МЕЪМОРЛИК ОРДЕРЛАРИ

МЕЪМОРЛИК ОРДЕРЛАРИ (лот. ordo, франц. ordre — тартиб) — устун ва тўсинлардан иборат қурилмаларда турли қисмларнинг ўзаро мувофиқ бўлиши, уларнинг таркибий ва бадиий услуби. Меъморлик ордерларига хос белгилар қад. Шарқ меъморлигида бор бўлса ҳам, лекин улар муайян ва ўзгармас тартибқонун асосида юнон меъморлигида (мил. ав. 5-а. дан бошлаб) татбиқ ва тартиб этила бошлади. Мумтоз ордерларнинг номи Юнонистондати маҳаллий қабила ва манзиллар номидан олинган. Меъморлик ордерлари устун танаси (колонна), бошаси (капител) ва пойустун — курси (база)дан ташкил топади. Тўсин қисми устма-уст жойлашган архитрав (бош устун), фриз ва карниздан иборат бўлиб, улар биргаликда антаблементни ташкил этади.

Дорий ордери нисбатан содда, лекин куч-қудрат рамзи ҳисобланади. Энг етук намуналарини Афина Акро-полидаги машҳур Парфенон ва Пропилеи эҳромларида кўриш мумкин. Қад. нусхаси эса Пестум (Кичик Осиёнинг қад. шаҳри)даги Посейдон эҳроми харобаларида сақланган. Дорий ордерининг устун танаси тепага торайиб боради. Капител ҳам содда бўлиб, у квадрат тахтача (абак) ва оғирликни бир маромда ушлаб турувчи юмалоқ ёстиқча (эхин)дан иборат. Абакнинг устига тўсин ёғочи — архитрав қўйилади.

Фризнинг сал бўртиб чиққан қисми (триглиф) ва унинг орасидаги квадрат тахтача (метон)лар билан тўғри бурчакларга бўлинган.

Ионий ордери назокат рамзи ҳисобланади. Мумтоз намуналари Афина Акрополидаги Эрехтейон, Ника Аптерос эҳромлари ва Пропилеи (дарвоза)да ишлатилган. Ордернинг базаси мураккаб, танаси эса каннелюра (новсимон) шаклда, капител — қўчқор шохидек икки тарафга бурилган волюталар ва улар орасидаги тухумсимон иониклардан ташкил топган. Архитрав фризи текис бўлиб, баъзан унга рельеф ҳам ишланади. Карниз қисмида қатор тишчалар бор.

Коринф ордери биринчи марта Юнонистондаги Аполлон эҳроми Басса (қад. шаҳар)да қўлланган. Мумтоз намуналари эса мил. ав. 4-а. да қурилган Лисикрат, Шамол буржи каби би-ноларда жорий этилган. Бу ордер ионий ва дорий ордерларидан анча кейин шаклланган бўлиб, улардан барча нозик сифатларни ўзида мужассамлаштирган. Булар чукур сават шаклидаги капители ва карниз остидаги медальонлари билан ажралиб туради. Меъморлик ордерлари орасида коринф ордери энг нафис ва чиройлиси ҳисобланиб, одатда, сават кўтарган сарвқомат қизга ўхшатилади. Қад. даврда ташкил топган Меъморлик ордерлари бежирим тузилган бўлиб, меъморлар уларни деярли ўзгартирмай фойдаланмоқдалар.

Кад. Миср ордерлари тизими ўсимлик дунёси — папирус, лотос ва пальма дарахти шаклига хос услублаштирилган, устун танаси думалоқ (айлана), баъзан 8 ва 16 қиррали шаклда, капители ғунча ёки очилаётган гул шаклида ишланган. Меъморлик ордерлари турли тарихий даврларда меъмор назариётчи (Брунеллески, Альберти, Палладио ва б.)лар ижодида катта қизиқиш уйғотган. Витрувий дорий ордерини эркак танаси гўзаллигига ва мустаҳкам қўрғонга, ионий ордерини эса назокатли аёл танасига қиёслаган.

Ўрта Осиёда Меъморлик ордерлари кушон меъморлигида (Бақтрия, Янги Ниса ибодатхоналари қурилишида), ахоманийлар даврида Хоразмда қўлланилгани маълум.

20-а. бошларида А. Бобохонов, А. Петросов, Л. Караш, В. Дмитриев каби меъморлар ижодида тектоник ордерлар безаклар билан бойитилган: Тошкентдаги С. Раҳимов номли кинотеатр (1952), Чирчикдаги кимёгарлар (1956) ва Бекободдаги металлурглар (1950 — 60) маданият саройларининг бош тарзи ва б.

Пўлат Зоҳидов.


Кирилл алифбосида мақола: МЕЪМОРЛИК ОРДЕРЛАРИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: М ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ЮНОНИСТОН
ТОШКЕНТ
ФРАНЦИЯ
ХИТОЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты