МАРОКАШ

МАРОКАШ, Марокаш Подшоҳлиги (Ал-Мамлака ал-Мағрибия ёки АлМағриб ал-Акса, маъноси — узоқ ғарб) — Африканинг шим.-ғарбидаги давлат. Майд. 446,5 минг км2. Аҳолиси 30,6 млн. киши (2001). Пойтахти—Работ ш. Маъмурий жиҳатдан 18 вилоят (вилай)га бўлинади.

Давлат тузуми. Марокаш — конституцияли монархия. Амалдаги конституцияси 1972 й. да қабул қилинган, унга 1992 ва 1996 й. референдумларда қабул қилинган ўзгартиришлар киритилган. Давлат бошлиғи — подшоҳ (1999 й. дан Муҳаммад VI). У бош вазир ва вазирларни тайинлайди ҳамда лавозимидан бўшатади, Вазирлар Кенгашида раислик қилади, парламентни тарқатиб юбориши мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни подшоҳ ва икки палатали парламент (Вакиллар палатаси ва Маслаҳатчилар палатаси), ижроия хокими-ятни ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Марокаш ҳудудининг аксар қисмини тоғлар, баланд текисликлар ва плато (месета)лар эгаллайди. Жан.ғарбдан шим.-шарқ томон Атлас тоғлари чўзилган, унинг энг баланд нуқтаси — Тубқол тоғи (4165 м). Атлантика океани соҳили — йирик пасттекисликлар. Ўрта денгиз соҳилининг кўп қисми тоғлик, қулай бухталари бор. Жан. ва жан.шарқдаги Саҳрои Кабир чўли қумлоқ ва тошлоқлан иборат. Марокаш ҳудудида зилзилалар бўлиб туради. Кобальт, марганец, қўрғошин, pyx, барит, мис, темир рудалари, тоштуз, кўмир конлари бор. Марокаш кўп қисмининг иқлими субтропик; июлнинг ўртача т-раси 24° — 28°, янв. ники 10°—12°, тоғлардаги иқлим — континентал. Ўртача йиллик ёғин тоғларда ва шим. да 1000 мм га яқин, жан. да 200 мм гача. Кўп дарёлари ёзда қуриб қолади. Асосийлари: Мулуя, Себу, Умм-урРобиа. Қуруқ ўрмон ва бутазорларнинг тупроклари жигарранг. Шим. даги соҳил текисликлари ва тоғ орасидаги соиликлар ҳамда водийларнинг қумлоқ, гилли қорамтир тупроклари ғоят умумдор. Ўрмонлар, асосан, тоғларда сақланиб қолган ва Марокаш ҳудудининг салкам 12% ни ташкил этади. Қурғоқчил дашт, чала чўл ва чўлларда альфа ўти, шувоқ ва д-рин, Ўрта денгиз соҳилида маквис буталари ўсади. Ҳайвонлардан қуён, ёввойи чўчқа, чиябўри, илон, тошбақа, шунингдек, амфибиялар, парранда, ҳа-шарот ва чаёнлар бор. Тоғларда макака маймун, сиртлон, пантера, тоғ дарёларида хонбалиқ учрайди. Денгиздан балиқ овланади.

Аҳолисининг асосий қисми — марокашлик араблар ва барбарлар. Французлар, испанлар, португаллар ва яҳудийлар ҳам яшайди. Расмий тил — араб тили. Давлат дини — ислом. Шаҳар аҳолиси 45,5%. Йирик шаҳарлари: Касабланка, Работ, Марокаш, Фос, Микнас, Танжер ва б.

Тарихи. Ҳоз. Марокаш ҳудудида азалдан ливий қабилалари (қад. барбарлар) яшаб, овчилик ва чорвачилик, қисман деҳқ-ончилик билан шуғулланган, Мил. ав. 2-минг йиллик охирларида соҳилда финикийларнинг бир қанча жамоалари пайдо бўлган; бу жамоалар кейинчалик Карфаген қўл остига, Карфаген емирилганидан кейин (мил. ав. 2-а.) Шимолий Марокаш Рим империяси қўл остига ўтди. Ана шу даврда йирик деҳқончилик пайдо бўлди, шаҳарлар вужудга кедди. Бирок, Марокашнинг куп кисмида уруғчиликқабилачилик тузуми хукмрон эди. 5-а. да Марокашнинг шим. кисмини вандаллар, 6-а. да Византия босиб олди.

