ОҲОРЛАШ (тўқимачиликда) — танда ипига махсус модда (оҳор) шим-дириш. Оҳор крахмал кислоталар, ишқорлар, совун, ёғлар, глицерин, антисептик моддалар ва б. дан тайёрланади. Асосан жун, пахта, луб толаларидан иигирилган ип оҳорланади. Анча пишиқ, дағал иплар оҳорланмайди. Ўзбекистонда илгари оҳор буғдой унидан атала кўринишида тайёрланган ва латтада сузилган. Тўқиш учун дўконга солинган танда парралари (туклари) гула (тўқимачилик дастгоҳининг бир қисми)га ва тиғ тишларига ёпишиб қолиб, тўқишга халақит берган, ип салга узилаверган. Шу сабабли, тўқувчи тандага оҳор пуркаб, ип парраларини ётқизиб силлиқлаган. Шу жараён О. деб аталган. Ҳозир Оҳорлаш махсус оҳорлаш машиналарида бажарилади. Бунинг учун машинага бир неча танда ипи жойланади. Сўнгра ип оҳорли тоғорага ботирилади. Оҳор шимиб олган ип қуритиш барабанлари ёки қуритиш камерасида қуритилади. Оҳор ип сиртини силлиқлайди, уни пишиқлантиради. Оҳорланган ипдан тўқилган газлама кўркам, пишиқ чиқади.