ЭСТОНИЯ

ЭСТОНИЯ, Эстония Республикаси — Шарқий Европада, Болтиқ денгизи бўйидаги давлат. Майд. 45,2 минг км2. Аҳолиси 1,408 млн. киши (2003). Пойтахти — Таллин шаҳри Маъмурий жиҳатдан 15 уездга бўлинади.

Давлат тузуми. Эстония — парламентли республика. Амалдаги конституцияси 1992 йил 3 июлда кучга кирган. Давлат бошлиғи — президент (2001 йилдан Арнольд Рюйтель), у Давлат кенгаши томонидан яширин овоз бериш йўли билан 5 йил муддатга сайланади. Кетмакет икки муддатга сайланиши мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни 1 палатали парламент — Давлат кенгаши (Рийгикогу), ижрочи ҳокимиятни бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Эстония ҳудуди Шарқий Европа текислигининг шим. ғарбий қисмида жойлашган. Эстония қирғоқ чизиғининг уз. 3780 км. Қирғоқлари, айниқса, ғарбий ва шим. ғарби кўп парчаланган, қўлтиқ ва қўлтиқчалар кўп. Эстония ҳудудида 1500 дан ортиқ орол ва оролча бор. Ер юзасининг катта қисми пасттекислик (ўртача бал. 50 м). Ғарбий қисми ва Ғарбий Эстония архипелаги ороллари ҳамда шарқий чеккаси (Чудь кўли соҳили)нинг аксарият қисми пасттекислик (энг йириги торфли ботқоқликлардан иборат Ғарбий Эстония пасттекислигидир). Эстониянинг шим. ва марказий қисми бал. 160 м гача бўлган тўлқинсимон текислик. Виртсъярв қўлидан жан. шарқда Эстония ҳудудининг энг баланд қисми — Хаанья (бал. 318 м), Отепя қирлари, улардан ғарбда Сакала қири бор. Шим. ва марказий қисмида морена ётқизиғи бор. Асосий қазилма бойликлари: ёнувчи сланец, фосфорит, қурилиш материаллари, торф, сапропел, шифобахш балчиқлар. Иклими денгиз икдимидан континенталликка ўтувчи оралиқ иқлим, шарқи ва жан. шарқида континенталлик ортиб боради. Таллинда фев. нинг ўртача т-раси — 5,5°, июлники 16,6°. Ииллик ёғин 600—700 мм; энг кўп ёғин жан. шарқда ёғади. Эстонияда сув тармоқлари зич; 420 дарё бор. Барча дарёларнинг умумий уз. 31,2 минг км. Энг йириклари: Пярну, Эмайиги, Нарва, Казари. Эстония кўл ва сув омборлари майдони бўйича Болтиқ бўйи давлатлари орасида 1 ўринда туради; умумий майд. 2130 км2 дан ортиқ 1000 дан зиёд кўл ва сув омборлари бор. Энг йирик кўллари: ЧудьПсков, Виртъсярв. Нарва сув омбори бор. Тупроқдари, асосан, чимлиподзол, чимли карбонатли, ботқоқлашган ва ботқоқ тупроқлар. Эстония аралаш ўрмонлар зонасида жойлашган. Ҳудудининг 40% ўрмон; унинг 2/3 қисми игна баргли дарахтлар (қарағай, қорақарағай). Шим. ғарбий қисми ва оролларда кенг ўтлоқлар бор. Ҳайвонот дунёси хилмахил: сут эмизувчилардан лось, елик, қобон, малла қуён, оқ қуён, бўри, тулки; қушлардан қур, каклик, карқур, булдуруқ, иволга ва бошқалар яшайди. Денгиз соҳилида учиб ўтадиган қушлар (ғоз, ўрдак, оққуш, гагара) қўп. Денгизнинг соҳилга яқин сувлари овланадиган балиқ турларига бой. Эстония ҳудудида Вийдумяэ, Вильсанди, Матсалу, Нигула қўриқхоналари, Лахемаас миллий боғи бор.