702—711 й. ларда Марокаш ҳудуди араб халифалигига қўшиб олинди. Мамлакатда араб тили ва ислом дини тарқала бошлади. 788 й. М. даги биринчи давлат — Идрисийлар давлати ташкил топди. 9-а. нинг 20-й. ларида Идрисийлар давлати бир неча майда хонликларга бўлиниб кетди. 13-а. нинг 2-ярмида Марокашда ҳокимият барбарлар сулоласи — Маринийлар қўлига ўтди (1195—1465). Бу даврда қ. х. анча тараққий этди, маданият юксалди; Фос ш. маданият маркази бўлиб қолди. Бирок, 15-а. да мамлакат яна бўлиниб кетди. Ана шу даврдан Марокаш ҳудудини европаликлар — Атлантика океани соҳилини португаллар, Ўрта денгиз соҳилини испанлар босиб ола бошлади.

17-а. охири ва 18-а. бошларида марокашликлар европаликларни Марокаш дан, асосан, ҳайдаб чиқардилар. 19-а. нинг 40-й. ларидан Европа давлатларининг қўшинлари яна кириб кела бошлади — 1844 й. Франция, 1859 й. Испания М. ҳудудининг бир қисмини босиб олди. Европа давлатларининг мамлакат ичкарисига кириб боришига йўл қўймаслик, парокандаликка барҳам бериш, шунингдек, тўхтовсиз қўзғолонларни бостириш учун Султон Ҳасан I (1873 — 94) бир қанча ислоҳот ўтказди (жумладан, армия замонавийлаштирилди, ҳарбий з-длар, янги портлар қуридди). 1907 й. Франция қўшинлари Марокашнинг шим.-шарқидаги Вужда ш. атрофларини, сўнгра Касабланка ш. ва Шауя вилоятини, Испания Мелилья ш. атрофларини босиб олди. Бунга жавобан мустамлакачиларга қарши қўзғолон кўтарилди. 1912 й. тузилган Франция-М. (30 март) ва Франция-Испания (27 нояб.) шартномаларига кўра, Марокаш ҳудудининг катта қисми (80%)да Франция, кичикрок, шим. ва жан. қисмларида Испания протекторати ўрнатилди; бир қисми (Танжер) халқаро зона бўлиб қолди.

Марокаш халқи босқинчи давлатларнинг ҳукмронлигига қарши умумий қўзғолон кўтарди. 1921 й. риф қабилалари Абдулкарим раҳбарлигида Риф вилоятида испанлар қўлидан ҳокимиятни тортиб олиб, мустақил Риф Республикасини туздилар. Аммо Испания-Франциянинг бирлашган кучлари билан бўлган шиддатли жанглардан кейин Риф Республикаси тормор қилинди (1926). Бирок, Франция зонасидаги қабилалар мустамлакачиларга карши қаттиқ қаршилик кўрсатишни давом эттирдилар. 2-жаҳон уруши йилларида озодлик ҳаракати кучайиб кетди.

50-й. ларнинг бошида эса норозилик ҳаракатига кенг халқ оммаси қўшилди. Франция протекторати ҳокимлари миллий озодлик ҳаракати қатнашчиларини қувғин остига олди. 1952 й. 8 дек. да Касабланкада оммавий намойиш қатнашчиларидан юзлаб кишилар ўлдирилди, мингларча киши қамоққа олинди. 1954 ва 1955 й. ларда Марокашда яна иш ташлашлар ва намойишлар бўлиб ўтди. Дунёдаги бошқа илғор кучлар Марокаш халқининг миллий озодлик ҳаракатини қўллаб қувватладилар. Оқибатда Франция протектората Марокашда миллий ҳукумат тузиш учун розилик беришга (1955 й. 7 дек.) ва унинг миллий мустақиллигини тан олишга мажбур бўлди (1957 й. 2 март). 1956 й. 7 апр. да Испания протектората ҳам бекор қилинди, 1957 й. 1 янв. да Танжер Марокаш таркибига қўшилди. 1962 й. дек. да Марокашнинг биринчи конституцияси қабул этилди, 1963 й. майда парламент сайлови бўлиб ўтди. Халқ оммаси аҳволининг ёмонлашуви, ишсизлар сонининг кўпайиши оқибатида мамлакат ичкарисида аҳвол кескинлашиб кетди. Натижада ҳукумат аъзолари тез-тез алмашиниб турди. «Истиқлол» партияси парокандаликка учради. Партия ичида бўлиниш рўй берди; унинг сўл қисми Халқ кучлари миллий иттифоқи партияси номи билан ажралиб чикди (1959). 1964— 65 й. ларда йирик шаҳарларда иқтисодий аҳволнинг яхшиланиши, туб иқтисодийижтимоий ўзгаришлар ўтказилиши шиор’?1ари остида иш ташлашлар ва оммавий митинглар бўлиб ўтди. Лекин бу ҳаракатлар қурол кучи ёрдамида бостирилди. 1965 й. 7 июнда Марокашда фав-қулодда ҳолат эълон қилинди, подшоҳ ҳукумат истеъфосини қабул қилди, парламентни тарқатиб юборди ва қонун чиқарувчи ҳамда ижро этувчи бутун ҳокимиятни ўз қўлига олди.

1970 й. июлда фавқулодда ҳолат бекор қилинди. 21 ва 28 авг. да парламент сайлови бўлиб ўтди. 1972 й. 1 мартда референдум бўлиб, янги конституция қабул қилинди, парламент ва ҳукуматнинг ҳуқуқлари бир оз кенгайтирилди.

Подшоҳ Ҳасан II иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар зарурлигини англаб, 1973 й. да бир қанча иқтисодий тадбирлар ўтказилишини эълон қилди. Халқ-аро майдонда бетарафлик сиёсатини ўтказа бошлади. Конституцияга 1992 й. да киритилган ўзгартиришларга би-ноан, парламентнинг ҳукумат фаоли-яти устидан назорати кучайтирилди, Марокашнинг инсон ҳуқуқларига содиклиги мустаҳкамланди. Марокаш 1956 й. дан БМТ аъзоси. ЎзР билан дипломатия муносабатларини 1993 й. 11 окт. да ўрнатган. Миллий байрами — 30 июль — Тахт куни (1999).

Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. Истиқлол партияси, 1943 й. ташкил этилган; Халқ кучлари миллий иттифоқи партияси, 1959 й. тузилган; Тараққиёт ва социализм партияси, 1974 й. асос солинган; Конституциячи иттифоқ, 1983 й. таъсис этилган; Халқ ҳаракати партияси, 1959 й. тузилган; Миллий демократию партия, 1981 й. асос солинган; Халқ миллий ҳаракати, 1991 й. ташкил этилган; Мустақил миллий уюшма, 1978 й. таъсис этилган; Халқ кучлари социалистик иттифоқи, 1974 й. тузилган; Социалдемократик ҳаракат, 1996 й. асос солинган. Марокаш меҳнаткашлари умумий иттифоқи, 1960 й. ташкил этилган; М. меҳнат иттифоқи, 1955 й. тузилган; Демократик меҳнат конфедерацияси, 1978 й. асос солинган.

Хўжалиги. Марокаш — аграр мамлакат бўлиб, саноат ва, айниқса, кончилик бирмунча ривожланган. Иқтисодиётида йирик қ. х. фермалари ва замонавий саноат корхоналари билан бир каторда қад. сектор — ярим натура ва майда товар деҳқон хўжаликлари катта ўрин тутади. Мустақилликка эришилгандан кейин Марокаш ҳукумати иқтисодиётнинг замонавий тармоқларини ривожлантириш, миллий хўжаликни тармоқ, ҳудуд жиҳатидан ва тузилмавий нисбатлар жиҳатидан тартибга солиш сиёсатини юргиза бошлади. Ялпи ички маҳсулотда қ. х. нинг улуши 18%, саноатники 19,6%ни ташкил этади.

Қишлоқ хўжалиги — М. иқтисодиётининг негизи. Экиладиган ерлар 7,5 млн. гектардан ортиқ, бу ерларнинг кўп қисмига донли экинлар экилади. Иқтисодий фаол аҳолининг 50% қ. х. да банд. Ялпи ички маҳсулотнинг 1/5 ва экспортнинг 1/3 қисмини қ. ҳ. таъминлайди. Деҳқончилик маҳсулотининг ярмидан кўпроғини донли экинлар беради. Буғдой, арпа, маккажўхори, оқ жўхори, тариқ ва шолидан яхши ҳосил олинади. Картошка, қанд лавлаги, помидор, пахта, дуккаклилар ҳам етиштирилади; токзорлар, зайтунзорлар, цитрусзорлар кўп. Жами ер фондининг 28% (12,5 млн. га)ни яйлов ва ўтлоклар, 12% ни ўрмон ва бутазорлар ташкил этади. Барча ҳайдаладиган ерларнинг 95% мамлакат шим. да жойлашган. Майда фаллоҳ хўжаликлари билан бир каторда йирик механизациялашган сердаромад ҳўжаликлар ҳам мавжуд. Чорвачиликда қорамол, қўй, эчки, туя боқилади. Балиқчилик ва паррандачилик ривожланган. Ўрмонларда пўкакли дуб қобиғи ва эвкалипт ёғочи, пальма барги тайёрланади.

Саноати. Марокашнинг и. ч. саноатида иктисодий фаол аҳолининг 23% банд. Марокашда дунёдаги фосфат хом ашёси захираларининг 70% жойлашган. Уни қазиб олиш соҳасида Марокаш дунёда 3-ўринда, экспорт қилиш жиҳатидан 1 – ўринда туради. И. ч. саноатининг тўқимачилик, кўнчилик, кимё, нефть кимёси, фармацевтика ва цемент саноати тармоқлари дуруст ривожланган. Бу соҳа миллий хом ашё захираларидан унумли фойдаланиш мақсадида, асосан, экспорт учун тайёр ва чала маҳсулот и. ч. га йўналтирилган. Янги қурилган ўнлаб корхоналар саноатнинг таркибий тармоқлари қиёфасини анча ўзгартириб юборди. Мамлакатда казиб олинадиган фосфарит негизида кимё саноати ривож топди, қанд ва цемент з-длари, рангли металлургия корхоналари барпо этилди. Йилига ўртача 9,8 млрд. кВтсоат электр энергия ҳосил қилинади. 70-й. ларнинг ўрталаридан бошлаб четдан келтириладиган хом ашё, чала тайёр маҳсулот ва асбоб-ускуналардан фойдаланувчи корхоналар ҳам қурилди. Газлама ва кийим-кечак, автомобиль ва электрон саноати учун қисмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар шу жумлага киради. Ҳунармандчилик соҳаси иқтисодиётда муҳим ўрин эгаллайди.

Озиқ-овқат ва тўқимачилик и. ч. саноатининг энг йирик тармоқларидир. Унда балиқ, сабзавот, мева консервалаш, ун-ёрма, қанд-шакар, сут з-длари бор. Тўқимачилик саноати таркибидаги корхоналарнинг аксарият қисми майда ва ўрта ф-калардан иборат. Фос ш. да йирик тўқимачилик к-ти қурилган. Работда ва кўҳна шаҳарларда ҳунармандлар кўпроқ гиламдўзлик билан шу-ғулланади.

Оғир саноатнинг муҳим тармоғи бўлмиш кимё саноати, асосан, фосфат хом ашёсини қайта ишлаш билан шуғулланади. Фосфор кислота ва кимёвий ўғит олиш учун Сафи яқинида қурилган кимё з-длари йилига 4 млн. т дан ортиқ фосфоритни қайта ишлайди. Бо-шқа тармоқлардан Муҳаммадия ва Сиди-Крсимдаги нефтни қайта ишлаш з-длари ва б. шаҳарлардаги 9 та цемент з-ди (энг йириги Касабланкада), 7 та металл ишлаш ва автойиғув з-дини кўрсатиб ўтиш мумкин. Надордаги пўлат прокат цехи, асосан, арматура ишлаб чиқаради. Чет эл сайёхлиги ривожланган.

Мамлакат ичкарисида юк ташишда т. й. асосий роль ўйнайди. 2000 км т. й. дан 867 км электрлаштирилган. Асосий т. й. магистрали Марокаш—Касабланка — Работ — Фос — Вужда Марокашнинг гарбий ва шарқий қисмларини Жазо-ир ва Тунис б-н туташиради. Автомобиль йўллари уз. 60 минг км. Марокашда 27 аэродром бор, шундан 10 таси халқаро тоифадаги аэропортдир. Ташки савдо юкларининг 95% денгиз орқали ташилади. Денгиз савдо флотининг тоннажи 586 минг т дедвейт. Асосий денгиз портлари: Касабланка, Сафи, Муҳаммадия, Ағодир, Танжер.

Марокаш четга, асосан, саноат ва қ. х. хом ашёси — фосфорит, рангли металл рудалари, цитрус мева, балиқ ва унинг консерваси, сабзавот, мева ва уларнинг консерваси, фосфор кислота, ўғит, пўкак, калава ип, жун, тери, гўшт ва б. чиқаради. Четдан нефть, озиқ-овқат, саноат асбобускуналари, истеъмол бу-юмлари, кимёвий маҳсулотлар, ғалла, қанд-шакар келтиради. Савдо-сотиқдаги асосий мижозлари: Франция, Саудия Арабистони, АҚШ, Испания, Россия, Германия, Италия. Пул бирлиги — М. дирҳами.

Тиббий хизмати. Давлат тиббий муассасалари билан бир қаторда хусусий шифохоналар ҳам мавжуд. Врачлар Работ ва Касабланка ун-тларининг тиббиёт ф-тларида тайёрланади.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. 859 й. Фосда Африкада биринчи мусулмон унти очилган. Мамлакатда мусулмон диний мактаблари бўлган. Французлар ҳукмронлиги даврида (1912 й. дан) давлат дунёвий мактабларининг 2 тури (европаликлар ва маҳаллий аҳоли учун) бор эди. 1956 й. мустақиллик эълон қилинган пайтда болаларнинг 17% мактабга қатнаган. Мустақилликка эришилгач, маорифни ривожлантириш, миллий мутахассислар тайёрлаш, саводсизликни тугатиш чоралари курила бошлади. 1963 й. да болаларни 6—7 ёшдан 13—14 ёшгача мажбурий ўқитиш ҳақида қонун қабул қилинди. Бошланғич мактабда ўқиш муддати 5 й., ўрта мактабда 7 й. Олий ўқув юртлари: Работда Муҳаммад V номидаги ун-т (1957), Фос ш. да Карауин номидаги мусулмон унти (859), Муҳаммад бин Абдуллоҳ номидаги ун-т (1973), Касабланкада Ҳасан II номидаги ун-т (1975), 12 та ин-т ва коллеж, Касабланка ва Титвонда нафис санъат мактаби, Касабланкада тиббиёт мактаби. Илмий муассасалари: Работда Шариф илмий ин-ти, агрономия тадқиқотлари миллий ин-ти, Муҳаммад V номидаги ун-т ҳузурида и. т. маркази, Марокаш геогр. миллий қўмитаси, Миллий гигиена инти (Работда), Океанография ин-ти (Касабланкада), бир қанча илмий жамиятлар. 1977 й. Подшохлик академияси ташкил этилган. Касабланкада Муниципал кутубхона, Работда марказий кутубхона архиви б-н, ун-тларнинг кутубхоналари, Танжер, Фос, Титвон ш. ларида кутубхоналар бор. Работда антик санъат ва археология музейи, Фосда қурол-яроғ музейи, Титвонда археология, санъат ва фольклар музейи, Касабланка ва Танжерда музейлар мавжуд.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Марокашда 20 га яқин газ. ва бир канча жур. нашр этилади. Энг йириклари: «Ал-Алам» («Байроқ», араб тилида чиқадиган кундалик газ., 1946 й. дан), «Ал-Анба» («Хабарлар», араб тилида чиқадиган кундалик ҳукумат газ., 1971 й. дан), «Ал-Баён» (араб ва француз тилларида чиқадиган кундалик газ., 1972 й. дан), «Ад-Демократи» («Демократ», араб ва француз тилларида чиқадиган кундалик газ., 1982 й. дан), «Ал-Мағриб» («Ғарб», француз тилида чиқадиган кундалик газ., 1977 й. дан), «Опиньон» («Фикр», француз тилида чиқадиган кундалик газ., 1965 й. дан), «Рисолат алУмма» («Миллат рисоласи», араб тилида чиқадиган кундалик газ., 1983 й. дан), «Лям алиф» (француз тилида чиқадиган ойлик жур., 1966 й. дан). Мағриб Араб Пресс — МАП — хукумат ахборот агентлиги 1959 й. да тузилган. Марокаш радиоэшиттириши ва телекўрсатуви, ҳукумат маҳкамаси. Радиоэшиттиришлар араб, инглиз, француз тилларида олиб борилади.

Адабиёти. Марокашда адабий асарлар араб, барбар, француз тилларида яратилиб келди. Мумтоз араб тилидаги адабиёт умумий араб адабиёти йўлидан, айниқса, Испания (Андалусия) араб адабиёти таъсирида ривожланди. Маҳаллий араб лахжасидаги ва барбар тилидаги халқ оғзаки ижодиёти, айниқса, диққатга сазовор. 12—14-а. лар шеъриятида сиёсий ҳажвия асосий ўринни эгаллади (Ибн Хоббус, Ибн Ҳаббаза, Ибн ал-Мураххал, Ибн Ру-шайд каби шоирлар). Насрда кўпроқ тарихий мавзуда ва узок, мамлакатларга саёҳат қилган сайёҳлар тўғрисида (рихла жанрида) асарлар яратилди (асосий вакили — Ибн Батута). 13-а. бошларида бадиий йилномалар яратиш анъанабўлиб, 19-а. гача давом этди. 15 — 16-а. ларда Марокаш адабиётида кўпроқ маш-хур кишилар ҳаётига бағишланган асарлар, ривоятлар вужудга келди. 16—18-а. лар шеъриятида бир томондан, тасав-вуф лирикаси, иккинчи томондан гедонизм (Ибн Закур ижодида) тарқ-алди. Мумтоз араб шеърияти анъаналари Марокаш адабиётида 20-а. нинг ўрталаригача давом этди. 16-а. дан бошлаб Фосда Андалусия халқ поэзияси анъаналари, Марокаш ш. ва унинг атрофида маҳаллий халқ жанри (грих) ривожлана бошлади. Халқ шеърияти мусиқа ва куй б-н мустаҳкам боғланган.

Марокашнинг араб ва француз тилларидаги ҳоз. замон адабиёти 2-жаҳон урушидан кейин миллий озодлик ҳаракатининг юксалиши таъсирида ривожлана бошлади. А. Бенжеллун («Болаликда» ва б.) ва М. Сафриуи («Мўъжизалар дўкони» ва б.) каби ёзувчиларнинг асарларида халқ ҳаёти мавзуи ёритилди. 50-й. ларда француз тилида ёзилган романлар салмокли ўринни эгаллади (М. А. Лаҳбобийнинг «Умид қўшиқлари» ва «Зулматдан зиёга» асарлари). 60-й. лар адабиётида драматургия пайдо бўлди. Араб тилида ҳам насрий асарлар ёзила бошлади (А. К. Ғаллабнинг «Етти эшик», Лаҳбобийнинг «Ташна авлод» ва б.). Бу даврда Марокаш адабиётига М. Буаллу, М. Знибера, А. Ж. Схимий, А. Баққолий каби истеъдодли ёшлар кириб келди. 1960 й. да ёзувчилар уюшмаси тузилди. Замонавий адиблардан Т. Бенжеллун, М. Хайриддин, М. Саббоғ, А. ас-Салом, А. Ларуа, М. Баррада ва б. машҳур.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Марокаш ҳудудида неолит даврига оид коя расмлари (фил, кийик, қуш тасвирлари), мил. ав. 1минг йилликка мансуб айлана тош қабристонлар, кейинроқ ишланган қизил сирли сопол идишлар сақланган. Мил. ав. 1-а. — мил. 3-а. га оид Рим даври шаҳарлари (Волюбилис, Тамуд, Тингис) харобаларида меъморий обидалар, нақш ва ҳайкаллар қолдиклари учрайди. Милод бошларида барбар санъати ривож топди. М. Ҳудуди араб халифалигига қўшилгач, араб бадиий анъаналари ва услублари кириб келди, мусулмон меъморлиги ривожланди. Ўрта асрларда бу ўлкада минорали, тўғри тўртбурчакли девор билан ўралган шаҳарлар вужудга келди (Микнас, Работ, Фос), бир неча ибодатхонали гумбазлари муқарнас ва серғовакли мачитлар, саройлар қурилди. Муҳим бинолар тош ва ёғоч ўймакорлиги билан безатилган (Кутубия мачитининг ми-нораси, 1184—99), 11 —13а. ларда шаҳарлар ҳарбий мақсадларда мустаҳкамланди, қалъалар қурилди. Бинокорликда тош, лой, ғиштдан кенг фойдаланидци. 13—14-а. меъморлигида, айниқса, безакка алоҳида эътибор қилинди, бинолар ўйиб нақш ишланган мармар, ёғоч, кошин, сопол ва ойна мозаика билан безатилди, витражлар ишланди (Тосдаги Катта мачит, 12—13-а., Фосдаги Аттарин мадрасаси, 1323—25). 16 — 17-а. маданият ёдгорликлари, айниқса, нафис ва бой безаклари билан диққатга сазовор (Марокаш ш. даги мақбаралар мажмуи, 16-а. 2-ярми). 19-а. да Фос, Микнас, Марокашда ички ҳовлили муҳташам саройлар қурилди. Кўпгина шаҳарларда 1—2 қаватли, ички ҳовлили турар жойлар 20-а. гача ҳам сақланган. Шаҳарлардан ташқарида томи похол билан кулоҳсимон қилиб ёпилган, қамиш деворлари лой билан сувалган уйлар кўп қурилган.

Ўрта асрларда Марокашда шойи, кундал матолар тўқиш, гиламдўзлик, кулоллик, жезни бадиий ишлаш авж олган. М. Франция таъсири остида бўлган йилларда мамлакатда европача кварталлар қурилди. 1950 й. лардан Марокашда замонавий уйлар қурила бошлади. Марокаш мустақилликка эришгач (1956), шинам меҳмонхоналар, виллалар, касалхоналар, кўп қаватли турар жойлар барпо этилди. Работ ва Касабланка, айниқса, гуркираб ривож топди. Мустақиллик йилларида шаҳарлар бош режа асосида қайта курила бошлади. Марокашлик меъморлар маҳаллий шароитга мослаб, миллий анъаналар руҳида ишлаган лойиҳалар асосида турар жойлар, жамоат бинолари, саноат иншоотлари кенг кўламда қурила бошлади. Марокаш учун янгилик бўлган тасвирий санъат ривож топди (Э. Азагури, Ж. Ф. Зевако каби меъморлар, М. А. Идрисий, М. Аммар каби рассомлар, ҳайкалтарош X. бин Салоҳ ижоди диққатга сазовор). Работ, Касабланка ш. ларида амалий санъат усталарининг ширкатлари ташкил қилинган. Гиламдўзлик, чармни кашта б-н безаш санъати ривож топган, заргарлик, кандакорлик, мис идиш ва буюмларни қадама нақш билан безаш санъати ҳам кенг тарқалган.

Мусиқаси барбар ва араб маданиятларйнинг ўзаро таъсирида ривожланган. Асл барбар мусиқа санъати намуналари Марокаш қишлокларидагина сақланиб қолган. Мусиқа шеърият ва рақс билан узвий боғланган. Қўшиқ билан ижро этиладиган оммавий рақслар кенг тарқалган. Марокашнинг шим.-шарқида яшайдиган барбарларда ахиду ва жан.-ғарбда яшайдиган барбарларда ахуах мусиқий услублари шаклланган. Ахиду куйлари ихчам диапазонли, хроматизмга бой, ахуах куйлари европача анъаналарга яқин, диапазони кенг. Барбарларнинг мусиқий асбоблари: касба (най), арханим, бендир, тарижа, скрипка ва б. лардан иборат.

Араб мусиқа санъати турли-туман бўлиб, араб мумтоз (алоъ ва самоъ) ва халқ (грих) мусиқаларини ўз ичига олади. Алоъ ва самоъ куйлари баъзан бирбирига яқин бўлса ҳам, лекин мат-нда улар кескин фарқ қилади. Алоъ — дунёвий, сарой санъати бўлиб, асосини мумтоз араб шеърияти ташкил этади. Самоъ — диний мазмундаги мадҳия, мавлуд, қасидалардир. Оддий кишилар қўшиқлари — грихлар қироатга асосланган. Мусиқа асбобларидан уд, лира, рубоб, мизмор ва б. тарқалган. Халқ ижодида зикр катта урин эгаллаган. Мақамларнинг ўзига хос мағрибча услуби шаклланган. Композиторлардан М. Бенис, А. Ауатиф, М. Шакруний, созанда (қонун) ва мусиқашунос С. Ша-рқий машҳур. Марокашда Миллий мусиқа, рақс ва драма санъати консерваторияси (Работда), Миллий мусика ва раке мактаби (Титвонда) ишлайди. 1960 й. дан Марокашда ҳар йили миллий мусиқа фестивали ўтказилади.

Театри. Марокаш театр санъати халқ маросимлари, расмрусумлари ва ўйинлари асосида вужудга келган. 12-а. дан соя ва қўғирчоқ театрлари, хонанда, созанда, раққос ва жонглёрлардан иборат сайёр актёрларнинг томошалари урф бўлди. 19а. охирларида миерлик ва суриялик труппалар гастрол бера бошлади. Француз ва испан ҳукмронлиги даври (1912—56) да хусусий уйлардаги хонаки саҳналарда кўпгина томошалар қўйилди. Баъзи ҳаваскор актёрлар Европада таълим олиб келдилар. 1923 й. Фосда уюшган труппа 1929 й. гача (раҳбари драматург ва реж. Абдулла бин Шакрун) халойиқ олдида томоша кўрсатди. Шу шаҳарда Маликул Фосий ва Абдулваҳоб Шавий бошчилигидаги труппалар ишлади, Сале, Танжерда ҳам кичик труппалар тузилди. 1956 й. дан кейин театр санъати ривожида янги босқич бошланди. Касабланкадаги (Тойиб Саддиқининг Муниципал театри) ва Работдаги (Аҳмад Бадри бошчилигидаги Миллий театри) етакчи театрларда Европа, араб драматургларининг асарлари саҳналаштирилди. 1961 й. радиола биринчи профессионал труппа ташкил топди. Марокашда 100 дан ортиқ ҳаваскорлик театрлари мавжуд. 1960 й. дан Марокаш ш. да Марокаш санъати фестиваллари ўтказилди. 1959 й. Работда очилган Драма санъати марказида актёрлар ва саҳна ходимлари ҳам тайё-рланади. 1962 й. дан Мусиқа, рақс ва драма санъати миллий консерваторияси ишлай бошлади.

Киноси. Дастлабки ҳужжатли фильмларни француз операторлари 1897 й. да яратишди. 1919—54 й. ларда француз реж. лари, асосан, шарқ афсоналари асосида 50 га яқин тўла метражли бадиий фильмни суратга олдилар. 1944 й. М. киномаркази ташкил этилди ва биринчи «Сусси» киностудияси қурилди. Мустақилликдан кейин ҳужжатли ва бадиий фильмлар чиқариш йўлга қўйилди. 1958 й. дан мунтазам «Марокаш янгилиги» киножур. чиқа бошлади. 1968—70 й. ларда Касабланка яқинида «АйнШоке» студияси ташкил этилди. 80—90й. ларда реж. А. Маануни, М. Реггаб, С. Бин Барка, Ф. Буркиа ижтимоий мавзуда фильмлар яратдилар. «Излар», «Баҳор қуёши», «Кунлар, кунлар», «Нефть уруши бўлмайди» фильмлари шу жумлага киради. Йилига 450 та хорижий (асосан, Франция, Италия, Ҳиндистондан) фильмлар сотиб олинади.


Кирилл алифбосида мақола: МАРОКАШ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: М ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФРАНЦИЯ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
ҲИНДИСТОН
ИТАЛИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты