МЕКСИКА

МЕКСИКА (Mexiko), Мексика Қўшма Штатлари (Estados Unidos Mexicanos) — Шим. Американинг жан. қисмида жойлашган давлат. Майд. 1958,2 минг км2. Аҳолиси 101,9 млн. киши (2001). Пойтахти — Мехико ш. Маъмурий жихатдан 31 штат ва 1 пойтахт федерал округига бўлинади.

Давлат тузуми. Мексика — федератив республика. Мексика Қўшма Штатларининг 1917 й. 5 фев. даги Сиёсий Кон-ституцияси амал қилади, унга кейинчалик ўзгартишлар киритилган. Давлат бошлиғи — президент (2000 й. дан Ви-сенте Фокс Кесада), у умумий тўғри овоз бериш йўли билан 6 й. муддатга сайланади. Конституцияга биноан, президент қайта сайланиши мумкин эмас. Крнун чиқарувчи ҳокимиятни Миллий конгресс (2 палатали парламент), ижроия ҳокимиятни президент амалга оширади.

Табиати. Мексика қирғокдари кам парчаланган, энг катта ярим ороллари — Калифорния ва Юкатан. Тинч океандаги бир неча орол хам Мексика таркибига киради. Мамлакат қудудининг катта қисмини Мексика тоғлиги (аксарият бал. 1000— 2000 м, энг баланд жойи — ҳаракатдаги Орисаба вулканлари — 5700 м) эгаллайди. Соҳилга яқин жойлари пасттекислик. Мексика қўлтиғида нефтьгазли ҳавза, Мексика тоғлигида рангли металл рудалари (мис, қўрғошин, pyx, кумуш, симоб, маргимуш, сурма, кадмий, висмут, қалай, вольфрам, олтин), мамлакатнинг шим.-шарқида тошкўмир, темир ва уран рудалари, олтингугурт конлари бор. Иқлими тропик, шим. да субтропик иқлим. Янв. нинг ўртача т-раси 10°—25°, июлники 15°—30°. Йиллик ёғин тоғ ён бағирларида эса 2000—3000 мм.

Жан.-шарқида дарёсойлар кўп, шим.ғарбида кам (Юкатан я. о. да умуман оқар сув йўқ). Йирик дарёлари: Рио-Гранде (Рио-Браводель-Норте), Лерма (қуйи оқимида Рио-Грандеде Сантьяго деб аталади), Бальсас, Грихальва — Усумасинта даре системаси. Энг катта кули — Чапала. Шим.-ғарбида, асосан, бўз тупроқ ва чўлга хос оддий тупроқлар; тоғликларда суржигарранг, жигаррранг, саванна қизил тупроқлари ва тоғ-ўрмон қўнғир тупроқлари, пасттекисликларда суржигарранг, саванна қизил тупроқлари ва ботқоқ тупроқлари учрайди.

Ўсимликлари жуда хилма-хил. Мексикада ўсимликларнинг 12 мингга якин тури бор; шулардан 2/3 қисми эндемик ўсимликлардир. Мексика тоғлигининг шим. каттароқ қисмида узига хос ксерофил ўсимликлар, шунингдек, мимозадош буталар ўсадиган чала чўл ва чўллар асосий ўрин тутади. Тоғлиқнинг жан. қисмида ва бу ерларни ўраб олган пасттекислик соҳилларида бошоқлилар ва сертикан буталардан иборат саванна ўсимликлари, тоғларда баргли ва аралаш ўрмонлар (дуб, граб, жўка, карагай, оққарағай ва б.) усади; М. нинг жан. ва жан.-шарқий қисмларида аксари тропик ўрмонлар, шарқий ён бағирларида доим яшил сернам ўрмонлар, ғарбий ён бағирларида игна баргли, тоғ этакларида барг тўкадиган ўрмонлар бор.

Ёввойи ҳайвонлардан чала чўл ва чўлларда кемирувчилар — ер қазир (ер сичқон), койот (яйлов бўриси), Мексика тоғлиги ўрмонларида қора айиқ, енот, кизил силовсин, пума, саванналарда буғу, чумолихўр, жайра, жан. даги тропик ўрмонларда маймуннинг 2 тури, тапир, ягуар учрайди. Ҳайво-нот, ўсимлик дунёси ва б. ноёб жойларни қўриқлаш мақсадида 50 дан кўпроқ боғ ташкил этилган. Энг йириклари: Кумбреоде-Монтеррей, Сьерраде-Сан-ПедроМартир, Кань-ондельрио Бланко ва б.

Аҳолисининг купи мексиканлар бўлиб, улар индейс кабилалари ва элатлари, Европа (асосан, Испания)дан кучиб келганлар ва плантацияларда ишлатиш учун келтирилган африкаликлардан иборат. Аҳолининг ярмидан ортиғи аралаш никохдан туғилган метис ва мулатлардир. Туб индейс халқлари ўз тиллари ва маданиятларини қисман сақлаб қолган. Испанлар, басклар, немислар, французлар, итальянлар ва б. ҳам бор. Расмий тил — испан тили. Диндорларнинг 96% католиклар. 73% аҳоли шаҳарларда яшайди. Йирик шаҳарлари: Мехико, Гвадалахара, Монтеррей, Леон, Сьюдад-Хуарес.

Тарихи. Мексика ҳудудида одам юқори палеолит (милоддан 20—15 минг йил олдин) давридан яшайди. Бу ерда турли даврларда Ғарбий ярим шардаги энг ривожланган цивилизациялардан бири мавжуд бўлган. Мил. ав. 1минг йиллик ўрталаридан аҳоли ўтроқ ҳаёт кечира бошлаган, деҳқончилик, ҳунармандчилик, санъат тараққий этган. Милод бошларида Марказий Американинг шим.-ғарбий қисмида майя қабилалари яшаган. 1минг йилликнинг 2-ярмида Марказий Мексикада тольтеклар хийла юксак маданият яратдилар. Лекин бу маданиятни 2-минг йилликнинг бошларида науа қабилалари барбод қилди. Науа қабилалари орасида ацтеклар ҳам бор эди, улар ҳоз. Мехико ш. ни барпо этдилар ва 14-а. да йирик давлат туздилар, бу давлат 15-а. да Марказий ва Жан. Мексиканинг энг қудратли давлатига айланди. Бу ерда деҳқончилик, ҳунармандчилик, қурилиш техникаси, тасвирий санъат бирмунча ривож топди. 1517 й. М. ни испанлар босиб ола бошладилар. 16-а. охирига келиб Мексика худуди бутунлай забтэтилди. Янги Испания вицеқироллиги тузилди, бутун ҳокимият испан заминдорлари қўл остига ўтди. Маҳаллий аҳолининг аксар қисми ўз ерларидан маҳрум этилди, мустамлака ҳокимлари, заминдорлар ва католик черковига тобе бўлиб қолди. Очарчилик, касалликлар кўплаб индейсларнинг ёстиғини қуритди (испанлар забт эта бошлаган пайтда 25 млн. га яқин индейс бўлган бўлса, 1605 й. га келганда 1млн. дан сал ортиқ индейс қолди). Ишчи кучи етишмай қолгач, Африкадан кўплаб негр қуллар келтирила бошлади. И. ч. саноатининг ривожланишига турли йўллар билан тўсқинлик қилинди, кўпчилик экинларни экишни тақиқлаб, туз, порох, тамаки маҳсулотлари сотиш давлат монополиясига айлантирилди. Маҳаллий халқ мустамлакачиларга қарши бош кўтариб бир неча бор қўзғолон қилди. Иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши ва ички бозорнинг вужудга келиши, миллий онгнинг уйғониши таъсирида 19-а. нинг бошларида мексикан миллати таркиб топа бошлади.

Америкадаги испан мустамлакаларининг мустақиллик учун олиб борган уруши даврида (1810—26), хусусан, 1810— 15 й. ларда Мексикада Мексика Идальго ва X. М. Морелос раҳбарлигида деҳқонлар қўзғолони бўлиб ўтди, бу қўзғолон ша-фқатсиз бостирилди. Испаниядаги 1820—23 й. лар инқилоби ва Жан. Америкадаги Испания мустамлакалари ватанпарварларининг муваффақиятлари Мексикада халқ озодлик ҳаракатининг янгидан кўтарилишига сабаб бўлди. А. Итербуде бошчилигидаги ҳаракат кенг халқ оммаси томонидан кўллаб-қувватланди. 1821 й. М. мустақил давлат, 1824 й. эса республика деб эълон қилинди. 1845 й. АҚШ Техасни, 1846—48 й. лардаги Америка-Мексика уруши натижасида мамлакат ҳудудининг қарийб ярмини босиб одди. Мексикага қарши уюштирилган Англия-Франция-Йспания интервенцияси мексикан халқининг қаҳрамонона қаршилигига учраб, интервентларнинг мағлубияти билан тугади. 1877-80 ва 1884-1911 й. ларда генерал П. Диас президент бўлиб турди; ана шу даврда фуқаролар озодлиги оёқ ости қилинди, конгресс ўз аҳамиятини йўқотди. 20-а. нинг бошларидан инқилобий юксалиш рўй бера бошлади. 1910 й. да деҳқонлар ҳаракати авж олиб кетди. Ф. Вилья, Э. Сапата деҳқонлар ҳаракатининг энг йирик раҳбарлари эдилар. 1910—17 й. ларда Мексикада инқилоб бўлиб ўтди. 1911 й. май ойида Диас режими ағдариб ташланди. Янги конституция қабул қилинди.