Аҳолиси. Асосий аҳолиси эсшонлар; шунингдек, рус, украин, белорус, фин ва бошқалар ҳам яшайди. Расмий тил — эстон тили. Диндорларнинг аксарияти лютеранлар ва православлар. Шаҳар аҳолиси 71,5%. Йирик шаҳарлари: Таллин, Тарту, Нарва.

Тарихи. Мил. ав. 3-минг йилликда Эстония ҳудудида финугор қабилалари яшаган. Мил. ав. 2-минг йиллик ўрталарида жездан, 1-минг йиллик ўрталарида эса темирдан асбоблар ишланган. Шу даврга келиб болтиқ бўйи фин қабилалари (эстлар ва ливлар)нинг уюшуви бошланди. 2-минг йиллик бошида савдо марказлари, гаванлар [Таллин, Тарту (Юрьев)] пайдо бўлди. қадимий қабилаларнинг ҳудудий уюшмаси ва уларнинг иттифоқи вужудга келди. Эстон элати шакллана бошлади. 1030—61 йилларда Эстониянинг жан. шарқий қисми Киев Русига қарам бўлди. 13-асрдан бошлаб немислар, кейинчалик данияликлар агрессияси натижасида Эстонияда давлат шаклланиши жараёни тўхтаб қолди. 13-асрнинг 2-ярми — 16-асрнинг ўрталарида немис салибчилари томонидан босиб олинган Эстония ҳудуди Ливониянинг бир қисми бўлиб қолди. 1558 йил янв. да Россия Ливон урушиии бошлади. Рус қўшинларидан енгилган Ливон ордени тарқалиб кетди. 1572—77 йилларда Россия Эстониянинг барча қисмини (Таллин ва ороллардан ташқари) босиб олди, аммо Речь Посполита ва Швеция қўшинларининғ қарши ҳужуми (1580 — 81) натижасида Шим. Эстония (Эстляндия) Швецияга, Жанубий Эстония Речь Посполитага ўтди, Сааремаа о. Данияда қолди. Швеция билан Речь Посполита ўртасидаги урушлар (1600 — 11, 1617—29) натижасида 1625 йилга келиб Швеция Эстониянинг барча материк қисмини босиб олди. 1645 йил Сааремаа о. ҳам Швецияга ўтди. 1656—58 йилларда Россия — Швеция урушлари оқибатида Шарқий Э. Россияга қўшиб олинди, аммо 1661 йил урушдан аввалги чегара қайта тикланди. Швецияга қарашли Болтиқ бўйи Эстляндия (Шим. Эстония) ва Лифляндия (Жанубий Эстония ва Шим. Латвия) губернияларига бўлинди. Шимолий уруш (1700—21) натижасида Эстониянинг барча қисми Россияга қўшиб олинди. Бу 1721 йилги Ништадт сулҳ шартномаси билан расман тасдиқланди. 1917 йил апр. да эстон ерлари мухторият мақомидаги алоҳида провинция қилиб ажратилди. 1917 йил октябр охирида шўро ҳокимияти ўрнатилди. 1918 йил 24 фев. да Эстония мустақиллиги эълон қилинди. 1918 йил 29 нояб. дан 1919 йил 5 июнгача Эстония совет республикаси (Эстляндия меҳнат коммунаси номида) мавжуд бўлди. 1919 йил 19 майда Таъсис мажлиси Эстония республикаси тузилганлигини эълон қилди; 1934 йил мартда давлат тўнтариши амалга оширилди ва диктатура ўрнатилди, парламент тарқатиб юборилди. 1935 йил барча сиёсий партиялар фаолияти тақиқланди. 1940 йил июлда Эстония ҳудудига совет қўшинлари киритидди. 1940 йил 21 июлда Эстония ССР тузилди. 1940 йил 6 авг. да СССР таркибига қўшиб олинди ва эстонларнинг бир қисми депортация қилинди. 1941 йил дек. дан немисфашист қўшинлари томонидан босиб олинди; 1944 йил озод қилинди. 1988 йил 1—2 дек. да Эстония халқ фронти тузидди; у ўз олдига Эстония мустақиллигини тиклаш вазифасини қўйди. 1990 йил 8 майда Эстония ССР Олий Кенгаши Эстония Республикасини эълон қилди. 1991 йил 20 авг. да Э. Олий Кенгаши Э. Республикасининг миллий мустақиллиги тўғрисида қарор қабул қилди. Эстония 1991 йилдан БМТ аъзоси. 1992 йил 20 фев. да ЎзР суверенитетини тан олган ва 1994 йил 10 октябрда дипломатия муносабатлари ўрнатган. Миллий байрами — 24 фев. — Мустақиллик куни (1918).

Асосий сиёсий партия ва бирлашмалари, касаба уюшмалари. «Республика» партияси, 2001 йил дек. да тузилган; Э. бирлашган халқ партияси, 1994 йил ташкил этилган; Ислоҳотлар партияси, 1994 йил асос солинган; Мўътадиллар партияси, 1996 йил тузилган; Ватан иттифоқи, 1995 йил ташкил этилган; Э. центристлар партияси, 1992 йил асос солинган; Э. халқ иттифоқи, 2000 йил тузилган. Эстония касаба утошмалари марказий иттифоқи, 1989 йил дек. да ташкил этилган. Хўжалиги. Эстония — индустриалаграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда саноат 24,3%, қ. х. 6,2%, хизмат кўрсатиш тармоғи 69,5% ни ташкил этади. Иқтисодиётда сланец ва фосфорит қазиб олиш муҳим ўрин тутади.

Саноати маҳаллий табиий ресурслар, биринчи навбатда фойдали қазилмалар ҳамда ўрмон ва денгиз бойликлари, қ. х. хом ашёсидан фойдаланиш асосида ривожланмоқда. Сланец қазиб олиш ва уни қайта ишлаш, машинасозлик ва металлсозлик (электротехника, радиотехника, приборсозлик ва кема таъмирлаш), кимё (минерал ўғит, олтингугурт кислотаси, ювувчи воситалар ишлаб чиқариш), ёғочсозлик, мебель, целлюлозақоғоз, енгил (тўқимачилик ва бошқалар) ва озиқовқат (гўшт-сут, балиқ, қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш) саноатнинг етакчи тармоқларидир. Қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Йилига ўртача 9,2 млрд. кВтсоат электр энергияси ҳосил қилинади.

Қишлоқ хўжалиги гўшт-сут чорвачилиги (қорамол, қўй, чўчқа боқилади) ва тузланган ҳамда дудланган чўчқа гўшти етиштиришга ихтисослаштирилган. Деҳқончиликда донли (42,2%; буғдой, арпа, жавдар) ва емхашак экинлар, картошка, сабзавот экилади. Паррандачилик, мўйнали даррандачилик ва асаларичилик ривожланган.

Транспортининг асосий турлари т. й. ва автомобиль транспорти. Т. й. узунлиги 1,02 минг км, автомобиль йўллари уз. 15 минг км (ҳаммаси қаттиқ қопламали). Асосий денгиз портлари — Таллин, Новоталлинский. Эмайиги дарёсида кема қатнайди. Эстония четга электротехника ва радиоэлектроника саноати маҳсулотлари, саноат жиҳозлари, химикатлар, озиқовқат ва истеъмол моллари, ўрмон ва ёғочсозлик саноати маҳсулотлари чиқаради. Четдан нефть ва газ, машинасозлик саноати маҳсулотлари, хом ашё олади. Ташқи савдода Россия, Шарқий ва Ғарбий Европа давлатлари ва бошқалар билан ҳамкорлик қилади. Пул бирлиги — эстон кронаси.

Тиббий хизмати. Врачлар Тарту ун^ тининг тиббиёт фтида, ўрта тиббиёт ходимлари Таллин, Тарту, КохтлаЯрведаги тиббиёт билим юртларида тайёрланади. Пярну шаҳрида иқлим ва балчиқ, Хаапсулада балчиқ, НарваЙиэсуу ва Курессааре шаҳриларида иқлим курортлари бор. Бундан ташқари, бир қанча санаторий ва дам олиш уйлари мавжуд.

Маорифи, илмий ва маданиймаърифий муассасалари. Эстония ҳудудида дастлабки мактаблар 13—14-асрларда монастирлар қошида пайдо бўлган. Эстонияда мажбурий 8 йиллик таълим жорий этилган. Мамлакатдаги 600 га яқин умумий таълим мактаби, 30 дан зиёд ўрта махсус ўқув юртларида 200 мингдан ортиқ ўқувчи, 6 олий ўқув юрти (Тарту университети, Таллин техника унти, Таллин пед. институти, Эстония теология инти, Эстония қ. х. академияси, консерватория) да 20 мингдан зиёд талаба таълим олади. И. т. лар Эстония фанлар академияси ин-т ва илмий муассасаларида олиб борилади. Шунингдек, қурилиш, ўрмон хўжалиги ва табиатни муҳофаза қилиш, педагогика илмий текшириш институтлари ҳам мавжуд. Эстонияда 700 га яқин кутубхона бор. Йириклари: Таллиндаги Давлат кутубхонаси, Тарту ун-ти илмий кутубхонаси, Таллиндаги илмийтехника кутубхонаси. 60 га яқин музей мавжуд. Йириклари: Таллиндаги Кардиорг саройи, Пётр 1 уймузейи, Тарихий музей, ўлкашунослик музейи, Тартудаги шаҳар тарихи музейи, ун-т тарихи музейи, адабиёт музейи, О. Лутс уймузейи, Вирудаги Ф. Р. Крейцвальд уймузейи, КохтлаЯрведаги сланец музейи.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Эстонияда бир қанча газ. ва жур. нашр этилади. Асосийлари: «Культуур я элю» («Маданият ва ҳаёт», эстон тилидаги ойлик жур, 1858 йилдан), «Маалехт» («Мамлакат», эстон тилидаги ҳафтанома, 1987 йилдан), «Молодежь Эстонии» («Эстония ёшлари», рус тилидаги кундалик газ., 1950 йилдан), «Рахва хяяль» («Халқ овози»), эстон тилидаги кундалик газ., 1940 йилдан), «Эстония» (рус тилида ҳафтада 5 марта чиқадиган газ., 1940 йилдан), «Ээсти найни» («Эстония хотин-қизлари», эстон тилидаги ойлик жур., 1924 йилдан), «Ээсти экспресс» («Эстония экспресси», эстон тилидаги ҳафтанома, 1989 йилдан). ЭТА, Эстония телеграф агентлиги, 1918 йил ташкил этилган; Болтиқ янгиликлар хизмати, хусусий ахборот агентлиги, 1990 йил тузилган. Эстония радиосига 1926 йил, Эстония телевидениесига 1955 йил асос солинган.

Адабиёти. 19-аср ўрталаригача эстон халқининг маънавий ҳаёти халқ оғзаки ижодиёти (халқ қўшиқлари, эртак, мақол, матал ва топишмоқлар)да ўз ифодасини топди. Биринчи ёзма ёдгорликлар 16-асрга оид. 17—18-асрларда диний руҳдаги асарлар юзага келди. 18-аср охири — 19аср бошларида дидактик дунёвий адабиёт вужудга келди. Эстон миллий адабиёти 19-аср ўрталарида пайдо бўлди. Маърифатпарвар ёзувчи Ф. Р. Фельман, халқ оғзаки ижоди аоссида «Калевипоэг» достонини яратган Ф. Р. Крейцвальд унинг асосчиларидир. 1860—80 йиллар адабиётида халқ романтизми ва ватанпарварлик лирикаси устунлик қилди, драматик асарлар ва романтик тарихий қиссалар яратилди. 1890-й. ларда танқидий реализм шаклланди. Э. Вильденинг «Аёз мамлакатига» (1896) ва «Темир қўллар» (1898) романлари эстон адабиётида танқидий реализм йўналиши ва роман жанрига асос бўлди.

1900-й. лар бошида пролетар адабиёти ва сиёсий сатира пайдо бўлди (Х. Пегельман, Ю. Лишенбах, Ээссаару Ааду). Ф. Туглас, Г. Суйтс каби адиблар неоромантизм вакилларидир. 1919 йилдан кейин эстон адабиётига немис экспрессионизми муҳим таъсир кўрсатди. Насрда реалистик услуб неоромантик, импрессионистик ва символистик шакллардан тобора устун кела бошлади (А. Х. Таммсааре, М. Метсанрук, М. Ундер, О. Лутс, Х. Виснапуц, И. Барбарус, А. Гайлит, йилСемпер, А. Якобсон, Ю. Сютисте асарлари). 2-жаҳон уруши йиллари (1939 — 45) адабиётга Д. Вааранди, Р. Парве, Э. Мянник ва бошқалар кириб келди. Урушдан кейинги йилларда шоирлар М. Рауд, йилСемпер, Ю. Смулл, ёзувчилар А. Хинт, Р. Сирге, Г. Леберехт, Э. Крустен, драматурглар А. Якобсон, Э. Раннет ва бошқалар самарали ижод қилдилар. 1960 — 80 йилларда шоир ва ёзувчиларнинг янги авлоди адабиётга замонавий фалсафийахлоқий масалаларнй олиб кирди. Бу даврда адабиётга Э. Беэкман, Э. Ветемаа, М. Траат, А. Валтон ва бошқалар ёзувчилар кириб келди.

Меъморлиги. Эстония ҳудудидаги қадимий меъморлик иншоотлари мил. ав. 3 ва 2-минг йилликларга тааллуқли. Мил. ав. 1-минг йилликда мустаҳкамланган шаҳарчалар (Асва, Иру, Ридала), мил. 1-минг йиллик бошларида эса қишлоқлар пайдо бўдди. 13-асрдан тош меъморлиги, хусусан, қалъалар (Таллиндаги Вишгород қалъаси, 13—14-асрлар), мустаҳкамланган черковлар (Вальяла, 13-аср; Карья, 14-аср) қуриш авж олди. 14-асрдан готика услубида черков, ратушалар барпо этилди. 16-асрнинг 1-ярмида Уйғониш даври йўналишлари ҳам пайдо бўдди. 1640-й. ларда Эстония меъморлигига барокко услуби кириб кела бошлади [Нарвадаги ратуша (1670) ва биржа (1704); Таллиндаги Кадриорг саройбоғ мажмуаси (1718—25, меъморлар Н. Микетти, М. Земцов)]. Классицизм услуби даврида жамоат бинолари (Тарту ун-ти биноси, 1803—09, меъмор И. Краузе) ва қўрғонлар қурилди. 19-аср 2-ярми меъморликда эклектизм, 20-аср бошларида модерн (миллий романтик йўналиш билан), функционализм ёйилди. 1960-й. лардан бошлаб янги турар жой мажмуалари қурилди [Таллиндаги Мустамяэ (1961 йилдан, меъморлар В. Типпель, Л. Петтай ва бошқалар), ВяйкеИйсмяэ (1973 йилдан, меъморлар М. Порт, М. Меэлак ва бошқалар) массивлари]. Қишлоқ қурилиши ривожланди (Янедас сзтехникумининг ўқув корпуси, 1974, меъмор В. Пормейстер; Виру туманидаги «Линда» кзи идораси, 1972, меъмор Т. Рейн), турар жой ва жамоат бинолари барпо этилди [Таллинда «Виру» (1972, меъморлар Х. Сепманн, М. Порт ва бошқалар) ва «Олимпия» (1980, меъморлар Т. Каллас, Р. Керстен ва бошқалар) меҳмонхоналари, Парус спорти маркази (1980, меъморлар X. Сепманн, П. Янес, Х. Лоовеэр ва бошқалар), Маданият ва спорт саройи (1980 — 81, меъморлар Р. Карп, Р. Алтмяэ ва бошқалар), Тартуда «Ванемуйне» театри (1967—70, меъморлар А. Вольберг, П. Тарвас, У. Тельпус ва бошқалар)].

Тасвирий санъати. Эстон халқининг қадимий бадиий ижодиёти, асосан, деҳқонларнинг амалий безак санъатида ўз аксини топди (кулоллик, суяк ва металл буюмлар ясаш, тош ва ёғоч ўимакорлиги, қўлда тўқиш, терига нақш солиш). Готика, Уйғониш даври ва барокко санъати даврида деворий (фрескалар) ҳамда дастгоҳ рассомлиги, шунингдек, тош ва ёғоч ўймакорлиги кенг ёйилди.

19-аср 1-ярмида портрет ва манзара жанрлари, графика ривожланди. 19-аср 60-й. ларидан профессионал санъат тараққий этди. Миллий рассомлик мактабининг асосчиси йилКёлер, ҳайкалтарошлик мактабининг асосчиси А. Вейценбергдир. 19-аср — 20-аср ўрталарида рассомлар А. Лайкмаа, К. ва П. Рауд, Н. Трийк, ҳайкалтарошлар А. Адамсон ва Я. Коорт ижоди диққатга сазовор. 1920-й. ларда Эстония санъатининг ривожланишида Тартудаги «Паллас» бадиий мактаби катта роль ўйнади. Бу даврда рассомлар А. Йохани, К. Лийманд, график Х. Мугасто, ҳайкалтарошлар Я. Коорт, Ф. Саннамеэс, В. Меллик ва бошқалар ўз асарларини яратдилар. 1940-й. лардан кейин рассомлар Э. Окас, Э. Китс, Н. Кормашов, Л. Микко, графиклар Г. Рейндорф, Э. Эйнманн, А. Бах, В. Толли, П. Улас, ҳайкалтарошлар А. Старкопф, Э. Роос, А. Каазик, М. Варик самарали ижод қилдилар. Амалий безак санъати усталари М. Адамсон, Э. АдамсонЭрик, М. Роосма, Л. Эрм, М. Ряэк ва бошқалар ўз ижодлари билан шуҳрат қозондилар.

Мусиқаси. Эстон халқ қўшиқ (руно)лари, асосан, бир овозли. Чолғу мусиқаси халқ рақслари (полька, рейнлендер ва бошқалар) билан боғланган. Мусиқа чолғулари: варган, турли найлар, волинка, конуссимон каннель, буғсимон било ва 18-асрдан скрипка пайдо бўлди. 19-асрда гармон кенг тарқалди. 1857—61 йилларда миллий қўшиқлар тўла нашр этилди («Калевипоэг», Ф. Крейцвальд). Профессионал мусиқа дастлаб черков мусиқаси билан бирга ривожланди. 19-асрда биринчи хор ва ҳаваскор пуфлама созлар оркестрлари ташкил этидди. 1869 йилдан анъанага айланиб қолган миллий қўшиқ байрамлари ўтказилади. Хор мусиқаси биринчи профессионал композиторлар (И. Каппель, К. Тюрину, М. Хярма) ижодида ҳам етакчи мусиқа бўлган. Р. Тобиас симфоник ва вокалсимфоник мусиқалар яратди. 20-аср 1-ярмида А. Капп, Х. Эллер, М. Людиг, Э. Оя симфоник ва камер асарлар, М. Саар, К. Креэк ва бошқалар хор мусиқасини яратдилар. Э. Аав, А. Лемба, А. Ведро эстон операси, Э. Тубин эстон балети асосчиларидир. Эстон мусиқа маданияти гуллабяшнаши Э. Капп, Г. Эрнесакс ижоди билан боғлиқ. 1950-й. ларнинг ўрталарида композиторларнинг янги авлоди (Э. Тамберг, В. Тормис, Я. Ряэтс, А. Пярт) мусиқанинг мазмундорлигини янги воситалар билан бойитдилар. Ижрочилар ўртасида хонандалар — Т. Куузик, Г. Отс, Х. Крумм, Т. Майсте, И. Кууск, М. Войтес, А. Кааль, У. Таутс, дирижёрлар — Н. Ярви, Э. Клас, Р. Матсов, Г. Эрнесакс, О. Оя ва бошқалар, скрипкачилар — В. Алумяэ, Ю. Геррец, пианиночилар — Б. Лукк, К. Рандалу ва бошқалар машҳур. Эстонияда «Эстония» давлат академик опера ва балет театри (1906 йил ташкил этилган, Таллин), Эстония академик эркаклар хори (1944), филармония, консерватория (1919 йил асос солинган, Таллин), мусиқа билим юртлари (Таллин, Тарту), Давлат симфоник оркестри ишлайди.

Театри. Дастлабки театр томошалари 16-асрда лотин тилида, 17-асрда немис тилида кўрсатилган. 1665 йил биринчи хусусий театр пайдо бўлди. 1784 йил маҳаллий зиёлилар Таллинда ҳаваскор театр ташкил этдилар. 1870 йил Тартудаги «Ванемуйне», Таллиндаги «Эстония» жамиятлари ҳузурида миллий ҳаваскор театрлар ташкил этилди ва улар 1906 йилдан профессионал театрларга айланди. Бу театрларда мусиқали драма спектакллари, чет эл классиклари, миллий драматурглар асарлари саҳналаштирилди. 1920—30 йиллар Таллинда Драма театри (1916—24), «Тонгги театр» (1920—24), «Драмстудио» (1924 йил ташкил этилган, 1937, йилдан Эстон драма театри, 1952 йилдан драма театри), Ишчи театри (1926 — 41), Пярнуда «Эндла» (1911—53, кейинчалик Драма театри), Нарвада Нарва театри (1928—40) ишлади. Кейинги йилларда театр санъати янада тараққий этди. Эстонияда Давлат қўғирчоқ театри, Давлат академик театри, «Эски шаҳар студияси» (ҳаммаси Таллинда), Тартудаги «Ванемуйне» давлат академик театрининг драматик труппаси, Пярнудаги театр ва бошқалар театрлар фаолият кўрсатади. Театр арбобларидан К. Ирд, К. Карм, А. Лаутер, Ю. Ярвет ва бошқалар машҳур.

Киноси. Эстония ҳудудида дастлабки киносюжетлар француз фирмалари томонидан суратга олинди (1908—14). 1914 йил фотограф Я. Пязуке биринчи эстон бадиий фильмини яратди. 1920-й. ларда бир қанча хусусий кинофирмалар фаолият кўрсатди. «Ўтмиш кўланкалари» (1924) ва «Румму Юри» (1929) фильмлари профессионал равишда суратга олинган дастлабки фильмлардир. 1930 йил К. Мярска биринчи марта «Олтин қўнғиз» номли овозли фильмни яратди. 2-жаҳон урушидан кейин эстон кинематографчилари «Ленфильм» киностудияси билан биргаликда «Қўрғон ичидаги ҳаёт» (1947) ва «Андрус бахти» (1955) фильмларини суратга олдилар (икк&тасининг реж. Г. Раппапорт). Кейинчалик эстон кино усталари «Хавфли бурилишлар» (1961, реж. лар Ю. Кун, К. Кийск), «Ярим кунлик паром» (1968), «Ўлим қадрини мурдалардан сўра» (1977; иккала фильмнинг реж. К. Кийск), «Ўрмондаги булоқ» (1973, реж. Л. Лайус), «Яшаш ва севиш даври» (1976, реж. В. Кяспер), «Нима эксанг…» (1980, реж. П. Симм) каби фильмларни экранга чиқардилар. Кино актёрлари орасида Э. Киви, Э. Кулль, Р. Аллаберт, Т. Карк, Л. Ульфсак, О. Эскола ва бошқалар машҳур.

Ўзбекистон — Э. муносабатлари. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 1994 йил иккала давлат ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилди. Томонлар бир қатор ҳукуматлараро шартнома ва битим лойиҳаларини кўриб чиқмоқдалар. Маданий соҳада муносабатларни йўлга қўйиш мақсадида «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқалар жамоат ташкилотлари кўмаги билан Тошкентда «Ўзбекистон — Эстония» дўстлик жамияти тузилди. 2003 йил ЎзР билан Эстония ўртасидаги товар айланмаси 2,1 млн. АҚШ долларини, жумладан, экспорт 1,1 млн. АҚШ долларини, импорт 1 млн. АҚШ долларини ташкил этди.


Кирилл алифбосида мақола: ЭСТОНИЯ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Э ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ЭРОН
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
БУЮК БРИТАНИЯ
БЕЛОРУССИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты