МЎҒУЛТОҒ — Қурама тизмасининг жан.-ғарбидаги тоғ. Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида жойлашган. Жан.-ғарбдан шим.-шарққа йўналган. Қурама тизмасининг ғарбий тармоқлари бўлмиш Олтинтопган ва Қорамозор тизмаларидан Мирзаработ бели билан ажралган. Жан.-ғарбий этаклари Сирдарё водийсига туташади. Уз. 85 км чамасида. Энг баланд жойи 1624 м (Мўзбек тоғи), жан.-ғарбда Катта Супа тоғи (бал. 1277 м гача) мавжуд. Тоғ кучли парчаланган, яланғоч, қояли ён бағирларида ёзда қуриб қоладиган чуқур сой кўп. Улар нураган жинс парчалари билан қопланган. Этаклари кенг пролювиал шлейфлар билан банд. Геологик тузилишида қуйи силур даврининг гранитли, филитли сланецлари, қумтошлари, шунингдек, юқори девон қуйи карбон даврларининг оҳактошлари ва мармар тошлари иштирок этган.
Мўғултоғда Мозорбел, Чингилди, Дахчал довонлари бор. Йилига 200—250 мм ёғин тушади. 1200 м баландликкача бўз тупроқларда эфемерлар (ранг, қўнғирбош), ундан юқорида ювилган жигарранг тупроқларда турли ўтли буғдой-иқзорлар сийрак ҳолда учрайди. Тоғ этагида Каттаайри, Чоруҳдайра қишлоклари жойлашган.