ЎҒИТ — таркибида ўсимликлар учун зарур озиқ элементлар бўлган ёки тупроқдаги озиқ моддаларни ҳаракатга келтирадиган органик ёки анорганик моддалар. Ўғит деганда ўсимликнинг озиқ элементлари билан бирга, тупроққа солинганда озиқ элементларини ишга солишга ёрдам берадиган бактериал препаратлар, тупроқ структураси, кимёвий ва биологик хусусиятларини яхшилайдиган пқепаратлар ҳам тушунилади. Одам У. ларни қўллаб ўсимликлар учун ижобий озиқланиш баланси яратади, тупроқдаги моддалар айланишига фаол аралашади. Кимёвий таркибига қараб Ўғит органик, минерал ва бактериал бўлиши мумкин. Органик Ўғитга гўнг, торф, шарбат, ҳар хил компостшр, қ. х. ишлаб чиқариши, саноат ва шаҳар хўжалиги чиқиндилари ҳамда кўкат ўғитлар киради. Органик Ўғит таркибида ўсимликларнинг озиқ минерал элементлари (азот, фосфор, калий, микроэлементлар ва бошқалар) ҳамда органик моддалар бўлади. Минерал Ўғитга азотли ўғитлар, фосфорли ўғитлар, калийли ўғитлар, комплекс ўғитлар, оҳакли Ўғит, микроўғитлар ва бошқалар; бактериал Ўғитга нитрагин, азотобактерин, фосфорбактерин ва бошқалар тааллуқли. Бевосита хўжаликларда олинадиган Ўғит маҳаллий, кимёвий корхоналарда ишлаб чиқариладиган Ўғит — саноат ўғитлари деб аталади. Ўғит тупроққа солинади, ўсимликка пуркалади (баргидан озиқлантириш) ёки уруғликка ишлов беришда қўлланилади. Ўғитни кўп марталаб катта улушларда солиш ва тупроқни маданийлаштиришнинг бошқа усуллари (ишлов бериш, алмашлаб экиш ва бошқалар) тупроқ ҳосил бўлиши жараёнининг йўналишини ўзгартириши; янги тупроқ типчалари — юқори ҳосилдорлиги билан ажралиб турадиган маданийлашган (ҳар хил даражадаги) антропоген тупроқлар ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин. Ўғит тўғри солинганда ўсимликлар ўсишига, ривожланишига ижобий таъсир қилади, ҳосилни оширади ва маҳсулот сифатини яхшилайди. Ўғитнинг самарадорлиги қ. х. экинларининг биологик хусусияти, тупрокдаги озиқ элементлар миқдори ва бошқаларга боғлиқ. Ўғит Ўрта Осиё суғорма деҳқончилиги шароитида қ. х. экинлари ҳосилини оширишнинг асосий воситасидир. Ўғитни илмий асосланган меъёрларда ишлатиш унинг атроф муҳитга салбий таъсирини бартараф этишга ёрдам беради.
Собиржон Азимбоев.