ЭРОН

ЭРОН, Эрон Ислом Республикаси (Жумҳурие Исломийе Ирон) — Жанубий Ғарбий Осиёдаги давлат. Майд. 1648 минг км2. Аҳолиси 66,4 млн. киши (2003). Пойтахти — Теҳрон шаҳри Маъмурий жиҳатдан 30 остон (вилоят)га бўлинади.

Давлат тузуми. Эрон — ислом республикаси. Амалдаги конституцияси 1979 йил 2—5 дек. даги референдумда тасдиқланган, кейинчалик тузатишлар киритилган. Конституция бўйича давлатнинг олий расмий шахси — Эрон Ислом Республикаси Раҳбари (1989 йилдан Саид Али Хаманайи). Ундан кейинги олий расмий шахс — президент (2005 йилдан Маҳмуд Аҳмадий Нажод). Қонун чиқарувчи ҳокимиятни Исломий Кенгаш мажлиси (парламент), ижроия ҳокимиятни президент ва ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Эрон Олд Осиё тоғлиги минтақасининг шарқий қисмида жойлашган ва Эрон тоглигининг ғарбий қисмини эгаллаган. Эрон шимолда Каспий денгизига туташ, жан. да Форс ва Уммон қўлтиқлари билан ўралган (ушбу қўлтиқлардаги Кешм, Хўрмуз, Харк ва бошқалар ороллар Эронга тегишли). Соҳиллари пасттекислик, айрим жойлари мангра чакалакзорлари билан қопланган. Ер юзасининг ярмидан кўпроғи тоғли. Мамлакат ҳудудининг чеккаларида Шим. Эрон, Шарқий Эрон ва Жанубий Эрон тоғлари жойлашган. Эрон тоғлари орасида Эльбурс тоғлари (Дамованд чўққиси Эроннинг энг баланд нуқтасидир, 5604 м) ва ТуркманистонХуросон тоғлари алоҳида ажралиб туради. Эроннинг жан. ғарбида Загрос тоғ тизмаси жойлашган. Чекка тизмалар ораларида 1000—2000 м баландликдаги ясситоғликлар бор. Э. нинг ғарбида, Арманистон тоғлигида сўнган вулканлар, ички ясситоғликларда чўл ва ландшафтли ботиклар мавжуд. Эрон нингжан. соҳилини Гармсар текислиги эгаллаган. Эрон нефть ва газ захираларига бой. Тошкўмир, темир ва хром рудалари, ноёб элементлар, полиметалл ва мис рудалари, боксит, олтингугурт, сурма, барит, туз конлари ва бошқалар бор.

Иқлими. Эрон ҳудудининг катта қисмида суптропик, континентал, Форс ва Уммон қўлтиқлари соҳилларида тропик иқлим; ёзи иссиқ, қиши шим. да совуқ, жан. да илиқ. Янв. нинг ўртача т-раси Теҳронда 2’, Жасқ шаҳри (Уммон қўлтиғи соҳилида)да 19°; июлники худди шу жойларда 29 ва 32°. Ўртача йиллик ёғин 500 мм дан кам, фақат Эльбурс тоғлари ён бағирларида 2000 мм гача, Сейистон ботиғида 5060 мм. Эронда дарё кам. Йирик дарёлари: Қорун, Сафедруд, Атрек, Аракс, Ҳилманд, Шатт улАраб. Фақат Қорун дарёсида кема қатнайди. Тоғ оралиғидаги ботиқларда оқмас кўллар (Урмия, Дарёчаи Намак ва бошқалар) бор. Тоғ олди текисликларидаги бўз тупрокларда чўл ўсимликлари, тоғлардаги қўнғир тупроқларда дашт ўсимликлари ўсади. Пастликлар шўрхок. Эльбурс тоғларининг шим. ён бағри кенг баргли ўрмон билан қопланган. Эроннинг жан. даги қизил тупроқларда саванна туридаги ўсимликлар ўсади. Дарё водийлари ўтлоқ, тупроғи аллювиал. Эроннинг ҳайвонот дунёси хилмахил. Тоғларда қуён, чиябўри, тоғ эчкиси, йўлбарс, қоплон, жайра, водийларда тулки, бўри, сиртлон, буғу, бўрсиқ ва бошқалар яшайди. Мамлакат марказидаги текисликда каклик, Форс қўлтиғи соҳилларида сақоқуш ва қизил ғоз, Каспий денгизида қимматбаҳо балиқ турлари — осётр ва белуга кўп. Миллий боғлари: Кевир, Гулистон, Урмия, Марказий Эльбурс ва бошқалар Аҳолиси. Эронда 30 дан ортиқ миллат вакиллари яшайди. Аҳолисининг 75% га яқинини эрон тиллари гуруҳига кирувчи халқлар: форс, гилон, мозандарон, курд, лор, бахтиёрий, балуж, талиш, афғон, тожик ва бошқалар ташкил этади. Туркий тил гуруҳига кирувчи озарбайжон ва туркманлар, шунингдек, араб, арман, оссурий, грузин, лўли ва бошқалар ҳам яшайди. Расмий тил — форс тили. Давлат дини — ислом динининг шиа мазҳаби. Шаҳар аҳолиси 58,3%. Йирик шаҳарлари: Теҳрон, Исфаҳон, Машҳад, Табриз.

Тарихи. Эрон ҳудудида одам илк палеолит давридан яшайди. Эронликлар тўғрисидаги дастлабки маълумотлар Оссурия ёзма ёдгорликларида келтирилган. Мил. ав. 834 йилда шоҳ Салманасар III нинг шарққа қилган юришини тавсифловчи миххат ёзувларида қадимий форс тилида сўзлашувчи халқлар истиқомат қилган Парсуа мамлакати қайд этилган. Мил. ав. 3-минг йиллик бошида Эроннинг жан. ғарбида дастлаб шаҳардавлатлар, кейинроқ Элам давлати пайдо бўлди. Мил. ав. 2-минг йиллик давомида Эрон ҳудудига ҳиндэрон тилларида сўзлашувчи ҳиндевропа қабилалари кириб кела бошлаган. Эроннинг ҳоз. номи ўша халқлар — орийлар номи (қад. эронча агуапа — «орийлар мамлакати») дан олинган. Бу даврда Эрон ҳудудининг бир қисми Оссурия ҳукмронлиги остида бўлган. Мил. ав. тахм. 673 — 672 йилларда Оссурияга қарши кўтарилган ғалаён натижасида Эрон тоғлигининг шим. ғарбий қисмида Мидия давлати пайдо бўлди. Мил. ав. 550 йил Мидия ва Форсия подшолиги ўртасида бўлиб ўтган уруш (553 — 550) дан сўнг ҳокимият ахоманийлар сулоласи қўлига ўтди. Юнонлар, кейинчалик Европанинг бошқа халқлари Форсия номини мамлакатнинг барча қисмига тааллуқли деб билиб, уни Форсия (Персия) деб атай бошлаганлар (Европа адабиётида бу ном 1935 йилгача сақланиб келган). Ғарб билан Шарқ ўртасидаги савдо йўлларида ўз ҳукмронлигини ўрнатиш мақсадида Ахоманийлар Юнонистон билан уруш олиб бордилар. Мил. ав. 330 йил Ахоманийлар давлати Александр Мақдуний қўшинлари томонидан мағлубиятга учради. Унинг ўлимидан сўнг Эрон Салавкийлар давлати таркибига кирди. Мил. ав. 3-аср ҳоз. Эрон ва Туркманистон чегараларида Парфия подшолиги вужудга келиб, мил. ав. 2-аср ўрталарида Эроннинг барча ҳудуди унинг таркибида бўлган. Мил. ав. 1-асрдан Парфия Рим билан узоқ муддатли урушга кирди. Мил. 224 йил Парфия қарамоғидаги Форсия ҳукмдори Ардашер I Парфиянинг сўнгги подшоси Артабан V ни урушда енггач, Сосонийлар давлатит* тузди. Сосонийлар ҳукмронлиги даврида 3-аср ўрталарида монийлик, 5-аср охирларида маздакийлик пайдо бўдди. 7-асрда Эронни араблар босиб олди ва у Араб халифалиги таркибига кирди. Эронда ислом дини тарқалиб, 10-асрда аҳолининг кўп қисми унга эътиқод қилабошлади. 9—10-асрларда Эрон ҳудудида ноибликлар вужудга келди. 900 йилда Хуросон ва бутун Шарқий Эрон Сомонийлар қўл остига ўтди, сўнг Шарқий Э. Ўрта Осиёнинг бир қисми ва ҳоз. Афғонистон ҳудуди билан биргаликда Ғазнавийлар давлати таркибига кирди. 11-асрда Эронга туркий қабила (ўғуз)лар кириб келди. Улардан бири — салжуқийлар ғайнавийлар қўшинини тормор қилиб, Эронни ва унга қўшни мамлакатларни босиб олди ва Салжукийлар давлатини тузди. 12-аср бошларида Салжуқийлар давлати парчаланиб, қатор султонликлар пайдо бўлди. 12-аср охирида Э. Хоразмшоҳлар давлатита қўшиб олинди. 1220—56 йилларда Эронни мўғуллар босиб олди ва 14-асрнинг ўрталаригача Ҳулокуийлар давлати таркибида бўлди. 14-асрнинг 30—80-й. ларида Хуросонда мўғул ва маҳаллий зодагонлар зулмига қарши Сарбадорлар кўзғолонлари, 1350 йил Мозандарон ва Гилонда Саидлар ҳаракати бўлиб ўтди, натижада сарбадорлар ва саидлар давлати пайдо бўлди. 16-аср бошида Эроннинг барча қисми Сафавийлар қўлига ўтди. 1502 йил шиа мазҳаби давлат дини деб эълон қилинди. 17а, охири — 18-аср бошларида мамлакатнинг турли қисмларида зодагонларга қарши ғалаёнлар, шунингдек, асоратга солинган афғон, туркман, курд, озарбайжон ва бошқалар халқларнинг озодлик ҳаракатлари бошланиб кетди. Афғон қабилаларининг 1709—22 йиллардаги қўзғолонлари натижасида 1722 йил улар Сафавийлар пойтахти бўлмиш Исфаҳонни эгалладилар. Афғон хонларининг ҳукмронлигига қарши халқ ҳаракати бошланиб кетди. 1723 йил Эроннинг шим. ғарбий ва марказий вилоятларига бостириб кирган турклар қувиб чиқарилди. Эрон давлати Нодиршоҳ раҳбарлигида жуда катта империяга айланди. 1747 йил фитна натижасида шоҳ ўлдиридди ва Эрон давлати парчаланиб кетди. 18-аср охирида занд ва қожар хонлари ўртасида узоқ давом этган курашдан кейин Эронда Қожарлар сулоласи ўрнатидди. 18-аср охиридан Э. Европа мамлакатларининг мустамлакачилик объектига айланди. 19-асрдаги РоссияЭрон урушлари натижасида муқаддам Эрон босиб олган Кавказ орти ҳудудлари Россияга ўтди. 19-асрнинг 50-й. лари ўрталарида мамлакатда ижтимоийзиддиятларнинг кучайиши Бобийлар қўзғолонларит ўз аксини топди. 19 а. 60-й. лари — 20-аср бошларида Эрон асосан, Буюк Британия ва Россиянинг ярим мустамлакасига айланди. 19-аср охиридан зулм ва ижтимоий зиддиятларнинг кучайиши 1905—11 йиллардаги Эрон инқилобининг бошланишига замин яратди. Натижада конституция эълон қилинди, парламент (мажлис) чақирилди. 1911 йил охирида Эрон инқилоби Англия ва Россия томонидан бостирилди. 1-жаҳон уруши йиллари (1914 — 18)да Эрон урушга кирган давлатларнинг ҳарбий ҳаракатлари майдонига айланди. 1919 йил Э. Буюк Британия томонидан босиб олинди. Мамлакатда миллий озодлик кураши авж олди. Эрон Озарбайжони (1920), Гилон ва Мозандарон (192021), Хуросон (1921)да кучли миллий озодлик ҳаракатлари бўлиб ўтди. 1921 йил 21 фев. да ўнг кучлар Ризохон қўмондонлиги остида давлат тўнтаришини амалга оширдилар. Саид Зиёвуддин раҳбарлигидаги янги ҳукумат (ушбу ҳукумат таркибида Ризохон ҳарбий вазир бўлган) демократик ҳаракат ёйилиб кетмаслик чораларини кўрди ва жамоат тазйиқи остида 1919 йилги Англия—Э. битимини бекор қилди. 1925 йил 12 дек. да Таъсис мажлиси Ризохонни Ризошоҳ Паҳлавий номи билан Эрон шоҳи деб эълон қилди. 1930-й. ларнинг ўрталаридан Эрон Германия билан алоқаларини кучайтира бошлади. 2-жаҳон уруши йиллари (1941 йил авг. да) Эрон ҳудудига совет ва инглиз қўшинлари киритилди (1945 йил охири — 1946 йил майда олиб чиқиб кетилди). 1941 йил 16 сентябрда Ризошоҳ тахтдан воз кечди ва унинг ўрнига ўғли Муҳаммад Ризо Паҳлавий ўтирди. 1943 йил 9 сентябрда Э. Германияга қарши уруш эълон қилди, лекин ҳарбий ҳаракатларда қатнашмади. 1945—46 йиллар Эронда кучли антиимпериалистик ва демократик ҳаракатлар авж олди. Ҳукумат АҚШ ва Буюк Британия ёрдамига таяниб, бу ҳаракатларга чек қўйди. 1960-й. ларнинг бошларида мамлакатда ижтимоий ва ички сиёсий вазият кескинлашди. Шоҳ ҳукумати монархия тузуми ва ҳарбий қудратини мустаҳкамлаш мақсадида ислоҳотлар ўтказишга киришди (аграр ислоҳотлар ўтказилди, маориф ва соглиқни сақлаш тизимини яхшилашга оид айрим тадбирлар амалга оширилди). Аммо шоҳ тузумининг реакцион ички сиёсати, ғарбпарастлиги Эронда ислом динининг фундаментал қадриятларини тиклашга интилувчи руҳонийларнинг кескин қаршилигига учради. 1979 йил фев. да монархияга қарши инқилоб натижасида шоҳ тузуми ағдарилди. Инқилобга сургундан қайтган шиалар етакчиси оятулло Ҳумайний (1964 йил мамлакатдан сургун қилинган) раҳбарлик қилди. Муҳаммад Ризо Паҳлавий мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди. 1979 йил 1 апр. дан мамлакат расмий равишда Э. Ислом Республикаси деб номланди. 1979 йил охирида Эрон билан Ироқ ўртасидаги муносабатлар кескинлашди. Эрон билан Ироқ ўртасида Шатт улАраб дарёси бўйлаб ўтган чегара хусусидаги жанжал қуролли тўқнашувга айланиб кетди. 8 йил давом этган бу можаро икки томонни ҳам ҳолдан тойдирди. Ҳумайний вафотидан сўнг (1989) ҳокимият тепасига келган янги ҳукумат бир қанча ижобий ислоҳотларни амалга ошира бошлади, ташқи сиёсатда Эронни халқаро миқёсда яккаланиб қолиш ҳолатидан чиқариш йўлини белгилади.

Эрон 1945 йилдан БМТ аъзоси. ЎзР суверенитетини 1991 йил 25 дек. да тан олган ва 1992 йил 10 майда дипломатия муносабатлари ўрнатган. Миллий байрами — 11 фев. — Ислом инқилоби куни (1979).

Сиёсий партия ва ташкилотлари. Э. Ислом Республикаси конституциясига биноан, Эронда исломга алоқаси бўлмаган сиёсий партия ва ташкилотлар фаолияти ман қилинган. Ҳоз. кунда мамлакатнинг ички сиёсий ҳаётида бир қатор ислом партия ва уюшмалари мавжуд бўлиб, улар орасида эътиборга лойиқ бўлганлари Курашаётган руҳонийлар жамияти, Исломий Эрон бирдамлик партияси, Исломий Эрон ҳамжиҳатлик партияси, Тараққиётга хизмат қилувчилар уюшмаси, Имом Ҳумайний сиёсати тарафдорлари уюшмасидир.

Хўжалиги. Эрон — нефть саноати ривожланган аграр индустриал мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қ. х. 21,3%, саноат 32,7% (жумладан, нефть ва газ қазиб олиш 18,7%)ни ташкил этади.

Саноатида нефть, газ, кўмир, хром, қўрғошинрух, мис, марганец ва темир рудалари қазиб олиш катта аҳамиятга эга. Йилига ўртача 85 млрд. кВтсоат электр энергияси ҳосил қилинади. Нефтни қайта ишлаш, нефть кимёси корхоналари бор. Қора ва рангли металлургия, машинасозлик ва металлсозлик, озиқовқат, тўқимачилик саноати ривожланган. Ҳунармандчилик (гилам тўқиш, металл буюмлар тайёрлаш) билан ҳам шуғулланилади.

Қишлоқ хўжалиги мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоғи ҳисобланади. Қ. х. нинг етакчи тармоғи — деҳқончилик. Асосий озиқ-овқат экини — буғдой; шунингдек, арпа, шоли, дуккакли дон экинлар экилади. Боғдорчилик (ўрик, шафтоли, анжир, писта, хурмо, беҳи, анор, цитрус мевалар, ёнғоқ ва бошқалар), токчилик, сабзавотчилик ва полизчилик билан мамлакатнинг ҳамма қисмида шуғулланилади. Пахта экилади, қанд лавлаги, шакарқамиш, тамаки етиштирилади, чой ўстирилади. Чорвачилигида қўй, эчки, қорамол, эшак, туя, от, хачир боқилади. Паррандачилик ривожланган. Пиллачилик билан шуғулланилади. Форс қўлтиғи ва Каспий денгизида балиқ овланади.

Транспорти. Т. й. нинг уз. 7,3 минг км. Ички юкларнинг асосий қисми автомобиль транспортида ташилади. Автомобиль йўлларининг уз. 167 минг км. Денгиз савдо флоти тоннажи 8345 минг т дедвейтни ташкил этади. Форс қўлтиғидаги асосий портлари: БандарАббос, БандарҲумайний, Бушир, Харк, Ободон, БандарМоҳшаҳр; Каспий денгизида — Энзели, Новшаҳр, Амиробод. Теҳрон, Шероз, Исфаҳон, БандарАббос, Ободон, Табризда халқаро аэропортлар бор.

Эрон четга нефть ва нефть маҳсулотлари, гилам, газ, пахта, мева, тери, металл буюмлар чиқаради; четдан озиқ-овқат, машина ва жиҳозлар, саноат хом ашёси олади. Ташқи савдода Германия, Италия, Кувайт, БАА ва бошқалар мамлакатлар билан ҳамкорлик қилади. Эронда хорижий сайёҳлик ривожланган. ЮНЕСКО томонидан қайд этилган дунё цивилизацияси меросига оид 12 тарихий ёдгорликнинг 3 таси Эронда жойлашган. 2001 йил Эронни 1402160 хорижий сайёҳ зиёрат қилди, хорижий сайёҳликдан тушган даромад 1,112 млрд. АҚШ долларини ташкил этди. Пул бирлиги — риал.

Тиббий хизмати. Эронда ўртача умр 69 ёшни ташкил этади. 2003 йил 110797 ўринли 730 касалхона (120 таси хусусий), 307169 врач, ҳамшира ва фармацевт ишлади. Врачлар ун-т ва ўрта махсус тиббиёт билим юртларида тайёрланади. Ҳоз. пайтда Эронда соғлиқни суғурта қилиш йўлга қўйилмоқда.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Эронда 5 йиллик бепул мажбурий бошланғич таълим жорий қилинган. 2 босқичдан иборат 7 йиллик ўрта мактаб мавжуд. Мамлакатда саводхонлик кўрсаткичи — 85,1%. 2004 йил мамлакатдаги мактабларда 17 млн. 196588 ўқувчи таълим олди. Бошланғич мактаб ўқитувчилари пед. билим юртларида, ўрта мактаб ўқитувчилари Теҳрон ун-ти қошидаги педагогика ин-тида тайёрланади. Олий маълумотли кадрлар Теҳрон университети, Теҳрондаги Эрон миллий ун-ти (1960), «Форобий» ун-ти (1975), Шероз, Машҳад, Исфаҳон, Мозандарон, Табриз, Аҳвоздаги унтларда, Теҳрон политехника инти, Ободон нефть институти ва бошқаларда тайёрланади. 2004 йил олий ўқув юртларида 1 млн. 673753 талаба ўқиди. И. т. лар Теҳрондаги фан ва маориф тараққиётини тадқиқ этиш ва ривожлантириш институти (1969), Э. маданияти тадқиқот маркази (1971), Санъат ва археология тарихи миллий маркази (1972)да, шунингдек, Теҳрон, Машҳад, Табриз, Шероз, Исфаҳон, Аҳвоз унтлари ва бошқалар олий ўқув юртларида ҳам олиб борилади. Йирик кутубхоналари: Миллий кутубхона (1935), Парламент кутубхонаси (1924), унтлар ҳузуридаги кутубхоналар. Маданият вазирлиги тизимида 1502 та кутубхона мавжуд. Эронда археология ва этн. музейи, Гулистон саройи музейи (1894), Миллий бадиий музей, Гиламлар музейи бор.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Эронда бир қанча газ. ва жур. нашр этилади. Асосийлари: «Аброр» («Адолатли», форс тилидаги кундалик газ., 1985 йилдан), «Кейҳон» («Коинот», форс тилидаги кундалик оқшом газ., 1942 йилдан), «Рисолат» (форс тилидаги кундалик газ., 1985 йилдан), «Эгтелоот» («Ахборот», форс тилидаги кундалик кечки газ., 1925 йилдан), «Эттелооти ҳафтаги» («Ҳафта янгиликлари», форс тилидаги безакли ҳафталик жур., 1941 йилдан). Ислом Республикаси ахборот агентлиги (ИРНА), 1934 йил ташкил этилган. «Эрон Ислом Республикаси овози» миллий радиоси 1971 йил тузилган. Эрон телевидениесига 1971 йил асос солинган.

Адабиёти. Эрон адабиётини шартли равишда 3 босқичга бўлиш мумкин: қадимий, ўрта аср ва замонавий. Эрон адабиётининг илк намуналари қадимий форс тилида яратилган. Қаҳрамонлик эпосининг дастлабки кўринишлари Ахоманийлар даврига мансуб миххат битикларида ўз аксини топган. Эрон араблар томонидан забт этилиб (7-аср), унинг ҳудуди халифалик таркибига киргандан сўнг Эрон адабиёти араб тили ва ислом таъсирида шаклланди. 9-асрга келиб адабиётда форс тилининг мавқеи кучайди. 10-асрнинг 2-ярмидан бошлаб форс тили Шарқда шеърият тили даражасига кўтарилди. 10—15-асрлар Эрон назмининг юксалиш даври ҳисобланади. Бу даврда Фирдавсий, Умар Хайём, Саъдий, Румий, Ҳофиз каби дунё адабиётининг ёрқин юлдузлари ўзларининг ўлмас асарларини яратдилар. Уларнинг шеъриятида гуманизм, инсоннинг улуғ мавжудот эканлиги, маънавий баркамоллик сари интилиш ғоялари тараннум этилди. Форс адабиётининг дурдонаси бўлмиш Фирдавсийнинг «Шоҳнома» достони майдонга келди. Бу даврда Эрон адабиётининг мумтоз жанрлари бўлган рубоий, қасида, ғазал ва қитъа янада такомиллашди. Шу билан бирга Абдулло Ансорий, Фаридиддин Аттор ва бошқаларнинг асарларида суфийлик тариқати ғоялари ўз аксини топди. Мўғуллар томонидан Эроннинг ишғол этилиши (1220—56) натижасида маданий ҳаёт инқирозга юз тутди. 13-асрнинг 2-ярмига келиб Эрон адабиётида мадҳия ва қаҳрамонлик эпослари ривож топди. 16-аср охири Эрон адабиётида шиа мазҳабига хос марсия шеърий жанри шаклланди. Бу даврга келиб Эрон мумтоз адабиёти сарой шеърияти доирасида тараққий этди. 17-аср Эрон адабиётида ҳинд услуби (сабке ҳинди) устунлик қила бошлади. Бу ҳол 18-асрда Эрон шоирлари Муштоғ Исфаҳоний, Сабоҳий Бикделий Кошоний, Ҳотиф Исфаҳоний ва бошқаларнинг эътирозига учраб, Эрон адабиётида «бозгашт» (қайтиш) деб аталмиш янги йўналишнинг пайдо бўлишига олиб келди. Бу йўналиш илк Эрон мумтоз шеъриятига хос услубни қайта жонлантиришга қаратилган саъйиҳаракатлар билан ифодаланади. 19-асрда Эрон адабиётида ёднома ва сафарномалар пайдо бўлиб, янги форс насрий жанрига асос солинди. Эронда кенг қулоч ёзган миллий озодлик ҳаракати (1905—1921) публицистика ва сатирик шеъриятнинг шаклланишига туртки бўлди. М. Баҳор, А. Лоҳутий ижодида адолатсизликка қарши кураш ғоялари намоён бўлди. 20-асрда Эрон адабиётида роман ва реалистик ҳикоя жанри ривож топди. Бу даврда Муртазо Мушфиқ Козимийнинг «Қўрқинчли Теҳрон» (1924), Аббос Козимийнинг «Машаққатли ҳаёт» (1931), Яҳё Давлатободийнинг «Шаҳрноз» (1926), Саид Нафисийниж «Фарангис» (1931) номли асарлари чоп этилди. 20-асрнинг 30-й. ларида Эрон шеъриятига янги шеърий жанр «шеъри ноу» кириб кедди. Анъанавий аруз вазнидан воз кечиб, эркин услубда шеър яратиш бу йўналишнинг харатерли жиҳатидир. Эрон шеъриятидаги янги йўналишнинг асосчиси Нимо Юшиж (1895—1961) ҳисобланади. 1940—50 йиллар насрда ижтимоий ҳаётни акс эттирувчи бир қатор реалистик асарлар яратилди. Содиқ Ҳидоят (1903—51)нинг «Дайди ит» (1943), «Ҳожи оғо» (1945), Бўзўрг Алавийнинг «Эллик уч» (1942), «Унинг кўзлари» (1952) ҳикоялари жамоатчилик эътиборини қозонди. Ислом инқилобидан сўнг Эрон адабиётида озодлик ва инқилобни тараннум этувчи шеърлар, ЭронИроқ урушида қатнашган жангчиларнинг мардлиги ва ватанпарварлигини акс эттирувчи асарлар, диний йўналишда ёзилган шеърий тўпламлар кенг ўрин олди.

Меъморлиги. Эрон ҳудудидаги меъморий ёдгорликлар узоқ ўтмишга бориб тақалади. Эронда неолит даврига оид пахсадан қурилган турар жойлар (Кошон ёнидаги ТепеСиалк, Шероз яқинидаги ТалиБакун) топилган. Мидия подшолиги даври (мил. ав. 1-минг йилликнинг 1-ярми)да унинг пойтахти Экбатана атрофида (ҳоз. Ҳамадон) истеҳком деворлари барпо этилган. Ахоманийлар даврида сарой меъморлиги кенг ривож топди (Пасаргада, Персеполис, Сузадаги сарой мажмуалари). Ахоманийлар сарой меъморлик услубига ҳашаматлилик, ҳайвон ҳайкалчалари билан безатилган баланд устунлар хос. Асосий қурилиш материаллари — хом ғишт, тош ва ёғоч. Тўртбурчак шаклидаги зардуштийлик ибодатхоналари ҳам шу даврга мансуб меъморий ёдгорлик ҳисобланади. Парфия подшолиги даврида ҳовли томони очиқ айвонли саройлар қурилган. Сосонийлар даврида шаҳарлар тез суръатлар билан барпо этила бошланди. Шаҳарлар доирасимон ёки тўғри тўртбурчак тарҳли қилиб, қалин девор билан ўралди. Бино қурилишида тош, пишиқ ғишт, ёғоч ишлатилган, том қисми эса ёйсимон шаклга эга бўлган. Кейинчалик гумбазлар пайдо бўлган. Сосонийлар даври саройларига ҳашаматли айвон ва баланд устунлар хос. Эроннинг араблар томонидан забт этилиши (7-аср) меъморликда янги услубдаги биноларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Бу даврда кўплаб карвонсарой, масжид, минора, мақбара, тим, мадраса ва ҳаммомлар қурилди. Девор билан ўралган қўплаб шаҳарлар барпо этилди. Шаҳарнинг 4 дарвозасини боғловчи 2 асосий хиёбоннинг кесишган нуқгаси сарой, бозор ва масжид жойлашган марказий майдонни ташкил этди. Баъзи ҳолларда шаҳар марказида арк барпо этилди. 12-асрга келиб масжид қурилишида Эронга хос услуб пайдо бўлди (тўрт томони айвон ва болохоналар билан қуршалган ҳовли ҳамда гумбазли бино). Масжид ёнида юқори қисми торайиб борувчи айлана минора қад кўтарди. Бу пайтгача миноралар саккиз бурчак шаклида қурилган. 13—14-асрлар ўрталарида Эронда мадраса, масжид, хонақоҳ ва минорадан таркиб топган яхлит ансамбллар пайдо бўлди. Эрон Темурийлар давлати таркибига кирган давр (14—15-асрлар) да меъморликда гумбазларни кўк кошин билан безаш одат тусига кирди. Масжид, мадраса ва бошқалар биноларнинг олд қисмига кошинлардан рангли зеб берилди (Машҳаддаги Гавҳаршод бегим масжиди, 1405—18, меъмор Қавомиддин Шерозий). 14—16-асрларда шаҳар қурилиши авж олди, шаҳар ансамбллари (Янги Исфаҳон) бунёд этилди, саройлар деворий расмлар, мозаика билан безатилди (Исфаҳондаги Али Қопу, Чеҳел Сутун саройлари, Қазвиндаги саройлар). Сафавийлар даврига келиб, Эрон меъморлигида ҳашаматлиликка кенг ўрин берилди, биноларни мураккаб ва кўркам нақшлар билан безаш, улкан фавворалар қуриш расм бўлди. Шаҳарларда муҳташам мажмуалар қуриш режаси ҳаётга татбиқ этилди. Исфаҳондаги Шоҳ майдони атрофида барпо этилган сарой, масжид, карвонсарой ва бозор яхлит меъморий ансамблни ташкил этди. 18—19-асрларда юз берган иқтисодий инқироз Э. да қурилиш кўламининг кескин камайишига олиб келди. 20-асрга келиб, Эрон меъморлигида янги шаклдаги бинолар пайдо бўлди (Теҳрондаги ун-т биноси, 1930-й. лар; Теҳрон яқинидаги «Хилтон» меҳмонхонаси, 1962). Турар жой, ижтимоий масканлар, саноат мажмуалари, кўприклар қурилишида. ойна, металл ва темирбетон конструкциялар кенг қўлланди. Эрон меъморлари биноларни барпо этишда замонавий меъморлик услуби ва миллий анъаналардан фойдаландилар (Ҳамадондаги Ибн Сино мақбараси, 1952; Машҳаддаги Нодиршоҳ мақбараси, 1961; Нишопурдаги Умар Хайём қабри устига қурилган павильонротонда, 1963).

Тасвирий санъати. Эрон санъати 8 минг йил давомида шаклланиб келган. Эрон ҳудудидан топилган ғорлардаги одам, ҳайвон, ўсимлик ва ов қуролларининг деворий расмлари тасвирий санъатнинг илк намуналари сифатида эътироф этилади. Мил. ав. 12—7-асрларга оид қабрлардан қимматбаҳо металлдан ишланган бадиий безак буюмлар, бронза ҳайкалчалар топилган. Ахоманийлар даврида кумуш ва олтиндан ясалган идишлар, заргарлик буюмлари, тамға, тангалар кандакорлик билан безатилган. Сосонийлар даври тасвирий санъатида ҳайкалтарошлик асосий ўрин эгаллади (Мозандарондаги бронза бюстлар), 9—13-асрларда амалий безак санъати ривожланди. Нишопур, Кошон, Султонобод каби шаҳарлар кулоллик марказлари сифатида шуҳрат қозонди. Ҳар хил рангли шишалардан идиш ва буюмлар тайёрланди. Эрон миллий санъатининг асосий турлари (гиламчилик, сопол идишларга чизилган нақшлар, хаттотлик) араблар босқинига қадар шаклланди, бироқ ўзининг юксак чўққиларига ислом дини даврида эришди. Эрон тасвирий санъатига геометрик шакллар, ўсимлик нақшлари, афсоналардан олинган лавҳалар, ҳайвонлар тасвири хосдир. Ғарбда форс тасвирий санъати миниатюра сифатида танилган. Эрон рассомлари ўз асарларида афсонавий қаҳрамонлар ва шоҳларни ҳамда Эрон мумтоз адабиёти асарларидаги лавҳаларни моҳирлик билан акс эттирдилар.

Қуръон матнларини безаш санъати юксак чўққиларга кўтарилди. Э. Араб халифалиги таркибига киргандан сўнг хаттотлик санъати ривожланди. Бу санъат турининг ривожланиши Темурийлар даврига тўғри кедди. Хаттотликнинг моҳир устаси Мир Эъмод Ҳасаний Сейфи Ғазнавий (1617 йил вафот этган) бўлган. Қожарлар сулоласи ҳукмронлиги даврида хаттотликнинг «шикастанастаълиқ» шакли равнақ топиб, ҳоз. қунга қадар қўлланилади. 15—17-асрлар миниатюра санъатининг ривожланиш даври ҳисобланади. Табриз ва Исфаҳон миниатюра мактаблари шуҳрат қозонди (яна қ. Табриз миниатюра мактаби, Исфаҳон миниатюра мактаби). Бу даврда яратилган миниатюра асарлари нақшга бой бўлиб, ранглар жилоси ва нафислиги билан ажралиб туради. Эрон миниатюраларида реализм йўналиши ҳам кенг ўрин олган. Ушбу услубнинг ёрқин намояндаси Ризо Аббосийнит асарларида уруш лавҳалари, аёллар сиймоси акс эттирилган. Унинг яратган миниатюралари Исфаҳондаги Чеҳел Сутун ва Али Қопу саройлари деворларида муҳрланиб қолган. 19-асрда Эрон миниатюра санъати ғарб маданияти таъсири остида инқирозга учради. 20-аср бошларида Эрон рассомлигида реализм йўналиши катта ўрин эгаллади. Ҳайкалтарошлик, рассомлик санъати ва фафика (айниқса, китоб безаги, реклама плакатлари) юксала бошлади. Ҳасан Али Вазирий, Муҳсин Муқаддам, Абулқосим Содиқий каби рассом ва ҳайкалтарошлар ўз асарларида оддий халқ ҳаётидан олинган лавҳаларни акс эттирдилар. 1920 йил Камол улМулк Теҳронда рассомлик ва ҳайкалтарошлик мактабини ташкил этди. Замонавий тасвирий санъат миллий мақтабининг асосчиларидан бири Акбар Тажвидий (1925—95)дир. Ҳоз. даврда тасвирий санъат анъаналарини Эроннинг машҳур рассомлари М. Фаршчиён, А. Рустамиён, П. Калонтарий, Ё. Таботабоий, Оташзод ва бошқалар давом эттирмоқдалар. Тасвирий санъатда модернизм услуби ривожланди. 1959 йил Теҳронда Безак санъати олий мактаби очилди. Халқ санъатида ёғоч, суяк, садаф ўймакорлиги, кандакорлик ривожланган (маркази — Исфаҳон ва Шероз). 2000 йил Эрон БА ташкил этилган. Ислом маданияти ва тасвирий санъати бўйича турли йирик халқаро бадиий кўргазмалар, хаттотлар танловлари ўтказиш кенг тус олган.

Мусиқаси. Эроннинг мумтоз ва халқ мусиқаси узоқ ўтмишга бориб тақалади. қадимий давр мусиқаси ҳақида маълумотлар сақланмаган, аммо мусиқий чолғу ва оҳанглар Эрон мусиқа маданиятининг Месопотамия мусиқий анъаналари билан чамбарчас боглиқлигини кўрсатади. Халқ мусиқасида тасниф, тарона, қасида, ғазал, дастгоҳ кенг тарқалган. Эрон миллий мусиқа чолғулари: най (найилабак, «ҳафт банд», найианбон), сурнай, камонча, қонун, сетор, рубоб, борбат, тор, сантур, доира, тўнбак. 6-асрга келиб сарой санъати, бастакорлар ижоди (Борбат ва бошқалар) равнақ топди, халқ орасида мутриблар (хонандараққос) шуҳрат қозонди, мусиқа назарияси шаклланди. Араб истилоси даврида Эрон мусиқаси арабмусулмон маданияти таъсирига учради, бир вақтнинг ўзида араб ҳамда форс мусиқаси унсурларини ўзлаштирди. 13-асрда бастакор, мусиқа назариётчиси Сафиуддин алУрмавий машҳур бўлди. 19-аср нинг 2-ярмидан бошлаб Эрон мусиқасига Европа мусиқаси таъсир кўрсатди, Теҳронда Шоҳ коллежи қошида Европа услубидаги мусиқа мактаби очилди. 20-асрнинг 20-й. ларида бастакор, Теҳрон ун-ти проф. Али Нақи Вазирий миллий мусиқа таълимини йўлга қўйди, мусиқа назариясига оид асар яратиб, мусиқа мактаби очди. 30-й. ларнинг бошларида Теҳронда Олий мусиқа мактаби (40-й. ларда консерваторияга айлантирилди)ўз ишини бошлади, филармония жамияти (1940), Х. Санжарий раҳбарлигида симфоник оркестр (1946) ташкил топди. А. Вазирий, А. Сабо, А. Рашидий каби композиторлар машҳур бўлган. Ҳоз. кунда Эронда, асосан, фольклор гуруҳлари, миллий чолғу ансамбллари мавжуд. Шу билан бирга 20-аср охирларидан миллий ва Европа оҳангларини уйғунлаштирган эстрада ва оркестр ижросига ҳам катта эътибор берилмоқда. 1968 йилдан Шерозда миллий санъат фестиваллари ўтказиб турилади. Мусиқа санъатини ривожланишига Мирзо Абдулло, Дарвешхон, Маҳмуд Карами, Фаромирзо Пойдур, Абу алҲасан Сабо катта ҳисса қўшган, ҳозирда Ҳусайн Малик, Тоҳир Зода, Шаҳноз, Шожараён каби санъаткорлар машҳур.

Театр сарчашмалари қадимий маросимлардан бошланади. Баъзи манбаларда қадимий «бозигар» (ўрта асрлардаги масхарабозлар театрини эслатади) театри тўғрисидаги маълумотлар сақланиб қолган. Эронда пантомима, кўғирчоқ ва соя театрлари қадимдан машҳур. Ўтмишда ниқоблар намойиши ва маросим («саде») томошалари уюштирилган. 10-асрдан бошлаб имом Ҳусайн вафотига бағишланган диний йўналишдаги саҳналар қўйилган. 17—18-асрларда форс трагедияси турларидан бири — таъзия вужудга келди. 20-асрнинг 30-й. ларига қадар Эронда масхарабозлар театри мавжуд бўлган. 1890 йил Теҳронда сарой театри ташкил топди. 20-аср бошларида Эронда «Фарҳанг» («Маданият») театр ҳиссадорлик жамияти таъсис этилди. 1911 йил Эрон миллий театрига, 1917 йил Европа услубидаги Эрон комедия театрига асос солинди. 1929 йилдан бошлаб Эрон театрларида аёллар фаолият кўрсата бошлади. 1932 йил рассом С. Кермоншоҳий Теҳронда театрстудия ташкил этди. Ушбу маскан мамлакатнинг илғор театр санъати марказига айланди. 1930—40 йиллар театрларда, асосан, Европа драматургларининг асарлари саҳналаштирилди. Эрон театр санъатининг юксалиш даври 1960й. ларга тўғри келди. 1963 йил Теҳронда профессионал актёрларни тайёрловчи драма студияси ташкил этилди, доимий театр гу. . руҳлари, жумладан «Бугунги театр» (раҳбари М. Жафарий) ва Миллий труппа (раҳбари М. Жавонмард) пайдо бўлди. 1968 йилдан Шерозда ҳар йили театр фестивали ўтказилади. 1979 йилга қадар Эронда варьете театри ҳам мавжуд бўлган. Ислом инқилобидан сўнг театр санъати инқирозга юз тутди. Ҳоз. кунда диний руҳдаги спектаклларни саҳналаштириш учун рухсат берилган. Аёлларнинг театрда фаолият кўрсатиши ман этилган.

Киноси. 1920 йилда Теҳронда биринчи кинотеатр очилди. 1930 йил комедия жанридаги илк бадиий фильм яратилди. 1934 йил дастлабки овозли фильм суратга олинди. 1946 йил «Митрафильм» (1948 йилдан «Форсфильм») киностудияси ташкил этилди. 1950-й. ларда суратга олинган «Порт ўғриси» фильми мамлакатнинг энг машҳур кино асарига айланди. 60-й. ларнинг охири — 70-й. ларда тарихий, афсонавий, муҳаббатни тараннум этувчи фильм ва мусиқий комедиялар, жумладан, «Мозандарон йўлбарси» (реж. С. Хачикиён), «Интизорлик соҳили» (реж. С. Ёсимий) каби фильмлар яратилди. 1955 йилдан Теҳронда халқаро, 1964 йилдан миллий кинофестиваллар ўтказилади. 1964 йил Кино санъатининг олий кенгаши тузилган. Уша даврнинг таниқли реж. лари И. Кушон, М. Муҳсиний, С. Ёсимий, С. Хачикиён, Ш. Рафиё миллий кинематографияни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшдилар. 1970-й. ларда йилига 100 дан ортиқ бадиий фильм яратилди, мамлакатда 500 га яқин кинотеатр ишлади. Ислом инқилобидан кейинги даврда кино санъати инқирозга учради. Фильмлар ишлаб чиқариш ҳажми кескин камайди (йилига 30 та). Мамлакатда аксарият киностудия ва кинотеатрлар ўз фаолиятини тўхтатди. 1980—81 йиллар борйўғи 11 фильм яратилди. 1980-й. лар охирига келиб кинематография қайта тиклана бошлади. Давлат томонидан кўрсатилган ёрдам ҳамда ғарб фильмларига қўйилган чеклашлар эвазига Эронда ўзига хос миллий кино яратилди ва иқтидорли киноартистлар етишиб чиқди. 1990-й. ларнинг ўрталарида Эрон фильмлари халқаро миқёсга чиқди. «Олча таъми», «Шамол бизни олиб кетади» (иккаласининг реж. А. Киёрустами), «Қандаҳор» (реж. М. Махмалбоф), «Ота», «Осмон болалари», «Жаннат ранги» (учаласининг реж. М. Мажидий) каби фильмлар Канн, Турин, Берлин ва Москва кино анжуманларида эътиборли совринлар соҳиби бўлди. Бу фильмларда даврнинг ижтимоий ва маданий муаммолари, инсонлар ўртасидаги муносабатлар, ҳаёт фалсафаси ҳаққоний акс эттирилди.

Ўзбекистон — Э. муносабатлари. Э. Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини тан олиб, икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилгач, 1992 йил нояб. да Эроннинг Тошкентдаги элчихонаси, 1995 йил майда ЎзР нинг Теҳрондаги элчихонаси ўз фаолиятини бошлади.

ЎзР Президенти И. А. Каримовнинг Эронга илк ташрифи 1992 йил нояб. да бўлиб ўтди. 2000 йил 10—11 июнда ЎзР Президенти И. А. Каримов Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкшютига аъзо давлатлар раҳбарларининг Эронда бўлиб утган 6саммитида иштирок этди. 2003 йил 17—18 июнда расмий ташриф билан Эронда бўлди. 2002 йил 26—28 апр. да Э. Ислом Ресггубликаси Президенти С. М. Ҳотамийнинг ЎзРга расмий ташрифи амалга оширилди. Ана шу ташрифлар натижасида икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг шартномавийҳуқуқий асослари яратилди.

Икки мамлакат ўртасида транспорткоммуникация, нефтькимё, банк, божхона, фармацевтика, уюшган жиноятчилик, терроризм ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний тарқатилишига қарши кураш соҳаларида кенг ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳоз. кунда Ўзбекистон ва Эрон муносабатларининг шартномавийҳуқуқий асосини 50 дан ортиқ ҳужжат ташкил этади. ЎзР ва Эрон ўртасида савдоиқтисодий соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг тамойил ва йўналишларини белгилаб берувчи бир қатор давлатлараро ва ҳукуматлараро шартномалар ҳамда идоралараро ҳужжатлар имзоланган. Икки томонлама муносабатлар «Савдоиқтисодий алоқалар тўғрисида», «Сармояларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш», «Икки томонлама солиққа тортишдан қочиш ва олинган фойда ва капиталга солинадиган солиқлар ҳақида маълумот билан алмашиш тўғрисида»ги шартнома ва қатор ҳукуматлараро меморандумлар билан тартибга солинади. 2004 йил якунига кўра, Ўзбе^ кистон ва Эрон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 370 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Э. Ислом Республикаси Ўзбекистоннинг 10 та етакчи савдо ҳамкори қаторидан_жой олган. Э. Ўзбекистондан пахта толаси, рангли металл ва ундан ясалган буюмлар, қора металл ва металл буюмлар, минерал ёқилғи, нефть ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар, механик станоклар, хизматлар, ўғит, кимёвий штапель толалари ва ҳ. к. олади ва Ўзбекистонга боғдорчилик маҳсулотлари, ўсимлик ва ҳайвон ёғи, пойабзал, кимёвий ип, кир ювиш воситалари, гилам ва гилам маҳсулотлари, пластмасса ва ундан тайёрланган буюмлар, хизматлар, тўқимачилик ҳамда органик кимёвий маҳсулотлар, кофе, чой, ширинлик ва доридармон юборади. 1993 йилнинг 18 октябр да имзоланган ҳужжат асосида ЎзР ва Э. Ислом Республикаси ўртасида Савдоиқтисодий ва илмийтехникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ташкил этилган. Ўзбекистонда Эрон сармояси иштирокида ташкил этилган 53 корхона бор, улардан 40 таси қўшма корхона, 13 таси эса 100% Э. сармояси асосида иш олиб бормоқда. Мазкур корхоналар асосан халқ истеъмоли моллари, қандолат, тикувчилик ва қ. х. маҳсулотлари, қурилиш материаллари ҳамда гиламлар и. ч, шунингдек, юк ташишга ихтисослашган. Ўзбекистоннинг экспорт юкларини жаҳон бозорларига олиб чиқишда Эрон транспорт коммуникацияларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Ўзбекистон темир йўлчилари фаол иштирок этган Тажан — Сарахс — БандарАббос т. й. йўналишининг ишга туширилиши (1996) Ўрта Осиёда жойлашган давлатларга Форс қўлтиғи орқали жаҳон бозорига чиқиш имконини берди. 1993 йил 17 мартда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ва Эроннинг фуқаро авиацияси ташкилоти томонидан икки мамлакат ўртасида ҳаво қашовини йўлга қўйиш бўйича Англашув меморандуми имзоланди. 1994 йил авг. дан бошлаб «Эрон эйр» авиакомпаниясининг ҳаво кемалари ҳафтасига бир марта Теҳрон — Тошкент — Теҳрон йўналиши бўйича мунтазам ҳаво қатновини амалга оширмоқда.

2002 йил Самарқанд шаҳридаги Панжоб маданият маркази қошида Эрон билан ҳамкорликда Панжоб шифохонаси очилган. Шунингдек, Самарқандда Эроннинг «Доктор Обидий» фармацевтика ширкати билан қўшма корхона тузилган.

Икки давлат ўртасидаги маданий ва маърифий алоқалар 1999 йил 8 сентябрда таъсис этилган «ЎзбекистонЭрон» дўстлик жамияти доирасида олиб борилмоқда.

Ойбек Эшонов.


Кирилл алифбосида мақола: ЭРОН ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Э ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ЭСТОНИЯ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
АФҒОНИСТОН
БУЮК БРИТАНИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты