ИҚТИСОДИЁТ НАЗАРИЯСИ

ИҚТИСОДИЁТ НАЗАРИЯСИ — иқтисодиётнинг қонун-қоидалари, тушунчалари ва ривожланиш тамойилларини ўрганувчи умумиқтисодий ва назарий фан. И. н. хориж мамлакатларида «Экономикс», «Экономика» ва «Сиёсий иқтисод» номлари б-н, МДҲ мамлакатларида «Иқтисодиёт назарияси» номи б-н юритилади. Иқтисодиёт назарияси иқтисодиётни умумий жиҳатидан ва ҳар бир иқти-содий тизимга тадбиқан ўрганади, иқтисодий ҳодисаларни микро ва макро ҳамда жаҳон иқтисодиёти даражасида таҳлил этади. Бу фан Ўзбекистонда «Иқтисодий билим асослари» сифатида мактабларда, «Иқтисодиёт асослари» сифатида коллеж ва академик лицейларда ва «Иқтисодиёт назарияси» сифатида олий ўқув юртларида ўрганилади.

Иқтисодиёт назариясининг предмети кишиларнинг чекланган иқтисодий ресурслар шароитида муқобил хўжалик юритиш асосида ўз эҳтиёжларини қондиришга қара-тилган хаттиҳаракатлари, уларни белгиловчи иқтисодий шартшароитлар хисобланади. Бу фан хўжалик юритувчи субъектларнинг (фирмалар, хонадон, айрим индивид ва давлат) иқтисодий хаттиҳаракатларини яхлитликда ўрганади. Унинг тадқиқот объекти иқтисодий ҳодисалар бўлиб, улар ишлаб чиқариш, айирбошлаш, тақсимот ва истеъмол соҳасида юз беради. Табиий шароит — бу иқлим, тупроқнинг ту-зилиши, ер ости бойликларининг мик,дори, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан, одамларнинг иш қобилиятидан иборат-ки, бу омиллар иқтисодий фаолиятга таъсир этмай қолмайди.

Иқтисодиёт назарияси ўз предметини бир қатор услубий тамойилларни қўллаган ҳолда ўрганади: барча иқтисодий ҳодисаларнинг яхлитлигини, иқтисодий тизим ҳосил этишини, бу тизимда улардан ҳар бири ўз ўрнига эга бўлишини, улар бир-бирига таъсир этишини назарда тутади; иқтисодий воқеликни қотиб қолган ҳолда эмас, балки ривожланишда ва янгиланишда олиб қарайди, бир воқелик ўрнига бошқаси юзага келиши, шаклан эски ҳодисаларда янги мазмун бўлишини ҳисобга олади; инсоннинг хўжалик фаолиятига нафақат иқтисодиёт, балки табиат қонунлари ҳам таъсир этишига эътибор беради. Табиат кишилик жамияти бўлмасада, мавжуд бўлаверади, лекин жамият табиатдан ташқарида бўла олмайди, чунки у табиат ресурсларини ишлатиш билан боглик, табиат иқтисодиётнинг моддий асоси; иқтисодиётдаги ўзгаришлар табиатдаги ўзгаришларга қараганда ғоят тез боради, шу сабабли иқтисодиётнинг ривожланиш қонунлари доимо ўзгариб туради; табиий ҳодисалар кишилар иштирокисиз ўзўзидан юз берса, иқти-содий ҳодисалар кишилар фаолияти оркали юз беради, аммо бу фаолиятни объектив шароит тақозо этади; иқти-содиёт назарияси технологияни бево-сита ўрганмасада, унинг иқтисодиётга таъсирини четлаб ўтмайди, аксинча, ҳисобга олади. У техника-технологияни жорий этиш ёки этмасликнинг иктисодий чегараларини назарий асослайди; иқтисодиётни соф ҳолда эмас, балки унга ижтимоий-сиёсий, руҳийахлоқий, миллий-демократик омиллар таъсирини инобатга олиб ўрганади. Иқтисодиёт — ижтимоий хаётнинг бир қисми, шунинг учун жамият ҳам унинг таъсиридан холи эмас.

Иқтисодиёт назарияси сиёсатни ўрганмасада, унинг иқтисодиётга таъсири билан шуғулланади, чунки тўғри танланган сиёсат иқтисодиётга ижобий, аксинча бўлганда эса унга салбий таъсир ўтказади. Иктисодий вазиятни ҳисобга оладиган, шу вазиятда қонунларнинг амал қилиши, бинобарин, иқтисодий зарурат мавжудлигини, уни юзага чиқариш чора-тадбирларини белгиловчи сиёсат иқтисодий ривожланишга фаол таъсир этади. Шу маънода иқтисодиётни сиёсатнинг илмий асоси деб ҳисоблаш мумкин. Иқтисодиёт назарияси иқтисодиётдаги турли ҳодисалар, жараёнларни ўрганганда улар қонун-тушунчалар даражасида илмий жиҳатдан йзоҳлаб берилади.

Иқтисодий тушунчалар — иқтисодиётни ўрганишда қўлланиладиган на-зарий билимлар бўлиб, улар реал иқтисодий воқеликнинг илмий ифода этилишидир. Улар 2 гуруҳга бўлиб ўрганилади: Умумиқтисодий тушунчалар — иқтисодий тараққиётнинг ҳамма босқичларига хос тушунчалар, мас, меҳнат, и. ч., маҳсулот, иш кучи, ресурс кабилар. Айрим ижтимоий-иқтисодий тизимга хос тушунчалар, мас, пул, талаб, таклиф, баҳо, кредит, эмиссия, инфляция кабилар айрим тизимга хосдир. Иқтисодиёт назариясида иқтисодий жараён ва ҳодисаларнинг белгиларини умумлаштириш асосида иқтисодий қонунлар таърифланади.

Иқтисодиёт назариясининг энг асосий тахдил усули — бу абстракциялаш (мавҳумлаштириш) асосида хулосалар чиқаришдир.

Ғарбдаги «Экономикс» муаллифлари Р. Макконнелл ва Л. Брю ёзишича, на-зария — бу лаборатория фани эмас. Шу сабабли назарияда илмий абстракциялаш усули бош ўрин тутади. Бу усул — иқтисодий ҳодисаларни уларга таъсир этувчи ўткинчи, иккинчи даражали фактлардан холи этган тарзда тахдил этиб, назарий умумлаштириш, илмий хулосалар чиқаришдир. Бу усул иқти-содий ҳодисаларнинг табиатини билиш, уларга хос қонуниятларни очиш имконини беради.

Абстракциялаш асосида тушунчалар ва қонунлар таърифланади, улар илмий муомалага киритилади. Абстракциялаш юз берганда иқтисодиётга оид асосий, муқим, доимо юзага чиқиб турадиган фактлар ажратиб олинади, улар ўртасидаги боғланиш аниқланади. Буларнинг ҳаммаси тафаккур орқали бажарилади. Абстракциялаш бўлмаса ғоят кўп, тартибланмаган фактлар орасида ўралашиб қолиб назарий хулоса қилиб бўлмайди. Абстракциялаш — бу иқтисодиётнинг назарий моделини яратишдир.

Назарияда индуктив усул қўлланилганда айрим ҳодисаларни ўрганишдан уларни умумлаштириб, хулосалар чиқаришга ўтилади. Дедуктив усул қўлланилганда умумий хулосалардан хусусий хулосаларга, умумийликдан аниқроқ ҳодисаларга ўтилади.

Иқтисодиёт назариясида тарихий ва мантиқий усуллар ҳам бор. Тарихий усул ҳодисаларни ривожланишда олиб қарайди. Мантиқий усул турли ҳодисаларнинг ички мантиқий алоқаларини аникдаб, умумий хулоса чиқаришда қўлланади.

Иқтисодиёт назариясида микдорий ва сифат таҳлили биргаликда қўлланилади. Микдорий тахлил юз берганда иқтисодий — математик моделлаштириш ҳам иштирок этади. Бунда иқтисодий ўзгаришлар микдоран тахлил этилади, улар ўртасидаги алоқа боғланишлар ҳам микдоран ўлчанади, уларнинг нақадар ўзгариши баҳоланиб, прогнозлар ишлаб чиқилади. Бу усул ёрдамида иқтисодий моделлар яратилади (қ. Иқтисодий та-ракқиёт модели). Иқтисодиёт назариясида гипотеза ва парадигмалар қўлланади. Илмий парадигма бу Иқтисодиёт назариясида қабул қилинган тахлил усулларига таянган ҳолда ҳал этиладиган муаммони қандай ечими бўлишини белгилашдир.

Иқтисодиёт назарияси, асосан, уч вазифани бажаради: а) иқтисодиёт қонуниятларини идрок этиш, иқтисодий билим бериш, иқтисодий саводхонликни ошириш; б) бошқа иқтисодий фанлар учун асос сифатида хизмат қилиш, уларга назарий негиз бўлиш; в) иқтисодий сиёсатга доир амалий тавсиялар бериш, сиёсатни ишлаб чиқишда назарий таянч бўлиш. Иқтисодиёт назарияси бошқа иқтисодий фанлар билан узвий богланган. Биринчидан, уларнинг ютуқларини умумлаштирган ҳолда янги хулосалар билан бойиб боради. Иккинчидан, умумиқтисодий назарияга оид хулосалар билан қуроллантирган ҳолда уларнинг ривожланишига кўмаклашади.

Иқтисодиёт назарияси фанига 17-а. да Европада асос солинган, бу бозор муносабатларининг ривожланиши билан боғлиқ бўлиб, унинг қонун ва қоидаларини билишга интилиш Иқтисодиёт назариясини юзага келтирган. У Ғарбда пайдо бўлсада, уни озиқлантирган иқтисодий ғоялар дастлаб Шарқда, ху-сусан, Марказий Осиёда шаклланган. Бу ўринда Абу Али ибн Сино, Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек асарларини эслаш кифоядир. Иқтисодиёт назарияси дастлаб «Сиёсий иқтисод» номи билан юзага келган. Бу тушунчани биринчи марта А. Монкретьен (Франция) ўзининг «Сиёсий иқтисод хақида трактат» асарида (1615 й.) қўллаган. А. Монкретьен ва Т. Ман (Англия) И. н. даги меркантилизм оқимига асос солишган.

Улардан сўнг физиократлар мактаби пайдо бўлди (18-а.). Унинг энг йирик намояндаси «Иқтисодий жадваллар» китобининг (1758 й.) муаллифи Ф. Кенэ (Франция)дир. Иқтисодиёт назарияси тарихда энг нуфузли ўрин эгаллаган оқим бу классик сиёсий иқтисод бўлиб, унинг намояндалари А. Смит ва Д. Рикардо (Англия) ҳисобланади (қ. Классик сиёсий иқти-сод мактаблари). Бу мактаб 18-а. охири — 19-а. нинг бошларида танилган ва об-рўли оқим ҳисобланган. 19-а. нинг 2-ярмидан 20-а. бошларига қадар Иқтисодиёт назариясида маржинализм мактаби асосий ўринни эгаллаб келди. Бунинг асосий вакиллари К. Менгер, Ф. Визер, Э. Бём-Баверк (Австрия), У. Жевонс ҳисобланади.

19-а. нинг охири ва 20-а. давомида Иқтисодиёт назариясида 3 та йўналиш вужудга келди: Биринчиси — неоклассик йўналиш бўлиб, унинг ўзи монетаризм [А. Маршалл (Англия), М. Фридмен (АҚШ)] ва неолиберализм — [Л. Мизес (Австрия), Ф. Хайек (Англия) ва Л. Эрхард (Германия)]га бўлинади.

Иккинчиси — кейнечилик йўналиши бўлиб, унинг йирик вакиллари Ж. М. Кейнс (Англия), Ж. Робинсон (Англия), А. Хансен ва П. Самуэльсон (АҚШ)лар ҳисобланади.

Учинчиси — институционал ижти-моий йўналиш бўлиб, унинг кўзга кўринган вакиллари Т. Веблен, Ж. Комонс, У. Митчелл, Ж. Гэлбрейт (АҚШ). 21-а. бошига келиб, монетаризм мактаби устуворликка эга бўлди, чунки унинг тавсиялари кўпчилик мамлакатлардаги иқтисодий сиёсатда ўзининг амалий ифодасини топди.

Ад.: Шарифхўжаев М., Ўлмасов А., Иқтисодиёт назарияси, Т., 1985; Расулов М, Бозор иқтисодиёти асослари, Т., 1999; Шодмонов Ш., Алимов Р., Жўраев Т., Иқтисодиёт назарияси, Т., 2002; Ўлмасов А., Иқтисодиёт асослари, Т., 1997; Раззоқов А. ва б., Иқтисодий таълимотлар тарихи, Т., 1997.

Аҳмаджон Ўлмасов.


Кирилл алифбосида мақола: ИҚТИСОДИЁТ НАЗАРИЯСИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: И ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ГЕРМАНИЯ
ФРАНЦИЯ
ФИЗИКА
ИҚТИСОДИЙ ВА ИЖТИМОИЙ ГЕОГРАФИЯ
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты