КЕКИРДАК, трахея (Tracnes) — одам ва умуртқали ҳайвонлар нафас йўлларининг ҳиқилдоқаан кейинги қисми. Одамда унинг уз. 9—12 см, диа-метри 1,5—2 см. Кекирдакнинг шиллиқ қаватида безчалар кўп. Бўйин соҳасида Кекирдак кўкрак бўшлиғига ўтади ва IV—V кўкрак умуртқалари рўпарасида ўнг ҳамда чап бронхларга бўлинади. Бўлинган жой Кекирдак айриси деб аталади. Кекирдакнинг юқори қисми бир оз ҳаракатчан, пастки айри қисми деярли ҳаракатланмайди. Кекирдак 16—20 та тоғай ярим ҳалқа шаклида тузилган. Орқа томонда бу ҳалқаларнинг очиқ (туташмаган) жойида Кекирдак девори парда б-н қопланган бўлиб, унда кўндаланг йўналган силлиқ мускул толалари бор. К. тоғайлари бир-бири билан фиброз бойлам ёрдамида туташган. Кекирдак ички томондан шиллиқ парда б-н, парда эса тукли эпителий билан қопланган. Шу парда тагида шилимшиқ ишлаб чиқарадиган безлар кўп. Эпителий ва шилимшиқ нафас олишда Кекирдакдан ўтадиган ҳавони илитиб, намлаб туради ва ҳаво таркибидаги чанг зарраларини ушлаб қолади. Ҳиқилдоқ ва Кекирдак касаллиги сабабли ўпкага ҳаво ўтмай колганда Кекирдакни очиб найча қўйилади (трахеотомия). К. нинг яллиғланиши трахеит деб аталади.