МИСКАРЛИК — ҳунармандликнинг қад. соҳаси; мис ва унинг металлар билан қотишмасидан қуроллар, уй-рўзғор буюмлари ва б. ясаш касби. Мискарликда буюмлар 2 хил усулда — эритиб қуйиб ёки болғалаб ясалади. Иш жараёнида металл тез-тез қиздириб турилади. Мураккаб шаклли буюмлар ясашда аввал айрим бўлаклар қуйилиб, сўнг улар бирбирига қалайланади. Буюмлар қолипдан кўчирилгач тозаланиб, сўнг унга наққошлар чизма, кандакори ёки босма усулида гул (нақш) ишлайди (яна қ. Кандакорлик).
Қадимда соф миснинг ўзидан болғалаб буюмлар ясалган, буюмлар юмшоқ ва мўрт бўлган. Жез даври (мил. ав. 2-минг йиллик)дан мис ва унинг қалай, қўрғошин, рух аралашмасидан иборат металлар қотишмасидан бир-мунча пишиқ бўлган буюмлар ясалган.
Ўзбекистон ҳудудида Мискарлик қадимдан ривожланган, ушбу ҳудуддан топилган таркибида мис кўп бўлган жез идишлар бунга мисол бўла олади. Жез даврига оид муҳрларда ўсимлик, ҳайвонлар (илон, бургут ва б.) тасвирлари ишланган. Бухоро нақшланган мис идишлар ясашнинг қад. маркази бўлган; бу ерда мил. ав. 1минг йилликда металл қуйиш, мис ва жез буюмларини қолипларга қуйиб ишлаш яхши йўлга қўйилган. Mac, Фарғонадаги Чуст маданиятига оид пичоқ, ўроқ ва зираклар қолипларга қуйиб ишланган. Бу давр маданиятига оид Ўзбекистон жан. даги мис ва жез бу-юмларига хилма-хиллик хос бўлиб, қад. буюмларни безашда чизма, кандакори, бўртма нақшлар ишлаш кенг қўлланилган.
5—8-а. ларда Суғд ва Хоразм бадиий металл буюмлари кенг тарқалди; 10 — 12-а. ларда меҳнат қуроллари, қурол-аслаҳалар, рўзғор буюмлари билан бир қаторда ислимий нақшлар, ёзувлар, тасвирий мавзулар билан қопланган мураккаб шаклли юксак бадиий буюмлар тайёрланган, айниқса, ҳайвонлар шаклидаги идишлар диққатга сазовор, бошқа металлардан, қимматбаҳо тошлардан қадаб безаш (қадама) усули қўлланила бошланган. 10-а. араб сайёҳи ва географи Муқаддасий ёзишича, Самарқанддан катта мис қозонлар, нафис мис қадаҳлар, Бухородан мис чироклар араб мамлакатларига келтирилган. 11 —12-а. ларда термизлик усталарнинг майда гулли нафис накш мужассамотли буюмлари шуҳрат қозонган.
14—16-а. ларда Самарқанднинг Регистон майдонидан топилган жез буюмлар хазинаси Мискарликнинг юксак тараққиётидан гувоҳлик беради: идишлар кандакори, қадама (тилла, кумуш, кизил мис) усулида безатилган; Бухоро Мискарлик буюмлари билан шуҳрат қозонган. 16—17-а. ларда Ўрта Осиёда жез буюмлар тайерлашга кўп эътибор берилган.
18—20-а. ларда қизил ва сариқ мисдан буюмлар тайёрлаш ривожланди. 19—20-а. бошларида Ўрта Осиёга Россия ф-каларида тайёрланган буюмларнинг кўплаб келтирилиши билан Мискарлик буюмлари тайёрлаш кескин қисқарди. Маҳаллий усталар келтирилган буюмларга тақлидан янги шаклдаги (офтобасамовар ва б.) буюмлар тайёрладилар, келтирилган буюмлар (самовар ва б.)ни анъанавий миллий накшлар билан безадилар.
20-а. да Қўқон, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хивада Мискарликнинг ўзига хос мактаблари шаклланган; моҳир усталар тайёрлаган буюмлар шухрат қозонди. Иш, асосан, қўл меҳнатига асосланган. Мискарлик артелларида ҳозир ҳам анъанавий буюмлар — чойдиш, чойжўш, офтоба, лаган, кўза, коса, шамдон, дастшўй ва б., заргарлик буюмлари тайёрланади; шунингдек, янги шаклли буюмлар хам пайдо бўлмоқда, улар янги мавзулар, нақшлар, тасвирлар б-н безатилади. Усталар турли шаклдаги идишларни қуйиб тайёрлайди, нафис ўйма нақшлар билан безайди, анъанавий шакллар, нақш қисмларини турлича қўллаб нақш мужассамотини бо-йитади ва бадиий ҳунармандлик асарлари яратади. Республика музейларида 19—20-а. ларда яратилган Мискарлик буюмлари сақланади, улар шакли анъанавий мукаммал нисбатлари ва нақшинкор безаклари билан ажралиб туради.
Турсунали Кўзиев.