МЕНДЕЛЬ ҚОНУНЛАРИ

МЕНДЕЛЬ ҚОНУНЛАРИ — ирсий белгиларнинг авлодларда тақсимланиши тўғрисидаги Г. Мендель яратган қонуниятлар. Мендель қонунлари Менделнинг ўзи яратган дурагай авлодларини генетик тахлил қилиш методини қўллаш орқали олиб борилган кўп йиллик (1856 — 63) тадқиқотлар туфайли асослаб беридди. Мендель ўз-ўзидан чангланувчи нўхат ўсимлигининг ўрганилаётган белги бўйича ирсий тоза, яъни генотипи гомозиготали ҳамда фенотипига кўра кескин фарқ қилувчи (гули қизил-оқ, дони сариқ-яшил ва силлиқ-буришган) навларини ўзаро чатиштирган. Олинган дурагай авлодларда ота-она ўсимлиги белгиларининг ирсийланиши ва яна ажралиб хилма-хиллик намоён қилишини ўрганган. Олинган натижаларни статистик тахлил қилиш асосида ирсият қонунларини очиб берган. Мендель организмларда улар белгиларининг ирсийланишини таъмин этувчи махсус ирсий омиллар (генлар) мавжудлиги ҳақидаги ғояни илгари сурди. Унингча, ҳар бир ирсий омил соматик ҳужайраларда жуфт, жинсий ҳужайраларда якка ҳолатда бўлади. Ҳар қайси ирсий омил доминант ёки рецессив аллель ҳолатда бўлиши мумкин. Ирсий омиллар ота-она белгиларининг ирсийланиши ва ривожланишини таъмин этади. Мендель қонунлари Мендель кашф этган учта қонунни ўз ичига олади.

Биринчи қонун биринчи авлод дурагайларининг ўрганилаётган белги бўйича бир хиллиги қонуни ёки доминантлик қонуни деб аталади. Мендель тажрибада қизил гулли (генотипи АА) ва оқ гулли (генотипи аа) бўлган гомозиготали нўхат навларини чатиштириб, биринчи авлод (Ғ,) дурагайларнинг ҳаммаси бир хил, яъни қизил гулли бўлганлигини кузатди. Бу ҳолда нўхат гули қизил фенотипларнинг ҳаммаси бир хил — Аа (гетерозигота) ге-нотипга эга бўлган. Қизил рангни белгиловчи геннит оқ ранг гени устидан доминантлик қилиши туфайли бу икки аллель гетерозигот (Аа) ҳолатида фақат доминант аллель фенотипида намоён бўлади.

Иккинчи қонун ота-она белгиларининг иккинчи авлод (Ғ2) дурагайларида белгиларнинг ажралиши, яъни ажралиш қонуни дейилади. Мендель нўхатнинг юқорида кўрсатилган кизил гулли Ғ, дурагайларини ўзаро чатиштирилганида олинган дурагайларида гул ранги бўйича ажралиш содир бўлиши туфайли олинган ўсимликларнинг 3/4 қисми қизил гулли, 1/4 қисми эса оқ гулли, яъни уларнинг микдорий нисбати 3:1 га тенг эканлиги аниқлади. Ғ2 да олинган кизил ва оқ гулли ўсимликлар ўзўзига чатиштирилганида эса оқ гулли ўсимликларнинг барчасидан фақат оқ гулли ўсимликлар олинган. Қизил гулли ўсимликларнинг 1/3 қисмидан фақат қизил гулли, 2/3 қисмидан эса қизил ва оқ гулли ўсимликлар яна 3:1 нисбатда олинган. Бу ҳолатда наслида ажралиш рўй бермаган рецессив аллели оқ гулли ва кизил гулли ўсимликлар гул ранги бўйича гомозиготали (оқ — аа, қизил — АА), наслида ажралиш содир бўлган, қизил гулли ўсимликлар эса гул ранги бўйича гетерозиготали, яъни Аа бўлишини кўрсатади. Шундай қилиб, Менделнинг иккинчи қонунига биноан, рецессив ва доминант гомозиготали генотипга эга бўлган организмлар ўз-ўзига чатиштирилганда улар наслида мазкур белгилар бўйича ажралиш юз бермайди. Доминант гетерозигот генотипли организмларда эса ажралиш 3:1 нисбатда содир бўлади; улар генотип бўйича 1АА:2Аа:1аа нисбатдаги гуруҳларга ажралади. Менделнинг биринчи ва иккинчи қонунларини бир жуфт белгилари бўйича бир-биридан фарқ қиладиган организмларга нисбатан татбиқ қилиш мумкин.

Учинчи қонун белгиларнинг мустақил ирсийланиш қонуни дейилади. Бу қонун икки ва ундан ортиқ жуфт белгилари бўйича бир-биридан кескин фарқ қиладиган нўхат навларини чатиштириб олинган дурагайлар наслини генетик таҳдил қилиш натижасида кашф этилган. Дидурагай чатиштириш учун Мендель ранги ва шакли, яъни икки хил белгиси бўйича кескин фарқ қиладиган нўхат навларини танлаб олди. Сариқ ва силлиқ уруғли нўхат билан яшил ва буришган уругли нўхат навларини ўзаро чатиштириб, дурагайларнинг биринчи авлоди (Ғ,) да фақат сариқ силлиқ уруғли нўхатлар олади. Бу нўхат уруғининг сариқ ранги (АА) ва силлиқ шакли (ВВ) доминант, яшил ранги (аа) ва буришган шакли (вв) рецессив бўлиши Ғ, дурагайларида ҳар иккала жуфт белгилар генлари гетерозигот (АаВв) ҳолатга ўтиши туфайли фақат доминант белгилар фенотипда намоён бўлиши билан боғлиқ, Ғ, дурагайлари бирбири билан чатиштирилганда Ғ2 да фенотиплар бўйича 4 хил уруғли: сариқ силлиқ (барча ўсимликларнинг 16 дан 9 қисми), сариқ буришган (16 дан 3 қисми), яшил силлиқ (16 дан 3 қисми) ва яшил буришган (16 дан 1 қисми) уруғли ўсимликлар олинган.

F2 дурагайлари ҳар икки жуфт белгилар бўйича алоҳида тахлил қилинса, у ҳолда сариқ ва яшил ҳамда сариқ ва буришган уруғли ўсимликлар бир хил, яъни 3:1 нисбатда ҳосил бўлиши аниқланган. Шундай қилиб, 2 жуфт белги бўйича бир-биридан фарқ қиладиган дидурагай чатиштиришда 2-авлодда ҳар бир жуфт белги бошқасидан мустақил ҳолда ирсийланади. Шунинг учун ҳам F2 да ажралиш ҳар бир жуфт белги бўйича 3:1 нисбатда содир бўлади. Ҳар хил жуфт белгиларнинг ирсийланишини таъмин этувчи генлар ноаллель генлар деб номланган.

Генетик ва цитогенетик тадқиқотларнинг ривожланиши натижасида Мендель қонунларининг умумбиологик қонунлар эканлиги исботланди; ирсият ва ирсийланишнинг янги қонунлари кашф этилди; генетикада Менделнинг номи билан аталадиган таълимот — менделизм шаклланди.

Жўра Мусаев.


Кирилл алифбосида мақола: МЕНДЕЛЬ ҚОНУНЛАРИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: М ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ГЕНЕТИКА
ИРСИЯТ
ГЕНЛАРНИНГ УЗАРО ТАЪСИРИ
МЕНДЕЛИЗМ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты