ОЛТИН САНОАТИ, олтин қазиб чиқариш саноати — кон саноатининг туғма ва сочма конлардан олтин қазиб олувчи тармоғи. Олтин қазиш жуда қадим даврдан маълум. Турли мамлакатларда: Гана (1471), Мексика (1500), Перу, Чили (1532), Бразилия (1577), Россия (Урал, 1745), Канада (Квебек, 1823), АҚШ (Калифорния, 1848; Колорадо, 1858; Аляска, 1890), Австралия (1851), ЖАР (1884) ва б. мамлакатлар ҳудудларида ўрта асрлардан бошлаб бой олтин конлари топилган ва қазиб олинган. 19-а. нинг охири ва 20-а. нинг бошларида йирик олтин конларининг очилиши ва техниканинг умумий тараққиёти Олтин саноатининг ривожла-нишига замин яратди. Дунё бўйича 15-а. да 763 т, 17-а. да 914 т, 18-а. да 1890 т, 19-а. да 11616 т олтин олинди.
Ўрта Осиёда, хусусан, ҳоз. Ўзбекистон ерларида олтин қазиб олиш ва ундан турли тақинчоклар, заргарлик бу-юмлари, безаклар ясаш мил. ав. 6—5-а. лардаёқ мавжуд бўлганлиги археоло-гик топилмалардан маълум. Тарихда Ўзбекистон ҳудудида 5-а. гача, 5—12 – а. ларда ва 17— 20-а. ларда олтин қазиб олинган 30 дан ортиқ кўхна олтин конлари бўлгани аникланган. Тугма (эркин учрайдиган) олтин конларини ўзлаш-тиришга қадар олтин, асосан, сочма конларда ибтидоий усулларда — олтин зарралари аралаш қумни қўй териси қопланган ёғоч тоғораларда ювиб, аж-ратиб олинган. Сочма олтин олиш 10 — 11-а. ларда Чатқол, Чирчиқ, Норин, Косон, Сўх, Зарафшон, Дарвоз дарёлари водийларида олиб борилганлиги ҳақида манбаларда маълумотлар бор. Ўрта асрларда олтинли қумларни ювиш б-н бирга мўғуллар босқинига қадар Чатқол — Қурама, Нурота тоғларида, Марказий Қизилқумдаги конлардан туғма олтин қазиб олинган. Мўғуллар босқинидан кейин Ўрта Осиёда кон қазиш ишлари аста-секин инқирозга юз тутди, кўпгина олтин конлари унутилди.
Ўрта Осиёнинг минерал хом ашё ресурсларини ўрганишда 19-а. нинг охирги чорагида жиддий ишлар олиб борилди: ўлканинг барча жойларида тадқиқотлар ўтказилди, геологик хариталар тузилди, айрим конлар тавсифланди. 1917 й. гача Чирчиқ, Писком ва Чатқол дарёлари водийларида кичик-кичик олтин изловчилар корхоналари олтин олиш билан шуғулланганлар, 1913—17 й. ларда Обираҳмат дараси (Тошкент вилояти)даги «Николай» олтин конидан фойдаланилган. 1930-й. лар бошида «Ўзбеколтинноёбмет» трести ташкил этилди. Ўша йиллари Оҳангарон, Чирчиқ дарёлари водийларида, Қурама тоғларида олтин изловчилар олтинни қумни ювиш усулида ажратиб олар, йиллик олтин бир неча ўн кг дан ошмас эди. Кейинчалик ўша жойларда рудали олтин конлари топилди. 1941—45 й. ларда олтин изловчилик (артель) йўли билан олтин ажратиб олиш жадал олиб борилди, олинган йиллик олтин микдори қарийиб 50 кг га етди. 1950 й. сочма олтин излаш ишлари тўхтатилди. 1950-й. лардан рудали олтин конларини излаш ва разведка қилиш бўйича олиб борилган фундаментал тадқиқотлар натижасида Қорақўтон, Бичанзор, Пирмироб, Ғўзаксой, сўнгра Қўшбулоқ, Мурунтов, Чормитон, Маржонбулоқ, Каулди, Кизилолмалисой, Сармич ва б. руда конлари то-пилди.
1965 й. СССР рангли металлургия вазирлигига бўйсунувчи «Ўзбеколтин» бирлашмаси ва б. олтин қазиб олиш корхоналари ташкил этилди. Қазиб олган флюс рудаларидан Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг мис эритиш з-дида олтин ажратиб олиш йўлга қўйилди. 1970 й. да Чодак олтин кони ишга туширилди. Ўша вақтдан республикада Олтин саноати шаклланди, олтин олиш олдинги йилларга нисбатан 3 марта кўпайди. 1972 й. Қўшбу-лоқ кони ва Ангрен олтин ажратиш ф-каси лойиҳа қувватларида ишлай бошлади. 1977 й. Каулди, 1980 й. Мар-жонбулоқ олтин қазиб олиш мажму-аси, 1989 й. Зармитан ва Қизилолмалисой конлари фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон мустақилликка эришиши б-н Ўзбекистон ҳукумати узоқ йиллар давомида СССРнинг Марказий ҳукумати ихтиёрида бўлган олтин қазиб олиш саноатини республика мустакиллигини мустаҳкамлаш йўлида ривожлантириш бўйича бир қанча ташкилий чораларни кўрди.
Ўзбекистон ривожланган кон қазиб олиш саноати ҳамда йирик ресурс потенциалига эга бўлиб, 1999 й. дан эътиборан йиллик олтин қазиб чиқаришни кескин кўпайтирди. Республика олтин қазиб олиш саноатининг йирик маркази «Қизилқумнодирметалл-олтин» концернининг (1991) бош корхонаси — Навоий кон-металлургия комбинатияпр. Олтин қазиб олиш бўйича «Зарафшон-Ньюмонт» Ўзбекистон-АҚШ қўшма корхонаси 1995 й. дан бошлаб самарали фаолият юргизиб келмокда. Корхона йилига 10 т дан зиёд олтин ишлаб чикаради.
1995 й. Марказий Қизилқумдаги Амантайтов олтин конини ўзлаштириш мақсадида Буюк Британиянинг «Оксус Майнинг» компанияси билан ҳамкорликда «Амантайтау Гольфилдз» (АГФ) қўшма корхонаси тузилди. Лойиҳанинг илк босқичи амалга оширилиши билан кўзда тутилган и. ч. унумдорлигига эри-шилади. Чормитон олтин конини ишга тушириш кўзда тутилаётган «Малтиплекс Майнинг» (Австралия) компанияси билан ҳамкорликда Зармитан лойиҳаси ҳам ниҳоясига етказилмоқда. Йилига 9 т олтин и. ч. имкониятини бера-диган ушбу лойиҳани амалга ошириш учун сарфланган дастлабки инвестиция ҳажми 69,8 млн. АҚШ долларини ташкил этди (2003).
Тошкент ва Наманган вилоятларида жойлашган конларда олтин казиб чиқариш ишлари Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилади. Унинг таркибида Ангрен, Каулди ва Чодак кончилик корхоналари, Ангрен ва Чодак олтин ажратиш фабрикалари фаолият кўрсатади.
Ўзбекистон олтини асиллик даражаси (пробаси) жиҳатдан жаҳонда олдинги ўринларни эгаллайди. Ўзбекистон Олтин саноати еда бир йилда 80 т атрофида олтин ишлаб чикарилади. 1994 й. да Навоий кон-металлургия к-тида олинган олтин ёмбилар Лондон рангли металлар биржасининг сертификатини олган (яна қ. Заргарлик саноати, Рангли металлургия).
Нурмуҳаммад Аҳмедов, Юрий Парамонов.