МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТЛАР — давлат бюджетининг тегишли вилоят, туман, шаҳар пул маблағлари жамғармасини ташкил этувчи бир қисми. Маҳаллий бюджетларда даромадлар манбалари ва улардан тушумлар миқцори, шунингдек, молия йили мобайнида аниқ мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар сарфи йўналишлари ва миқдори назарда тутилади. Маҳаллий бюджетларнинг даромадлари маҳаллий солиқлар ва йиғимлар ҳамда тўловлардан ташкил топади. Маҳаллий бюджетларнинг маблағлари ҳудудий ривожланишнинг молиявий манбаларидан бири ҳисобланади. Маҳаллий бюджетлар ҳар бир мамлакат давлат бюджетининг ажралмас қисмидир.
Ўзбекистон ҳудудида биринчи Маҳаллий бюджетлар дастлаб Ўрта Осиёда Россия мустамлакачилик ҳукмронлиги ўрнатилганидан кейин шаҳар ва вилоят бюджетлари сифатида 19-а. нинг70-й. ларидан шакллана бошлади. Кейинчалик уезд бюджетлари тузилди. Бу бюджетларнинг ҳажми аҳолининг сони ва эҳтиёжларини эътиборга олмай, чор Россиясининг Туркистон генерал-губернаторлиги марказий аппарати амалдорлари томонидан белгиланар ва энг кўп қисми бошқарув, полиция, суд органларига сарфланарди.
Ўзбекистонда биринчи марта замонавий кўринишдаги Маҳаллий бюджетлар 1924—25 й. ларда вужудга келди (қ. Давлат бюджеты). ЎзРда Маҳаллий бюджетларнинг даромад манбалари ичида қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғидан нормативлар бўйича ажратмалар етакчи ўринни эгаллайди. Бундан ташқари, ресурслар солиқлари ва б. солиқлар (сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, экология солиғи, инфратузилмани ривожлантириш солиғи ва б.) ҳам Маҳаллий бюджетларни шакллантиришда қатнашади.
Маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт, ижтимоий таъминот, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини таъминлаш, бюджет ташкилотларини саклаш, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришнинг мақсадли дастурлари ва тадбирларини амалга ошириш ва б. молиялаштирилади.
Маҳаллий бюджетларни тузиш, шакллантириш, харажатларни молиялаштириш масалалари ЎзРнинг 2000 й. 14 дек. да кабул қилинган «Бюджет тизими тўғрисида» қонунига мувофиқ амалга оширилади.
Абдуразунат Боймуродов.