МЕНДЕЛИЗМ

МЕНДЕЛИЗМ — организмлар белгиларининг ирсийланиш қонунлари ҳақидаги таълимот. Бу таълимотнинг яратилишида Мендель тадқиқотлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Мендель кашф этган ирсийланиш қонунлари (қ. Мендель қонунлари) М. нинг пойдевори ҳисобланади. Мендель қонунлари 1865 й. да кашф этилган бўлиб, унинг замондошлари бу кашфиётга муносиб баҳо бера олмаган. 1900 й. да немис ботаниги К. Корренс, Австрия олими Э. Чермак ва нидерланд ботаниги X. Де Фризлар ҳар хил ўсимлик турлари дурагайларида олиб борган тажрибалари асосида бирбирларидан мустақил ҳолда Мендель қонунларини қайта кашф этишди. Шунинг учун 1900 й. генетика фани ташкил топган, яъни Менделизмга асос солинган йил ҳисобланади. Менделизм терминини 1905 йилда Р. Пеннет таклиф этган. Генетиканинг ривожланиши ва Менделизм назарий асосларининг яратилиши Менделнинг ирсий омиллар (1906 й. дан бошлаб У. Бэтсон таклифига биноан «генлар») ҳақидаги ғояси катта аҳамиятга эга бўлди. Ирсий омиллар (генлар)нинг Мендель кашф этган хусусиятлари замонавий генетик тадқиқотларида тўла-тўкис тасдиқланди. Менделизм таълимотига кўра, организм белгиларининг ирсийланишини таъмин этувчи ирсий омиллар (генлар) моддий асосга эга бўлиб, улар учун дискретлик, стабиллик (барқарорлик, турғунлик) хусусиятлари хос; генлар турли — доминант ва рецессив ҳолатда фаолият кўрсатиши мумкин. Ген аллеллари тана ҳужайраларида иккитадан, яъни жуфт (диплоид) ҳолатда; жинсий ҳужайраларда биттадан, яъни якка (гаплоид) ҳолатда бўлади. Эркак ва урғочи жинсий ҳужайралар қўшилиши туфайли вужудга келадиган янги авлод, яъни зиготада генларнинг жуфтлик ҳолати яна қайта тикланади. Генетиканинг Менделдан кейинги даврида Менделизм тез суръатлар б-н ривожланди, у янги қонуниятлар, далиллар ва ғоялар билан бойитилди. Менделизмнинг ривожланишини таъмин этган асосий илмий натижалар қуйидагилардан иборат: 1) нўхат ўсимлигида Мендель томонидан кашф этилган умумбиологик ирсийланиш қонунлари барча организм (ўсимлик, ҳайвон, микроорганизм)лар учун хос эканлиги;

2) организм белгилари ирсийланишининг янги қонунлари кашф этилиши, яъни ирсият ҳар доим фақат битта ген билан боғлиқ бўлиб қолмасдан, икки ва ундан ортиқ ноаллель генлар (полигенлар)нинг ўзаро таъсири туфайли амалга ошиши ҳам исботланганлиги; полигенларнинг комплементар, эпистаз, полимер ҳамда бир геннинг кўп томонлама (плейотропия) таъсирида белгиларнинг ирсийланиш қонунлари очилганлиги;

3) цитоге-нетикада хромосомалар сони ва фаолиятини ўрганиш натижасида олинган далиллар Мендель қонунларининг цитологик асоси бўлиб хизмат қилиши; организм белгиларининг ирсийланишида Мендель томонидан аниқланган аллель ва ноаллель генлар фаолияти билан бир қаторда цитогенетикада аниқланган гомологик ва ногомологик хромосомалар фаолиятида уйғунлик (ўхшашлик) борлиги;

4) Менделнинг ирсий омил (ген) ҳақидаги ғояси, унинг асосий хусусиятлари ҳақидаги таълимотнинг генетик, цитогенетик ва молекуляр генетик тадқиқотлар туфайли тўлдирилганлиги ва ривожланганлиги; оқибатда ирсиятнинг моддий асослари ҳисобланган генлар струк-тураси ва функцияси тўғрисидаги янги қонуниятлар аниқланганлиги. Менделизм Дарвин асос солган эволюцион таълимотнинг генетик асосларини ишлаб чиқишда катта аҳамиятга эга.

Жўра Мусаев.


Кирилл алифбосида мақола: МЕНДЕЛИЗМ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: М ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ГЕНЕТИКА
ФРАНЦИЯ
БИОЛОГИЯ
ГЕРМАНИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты