КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚ — асосий ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар йиғиндиси, ҳуқуқ тизимининг етакчи соҳаси. Конституциявий ҳуқуқ нормалари давлатнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳудудий тузилиши, унинг фуқаролик жамияти ин-тлари билан муносабатлари тартибини, фуқаро ва шахс ҳуқуқ ҳамда эркинликлари амалга оширилишининг асосий тамойилларини, давлат ҳокимияти органлари тизимини белгилайди. Бир қанча мамлакатларда (жумладан, ЎзРда ҳам) ушбу ҳуқуқ соҳасини белгилаш учун давлат ҳуқуқи тушунчаси қўлланади.
Конституциявий ҳуқуқнинг асосий тамойиллари: бошқарувнинг республика шакли, инсон ва фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликларининг устунлиги, ҳокимиятларнинг бўлиниши. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузуми асосларини; инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, уларнинг кафолатларини; маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилишини; сайлов тизимини; ҳокимият тизими ва давлат органлари тизимини ташқил этиш ҳамда фаолиятининг асосий тамойилларини; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш асосларини мустаҳкамлайди. Конституциявий ҳуқуқ манбалари: Конституция, конституциявий қонунлар, халқаро ҳуқуқ нормалари, Олий вакиллик, ижро этувчи ҳокимият, маҳаллий вакиллик ва конституциявий суд ҳужжатлари ва ҳ. к. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий ҳуқуқ манбалари: ЎзРнинг Конституцияси, ЎзРнинг халқаро шартномалари, ЎзР Конституциявий қонунлари, ЎзР қонунлари, ЎзР Конституциявий суди қарорлари, ЎзР Олий Мажлиси қарорлари, ЎзР Президентининг фармонлари, ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг норматив ҳужжатлари, Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси, маҳаллий давлат ҳокимияти норматив ҳужжатлари, ЎзР ва унинг субъекти ўртасидаги келишувлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қарорлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг норматив ҳужжатлари.
Конституциявий ҳуқуқ, айни вақтда, Конституция, унинг мазмун-моҳияти, аҳамияти, жамиятдаги ўрни ҳақида маълумот берувчи фан ҳамдир. Кенгроқ маънода, у конституциявий ин-тлар ҳақидаги тасаввур ва билимлар, конституциявий нормалар ва улар орқали тартибга солинадиган муносабатлар ҳамда қонунчиликни ривожлантирувчи қарашлар тизимидир. Бу фан конституциявий-ҳуқуқий муносабатларга баҳо беради, конституциявий интларни ўрганади, муаммоларни аниқлаб, уларни ҳал килиш йўлларини кўрсатади.
Абдужаббор Тўлаганов.