КЎП УКЛАДЛИ ИҚТИСОДИЁТ — турли мулк шакллари ва ҳар хил хўжалик турларининг яхлитлигидан ташкил топган иқтисодий тизим. Хўжалик юритиш тарзи ва уклад субъектлари фаолиятини ташкил этишнинг ўзига хос тизимига эга бўлган турли и. ч. муносабатларининг биргаликда мавжуд бўлиши билан якка укладли иқтисодиётдан фарқ қилади. Ҳар қандай иқтисодиёт кўп укладли характерга эга.
Иқтисодиёт тузилмаларнинг ўзгарувчанлиги укладлар хусусиятларига катта таъсир кўрсатади, натижада янги укладлар пайдо бўлгач, эскилари сифат жиҳатидан янги укладларга айланади ёки йўқолиб кетади. Бу жараёнлар, айниқса, бир иқтисодий тизимдан иккинчисига ўтишда ёки унинг ўзгаришида яққол кўривади. Шунга мувофиқ \олда укладлар 2 гуруҳга бўлинади: ўтмишда устун бўлган ижтимоий тизимларнинг қолдиғи тарзида мавжуд бўладиган укладлар; и. ч. усуллари ва ижтимоий-иқтисодий муносабатлардаги ўзгаришлар натижасида пайдо бўладиган укладлар. Инсониятнинг тарихий тараққиёти давомида турли даврларда бирон-бир уклад ҳукмрон мавқеида турган. Мас, капитализмда, гарчи давлат, майда товар и. ч. укладлари мавжуд бўлсада, капиталистик уклад ҳукмрон бўлган.
СССР да давлат уклади ҳукмрон бўлишига қарамай (мулкнинг 90% давлат қўлида тўпланган) майда товар, оилавий ва хуфия укладлар ҳам мавжуд бўлган. Ҳозир жаҳонда иқтисодиётга кўп укладлилик янги сифат касб этмоқда. И. ч. муносабатларидаги турли «бўғинлар»нинг нотекис ўзгаришлари ҳар хил укладларни пайдо этмоқда. Бунда укладларнинг ўзаро кураши, бирининг иккинчиси устидан ҳукмронлиги ва зўравонлиги жараёни эмас, балки и. ч. жиҳатидан ҳам, ижтимоий-иқтисодий жиҳатидан ҳам уларнинг биргаликда мавжудлиги ва ўзаро ҳамкорлиги вужудга келмокда (қ. Аралаш иқтисодиёт). Айни пайтда самарадорликдаги ўзгаришлар нуқтаи назаридан укладлар ўртасида рақобатчилик характери кучайиб бормоқда. Ривожланган бозор иқтисодиёти шароитларида амалда ҳукмрон мавқени эгаллаган уклад йўқ. Укладлар фаолияти ва уларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солишни давлат ўз зиммасига олади. Давлат қонунлар тизими орқали мулкчилик шакли, и. ч. ни ташкил этиш ва б. қандай бўлишидан қатъи назар, ҳар бир уклад манфаатларини ҳимоя қилади. Ҳоз. аралаш иқтисодиёт капиталистик, нокапиталистик ва бозор кўринишларидаги хилма-хил укладлардан иборат. Кўпгина укладлар фаолиятини харакатлантирувчи куч тадбиркорлик бўлиб, унинг турли шакллари аралаш иқтисодиётнинг кўп укладли тарзда ривожланиши шартшароити ва асосини ташкил этади.
Бозор иқтисодиёти хилма-хил, бирбири билан эркин рақобатлашадиган хўжалик укладларини тақозо этади. Ҳоз. замон бозор иқтисодиётида майда товар, жамоа, хусусий, монополлашмаган капиталистик, монополистик, давлат монополистик, трансмиллий укладлар мавжуд. Шунингдек, аралаш ва ўткинчи укладлар ҳам бор. Турли мамлакатларда укладлар нисбати ҳар хил. Укладларнинг яхлитлигини бозор муносабатлари таъминлайди. Укладлар бир-бирига товарлар, ахборот, тажриба, иш кучи етказиб беради. Улар ўзаро иқтисодий алоқаларсиз ривожлана олмайди, айни вақтда улар рақобатда бўлади.
Бозор иқтисодиётига ўтиш даврида Ўзбекистон иқтисодиёти ҳам турли мулкчилик (давлат, жамоа, фуқаролар мулки ва хусусий мулк)ка ва хўжалик шаклларига таянади. Ўзбекистондаги кўп укладли иқтисодиёт таркибида давлат сектори, жамоа-кооператив сектор, индивидуал сектор, хусусий сектор, аралаш сектор ва хорижий секторлар бор. Давлат секторига давлат корхоналари, жамоа секторига ҳар хил кооперативлар ва ширкат хўжаликлари, индивидуал секторга томорқа хўжалиги, якка тартибда ишловчилар, якка деҳқон хўжаликлари киради. Хусусий секторга айрим тадбиркорларга қарашли, ёлланма меҳнатга асосланган ва ўз эгасига фонда берувчи корхоналар карайди. Аралаш сектор давлат-акциядорлик, қўшма корхоналар, хорижий сектор чет мамлакатларга қарашли бўлиб, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган корхоналарни ўз ичига олади.
Алишер Ваҳобов.