ЎЗБЕК ТИЛИ

ЎЗБЕК ТИЛИ — туркий тилларнинг қорлуқ гуруҳига мансуб тиллардан; янги уйғур тили билан биргаликда қорлуқхоразм гуруҳчасини ташкил этади. Ўзбекистон Республикасининг давлат тили (1989 йил 21 октябр даги «Давлат тили ҳақида»ги қонунга мувофик, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган). Асосан, Ўзбекистонда, шунингдек, Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, РФ, Туркия, Саудия Арабистони, Хитой, АҚШ, Германия ва бошқалар мамлакатларда тарқалган. Ўзбек тилида сўзлашувчиларнинг умумий сони 25 млн. кишидан ортиқроқ (Ўзбекистоннинг ўзида 18 млн. дан, Тожикистонда 1,2 млн. дан зиёдроқ, Афғонистонда эса, турли манбаларга кўра, 2,5 млн. дан 4 млн. гача, Қирғизистон ва Саудия Арабистонининг ҳар бирида 550—600 мингдан ортиқ, Қозоғистон ва Туркманистоннинг ҳар бирида 320—330 мингдан ортиқ) кишини ташкил этади (2000).

Ўзбек тили қипчоқ, ўғуз, қорлуқчигилуйгур каби 3 та тил бирлиги сифатида шаклланиб, мураккаб диалектал таркиби билан ажралиб туради. Унда 3 та асосий лаҳжа гуруҳи бор. Булар:

1) қорлуқчигилуйғур лаҳжаси;

2) қипчоқ лаҳжаси;

3) ўғуз лаҳжаси. Бу лаҳжа гуруҳлари таркибидаги кўплаб шевалар ўзаро фонетик, лексик ва қисман морфологик жиҳатдан ўзаро фарқтансада, уларнинг барчаси ҳам миллий Ўзбек тилининг, адабий Ўзбек тилининг шаклланишида у ёки бу даражада иштирок этган. Ўзбек тилининг лаҳжалари орасида, одатда, қорлуқчигил лаҳжаси ҳамда унинг таркибига кирувчи шевалар (Тошкент, Андижон, Фарғона, Наманган, Қўқон, Жиззах, Самарқанд, Каттақўргон, Бухоро, Қарши, Ўш, Марғилон. Жалолобод ва бошқалар шаҳарларнинг шеваларй) ўзбек адабий тилининг таянч шевалари деб ҳисобланади. Ўзбек адабий тилининг меъёрларини белгилашда Тошкент шеваси фонетик жиҳатдан. Фарғона, Андижон шевалари эса морфологик жиҳатдан таянч шевалар деб олинган.

Ўзбек тилининг асосий фонетик белгилари: таянч шеваларда, шунингдек, бошқа туркий тилларда 8—9 унли бўлгани ҳолда, адабий Ўзбек тилида 6 унлининг мавжудлиги; айрим шеваларга, бошқа бир қанча туркий тилларга хос бўлган лаб ва танглай оҳангдошлиги (сингармонизм)нинг адабий Ўзбек тилида йўқлиги, урғунинг, асосан, сўзнинг охирги бўғинига тушиши ва бошқалар Морфологик белгилари: отларнинг келишик (6 та келишик мавжуд), эгалик, сон (бирлик ва кўплик) категорияларига эгалиги ва шулар бўйича ўзгариши, жинс категориясининг йўклиги; сингармонизм йўқлиги туфайли сўз ва шакл ясовчи қўшимчаларнинг бир вариантлиги; сифатларда даража категориясининг (озайтирма ва кучайтирма шаклларнинг) мавжудлиги; олмош ва сон турқумларида сўз ясалишининг йўқлиги; кўплаб равишларнинг ўзига хос қўшимчалар билан ҳосил бўлиши; феълларда майл, нисбат, шахссон, замон категорияларининг мавжудлиги (қ. Феьл) ваб. Синтактик белгилари: сўзлар тенг ва тобе алрқада бўлиб, тобе алоқанинг 3 тури (бошқарув, мослашув, битишув) мавжуд; сўз тартибида аниқловчи аниқланмишдан, тўлдирувчи ва ҳол кесимдан олдин келади. У. т. сўз ясалишида аффиксация устунлик қилади. Лексик таркиби ўз ва ўзлашган қатламдан иборат: ўз қатлам умумтуркий ва соф ўзбекча сўзлардан ташкил топган бўлса, ўзлашма қатламда кўплаб арабча, форсча, тожикча, мўғулча, русча ва рус тили орқали кирган байналмилал сўзлар бор. Терминология, асосан, байналмилал лексика ҳисобига бойиб бормоқда. Ўзбек тилига сўз ўзлаштириш мажбурийлик асосида эмас, тиллар ривожланишининг объектив қонуниятларига мос ҳолда амалга ошмоқда.

Туркий халқлар учун муштарак обида ҳисобланган урхуненисей тош битиклари, Ўрта Осиё туркий халқларининг умумий адабий тили намуналари бўлган «Девону луғотит турк», «Қутадғу билиг» каби ўлмас асарлар ўзбек халқи тилининг ҳам дастлабки ёзма ёдгорликлари ҳисобланади.

Эски ўзбек адабий тилининг шаклланиши 14-аср охирлари ва 15-асрга тўғри келади. Бу давр адабий тилининг шаклланиши ва ривожланишида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг ҳам илмий, ҳам амалий хизматлари, адабий ижоди муҳим ўрин тутади. Узбек адабий тили Лутфий, Саккокий, Навоий, Бобур ижоди билан бошланиб, Огаҳий, Фурқат, Муқимийлар ижодида давом этди, сайқал топди. Ҳоз. ўзбек адабий тили, эски ўзбек адабий тилининг давомчиси сифатида 20-асрнинг 1-чорагида қарлуқчигил лаҳжасининг Тошкент ва Фарғона шевалари базасида шаклланади. Шўро даврида олиб борилган нотўғри тил сиёсати ва турли тазйиқлар оқибатида Ўзбек тилининг турли соҳалардаги вазифалари ниҳоятда чекланиб қолади. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгандан кейин, айниқса, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Ўзбек тили шаклланишининг янги даври бошланди: Ў. т. хўжалик ҳаётининг барча соҳаларида тўлиқ амал қиладиган полифункционал тил сифатида ривожланмоқда.

Ўзбекларнинг аждодлари, барча туркий халқлар қатори, 5—8-асрларда урхуненисей ёзувидан ва бошқалар қадимий ёзувлардан фойдаланганлар. 11-асрдан 1929 йилгача араб графикаси асосидаги, 1929—40 йилларда лотин графикаси асосидаги (қ. Эски ўзбек ёзуви, Ўзбек лотин алифбоси) ёзувдан фойдаланилган. 1940 йилдан рус графикаси асосидаги ёзув жорий этилган. 1993 йил 2 сентябр да Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида» қонун қабул қилди. Ушбу қонун 1995 йил 6 майда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тегишли ўзгартишлар билан қайта қабул қилинди ва «Давлат тили ҳақида»ги қонун билан бир қаторда, унинг давоми сифатида босқичмабосқич амалга оширилмоқда.

Ўзбек тилини илмийқиёсий ўрганиш асосан Алишер Навоийнинг «Муҳокамат уллуғатайн» асаридан бошланган. Ҳоз. Ўзбек тилини атрофлича, чуқур ўрганишга эса 20-асрнинг 20-й. ларидан киришилган. Бу соҳадаги дастлабки тадқиқотларни Фитрат, Элбек, Ашурали Зоҳирий, Е. Д. Поливанов, Ғози Олим Юнусов ва К. К. Юдахинлар бошлаб беришган бўлса, 30—70-й. ларда С. Иброҳимов, О. Усмонов, А. Ғуломов, А. К. Боровков, В. В. Решетов, У. Турсунов, 3. Маъруфов, И. Қўчқортоев, А. Н. Кононов, Ф. Абдуллаев, Фахри Камол, Ш. Шукуров, И. Расулов ўзбек тилшунослиги ривожига муносиб ҳисса қўшдилар. Ҳоз. кунда ўзбек тилшунослигини ривожлантириш, Ўзбек тилини янгича методлар асосида ҳар томонлама ўрганиш ўтган асрнинг 50-й. ларидан бошлаб фанга кириб келган Ш. Шоабдураҳмонов, Ғ. Абдураҳмонов, М. Асқарова, А. Ҳожиев, А. Рустамов, А. М. Шчербак, Э. Фозилов, Ш. Раҳматуллаев, М. Миртожиев, М. Содиқова, Э. Бегматов, Қ. Маҳмудов, А. Нурмонов, Ҳ. Неъматов ва бошқалар тилшунослар томонидан амалга оширилмоқда. Шунингдек, Германия, АҚШ, Япония, Жанубий Корея ва бошқалар мамлакатларда ҳам Ўзбек тилини ўрганишга катта эътибор берилмоқда.

Ад.: Поливанов Е. Д., Введение в изучение узбекского язмка, ч. 1, Т., 1925; Ҳозирги замон ўзбек тили [Лексикология. Фонетика. Морфология], Т., 1957; Кононов А. Н., Грамматика современного узбекского литературного язмка, М. —Л., 1960; ГДербак А. М., Грамматика староузбекского язмка, М. —Л., 1962; Ғуломов А., Асқарова М., Ҳозирги ўзбек адабий тили [Синтаксис], Т., 1965; Баскаков Н. А., Введение в изучение тюркских язмков, 2изд., М., 1969; Абдураҳмонов Ғ., Шукуров Ш., Ўзбек тилининг тарихий грамматикаси, Т., 1973; Ўзбек тили грамматикаси, 2ж. ли [1ж. — Морфология, 2ж. — Синтаксис], Т., 1975—76; Решетов В. В., Шоабдураҳмонов Ш., Ўзбек диалектологияси, Т., 1978,Ҳозирги ўзбек адабий тили, 1-қисм,Т., 1980; Турсунов У., Ўринбоев Б., Ўзбек адабий тили тарихи, Т., 1982; КаптагиПауеу 5Ь., Но^уеу А., 0’гЬек 1Шпт§ ип1о 1и§’аИ, Т., 1995; Нурмонов А., Ўзбектилшунослиги тарихи, Т., 2002.

Абдуваҳоб Мадвалиев.


Кирилл алифбосида мақола: ЎЗБЕК ТИЛИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ў ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ГЕРМАНИЯ
АФҒОНИСТОН
ЭРОН
ФРАНЦИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты