КАРЕЛИЯ

КАРЕЛИЯ, Карелия Республика с и — Россия Федерацияси таркибидаги республика. Россиянинг шим.-ғарбида жойлашган. Майд. 172,4 минг км2. Аҳолиси 771,1 минг киши (1999). 16 туман, 13 шаҳар, 44 шахарча бор. Пойтахти — Петрозаводск ш.

Давлат тузуми. Карелия — республика. Қонун чиқарувчи органи — 2 палата (Республика палатаси ва Вакиллар палатаси)дан иборат Қонун чиқарувчи мажлис (парламент). Ижроия хркимиятни ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Карелия ҳудуди аксари пастбаланд (энг баланд жойи 578 м) текисликдир. Рельефида музлик излари қолган. Карелиянинг Финляндияга ёндош қисми сертепа. Оқ денгиз, Онега ва Ладога кўллари соҳили пасттекислик. Ҳар хил қурилиш материаллари (гранит, диабаз, мармар ва ҳ. к.), пегматит, слюда, темир ва титан рудаси конлари бор. Иқлими континентал ва денгиз иқлими. Қиши юмшоқ (фев. да —8° дан —12° гача), ёзи салқин (июлда 14°—16°) ва қисқа, ҳаво намлиги нисбатан юқори. Йиллик ўртача ёғин 400—600 мм. Карелияда ботқоқлик ва кўл (61 минг та) кўп; энг йириклари: Ладога ва Онега кўллари. Дарёлари қисқа, серсув, серостона, шаршара кўп. Водла, Кемь, Виг ва б. йирик дарёларида ёғоч оқизилади. Баъзи дарёларининг қуйи қисмида кема қатнайди. Карелия ҳудудининг 18% кўллар, ярмидан кўпи ўрмон, 18% ботқоқлик. Тупроқлари, асосан, подзол, ботқоқ-подзол ва ботқокли тупроқ. К. да оқ товушқон, сув қундузи, ондатра, қўнғир айиқ, шим. буғуси, лось, Гренландия тюлени ва турли хил балиқлар бор. Кивач, Костамукша қўриқхоналари, «Паанаярви» миллий боғи мавжуд.

Аҳолиси. Туб жой аҳолиси кареллар; рус, белорус, украин, фин, вепс ва б. ҳам яшайди. Аҳолининг 74% шаҳарларда истиқомат қилади. Расмий тиллари — рус, фин, карел тиллари. Диндорлар, асосан, христианлар. Йирик шаҳарлари: Петрозаводск, Кондопога, Сегежа, Костомукша ва б.

Тарихи. Карелия ҳудудида одамлар мезолит давридан яшай бошлаганлар. Улар балиқ овлаш, овчилик билан шуғулланган. Мил. 1-минг йиллик охирида Карелия бўйни ва Ладога кўлининг шим. да кареллар, Ладога ва Онега кўллари оралиғида вепслар, шим. роқда саамлар яшаган. Карелияга мил. 2-минг йиллик бошларида славянлар келиб, деҳқончилик, туз олиш ишлари ва балиқ овлаш билан шуғуллана бошлади. Карелия ҳудуди 9-а. дан 12-а. бошларигача Қад. Рус давлати, кейинроқ Новгород қўл остида бўлди.

13-а. да Карелиянинг бир қисми шведлар тасарруфига ўтди ва улар Виборг қалъасини қурди. Шим. уруш (1700—21) дан кейин бу ҳудуд Россияга қарашли бўлди. 18-а. бошларида Карелияда бир неча металлургия з-длари қурилди ва улар Россия қўшинларини замбараклар билан таъминлаб турди. 18-а. да деҳқонларнинг қўзғолонлари бўлиб ўтди, лекин уларни подшо Россияси шавқатсиз бостирди. Крепостной ҳуқуқ бекор қилингач (1861), саноат, асосан, тахта тилиш з-длари барпо этилди. 1917 й. нояб. — 1918 й. апр. да Карелияда шўро ҳокимияти ўрнатилди. 1920 й. 8 июнда РСФСР таркибида Карелия меҳнат коммунаси ташкил этилди, 1923 й. да у мухтор республикага айлантирилди. 1940 й. дан 1956 й. гача иттифоқдош республика мақомида бўлди ва Карел-Фин шўро республикаси, 1956 — 90 й. ларда Карелия мухтор республикаси деб аталди. 1991 й. нояб. дан К. Республикаси.

Хўжалиги. Карелия саноатида ўрмон, ёғочсозлик ва целлюлоза-қоғоз тармоклари етакчи ўринда. Шу тармокларнинг корхоналарида тахта тилинади, фанер, йиғма уйлар, чанғи, ёғоч толали плита, целлюлоза, картон, қоғоз ишлаб чиқарилади. Машинасозлик ва металлсозликда ёғоч судраш тракторлари, целлюлоза-қоғоз ва кимё саноати учун машина-ускуналар, ёғочсозлик станоклари, кемалар, приборлар ва б. ишлаб чикариш ривожланган. Рангли металлургия Надвоицк алюминий з-дидан иборат. Қурилиш ашёлари ва б. минерал хом ашё негизида кончилик саноати юзага келган. Костомукша темир руда конида металл бойитиш к-ти барпо этилган. Озиқ-овқат саноатида балиқ, гўшт-сут, новвойлик ва б. тармоқлар, енгил саноатда трикотаж, тикувчилик ва пойабзал тармоқлари мавжуд. Бадиий ҳунармандчилик ривожланган. Энергетика хўжалигининг асосини ГЭСлар ва Петрозаводск иссиқлик электр ст-яси ташкил этади. Бир йилда ўртача 5 млрд. кВт-соатга яқин электр энергия ҳосил килинади.

Қ. х., асосан, сут чорвачилиги, паррандачилик ва картошка етиштириш, сабзавотчиликка ихтисослашган. Балиқчилик, мўйнабоп даррандачилик ривожланган. Т. й. узунлиги 2 минг км дан ошади, автомобиль йўллари уз. 7,5 минг км га яқин. Энг муҳим сув йўллари: Оқ денгиз, Онега ва Ладога кўллари, Оқ денгиз — Болтиқ канали. Автомобиль ва авиация транспортидан ҳам фойдаланилади. Сайёҳлик ривожланган (Валаам, Кижи ва б. ороллар).

Тиббий хизмат. 4 мингдан ортиқ врач, 10 мингдан кўпроқ ўрта тиббиёт ходими аҳолига хизмат кўрсатади. Врачлар Петрозаводск ун-тининг тиббиёт ф-тида тайёрланади. Марциал сувлари, Сортавала курорти, кўпгина санаторий ва дам олиш уйлари бор.

Маорифи, маданий-маърифий ва илмий муассасалари. Карелия даги 336 кундузги умумий таълим мактабида 117 минг, 16 ўрта махсус ўқув юртида 12 минг ўқувчи, 3 олий ўқув юрти (Петрозаводск ун-ти, пед. ин-ти, консерватория)да қарийб 10 минг талаба таълим олади. Карелияда ўрмон саноати и. т. ин-ти, Шим. балиқ хўжалиги и. т. инти ва б. илмий муассасалар, 4 профессионал театр, 10 халқ театри, 7 музей, жум-ладан, Кижи музей-қўриқхонаси бор. Карел, фин ва рус тилларида газ. хамда журлар нашр этилади. Радиоэшиттириш ва телекўрсатувлар йўлга қўйилган.

Адабиёти. Кад. эпик қўшиклар асосида яратилган карел ва фин халкларининг эпоси — «Калевала» жаҳон адабиёти дурдоналаридан ҳисобланади. Ёзма адабиёти 20-а. бошларида пайдо бўлиб ривожланди. 1934 й. Ёзувчилар уюшмаси тузилди, 30-й. лар адабиётида X. Тихли дилогияси, Э. Паррас романи дунё юзини кўрди, лирик шеърлар, очерк ва ҳикояларда ўлка халқларининг ҳаёти акс эттирилди. Рус ва фин тилларида адабий жур. лар чика бошлади. Кўплаб ёзувчилар уруш мавзуида асарлар езди. Урушдан сўнг Карелия адабиётига ёзувчиларнинг ёш авлоди кириб келди. А. Тимонен, Ф. Трофимов ва б. нинг асарлари нашр этилди. Карелияда фольклоршунослик, адабиётшунослик ва таржимачилик ривожланган.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Оқ денгиз, Онега кўли соҳилларидаги қояларда неолит даври ва жез асрига оид одам, ҳайвон ва ов манзаралари тасвирлари топилган. Карелияда ўрмон кўплиги ёғоч меъморлигининг тез ривожланишига имкон берди. Айниқса, томи икки нишабли чорси ёғоч уйлар, томи тўрт нишабли ибодатхоналар кўп учрайди. 17-а. 2-ярмида гумбазли, қуббали бинолар курила бошлади. Бинолар Карелиянинг шим. да содда, безаксиз, жан. ва жан.-ғарбида сернақш, кўримли ишланган. 18-а. да дастлаб Петрозаводскда барокко, сўнгра классицизм услубида 8 биноли айлана майдон (меъмори Е. С. Назаров ва б.) яратилди. 20-а. 40—50-й. лар меъморлигида ордерлик элементлари қўлланди (мас, Алоқа уйи, Рус мусиқали драма театри — меъмори С. Г. Бродский ва б.), шунингдек, халқ ёғоч меъморлиги асосида Петрозаводскда ёзги кинотеатр қурилди. Кейинги йилларда кўпгина маъмурий, саноат ва жамоат бинолари, уй-жойлар замонавий услубда барпо этилди.

Профессионал тасвирий санъатнинг пайдо бўлишида рассом В. Н. Поповнинг қиссаси катта. 20-а. нинг 2-ярмида кўпгина манзара асар (С. X. Юнтунен), портрет (Г. А. Стронк) ва натюрмортлар (Л. Ф. Ланкинен, М. Ш. Юфа ва б.) яратилди; графика, китоб безаги равнақ топиб, миллий линогравюра ва офортлар юзага келди. Халқ санъатида ёғоч ўймакорлиги, бутхона, уй пештокларига нақш, мебель ва идишларга нафис гуллар солиш хамда каштадўзлик алоҳида ўрин тутади.

Мусиқа санъати халқ анъаналари асосида ва қўшни халқлар мусиқаси таъсирида ривожланиб келди. Карелияда кантеле (чертиб чалинадиган), йоухикко, вирсиканнель (камонли), шунингдек, қайин пўстлоғидан ясалган чўпон сурнайи каби халқ созлари тарқалган. 19-а. да руна ижрочиларидан А. Пертунен билан унинг ўғли Мийхкали, А. Малинен кабилар шуҳрат қозонган. 20-а. 1-ярмида халқ қўшиқлари тўпламлари, профессионал мусиқа маданиятининг дастлабки асарлари нашр этилди. Г. Р. Синисало карел симфонияси ва миллий балетининг, Р. С. Пергамент миллий комик операсининг дастлабки муаллифларидир. Карелия мусиқа театри, драма театри, симфоник оркестр, «Кантеле» ашула ва раке ансамбли, филармония, мусиқа билим юрти, мусика мактаблари мавжуд. Композиторлардан К. Раутио, С. Леончик, Г. Вавилов, қўшиқчилардан С. Рикка, И. Гридчина, 3. Петченко, дирижер И. Шерман ва б. машҳур.


Кирилл алифбосида мақола: КАРЕЛИЯ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: К ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
ФРАНЦИЯ
ҲИНДИСТОН
ИТАЛИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты