ЛАТВИЯ

ЛАТВИЯ (Latvija), Латвия Республикаси (Latvijas Republika) — Европанинг шим.-ғарбида, Болтиқ денгизи бўйида жойлашган давлат. Майд. 64,589 минг км2. Аҳолиси 2, 385 млн. киши (2001). Пойтахти — Рига ш. Маъмурий жиҳатдан 26 туман (rajons)ra бўлинади, 7 шаҳар бор.

Давлат тузуми. Латвия — мустақил демократик республика. 1993 й. 6 июлдан 1922 й. да қабул қилинган «Сатверсме» конституциясининг амал қилиши тўла ҳажмда тикланди ва унга 1996, 1997, 1998 й. ларда тузатишлар киритилди. Давлат бошлиғи — президент (1999 й. дан Вайра Вике-Фрейберга), у яширин овоз бериш йўли билан сейм томонидан 4 й. муддатга сайланди. Бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ президент лавозимига сайланиши мумкин эмас. Қонун чиқарувчи органи — сейм (бир палатали парламент). Ижроия ҳокимиятини Вазирлар Маҳкамаси амалга оширади.

Табиати. Латвия ҳудудининг Болтиқ денгизи қирғоклари кам парчаланган. Денгиз соҳили бўйлаб эни 2—3 км, айрим жойларда 50 км гача бўлган пасттекислик ва қум тепалар чўзилган. Латвиянинг ғарбий қисмида Курземе қирлари (бал. 184 м гача), ўрта қисмида Видземе қирлари (бал. 311 м гача), шарқида Латгаль қирлари (бал. 289 м гача) жойлашган. Латвиянинг марказида Ўрта Латвия текислиги, шим.-шарқида Шимолий Латвия пасттекислиги бор. Фойдали қазилмалари: кўмир, нефть, гипс, кварц қумлари, доломит, ҳар хил гил, оҳактош; торф конлари, минерал булоклар бор. Болтик, денгизи ва Рига қўлтиғи соҳилида каҳрабо учрайди. Иклими денгиз иқпими билан континентал иқлим ўртасида. Июлнинг ўртача т-раси 16—18°, янв. да Болтиқ денгизи соҳилида —2°, —7°, шарқида —7°. Йиллик ёғин 550—800 мм.

Латвияда 777 дарё бўлиб, умумий уз. 38 минг км. Ҳамма дарёлари Болтиқ денгизи ҳавзасига мансуб. Йириклари: Даугава (Ғарбий Двина), Лиелупе, Вента, Гауя. Латвияда 3 мингдан кўпроқ кўл бор. Латвия майдонининг 1,5% ни ташкил қилади. Йириклари: Лубанас, Резнас ва б. Энг чу-қур кўли — Дридза (65,1 м). Кўлларида балиқ хўжалиги йўлга қўйилган. Фойдаланиладиган ерларининг 52% подзол тупроқлари (кўпи чимли подзол), 4% чимли карбонатли ва экин экиб келинган тупроқлар (Ўрта Латвия текислигида), 23% ботқоқ (чимли-гейли) тупроқлар ва 19% торфзор. Латвия аралаш ўрмон зонасида жойлашган. Ҳудудининг 40% га яқини ўрмон (асосий дарахт турлари — қарағай, қорақарағай, қайин), 4,7% ботқоқ, 4% яйлов. Л. да сут эмизувчилардан малла товушқон, тийин, елик, лось, буғу, тулки, бўрсиқ, сувсар ва б. яшайди. Салака, килька, лосось, таймень ва б. балиқтурлари овланади. Рига қўлтиғи ва дарёларнинг қўйилиш жойида минога учрайди. Балиқ, қундуз ва б. ов жониворларини қўриқлаш мақсадида қўриқхоналар ташкил этилган. Кдд. даре водийларининг айрим қисмлари, баъзи ўрмонзорлар давлат муҳофазасига олиниб, қўриқланади. Гауя миллий боғи барпо этилган.

Аҳолисининг кўпчилиги латишлар (55,1%); руслар, белоруслар, поляклар, украинлар, литвалар ва б. яшайди. Расмий тил — латиш тили. Шаҳар ахолиси 69,5%. Диндорлари: протестант, православ ва католиклар. Йирик шаҳарлари: Рига, Даугавпилс, Лиепая, Елгава, Юрмала ва б.

Тарихи. Латвиядан топилган археология ёдгорликлари бу ерда одам мезолит давридан (мил. ав. 9—4-минг йиллик) яшаганлигини кўрсатади. Одамлар бу даврда темирчилик, балиқ овлаш ва овчилик билан шуғулланган, тош ва суяклардан турли қуроллар ва лойдан идишлар ясаган. Мил. ав. 2-минг йилликда деҳқончилик ва чорвачилик пайдо бўлган.

10-а. дан аҳоли ўртасида христиан дини тарқала бошлади. 13-а. нинг охирида Ливон ордени Л. ни босиб олгандан сўнг немис зодагонларининг иқтисодий ва сиёсий ҳукмронлиги ўрнатилди. Латвияда Германияга хос хўжалик ва сиёсий ташкилотлар жорий қилина бошлади.

14—16-а. ларда Ливония (Л. ва Эстониянинг немислар томонидан забт этилган ҳудудлари шундай аталар эди) 3 майда давлатдан иборат бўлган. 17-а. га келгандагина латиш халқи ташкил топди. 16-а. да Рига ш. савдо ва хунармандчилик марказига айланди. 1558—83 й. лардаги Ливон урушлари даврида майда ливон давлатлари тугатилди( 1560—62). Латвиянинг Даугава дарёсидан шим. даги худуди (Задвин герцоглиги) Речь Посполитага тобе бўлиб қолди. Дарёнинг жан. даги ҳудудлар Польша қиролига қарашли Курляндия герцоглигига айланди.

1600—29 й. лардаги Польша-Швеция урушлари натижасида Латвия вайрон бўлди. Урушда ғолиб чиққан Швеция Альтмарк сулҳига кўра, Задвин герцоглигининг ғарбий қисмини ўзига қўшиб олди. Латвиянинг шарқий қисми (Латгалия) Речь Посполита қўлида қолди.

Латвиянинг кейинги тақдирини Шимолий уруш ҳал қилди. 1710 й. рус қўшинлари Ригани қамал қилди. 1721 й. Ништадт сулҳи шартига кўра, Швеция Видземани Россияга берди. Россия империяси таркибида парчаланган Латвия ерларини бирлаштириш даври бошланди. 1721 ва 1795 й. ларда Курляндия герцоглиги, Лифляндия ва Витебск губерняларининг бир қисми Россияга утди. 18-а. нинг 1-ярми Шим. урушда вайрон бўлган хўжаликни тиклаш даври булди. Мазкур урушдан сўнг 200 йил мобайнида Латвия тинч ҳаёт кечирди.

1804 й. деҳқонлар тўғрисида махсус қонун қабул қилиниб, унга кўра крепостнойлик чекланди. Лекин бу билан деҳқонлар аҳволи яхшиланмади. 1812 й. ги уруш таъсирида деҳқонлар ҳаракати авж олди. Дворянлар ҳокимиятини сақлаб қолиш мақсадида Россия ҳукумати 1817—19 й. ларда қатор ислоҳотлар ўтказди, жумладан, деққонларга шахсий эркинлик берилди. Улар ерни ижарага олиб тштайдиган бўлишди. 19-а. 50-й. ларнинг охири ва 60-й. ларнинг бошидан корхоналарда машиналар ва буғ двигателлари ишлай бошлади. Россиядаги оммавий деҳқонлар ҳаракати ва 1863 — 64 й. ларда Польша ва Литвада бўлиб ўтган қўзғолон таъсирида Россия ҳукумати бир оз ён беришга мажбур бўлди. Жумладан, крепостнойлик ҳуқуқи бекор қилинди, деҳқонларга ер сотиб олиш ҳамда эркин кўчиб юришга рухсат берилди (1863), баршчина бекор қилинди (1868). Латвия саноати ва ташқи савдоси ўса бошлади.

20-а. бошларига келиб, Л. Россия империясининг тараққиёт жиҳатидан энг ривожланган ўлкасига айланди. 1918 й. 18 нояб. да Л. Республикаси эълон қилинди. 1920 й. 11 авг. да Латвияни Шўро Россияси тан олди ва Латвияга бўлган даъволаридан «абадул абад» воз кечганини билдирди. 1921 й. да Антанта давлатлари ҳам Л. Республикасини тан олдилар. 20 й. мобайнида турмуш даражаси, нашр этилган китоблар ва 1000 кишига тўғри келадиган талабалар сони жиҳатидан Латвия Европа мамлакатлари орасида олдинги ўринда бўлди. 1934 й. да давлат тўнтариши ўтказилди, авторитар тузум ўрнатилди. 1940 й. июлида Латвия ҳудудига шўро қўшинлари киритилди. Ўша йили 21 июлда Латвия шўро социалистик республикаси тузилиб, 5 авг. да СССР таркибига қўшиб олинди. 2-жаҳон уруши йилларида Латвия шиддатли жанглар майдонига айланди. 1941 й. да немис-фашист қўшинлари томонидан босиб олинди. 1945 й. да озод қилинди. 1990 й. майда республика Олий Кенгаши Латвия мустақиллигини тиклаш ҳақида Декларация қабул қилди ва республика номини ҳоз. номга ўзгартирди. Латвия — 1991 й. дан БМТ аъзоси. ЎзР суверенитетини 1992 й. 22 окт. да тан олди ва ўша йили нояб. да дипломатия муносабатлари ўрнатилди. Миллий байрами — 18 нояб. — Л. Республикаси эълон қилинган кун (1918).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари ва б. жамоат ташкилотлари. Латвия деҳқонлар иттифоқи партияси, 1917 й. да асос солинган ва 1990 й. да қайта тикланган; Л. демократик партияси, 1995 й. «Сайм-ниекс» демократик партияси сифатида тузилган; «Латвияс целый» («Латвия йўли») партияси, 1993 й. тузилган; Л. социал-демократлар бирлашмаси, 1998 й. да ташкил этилган; Халқ партияси, 1998 й. да тузилган; Янги христиан партияси, 1998 й. Янги партия номи билан ташкил этилган, 2001 й. дан ҳоз. номда; Халқ ҳамжиҳатлиги партияси, 1993 й. да ташкил этилган; «Ватан ва озодлик» бирлашмаси (Л. миллий мустақиллиги йўлидаги хдракат), 1997 й. да ташкил этилган. Латвия эркин касаба уюшмалари иттифоқи, 1990 й. да тузилган.

Хўжалиги. Латвия — индустриал-аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулот таркибида саноатнинг улуши 38,5%, қ. х. нинг улуши 24,8%.

Саноатида металлсозлик, энергетика машинасозлиги, алоқа воситалари и. ч., транспорт ва қ. х. машинасозлиги, электротехника, радиоэлектроника, приборсозлик, кимё ва нефть кимёси, енгил ва озиқ-овқат, фармацевтика, парфюмерия, целлюлоза-қоғоз саноати етакчи тармоқлардир. Электр энергия Плявиняс, Кегумс ва Рига ГЭСларида ҳосил қилинади (йилига ўртача 5,6 млрд. кВтсоат). Лиепая металлургия з-ди, турли шаҳарларда электр машинасозлиги, гидрометеорология ва яримўтказгич приборлари, дизелсозлик, электропоездлар, технология ускуналари, электр лампа, қ. х. машинасозлиги, вентилятор, радио, электр асбоблари, вагонсозлик, кема таъмирлаш ва б. з-длар бор. Қурилиш материаллари саноатида кўплаб темир-бетон конструкциялари, силикат ғишт, дренаж қувурлари, шиша тола з-длари, уйсозлик к-тлари барпо этилган. Енгил саноатда тўқимачилик, ти-кувчилик, кўнчилик ва пойабзал тикиш тармоқлари тараққий этган. Ригада ип газлама к-тлари, Елгавада тўқимачилик бирлашмаси, шойи тўқув кти жойлашган. Огреда йирик трикотаж к-ти, Лиепаяда галантерея буюмлари кти бор.

Озиқ-овқат саноатининг асосий тармоқлари: балиқ ва гўшт-сут. Рига, Елгава, Екабпилс ва Валмиерадаги гўшт к-тлари, Прейлида пишлок, з-ди ва Краславада қуруқ сут з-ди қурилган, мева-консерва ва ун-ёрма к-тлари бор, аралаш ем саноати ривожланган. Ригада «Дзинтарс» парфюмерия-косметика з-ди бор. Кейинги йилларда мамлакат иқтисодиётини бозор муносабатлари йўлига мослаш, жаҳон хўжалигига қўшиш сиёсати ўтказила бошлади.

Қишлоқ хўжалиги гўшт ва сут чорвачилигига ихтисослашган. Қ. х. га яроқли ерлар 2,5 млн. га, шундан 56,4% ҳайдаладиган ерлар, 32,4% яйлов, 9% пичанзор. Ғалла экинларидан жавдар, буғдой, арпа, сули экилади. Асосий техника экинлари: зиғир (асосан, шарқида) ва қанд лавлаги (жан. да). Картошка, сабзавот ҳам етиштирилади. Боғ-резавор мевазорлар бор. Республиканинг ғарбий қисмида асаларичилик ривожланган. Балиқ овланади, норка, кумушранг тулки, оқ тулки боқиб кўпайтирилади. 1998 й. маълумотларига қараганда, хусусий сектор ялпи ички маҳсулотнинг 63%ни берди, иш жойларининг 68% шу сектор қўлида. Қурилиш, қ. х. ва саноат каби асосий тар-моклар маҳсулоти мамлакат ялпи ички маҳсулотининг тахм. 95% ни ташкил этади.

Т. й. узунлиги — 2484 км, автомобиль йўллари — 24,2 минг км, шу жумладан қаттиқ қопламали йўллар 12 минг км. Денгиз савдо флотининг тоннажи 1437 минг т дедвейт. Асосий портлари: Рига, Вентспилс, Лиепая. Лиелупе ва Даугаванинг айрим қисмларида кема қатнайди. Ригада халқаро аэропорт бор. Ташки савдо соҳасидаЛ. Европа мамлакатлари ва МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорлик килади. Латвия четга машинасозлик, енгил, озиқовқат саноат маҳсулотлари чиқаради, четдан машина ва электр жиҳозлари, кимевий маҳсулотлар, транспорт воситалари, тўқимачилик буюмлари олади. Пул бирлиги — лат.

Тиббий хизмати. Давлат шифохоналаридан ташқари хусусий касалхоналар ҳам бор. Врачлар хусусий тарзда ҳам беморларни қабул қилиб, даволайди. Шифокорлар Рига тиббиёт ин-тида ва чет элларда тайёрланади. Юрмала, Се-гулда, Лиепая, Кемери, Балдоне ку-рортлари машҳур.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Латвияда дастлабки мактаб 1211 й. да очилган. 16-а. нинг 2-ярмида латиш аҳолиси учун маориф тизими яратилган. Ҳоз. пайтда Латвияда умумий мажбурий тўлиқсиз таълим амалга оширилган, умумий ўрта таълим жорий этилган. Мустақиллик йилларида бутун таълим соҳасини ислоҳ қилишга киришилди. Натижада олий ўқув юртларидаги талабалар сони 1990/91 ўқув йилидаги 46 минг кишидан 1997/ 98 ўқув йилида 65 минг кишига етди, 1998/99 ўқув йилида яна 5% кўпайди. Йирик олий ўқув юртлари: Латвия ун-ти, Рига техника ун-ти, Қ. х. академия-си, Тиббиёт академияси, Рига авиация унти ва б. Ўрмон хўжалиги муоммолари и. т. институти, Фуқаро авиациясини бошқариш автомат тизимлари и.-т. маркази, Денгиз геол. си ва геофизикаси ин-ти, Енгил саноат и.-т. инти ва б. илмий муассасалар бор. Латвия ФА фаолият кўрсатади. Латвияда кутубхоналар, театрлар, цирк, филармония, маданият уйлари мавжуд. Латвия тарихи музейи, Латвия бадиий музейи, Шаҳар тарихи ва денгиз сайёхлиги музейи, Адабиёт ва санъат тарихи музейи, Тиббиёт тарихи музейи, Табиат музейи, Этн. музейи ва б. бор.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Латвияда нашр этиладиган асосий газ. лар: «Панорама Латвии», («Латвия манзараси», рус тилидаги кундалик газ., 1991 й. дан), «Диена» («Кун», латиш тилидаги кундалик газ., 1990 й. дан), «Латвияс земе» («Латвия ери», латиш тилидаги ҳафталик газ., 1989 й. дан), «Латвия яунатнэ» («Латвия ёшлари», латиш тилидаги кундалик газ., 1990 й. дан), «Ригас балсс» («Рига ово-зи» латиш ва рус тилларидаги кечки кундалик газ., 1957 й. дан), «Тэвземес авизе» («Ватан газетаси», латиш тилидаги ҳафталик газ., 1990 й. дан). Латвия телеграф агентлиги (ЛЕТА) мустақил ахборот агентлиги бўлиб, 1989 й. да Ла-тинформ ахборот агентлиги негизида тузилган. Латвия радио ва телевидениеси, те-лерадиоэшиттириш давлат қўмитаси, 1992 й. да ташкил этилган; Л. мустакил телевидениеси, 1996 й. да тузилган; Л. Давлат радиоси, 1925 й. асос солинган; Л. давлат телевидениеси, 1954 й. ташкил этилган.

Адабиёти. Латиш миллим адабиёти 19-а. ўрталаридан ривожлана бошлади. Латиш адабиёти ўзининг бе-восита қад. ва бой фольклор анъаналари (халқ кўшиқлари, афсона ва эртаклар) таъсирида равнақ топди. Фольк-лорчи Кр. Барон латиш халқ қўшиқларининг 6 жилдлигини (1894 — 1915) тузди. Ю. А. Алунан «Қўшиқдар» (1856) китобини яратди. Халқ романтизми вакиллари — Аусеклис (М. Крогземис), А. Пумпур ижодларида кўпроқ миллий озодлик ғоялари тасвирланган. 70-й. ларда драматургия вужудга келди. А. Алукар пьесалари машҳур бўдди. 19-а. охирги чорагида реалистик оқим ёйилди (ака-ука Матис ва Рейнис Каудзитлар, Р. Блауманис асарлари). Я. Райнис, Э. Вейденбаум каби шоирларнинг асарлари кенгтарқалди. Р. Блауманиснинг «Баҳорги аёз», «Андриксон» каби новеллалари, «Оқпадар», «Ўтда» ва б. драмаларида деҳқонлар ҳаёти ва ижтимоий муаммолар ўз ифодасини топган.

1905—07 й. лардаги инқилоб латиш адабиётига катта таъсир кўрсатди. Бу даврда Я. Райнис асарлари ўзининг чуқур ғоявийлиги ва долзарблиги билан шуҳрат қозонди. Унинг «Ўт ва тун» пьесасида латиш халқининг озодлик учун олиб борган мардона кураши ўз аксини топган. Адибнинг «Индулис ва Ария», «Иосиф ва унинг ака-укалари» каби қатор асарлари ўзининг ян-ги услуб, чуқур фалсафий теранлиги билан китобхонларни ром этди. А. Упитнинг «Буржуа», «Аёллар», «Олтин» каби қисса ва романлари нашр этилди.

2-жаҳон уруши йилларида кўпроқ поэзия ривожланди (В. Луке, А. Григулис, Ю. Ванаг ва б.). А. Упитнинг «Спартак» пьесаси ва «Кўкаламзор ерлар» романи шуҳрат қозонди. Урушдан кейинги йилларда В. Лацис, А. Саксе, М. Кемпе, Ж. Грива, Я. Грант, И. Зиедонис, А. Веян, 3. Скуин, Э. Ливе ва б. баракали ижод қилдилар.

Меъморлиги. Латвия ҳудудида мил. ав. 1-минг йилликда уруғ жамоаларининг мустаҳкамланган чўзиқ доирасимон ва тўғри бурчакли турар жойлари бўлган. 12-а. нинг охирларигача ёғочдан, кейин эса, кўпинча, тошдан уйлар қурилиб, шаҳар типидаги манзилгоҳлар вужудга келган. Қўрғонлар (13 — 14-а. лардан бошлаб), ибодатхоналар, Ригада ратуша қурилган. 16-а. нинг 2-ярмида ва 17-а. нинг 1-ярмида Латвия меъморлигида Нидерландия меъморлигининг таъсири кучли бўлди: готика анъаналари кейинги Уйғониш даври меъморлиги билан уйғунлашгани кўзга ташланади. 17-а. нинг 2-ярмида барокко услуби устунликни эгаллади (Ригадаги Петер черкови, 1689—94). Классицизм ҳукмронлиги йилларида (18-а. нинг сўнгги чораги ва 19-а. нинг 1-ярми) бог ўртасига қурилган сарой мажмуалари вужудга келди (Елгавадаги сарой, 1738 — 40, меъмор В. В. Растрелли). 19-а. дан бошлаб Латвия меъморлиги рус классицизми руҳида ривожланди.

2-жаҳон урушидан сўнг вайрон қилинган шаҳарлар тикланди ва янгилари курила бошлади. 60—80-й. ларда Ригадаги Агенскалн қарағайзори, Катта Югла уй-жой мажмуалари, т. й. вокза-ли, Дзинтаридаги концерт зали ва б. бинолар ўзига хос маҳаллий лойиҳалар асосида барпо этилди. Интерьерларни безашда ёғоч, кошин, металл, витраждан фойдаланилди.

Тасвирий санъати. Латвия худудидан топилган энг қад. санъат ёдгорликлари мил. ав. 5-минг йилликка мансуб (суякдан ишланган дастасига ҳайвонлар тасвири ишланган ханжар). 13—19-а. ларда Латвия тасвирий санъати Ғарбий Европа санъати билан яқин ҳамкорликда ривожланди. Айниқса, ёғочдан ҳайкаллар ишлаш кенг тарқалди. Латиш миллий тасвирий санъати мактаби вужудга келди. 20-а. нинг дастлабки йилларидан графика ривож топа бошлади. Т. Залькалн, Г. Шкильтер каби ҳайкалтарошлар ҳаёт манзараларини ҳаққоний тасвирлашга интилдилар. 1920—30 й. ларда плакатлар муҳим ўрин эгаллади. 1920 й. да Бадиий академия очилди. 20-а. 2-ярмида санъатда замондошларнинг образлари ишонарли таъсирчан акс эттирилди. Рассомлардан Б. Бер-зинь, Р. Валнере, И. Заринь, Э. Илтнер, Р. Бем, ҳайкалтарошлардан Я. Заринь, В. Альберг, Л. Ланге ва б. машҳур.

Халқ амалий санъатида ўймакорлик, ёғочни куйдириб тасвир ишлаш, кулоллик, бадиий тўқимачилик ривожланган. Ёғоч ўймакорлиги, чармга қолип ёрдамида босиб тасвир ишлаш, каҳрабодан буюмлар ясаш, металлга зарб бериб тасвирлар тушириш борасида латиш санъаткорлари ва ҳунармандлари кўргазмаларда муваффақият билан қатнашади.

Мусиқаси ранг-баранг ва ўзига хос бўлиб, асосан, меҳнат тароналари, оилавий маросим, хор ва рақс қўшиқлари туркумидан иборат. 16-а. охирларида черков қўшиқлари матнлари нашр қилинди. 17 – ва 18-а. бошларида Елгавада оркестр вужудга келди; 18-а. дан Ригада орган чалиш санъати равнақ топди. 1760 й. Рига мусиқа жамиятига асос солинди. 1782 й. немис опера-драма театри очилди. 19а. ўрталарида «ёш латишлар» ҳаракати таъсирида профессионал мусиқали хор ривожланди ва қўшиқчилар жамияти вужудга келди. Латиш классик мусиқасининг асосчилари — А. Юрьян, Я. Витол миллий композиторлар мактабини яратдилар.

1912 й. ташкил топган Латиш опера театри 1919 й. давлат опера театрига айлантирилиб, дастлабки миллий опералар ( «Ўт ва тун», «Банюта») вужудга келди. 1919 й. Л. консерваториясига асос солинди. 1926 й. Л. радиосининг симфоник оркестри ташкил этилди. 1940—41 и. лари мусиқали театрлар, опера ва балет театри қайта тузилди. 1941 й. Л. давлат филармонияси очилди. Немис фашистлари оккупацияси даврида латиш мусиқа санъатига қаттиқ шикаст етказилди.

2-жаҳон урушидан кейин мусиқа санъати яна ривожлана бошлади. Симфония (О. Барсков, Э. Голдштейн, О. Гравитис, П. Дамбис ва б.), камер чо-лғу мусиқаси (Е. Граубиня, Р. Ермак, Я. Кепитис, В. Уткин ва б.), эстрада (Р. Паул, Г. Раман, Р. Паулс ва б.) равнақ топди. Мусиқа маданиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида махсус жур. лар, тўпламлар мунтазам нашр этилади.

1905—07 й. ларда Рига граммофон фирмалари Тўйчи Ҳофиз, Левича ҳофиз, Ҳамроқул қори ва б. хонандалар ижросида ўзбек мусиқа мероси намуналарини пластинкаларга ёзиб олган. Ўзбекистонда латиш, Латвияда ўзбек мусиқа кунлари ўтказиб келинади.

Театри. Латиш халқ ижодининг қад. анъаналари меҳнат жараёни, урф-одат маросимлари билан чамбарчас боғлиқ. Хусусан, тўй маросимларида никрбли ўйинлар одат тусига кириб қолган. 16 — 17-а. ларда Ригада лотин тилида драма мактаблари, 18-а. нинг 60-й. ларида немис труппаси ва 19-а. нинг 50-й. ларида рус театри ташкил этилди. 19-а. бошларида латиш тилида биринчи спектакллар қўйилди. 1868 й. да дастлабки ҳаваскорлар труппаси ташкил этилди, унинг негизида биринчи профессионал Рига латиш театри (1870—1918) вужудга келди. Унга миллий драматургиянинг асосчиси А. Алунан рахбарлик қилди. 1902 й. да янги Рига театрига асос солинди, унинг саҳнасида Я. Райнис пьесалари ўйналди (бу театр 1905 й. да ёпилди). 20-а. нинг 20—30-й. ларида Э. Симильгис, Я. Заринь каби театр арбоблари илғор демократик саҳна анъаналарини давом эттиришди. Кейинги йилларда А. Амтман-Бриедит, В. Балю-най, Я. Яунушан, А. Лининь каби реж. лар латиш ва жаҳон драматургиясининг энг яхши асарларини саҳнага қўйдилар. Машҳур актёрлари: Я. Осис, А. Клинтс, Л. Эрики, Ж. Катлапа, Л. Бер-зинь, Э. Радзинь, Э. Павулс ва б. Л. да 7 та театр бор.

Киноси. Латвияда кино и. ч. 1910—11 й. лардан бошланган. Дастлаб воқеий ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқарилган. 1913 й. «Ҳақиқат қаерда?» бадиий фильми яратилди, 20-й. ларда хусусий фильмлар суратга олинди, 1939 й. ишланган «Балиқчи ўғли» фильми латиш кинематографиясининг биринчи ютуғи ҳисобланади. 2-жаҳон урушидан сўнг латиш миллий кино санъати равнақ топди. «Ғалаба билан қайтиш», «Райнис» каби бадиий ва тарихий биографик фильмлар яратилди. 50—60-й. ларда «Бақорги аёз», «Янги соҳилга», «Бўрон», «Қилич ва атиргул» каби бадиий фильмлар экранлаштирилди. Сўнгги йилларда Рига киностудиясида хилма-хил мавзу ва жанрларда ранг-баранг картиналар яратилди («Эдгар ва Кристина», «Ўлим соясида», «Сувдаги шўъла», «Эсабер, шабада!» ва б.).

Ўзбекистон — Л. муносабатлари. Икки мамлакатнинг янги шароитдаги ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш учун аввало ҳуқуқий негиз яратиш лозим эди. Ўзбекистон Президента И. Каримовнинг 1995 й. Л. Республикасига ташрифи ва Латвия президентининг 1996 й. Ўзбекистон Республикасига ташрифи чоғида, иккала мамлакат вазирларининг ўзаро сафарлари вактида турли соҳаларда ҳамкорлик қилиш ҳақида битимлар имзоланди. Ўзбекистон — Л. ҳукуматлараро савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик комиссиясининг мажлисларида муҳим масалалар ҳал этилади. Бу ишларнинг натижасида ЎзР билан Латвия ўртасидаги товар айланмаси са-ноат ва қ. х. нинг турли тармоқларида муттасил ортиб борди. Чунончи, 1994 й. да товар айланмаси 13 млн. 165 минг, 1995 й. да 18 млн. 790,5 минг, 1996 й. да 26 млн. 123,4 минг, 1997 й. да 54 млн. 183,6 минг, 2000 й. да 133,1 млн. АҚШ долларини ташкил этди. ЎзР дан Латвияга пахта толаси, органик кимёвий бирик-малар, шойи, мева ва сабзавотни кай-та ишлаш маҳсулотлари, газлама ва калава ип юборилса, у ердан қанд-шакар ва қандолат, қора металлдан ясалган буюмлар, транспорт воситалари, буғ қозонлари, механик ускуналар, қоғоз ва картон, трикотаж кийимлар, электр асбоб-ускуналари, ноорганик кимё маҳсулотлари, каучук ва резина буюмлар, кофе, чой, ун, мебель ва б. моллар олинади. Бундан ташқари, Ўзбекистон товарларини Ғарбий Европа мамлакатларига юбориш учун Латвия портларидан фойдаланилади.

Мамлакатларнинг айрим ташкилотлари ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатилган. Жумладан, дори-дар-мон етказиб бериш, сайёхларни кутиб олиш ва уларга хизмат кўрсатиш ҳақида келишувга эришилган. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ва «Болтик Эйрлайнз» компаниялари ҳамкорлик ҳақида битим имзоладилар. ЎзР Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Латвиянинг «Капитал банк», «Парекс банк», «Риетуми банк», «Латэко банк», «Банк Лэнд», «Саулес банк», Рига тижорат банки билан вакиллик муносабатлари ўрнатган. «Ўзбекмебель» акциядорлик жамияти, ЎзР Ташқи иқтисодий алоқалар агентлигининг ташқи савдо бирлашмалари, «Ўзмарказимпекс» бирлашмаси Латвия даги турдош ташкилотлар б-н амалий ҳамкорлик ва савдо-сотиқ қилиш ҳақида келишиб олган. «Ўзташқитранс» бирлашмаси 1992 й. дан бошлаб Рига, Венспилс, Лиепая портлари ва т. й. орқали 800 минг тоннадан кўпроқ турли юклар: пахта толаси, бурдой, кандшакар, картошка, ёғ, мис, рух кабиларни ташиди.

Ўзбекистонда латвиялик инвесторлар иштирокидаги 10 та ва Латвия капитали 100% бўлган 1 та корхона рўйхатга олинган. Уларнинг асосий фаолият со-ҳаси электрон, радио алоқа воситалари, умумий машинасозлик буюмлари, кийим-кечак, мебель, шойи и. ч., дорихоналар хизмати, маркетинг тадқи-қотлари ўтказиш, ўзаро сармоя сарфланишини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишдан иборат. ЎзР Ташқи иқтисодий алоқалар агентлигида Латвиянинг 3 фирмаси ваколатхоналари расмийлаштирилган.


Кирилл алифбосида мақола: ЛАТВИЯ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Л ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФРАНЦИЯ
ГЕРМАНИЯ
ИТАЛИЯ
ҲИНДИСТОН


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты