ПЎРСИЛДОҚ ЯРА, пемфигус — терининг ранги ўзгармаган ҳолда, турли сабабларга кўра, унга тошма тошиши билан ўтадиган касалликлар гуруҳи. Сурункали Пўрсилдоқ яра, чақалоклар ва захм П. я. си фарқ қилинади.
Сурункали Пўрсилдоқ яра (асл Пўрсилдоқ яра) тери ва шиллиқ қаватларга қайтақайта пуфакчалар тошиб туриши билан тавсифланади. Тошмалар ёрилиб, шу соҳалар қаттиқ оғрийди. Бемор иситмалайди, уйқуси, иштақаси йўқолади, озиб ке-тади. Касаллик бир ой, баъзан бир йил давом этади. Кўпинча нерв системаси зарарланади, моддалар алмашинуви бузилади.
Чақалоқлар Пўрсилдоқ яраси — йирингли микроблар қўзғатадиган ўткир касаллик (чақалоклар ҳаётининг дастлабки кунларида пайдо бўлади). Чақалоқнинг танаси, оёқ ва қўллари терисида нўхатдан тортиб ёнғоқдек катталикда пу-факлар пайдо бўлади (улар ёрилган жой сув ачиб, безиллаб туради). Касаллик 6 — 8 кун давом этиб, тузалиб кетади. Лекин нозик чақалоқларда жуда оғир кечади. Касал чақалоқни соғлом болалардан ажратиб қўйиб, врач буюрган дори-дармонлар билан даволаш керак. Чақалоқнинг ички кийимлари ва йўргаги, албатта, дазмолланади.
Захм Пўрсилдоқ ярасида кафт юзаси ва оёқ тагида, болдир ва билакда, баъзан бадан ва юзда яллиғланиб, соғлом теридан ажралиб турадиган ҳошияли пуфакчалар пайдо бўлади. Захм Пўрсилдоқ ярасида ички аъзолар ҳам зарарланиши мумкин. Бемор захмга қарши қўлла-ниладиган дори-дармонлар б-н даволанади.