ҚАМОҚҚА ОЛИШ — жиноят процессида жиноят иши бўйича дастлабки тергов қилиш ва судда ишни кўриш даврида эҳтиёт чораси тариқасида шахс озодлигини мажбурий чеклаш (тергов ҳибсхонасида) тарзидаги эҳтиёт чораларидан бири. Эҳтиёт чораси сифатида Қамоққа олиш гумон қилиниб ушлаб турилган шахсга ва айбланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 242модцасида белгиланган асослар мавжуд бўлганда қўзғатилган жиноят ишлари бўйича қўлланилади. Сўнгги йилларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилиши натижасида ушбу эҳтиёт чорасини қўллаш доираси чекланди. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси:
1) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутатига нисбатан; Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатига нисбатан; Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатларига нисбатан — қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда;
2) Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьясига нисбатан — Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг розилиги билан, Ўзбекистон Республикасининг бошқа судлари еудьяларига нисбатан — тегишлича Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ёки Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг розилиги билан; прокурор ва прокуратура терговчисига нисбатан — Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори розилиги билан қўлланилиши мумкин. Қамоқда сақлаб туриш муддати иш тергов қилинаётганда 3 ойдан ортиқ давом этиши мумкин эмас, алоҳида ҳолларда эса, 1 йилгача узайтирилиши мумкин. Қамоқда қонунга хилоф равишда сақлаб туриш туфайли шахсга етказилган зиён, башарти кейинчалик унга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган бўлса ёки реабилитация учун асослар бўлса, тўлиқ ҳажмда қопланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида»ги фармони (2005 йил 8 авг.) га кўра, жиноят содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларни Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи 2008 йил 1 янв. дан эътиборан судлар ваколатига ўтказилади. Анашуфармон билан Қамоққа олиш қонунда белгиланган бошқа эҳтиёт чораларини қўллаш самарасиз бўлган алоҳида ҳолатларда ва фақат жиноят ишлари бўйича судлар ёки ҳарбий судлар ваколатига мувофиқ уларнинг қарори бўйича амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Бу ҳол фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принципи ва нормаларига тўла мос келади. Зумрад Иноғомжонова.