1929—33 й. лардаги жаҳон иктисодий бўҳрони даврида инқилобий ҳаракат кучайди ва миллий инқилобий партиянинг радикал қаноти вакили Л. Карденас-идельрио президент қилиб сайланди. Унинг ҳукумати (1934—40) му-ҳим ўзгаришлар қилди, ер ислоҳоти ўтказди.

2-жаҳон урушининг бошларида Мексика ҳукумати бетараф эканлигини билдирди; лекин 1942 й. май ойида фашистлар блокига қарши уруш эълон қилди. Урушдан кейинги йилларда Мексика иқтисодиёти юксала борди. Бироқ қишлоқда аҳвол ўзгармади. 60-й. лардан бошлаб Л. Матеос (1958—64) ва Д. Ордас (1964—70) ҳукуматлари миллий иқтисодиётни мустаҳкамлаш йўлини тутди. 1970 й. да ҳокимият тепасига келганЛ. Эчеверриа ҳукумати аҳволни яхшилаш учун ер ислоҳоти тўғрисида қонун (1971), янги сайлов қонуни (1972), маҳаллий капитал қўйилишини рағбатлантириш ва чет эл капиталини тартибга солиш тўғрисида қонун (1973) қабул қилди, давлат хизматчилари учун ҳафтасига 5 иш куни жорий қилди. Мексиканинг Ғарбий Европа мамлакатлари, Япония ва Лотин Америкасидаги бир қанча мамлакатлар билан ташқи савдо алоқалари кенгайтирилди.

1976 й. да сайланган президент Л. Портильо ва айниқса, 1994 й. да сайланган Э. Седильо ҳукуматлари саноат ва қ. х. ни ривожлантириш, иқтисодий ислоҳотлар ўтказишга уринди. Аммо мамлакатнинг ташқи қарзи ошди, и. ч. қувватларидан фойдаланиш пасайди, экинзорлар қисқарди. 2000 й. «Ўнг марказчи альянс» блокидан Висенте Фокс Кесаданинг президент лавозимига сайланиши 1929 й. дан буён мамлакатни идора қилиб келаётган Институционинқилобий партиянинг ҳукмронлигига чек қўйди. Кейинги йилларда хўжалик бошқарувини махаллийлаштириш, давлатга қарашли норентабель корхоналарни қисқартириш, иқтисодиётнинг «очиклиги» ва тадбиркорлик фа-олиятини кучайтириш, ўзаро манфа-атли халқаро ҳамкорликни ривожлантириш сиёсати ўтказила бошлади. Мексика 1991 й. 26 дек. да ЎзР мустақиллигини тан олган ва 1992 й. 16 мартда у билан дипломатия муносабатлари ўрнатган. Мексика 1945 й. дан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 16 сент. — Мустақиллик эълон қилинган кун (1810).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. Институцион-инқилобий партия, 1929 й. да тузилган (1938 й. гача Миллийинқилобий партия, 1946 й. гача Мексика инқилобий партияси деб аталган, 1946 й. дан ҳоз номда); Кардениста миллий янгиланиш фронти партияси, 1972 й. да асос солинган; М. кўкатпарвар экология партияси, 1987 й. да тузилган; Демократик инқилоб партияси, 1989 й. да ташкил этилган; Миллий ҳаракат партияси, 1939 й. да тузилган. Касаба уюшмалари: Меҳнат конгресси, 1966 й. да тузилган; М. меҳнаткашлари конфедерацияси, 1936 й. да асос солинган; М. ишчилари минтақа конфедерацияси, 1918 й. да ташкил этилган; Ишчи ва деҳқонларнинг инқилобий конфедерацияси, 1952 й. да тузилган; М. ишчи ва деҳқонларининг Хасинто Лопес номидаги умумий иттифоқи, 1949 й. да асос солинган; Меҳнаткашларнинг инқилобий конфедерацияси, 1954 й. ташкил этилган; Давлат хизматчилари касаба уюшмалари федерацияси 1938 й. тузилган.

Хўжалиги. Мексика — индустриал-аграр мамлакат. Лотин Америкасида иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган мамлакатлардан бири. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 24,5%, қишлоқ, ўрмон хўжалиги ва балиқчиликнинг улуши 9%. М. пахта, шакарқамиш, кофе етиштиришда, нефть, газ, кумуш, рух, қўрғошин, олтингугурт, симоб қазиб олишда дунёда оддинги ўринларда туради.

Саноатида иқтисодий фаол аҳолининг 15,3% банд. Муҳим тармоқлари: кончилик, нефтни қайта ишлаш, нефть кимёси, металлургия, қурилиш, тўқимачилик, озиқ-овқат, машинасозлик саноати. Нефтьгаз саноати ва уларни қайта ишлаш корхоналари Мексика қўлтиғи соҳилида, кончилик ва металлургия саноати Мексика тоғлиги шим. да, и. ч. саноати корхоналари йирик шаҳарларда жойлашган. Кумир саноати муҳим ўрин олади. Веракрус, Тампико, Минатитлан, Мехико ва Саламанка ш. лари нефть кимёсининг, Монтеррей, Монклова, Мехико атрофлари қора металлургия, Мехико, Веракрус, Кананеа, Чиуауа, Торреон ш. лари рангли металлургия, Мехико, Толука, Пу-эбла машинасозлик ва металл ишлаш саноатининг асосий марказларидир. Бундан ташқари, дизеллар, т. й. вагонлари, автомобиллар, тўқимачилик машина-ускуналари, электротехника ва радиоэлектроника маҳсулотлари (шу жумладан, телевизорлар), станоклар, кемалар ишлаб чикаради. Энергетика, қурилиш ашёлари, кимё, фармацевтика, тўқимачилик, тикувчилик, кўн-пойабзал, озиқ-овқат саноати ҳам ривожланган. Ҳунармандчилик буюмлари и. ч. га алоҳида аҳамият берилади. Йилига 89,5 млрд. кВтсоат электр энергияси ҳосил қилинади (асосан, иссиқлик электр ст-яларида).

Қишлоқ хўжалигида иқтисодий фаол аҳолининг 27,8% банд, Қ. х. аҳолининг эҳтиёжини асосан таъминлайди ва маҳсулотининг бир қисмини экспорт қилади. Ерларнинг ‘/4 қисмига экин экилади, 3/4 қисми яйлов. Экин майдонининг 5,15 млн. га сунъий суғорилади. Ерларнинг кўп қисми қ. х. жамоалари — эхидога қарашли. Асосий тармоқ — деҳқончилик. Экспорт учун пахта, кофе, ички эҳтиёж учун шакарқамиш, маккажўхори, оқ жўхори, буғдой, шоли, ловия, картошка, соя экилади. Помидор, ер ёнғоқ, эртаги сабзавот, цитрус мевалар, ананас ва б. бир қанча тропик ва субтропик экинлар экспорт аҳамиятига эга. Кўп микдорда ёғоч тайёрланади. Чорвачилигида корамол, от, чўчқа, қўй ва эчки боқилади. Денгизларда балиқ ва денгиз жониворлари овланади.

Т. й. уз. — 26,4 минг км, автомобиль йўллари уз. — 242,3 минг км. 11 минг км нефть ва газ қувури бор. Барча штат ва шаҳарлари авиация ҳаво йўллари орқали туташтирилган. Мехико, Веракрус, Мерида, Монтеррейда катта аэро-портлар бор. Асосий денгиз портлари: Веракрус, Мехико, Тампико, Коаца-коалькос, Салина-Крус.

Мексика четга тайёр ва чала тайёр буюмлар, шунингдек, нефть ва нефть маҳсуолотлари, пахта, кофе, денгиз, кончилик саноати ва рангли металлургия маҳсулотлари чиқаради. Четдан чала тайёр буюмлар, машина ва асбоб-ускуналар, истеъмол моллари сотиб олади. Савдо-сотикдаги асосий мижозлари: АҚШ, Канада, Япония, Лотин Америкаси ва Европа мамлакатлари. Чет эл туризми ривожланган. Пул бирлиги — М. песоси.

Тиббий хизмати. Мексикада, асосан, давлат тиббий хизмат тизими йўлга қўйилган. Врачлар ун-тлар ҳузуридаги 4 та тиббиёт ф-тида тайёрланади. Акапулько, Куэрнавака, Орисаба, Веракрус каби курортлари бор.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Бошланғич мактабда ўқиш муддати — 6 й., ўрта мактабда 5 ва 6 й. 6—15 ёшдаги болалар учун бошланғич таълим — бепул. Давлат мактабларидан ташқари, кўпгина хусусий мактаблар ҳам бор. Мамлакатда 189 та олий ўқув юрти, шу жумладан, 60 та ун-т мавжуд. Энг йириклари,: Мехикодаги Мексика миллий мухтор унти (1551), Миллий политехника ин-ти (1936), Гвадалахара, Морелия, Пуэбладаги ун-тлар. Илмий муассасалари: М. тиллар академияси, Мексика тарих академияси (1940), Миллий табиий фанлар академияси (1884), Миллий тарих ва геогр. академияси (1925), М. миллий тиббиёт академияси (1864), ядровий, тиббийбиол. тадқиқот марказлари, Панамерика кимё ин-ти, Миллий математика мактаби. 30 дан ортиқ бошқа и. т. муассасалари ва 60 дан зиёд илмий жамият ва уюшмалар мавжуд. Мамлакатнинг энг катта кутубхонаси — Мехикодаги Миллий кутубхона (1833), бошқа шаҳар ва ун-тларда ҳам йирик кутубхоналар бор. Музейлари: Замонавий санъат музейи (1964), Миллий антропология музейи (1825), Миллий тарих музейи (1825), Санкарлос рангтасвир ва ҳайкалтарошлик галереяси (1785) ва б.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Мексикада 2 мингдан кўпроқ даврий нашр, шу жумладан, 227 та кундалик газ. чиқади. Энг нуфузлилари: «Диа» («Кун», 1962 й. дан), «Ин-формадор» («Хабарчи», 1917 й. дан), «Универсаль» (1916 й. дан), «Уно мае уно» («Бир плюс бир», 1977 й. дан), «Эксельсиор» (1917 й. дан), «Эральдо де Мехико» («Мексика хабарномаси», 1965 й. дан); Информасьонес Мехиканас — Информекс Миллий ахборот агентлиги акциядорлик жамияти бўлиб, 1960 й. да тузилган. Нотисиас Мехиканас — Нотимекс хукумат ахборот агентлиги бўлиб, 1968 й. да ташкил этилган. Мексикада мингдан кўпроқ радио ва 700 дан ортиқ телест-я бор. Мексиканинг етакчи «Телевиса» телекўрсатув тижорат консорциуми 1973 й. тузилган. Миллий радио ва телевидение саноати палатаси 1942 й. ташкил этилган.

Адабиёти 16-а. га кадар туб жой индейс қабилалари тилларида, испанлар босиб олганидан кейин испан тилида ривожланди. Мустамлакачиликдан аввалги даврда майя (3—9-а. лар) ва ацтеклар (14—16-а. лар) адабиёти ғоят равнақтогши. Мустамлакачилик давридаги адабиёт европача анъаналар йўлидан борди. Халқ оғзаки ижодиёти ҳам узлуксиз ривожланиб адабиётга кучли таъсир этиб турди.

Испан гуманист маърифатпарвари Б. де Лас Касас адабиётнинг ривожида катта роль ўйнади. Испан тилида илк бор Э. Картеснинг «Испан қиролларига мак-тублар», Б. Диас дель Кастильонинг «Янги Испания истилочиларининг асл тарихи» асарлари вужудга келди. Б. де Вальбуэнанинг «Мексиканинг латофати» достони (1604) Мексика мавзуидаги биринчи асар бўлди. 17-а. адабиётида шеърият асосий ўринни эгаллади. 18-а. да Р. Ландиварнинг «Мексика қишлоғи» (1781), Ф. Клавихеронинг «Мексиканинг қадимги тарихи» (1780—81) достонлари майдонга келди. Мустақиллик учун кураш йилларида (1810—24) А. Кинтан Роонинг инқилобий шеърлари шуҳрат қозонди (миллий мадҳия —«Ўн олтинчи сентябрь» ва б.). X. X. Фернандес де Лисарданинг «Перикильо Сарниенто» романида мустамлакачилик тузуми қаттиқ танқид қилинди.

Мустақил Мексика адабиётида пайдо бўлган биринчи бадиий йўналиш романтизм эди. М. Акунья, Г. Приетонинг шеърлари ва М. Пайно («Шайтоннинг найранглари»), Л. Инклан («Астусиа…»)нинг Мексика миллий мустақиллигини ҳаққоний ва бадиий тасвирлаган тари-хий романлари романтизм руҳида ёзилди. 19-а. да Мексика шеъриятида модернизм пайдо бўлди (М. X. Отон, С. Диас Мирон, А. Нерво ва б.) 19-а. охирида, П. Диас диктатурам даврида насрий реалистик тамойил вужудга келди. Р. Дельгадо, X. Лопес Портильо-и-Рохас романларида мамлакат ижтимоийсиёсий ҳаётининг қарамақаршилиги ва иллатлари фош этилди. 1910—17 й. лардаги буржуадемократик инқилоб Мексикада таракдийпар-вар адабиётнинг ривожланишига сабаб бўлди. М. Асуэланинг «Пастдагилар» (1916) романида курашаётган халқсиймоси ва оммавий ҳаракатлар акс эттирилган. М. Л. Гусман («Бургут билан илон», 1928), Г. Лопес-и-Фуэнтес («Ҳарбий лагер», 1931; «Менинг генералим», 1934) ва б. ёзувчиларнинг асарлари ҳам шу рухда ёзилди.

20-а. нинг йирик шоирлари (Р. Лопес Веларде, Э. Гонсалес Мартинес, К. Пельисер)нинг асарларида халқнинг маънавий ҳаёти ва миллий турмуши ёрқин акс эттирилган. Мексика насри 50-й. ларнинг ўрталаридан яна юксала бошлади. Романнавислар миллий воқеликни бадиий тадқиқ қилишни чуқурлаштира бориб, умумбашарий муаммоларни кўтариб чиқди. А. Яньеснинг «Жала олдидан», X. Рульфонинг «Педро Парамо», Нобель мукофоти совриндори К. Фуэнтеснинг «Ўта тиниқ соҳа», «Артемио Круснинг ўлими», Росарио Кастельяноснинг «Зулматдаги ибодат» романлари ана шундай асарлардир. Кейинги йиллар адиблари ҳоз. замон миллий воқелигини ўрганиб, азалий инсоний муаммоларни янги шароитда ҳал этишга интилмоқда.

Меъморлиги. Қад. даврда (16-а. гача) Мексика ҳудудида индейслар маданиятининг қатор соҳалари равнақ топган. Мил. ав. 1минг йилликда меъморлик айниқса юксалди. Мексика марказий вилоятларида, жан. да ва Юкатан я. о. да шаҳарлар бар-по этилди. Ольмеклар маҳобатли иншо-отлар, қад. маданиятга эга бўлган майя халқи зинапояли эҳром (пирамида) шаклидаги улкан ибодатхоналар (Чолуладаги эхром асосининг бир томони 440 м) ва рангбаранг нақшлар билан безатилган гумбазли бинолар қуришган.

Мустамлака даври (16—19-а, бошлари)да Мексикада шахарсозлик ривожланди. Бинолар испанча услубда қурилди, шу б-н бирга, меъморликда маҳаллий анъана ҳам ўз аксини тодди. 17-а. дан бошлаб барокко услуби пайдо бўлди (Морелиядаги собор, 1640—1705; Ме-хикодаги Миллий сарой, 1692—99; Ла Професа черкови, 1714—20; Саграрио Метрополитано черкови, 1749—68; Гвадалахарадаги Санта-Моника черкови, 1720—33; Тласкала яқинидаги Санта-Мария де Окотлан черкови, 1745 — 60 ва ҳ. к.).

19-а. да испан, итальян ва француз усталари етакчи роль ўйнади. 19-а. нинг 2-ярми — 20-а. бошларида Мехикода йирик бинолар қурилди, янги магистраллар очилди. Бинолар бетон, темир, темирбетондан қурила бошлади. 1949 — 54 й. ларда Мехикода К. Ласо раҳбарлигида қурилган Ун-т шаҳарчаси 20-а. ўрталаридаги Мексика меъморлигининг энг яхши хусусиятларини акс эттирган; гўзал жойда қурилган бу шаҳарча ўқув, спорт ва турар жой биноларидан иборат бўлиб, меъморлик билан маҳобатлидекоратив санъат маҳсулидир. 50—80-й. ларда Мексикада зилзилага чидамли кўп қаватли турар жой ва жамоат бинолари қад кўтарди. Мехикода бир қанча турар жой даҳалари ва йўлдош-шаҳарлар пайдо бўлди. Ацтек стадиони, Спорт саройи қурилди.

Тасвирий санъати жуда қад. бўлиб, мил. ав. 2-минг й. ликдан бошлаб ривожланган. Бу даврга мансуб тош ва терракотадан ясалган ҳайкалчалар, шаклдор идишлар сақланиб қолган. Мил. ав. 1минг й. лиқда Мексика қўлтиғи бўйида яшовчи ольмеклар ҳоз. Веракрус ва Таваско штатларида қабариқ тош ёд-горликлар, ибодатхоналар курганлар, тош тобутлар, одам ва ҳайвон қиёфасидаги илохлар ясаганлар. Мил. 1минг й. ликда тотонаклар, сапотеклар, май-ялар гўзал амалий ва тасвирий санъат намуналарини яратдилар. 10—16-а,лар санъатида ҳарбий манзаралар, даҳшатли сиймолар, мураккаб безаклар устунлик қила бошлади.

Мустамлака даврида черковларнинг сирти ва ичи хилма-хил ўймакорлик услубида безатилди, айниқса, 18-а. да ультрабарокко (ҳашамдорлик) ривож топди, ёғоч ўймакорлиги усулида рангбаранг ҳайкаллар ясаш, диний мавзудаги рангтасвир ва одамлар қиёфасини чизиш (Б. де Эчаве, М. Кабрера), кейинчалик академик ҳайкалтарошлик (М. Тольса) урф бўлди.

19-а,да Мексика тасвирий санъатида Европа бадиий маданияти ўзига йўл оча бошлади. Шу билан бирга, тасвирий санъ-атда миллий мавзуга қизиқиш бошланди. 19а. охири — 20-а. бошларида Мексика

тасвирий санъатига Европадаги янги бадиий оқимлар («модерн», импрессионизм) таъсир эта бошлади. Бир қанча санъаткорлар (X. Мурильо, С. Эрран) Мексика санъатини тиклаш, замонавий миллий услуб яратиш ғоясини олға сурдилар. X. Г. Посада эса халқ бадиий анъаналари билан боғлиқ инқилобийдемократик сатирик графикага асос солди. 50—60-й. ларда маҳобатли тасвирий санъатда янги меъморлик бинолари билан боғлиқ асарлар (безакли мозаика, бўртиқ мозаика, нақшлар) асосий ўрин тута бошлади. Мексикада тасвирий санъат ва графикага Караганда замонавий ҳайкалтарошлик камроқ тараққий этди. Мексика халқ санъатида индейс ва испан санъати анъаналари қўшилиб кетган.

Мусиқаси. Мексика мусиқаси қадимдан ўзига хос ва бой. Маҳаллий аҳоли, жумладан, қад. ацтеклар турмушида (мас, диний ва ибодат маросимларида, иш пайтларида) мусика катта роль ўйнаган. Бир қанча шаҳарларда махсус мусика мактаблари бўлган. Бирмунча соф «индейс мусиқаси» айрим чекка жойлардаги туб аҳоли ўртасида ҳануз сақланиб қолган. Ҳоз. Мексика ҳудудининг катта қисмида испан ва креол мусиқа маданияти таъсирида индейс мусиқаси ҳам учраб туради. Қад. чолғу асбоблари — гитара ҳамда унга ўхшаш гитаррон ва харанита, скрипка, арфа, труба кўпдан машҳур.

Профессионал мусиқа 16-а. дан ривожлана бошлади, 19-а. бошларидан пойтахт ва йирик шаҳарларда итальян композиторларининг опералари қўйилди. 1825 й. Мехикода биринчи мусиқа академияси, 1826 й. симфоник оркестр пайдо бўлди. 1866 й. консерватория очилди. 19-а. нинг ўрталаридан опера жанрида ишлайдиган миллий композиторлар пайдо бўла бошлади. С. Реву-эльтас ва Ч. Чавес (20-а. нинг 1-ярми) миллий композиторлар мактабининг асосчиларидир. Композиторлар Л. Санди, Д. Аяла, Б. Галиндо, Р. Альфтер, дирижёр Л. Эррера де ла Фуэнте, скрипками Г. Шеринг, пианиночилар К. Барахас ва М. Т. Кастрильон, гитарачи А. Брибьеска, ашулачилар X. Арая, Э. Касановас етакчи мусиқа арбобларидир. Мехикода Миллий симфоник оркестр, Ун-т симфоник оркестри, Миллий опера, ун-т ҳузурида олий мусиқа мактаби ишлайди. Бир қанча штатларда симфоник оркестрлар бор. Халқ мусиқасини ижро этадиган кўплаб вокал-инструментал ансамбллар катта муваффақият қозонган.

Мексикада балет санъати айниқса ривож топган. Мексика хореография санъати рақс фольклори ва индейсларнинг қад. рақслари билан испан раққосларининг анъаналари заминида пайдо бўлган. Ҳоз. саҳна рақси 30-й. ларда америкача «модерн» рақси таъсирида таркиб топа бошлаган. Фольклор билан «модерн» рақсининг қўшилишидан ўзига хос миллий рақс шакллари пайдо бўлди. 1966 й. дан Мехикода ҳар йили халқаро рақс танловлари ўтказилади. 1947 й. дан Миллий балет, 70-й. лардан Мексика рақси академиясининг замонавий балет жамоаси, мустақил балет труппаси ва б. ишлаб турибди. Мексика фольклор балети чет элларда ҳам жуда машҳур.

Театри. Мексика театр санъати қад. индейсларнинг диний маросимлари асосида вужудга келган. Афсоналар асосида диний, дунёвий ва ҳажвий томошалар кўрсатилган. Мексика 16-а. да европаликлар томонидан истило қилинганидан кейин халқ санъати қувғинга учради. Аммо черковнинг қаршилигига қарамай, 1597 й. дан Мехикода «Комедия уйи» театри ишлай бошлади, 1670 й. биринчи доимий «Колисео» халқ театри ишга тушди, Гвадалахара (1758), Веракрус (1787) ш. ларида ҳам доимий театрлар очилди. 1923 й. Драматурглар уюшмаси миллий театр маданиятини яратишда фаол иштирок этди. 1946 й. Мехикода Миллий нафис санъат ин-ти, унинг ҳузурида эса актёрлар ва реж. лар тай-ёрлайдиган мактаб очилди. Энг машҳур театрлари: «Хименес Руэда», «Идальго», «Хода», «Реформа», «Инсурхентес», Болалар театри, «Гиньол» қўғир-чоқ театри ва б.

Киноси. 19-а. охиридан кинохроника пайдо бўлди, 1905 й. биринчи бадиий фильм кўйилди. 1910 й. да Мексика мустақиллик кураши ҳақидаги «Алам ҳайқириғи» фильми, қисқа метражли комедия ва мелодрамалар чиқарилди. 30-й. лардан овозли кино ривожлана бошлади. С. М. Эйзенштейн бошчилигида 1931— 32 й. ларда Мексика ҳақидаги фильм яратилиши Мексика кино арбоблари ҳаётида катта воқеа бўлди. 20-а. 30—40-й. ларида яратилган фильмларда Мексика даги ижтимоий низолар, халқ ҳаёти акс эттирилди. «Мария Канделярия» (1944), «Дурдона» (1947), «Рио Эскондидо» (1948), «Қишлоқи қиз» (1949) каби бадиий жиҳатдан юксак кинофильмлар бутун дунёга ма-шҳур бўлди. Мексика кино санъатининг кей-инги энг яхши асарлари: «Ғишт терувчилар» (реж. X. Фоне), «Жанубдаги уй» (реж. С. Ольхович), «Пасткаш одамлар» (реж. X. Эстрада),’ «Хуан Перес Холоте» (реж. А. Бурнс), «100-меридиан» (реж. А. Хоскович). Мексикада йилига 70 дан ортиқ бадиий фильм ишланади, 2000 кинотеатр бор, Ўзбекистон — М. муиосабатлари. Гарчи Ўзбекистон билан Мексика ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида ҳукуматлараро битим тузилмаган бўлса ҳам, ўзаро савдо-сотиқ алоқалари йўлга қўйилган. ЎзР билан Мексика ўртасидаги товар айланмаси 1998 й. да 1855,9 минг АҚШ долларини ташкил этди. «Савдоиқтисодий ҳамкорлик» ва «Инвестицияларни рағбатлантириш ҳамда ўзаро ҳимоя қилиш» тўғрисида шартномалар тузиш масаласи кўриб чиқилаётир.


Кирилл алифбосида мақола: МЕКСИКА ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: М ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
ФРАНЦИЯ
ГЕРМАНИЯ
ҲИНДИСТОН


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты