КАЛЛА СУЯГИ

КАЛЛА СУЯГИ, бош скелети — умуртқали хдйвонлар ва одамнинг бош скелети. Катта ёшдаги кишиларда Калла суяги чоклар билан бирлашган, чақалоқларда бу суяклар ўртасида суякланмаган кисм — лиқилдоклар бўлади. Одам калласи 23 суякдан иборат, улар жуфт ва айримлари тоқ бўлади. Одамда бош мия жуда ривожланганлиги учун Калла суягининг мия қисми (К. с. қутиси) катта, юз қисми пастга чўзилган, ҳайвонларда эса юз қисми олдинга чўзилган бўлиб, Калла суягининг асосий қисмини ташкил этади. Калла суяги мия ва у билан бирга такомил этган сезги аъзоларининг таянчи, уларни ташқи муҳит таъсиридан сақлаб туради. Булардан ташқари, Калла суягининг юз қисмида организм ҳаёт фаолияти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган нафас системасининг бошланиш қисми — бурун бўшлиғи, овқат ҳазм қилиш системасининг бошланиш қисми — оғиз бўшлиғи ва эшитиш ҳамда мувозанатни сақлаш аъзолари жойлашган.

Калла суягининг мия бўлими тепа томондан калла қопқоғи билан чегараланган бўлиб, ичида бош мия жойлашадиган калла бўшлиғидан иборат. Калла бўшлиғи умуртқа каналининг кенгайган учи бўлиб, у ерда бош мия пардаларга ўралган ҳолда жойлашган. Калла тубидаги тешиклар орқали нервлар (кўрув, ҳидлов, учлик, юз, эшитув нервлари ва б.) ва қон томирлари (уйқу артериялари, бўйинтуруқ веналари) ўтади. Чакка суягида ўрта қулоқ бўшлиғи ва ички қулоқ бор. К. с. нинг ўртаси асосидаги турк эгарида гипофиз ётади. Энса суягида узунчоқ мия жойлашган. Калла суяги асосидаги энг катта тешик — энса т е ш и г и орқали узунчоқ мия орқа мияга тушади.

Калла суяги с гумбазини ҳосил қиладиган ҳар бир суяк 2 пластинкадан иборат: ташқи пластинкаси қалинроқ, ички (мияга қараган) пластинка мўрт ва синувчан (буни шишасимон пластинка деб ҳам аталади) бўлиб, бош зарб еганда (ҳатто ташқи пластинка шикастланмаганда ҳам) синиши ва бунда мия пардаси йиртилиб, қон оқиши ёки бош мияни жароҳатлаши мумкин, бу эса ҳаёт учун хавфлидир. Шунинг учун Калла суяги шикастланганда уни рентгенда текширмасдан, Калла суягининг ички пластинкаси ҳолатини аниқламасдан аниқ бир хулосага келиш қийин. Калла суягининг 2 пластинкаси оралиғида юпқа ғовак модда ва вена каналлари мавжуд. Каналдан ўтган қон томир мия бўшлиғидаги пардалардан ҳосил бўлган вена синусларини каллани қоплаб турган тери веналари билан қўшади. Бу веналар мия бўшлиғидаги қон оқимини бир меъёрда сақлайди. Баъзан калла териси жароҳатланганда зудлик билан чора кўриш лозим, акс ҳолда жароҳатланган соҳадан қон томир орқали мияга микроблар ўтиб, кўпгина нохушликларга олиб келиши мумкин. Калла суягининг мия қисми — энса суяги, пешона суяги, бир жуфт тепа суяги, понасимон суяк, ғалвир суяк ва бир жуфт чакка суяклардан тузилган.

Калла суягининг юз қисми юқори жағ, бир жуфт танглай, ёноқ, бурун, кўз ёши, пастки чиғаноқ, димоғ ҳамда пастки жағ ва тил ости суякларидан иборат. Бу суяклар (пастки жағ суягидан ташқари) бирбирига ўзаро чок ҳосил қилиб, пастки жағ суяги эса бўғим орқали бирикади.

Янги туғилган бола калласининг мия қисми юз қисмига нисбатан каттароқ бўлади; суякланиш бевосита парда давридан бошланади, натижада чақалоқларда суяклар оралиғида парда билан қопланган қисмлар — лиқилдоқлар учрайди. Калла суяги бола туғилиши вақтида гармонга ўхшаб йиғилиб, туғилишни осонлаштиради. Лиқилдоклар 2—3 ойдан бир ёшгача суякланиб бўлади, суякланиш кечикканда болаларга балиқ мойи бериб туриш, кўпроқ очиқ ҳавода олиб юриш лозим. Калла суяги ҳаддан ташқари катта (макроцефалия) ёки жуда кичик (микроцефалия), шакли ҳар хил (чўзинчоқ, юмалоқ ва ҳ. к.) бўлиб, ҳажмларнинг турлича бўлиши одамнинг акл-идрокига ҳеч қандай таъсир этмаслиги илмий жиҳатдан исботланган.


Кирилл алифбосида мақола: КАЛЛА СУЯГИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: К ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФРАНЦИЯ
ҲИНДИСТОН
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
ИТАЛИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты