НИМРАНГ, Шербанди, Ангури калон — ўртача кечпишар, хўраки маҳаллий узум нави. Ўзбекистон ва Тожикистонда куп тарқалган. Қозоғистон, Қирғизистон, Қрим, Доғистон ва б. жойларда ҳам экилади. Тупи кучли ўсади. Барги ўртача (14—17 см), сал тўгарак ёки 5 бўлакли, кам кертикли, четлари юқорига қайрилган. Гули бир жинсли (функционал урғочи). Узум боши йирик (бўйи 20—22 см, эни 12 — 15 см), вазни 550—600 г (баъзан 1 — 1,5 кг гача), кенг конуссимон ёки чўзиқ.
Ғужумлари йирик, асосан, думалоқ, кунгай томони қизғиш, ширин ва сал нордон, карсиллайди. Таркибида 22-25% қанд, 5—6% кислота бор. Сент. бошларида тўлиқ пишади. Чангловчи нанлар (Пушти Тоифи, Паркати, Саперави ва б.) б-н аралаш экиб, новдалари узун кесилиб (тупида 300—400 куртак), яхши парвариш қилинса гектаридан 250—300 ц ҳосил беради. Узоқ жойларга жўнатишга, сақлашга чидамли.