштирган ва бу б-н душманнинг кучли ўнг қанотига оғир зарба бериш учун қўшинларни фронт бўйлаб нотекис тақсимлаш тактик усули майдонга келди. Кейинчалик бу усул Искандар Зулқарнайн армиясида янада такомиллашди (мил. ав. 4-а.). Искандер Зулқарнайн қўшинлари Жанговар тартиби асосини оғир ва ўрта қуролли пиёда фалангалар ташкил этган. Қанотларга эса отлиқ аскарлар жойлаштирилган, улар фалангаларнинг тўғридан беражак зарбалари б-н биргаликда душманга асосий зарба берган. Ўрта пиёда аскарлар ёриб кириш эҳтимоли бўлган душманга қарши орқароққа — иккинчи чизиққа жойлаштирилган. Захира қисм сақлаш ғояси шу тариқа келиб чиққан. Бундай Жанговар тартиб мил. ав. 331 й. да Гавгамела ёнидаги жангда бўлган.

Ўрта Осиёда қўшинлар Жанговар тартиб ининг энг яхши шакллари Амир Темур армиясида мавжуд эди. Темур шароитга қараб Жанговар тартиб белгилаган. Душман кучларининг хусусияти ва вазиятига қараб Жанговар тартибга тyзилишнинг махсус 12 қоидаси қўлланган ҳамда бу қоидаларни ҳар бир аскар яхши билиши талаб қилинган. Амир Темур душман кучи қанча бўлса, унга қарши шунча куч ташлаган. Мае, ўн икки минг отлиқ аскардан иборат қўшин тўққиз бўлукка, бу бўлукларнинг ҳар бири яна бўлукларга бўлиниб, саф тортишган. Ғўл (марказ) — бир бўлук, баранғар (ўнг қанот) — бир бўлук, жуванғар (сўл қанот) — уч бўлук, ҳировул (қўшиннинг илғор қисми) — бир бўлук, қоровул (илғор соқчилар) — бир бўлук. Ҳар бир қанотнинг бир бўлуги — ҳировул, иккинчи бўлуги чоповул, учинчи бўлуги шоқовул (эҳтиёт тўда). Қўшиннинг сони кўпайиши билан бу Жанговар тартиб ҳам шу асосда мураккаблаша борган.

Жанговар тартиб шаклларининг ривожланишига Ғарбий Европа ва Россияга порох ва ўточар қуролларнинг тарқалиши (14-а.) катта таъсир кўрсатди. 15—16-а. ларда Россияда бўлган урушларда Жанговар тартиб, асосан, 3 қатор 1-авангард полк, 2-катта полк (пиёда аскарлар) 3-захира полкдан иборат бўлган. Пиёда аскарлар 4—5 қатордан, икки чизиқ бўлиб сафланишарди. Кейинчалик 18-а. даги рус саркардалари — П. А. Румянцев, А. В. Суворовлар рус жангчиларининг жанговар фазилатларини ўрганиб, чизиқли Жанговар тартибни бирмунча такомиллаштирдилар.

18-а. охирларидаги инқилобий урушлар Жанговар тартиб шаклларининг тараққий этишида янги босқич бўлди. Шим. Америкадаги мустақиллик учун олиб борилган уруш даврида (1775—83) оломон тарзидаги инқилобий қўшинлар учун жангчидан катта малака талаб қиладиган чизиқли Жанговар тартиб мое келмай қолди ва ёйилиб жанговар сафда туриш тартиби вужудга келди. Бу ёйилган саф Буюк Француз инқилоби (1789—94) ва Наполеон урушлари (19-а. бошлари) даврида устун тарзида уйғунлаштирилиб, бирмунча тараққий топди.

Биринчи ва иккинчи жаҳон урушларида жаҳоннинг ҳамма армияларида Жанговар тартиб шаклларининг ўзгариши янгича жанговар техникаартиллерия, танк, автомат қуроллар ва б. қирғин қуролларнинг қўлланиши ва уларнинг бундан кейинги тараққиёти заминида рўй берди. 1941—45 й. лар уруши даврида собиқ Иттифоқ армиясининг Жанговар тартиби янада ривожланди. 1942 й. кузида қўшилма, қисм ва бўлинмаларда куч ва воситаларни ҳаддан ташқари эшелонлаштириш бекор қилинди. Рота, батальон, полк ва дивизияларнинг Жанговар тартиби 1 эшелонли қилиб тузилди, ўқчи взвод ва бўлинмалар эса занжирсимон ёйилди. Бу — биринчи эшелонда пиёда аскарлар ўт очиш воситаларининг кўп бўлишига ва талафотларнинг камайишига имкон берди. 1943 й. немис-фашист армиясининг мудофаага ўтиб, траншеяли чуқур мудофаа доирасидан фойдаланиш қўшилма ва қисмлар Жанговар тартиб ининг янада такомиллаштириш заруратини туғдирди.

Урушдан кейинги даврда ядро қуролларининг пайдо бўлиши, ракета, товушдан тез учадиган самолёт ва ҳ. к. қуролларнинг пайдо бўлиши, зирҳли машина, танклар миқдорининг ортиши, қурол-яроғларнинг жанговар хусусияти ўсганлиги, алоқа воситалари, муҳандислик техникаси ва б. нинг ривожланганлиги қўшинларнинг Жанговар тартиб ига янгича замонавий туc берди. Қуруқликдаги қўшинлардан фарқли ўлароқ авиация Ж. т. и 3 ўлчамда бўлади: оралиқ (дистанция), ўртадаги масофа (интервал), баландлик. Мана шу ўлчамларга қараб, ҳар хил турдаги авиация қисм ва бўлинмаларининг Жанговар тартиби зич, ёйиқ xамда тарқоқ бўлиши мумкин. Зич Жанговар тартибда — экипажлар (бўлинмалар) жанговар учишни аниқ масофа ва оралиқда авиация хавфcизлигини сақлаган ҳолда; ёйиқ Жанговар тартибда — узун оралиқ ва ўрта масофада, кўз билан кўра оладиган узоқликда; тарқоқ Жанговар тартибда эса кўз билан илғаб бўлмас узоқликда бажаради.

Самолётлар звеноси (ҳар звенода 3 та самолёт бўлади) ёки жуфти жанговар топшириқни бажариш вақтида, одатда, зич ёки ёйиқ Жанговар тартибда ҳаракат қилади. Эскадрильялар — ёйиқ ва тарқоқ Жанговар тартиб б-н деворсимон, устунсимон, илон изи, пона, дойра, сингари шаклларда ҳаракат қиладиган самолётлар звеноси (жуфти) сифатида жанговар топшириқни адо этади.

Ҳарбий денгиз флоти кемаларининг Жанговар тартиби, аввало, кемаларнинг ва улардаги қурол-яроғнинг ривожланиши билан боғлиқ суратда ўзгариб келмоқда. Эшкакли кемалар ёки икки катор тизилган, ёки ён томонлари олға туртиб чиққан ярим дойра шаклдаги Жанговар тартиб лардан фойдаланишган. Жанговар елканли кемалар 17-а. да ўзлари учун Жанговар тартиб сифатида кильватер («Қулфкалит») шаклини танладилар. Буғ б-н юрадиган кемалар вужудга келиши, кейинроқ сув ости кемаларининг яратилиши билан (19-а. охири) флотнинг Жанговар тартиби хам ўзгарди. Бу соҳадаги янада катта ўзгаришлар алоқанинг техник воситалари, айниқса, радио алоқанинг пайдо бўлиши, денгиз авиацияси ва уларни олиб юрадиган авиаташувчилар майдонга келиши билан рўй берди. Ҳоз. замон шароитида Ҳарбий денгиз флоти қўшилмалари зарбдор гурухлар таркибида ёки алоҳида илғор кемалар гуруҳи сифатида ҳамда ёлғиз ўзи жанговар ҳаракатлар қилади.

Ад.: Строков А. А., История военного искусства, т. 1—3, М., 1955—1967; Тактика, М„ 1966.


Кирилл алифбосида мақола: ЖАНГОВАР ТАРТИБ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ж ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ҲАРБИЙ САНЪАТ
ИБТИДОИЙ ЖАМИЯТ
Туш таъбири ўзбек тилида
АЛИШЕР НАВОИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты