КАЛИЙЛИ ЎҒИТЛАР

КАЛИЙЛИ ЎҒИТЛАР — таркибида ўсимликлар осон ўзлаштирадиган шаклда калий элементи бўлган минерал моддалар; сувда эрувчан хлорид, сульфат ва карбонат кислоталарнинг тузлари. Таркибида калийли тузлар бўлган тоғ жинслари Калийли ўғитлар олинадиган хом ашё.

Калийли ўғитлар концентрланган Калийли ўғитлар, аралаш Калийли ўғитлар ва хом калий тузларига бўлинади. Концентрланган Калийли ўғитларга калий хлорид (55,259,7% К2О), калий сульфат (44 — 52% К2О), калийли селитра (44% К2О) киради. Аралаш Калийли ўғитлар хом калий тузларига концентрланган Калийли ўғитлар қўшиб тайёрланади: 30—40% ли калий тузлари калий хлориднинг сильвинит ёки каинит билан механик аралашмасидан иборат; калий-магнийли концентрат; калий-магний сульфат ёки калимагнезия; ёғоч, торф ва б. кули. Хом калий тузлари — майдаланган табиий минераллар (сильвинит ва каинит).

Калийли ўғитлар сифатида таркибида калийли тузлар бор алюминий ва цемент саноати чиқиндилари (поташ) ҳам ишлатилади. Цемент чанги ва поташ муҳити ишқорли. Кул, айниқса, нордон тупроқпар учун аъло даражадаги Калийли ўғитлар хисобланади, у тупроқнинг зарарли кислоталилигини ҳам нейтраллайди. Гўнг ўсимликлар учун калий манбаи, чунки унда 0,6% атрофида К2О бўлади.

Барча қ. х. экинлари, айниқса, қумли ва қумлоқли тупроқлардаги экинлар Калийли ўғитларга кучли эҳтиёж сезади. Калийли ўғитлар, одатда, фосфорли ёки азот ва фосфорли ўғитлар билан бирга ишлатилади. Ғўза, картошка, сабзавот, қанд лавлаги, хашаки илдизмевалилар, маккажўхори, кузги ғалла экинлари ва б. экинлар калийга талабчан. 1 га майдондаги ғўза ҳар тонна ҳосили учун ердан 30—70 кг азот, 10—20 кг фосфор билан бирга 30 — 80 кг калийни ўзлаштириши аникланган. Калийли ўғитлар мева, резавор-мева, узум, илдизмевалилар ва б. таркибидаги қанд миқдорини, картошкада крахмални, толали экинларда тола микдорини ошириб, сифатини яхшилайди, ем-хашак экинлари таркибидаги протеинни кўпайтиради, кузги ғалла экинлари, дуккаклилар ва дарахтларнинг совуққа ва қурғоқчиликка чидамини оширади. Қуруқ чўл зонасида ва сур тупроқ ерларда Калийли ўғитлар фақат суғориш пайтида берилади. Шўртоб тупроқларда Калийли ўғитлар ишлатилмайди, улар тупроқ шўрини кучайтиради. Ерга солинадиган Калийли ўғитлар меъёри тупроқнинг ҳаракатчан калий билан қанчалик таъминланганлигига боғлиқ. Бунда азот, фосфор, калий (NPK) 1:0,7— 0,8:0,53 нисбатда олинади. Калийли ўғитлар йиллик миқдорининг 50% ини асосий ўғит сифатида кузги шудгорда, 50% ини эса вегетация даврида бериш тавсия этилади.

Ад.: Эргашев Ш., Эргашев М., Калийли ўғитлар ва пахта ҳосилдорлиги, Т., 1983.


Кирилл алифбосида мақола: КАЛИЙЛИ ЎҒИТЛАР ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: К ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
МАГНИЙЛИ ҚОТИШМАЛАР
МАГНИЙ
КИМЁ
АЗОТЛИ ЎҒИТЛАР


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты