ЭКЗЕМА (юн. — пуфакча, тошма) , гуш — терининг аллергик касаллиги (қ. Аллергия). Нерв ва эндокрин система фаолиятининг бузилиши, организмда сурункали инфекция манбаи бўлиши (тонзиллит, гайморит ва бошқалар), шунингдек, меъдаичак касалликлари оқибатида организм сезувчанлигининг ортиши ва бошқалар Экземага сабаб бўлади. Экзема ўткир бошланиб, кейин сурункали тус олиши ва қайталаши мумкин. Экземанинг оддий (вульгар), сурункали, контактли, микробли ва ҳ. к. шакллари бор.
Оддий Экзема ўткир кечганда касаллик тўсатдан бошланади. Дастлаб тери қичишади, қизариб, бир оз шишади ва унда тариқдек тугунчалар, пўсти юпқа пуфакчалар пайдо бўлади. Бемор қашинганда пуфакчалар тез ёрилиб, улардан тиниқ суюқлик чиқади. Тошмалар сувланиши натижасида янги пуфакчалар ҳосил бўлаверади (нам Экзема). Кейин сувланиш камаяди, тошмалар усти қотиб, 3—5 кундан кейин тушади. Тошмалар ўрни узоқ вақт қипиқланиб, пўст ташлаб туради. Экземада баъзан зарарланган тери сувчираб, атрофида майда тугунчалар, пуфакчалар ҳамда қипиқланадиган танГачалар вужудга келади. Яллиғланган жойга инфекция тушса, йиринглайди.
Сурункали Экземада зарарланган тери аста-секин қалинлашиб кўкаради, пўст ташлайди, қипиқланади. Кўпинча (ўткир Экзема дагидан камроқ) майда тугунча ва тошмалар ҳам кузатилади. Тошма аксари юзда, қўл, оёқ бармоқларида, бўйин ва таносил аъзоларида учрайди. Бу хил Экзема қўзиб, ўткир Экземага айланиши, тошма бутун танага тарқалиши ҳам мумкин. Контактли Экзема аксарият терининг турли омилларга таъсирчанлигидан келиб чикади, бармоклар, билак ва юз терисида учрайди, дастлаб тошма тошиб, тери шишади ва сувсизланади.
Микробли Экзема кўпроқ юзаки пиодермия иккиламчи яллиғланиб, Экземага айланганда, оқма яра, куйган жой ва чипқон атрофида юзага келади. Бу Э. тизза, бармоқлар, юз териси ва сочда кузатилади. Айрим ҳолларда (пиодермия ва бошқалар тери касаллиги бор беморларда) Экземанинг бу тури қичишиб, усти қипиқланадиган каттакичик думалоқ ёки чўзинчоқдоғлар экзематидлар шаклида юзага келади.
Тошмалар ангина, грипп, ўткир ичак касалликларидан сўнг ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Себореяли Экзема (мойли гуш) кўпроқ соч, юз, бўйин, қўлтиқ, тақим ва бошқалар соҳа терисида бўлади. Касалланган терида мойлангандек ялтироқ, усти қипиқли сарғимтирқизғиш доғлар ҳосил бўлади. Бош қичийди, кепакланади, кўз милклари қизариб, шишади. Касаллик узоқ чўзилади. Болалар Экземаси экссудативкатарал диатез билан оғриган болаларда кузатилади. Аксарият чилласи чиқмаган гўдакларда учраши туфайли «чилла яра» ҳам дейилади. Боланинг боши, юзи, кўкрагига тошма тошиб, сув очади, қаттиқ қичишади, бошида қасмоқ кўпайиб, териси қизариб, яллиғланади. Тошма соғ терига ҳам тарқаши мумкин. Болалар гуши, одатда, болани нотўғри овқатлантириш натижасида келиб чиқади.
Кўпинча Экзема билан оғриган бемор ва унинг ота-оналарида айрим овқат маҳсулотлари: балиқ, тухум, цитрус мевалар, шунингдек, уй чанги, гул ҳиди, кир ювиш порошоги, бирор дорига нисбатан ўта сезувчанлик аниқланади; бу хилдаги омиллар касаллик пайдо бўлиши ёки унинг ботбот қўзиб туришига сабаб бўлади.
Нотўғри овқатланиш, асабийлашиш, руҳий изтироб ва бошқалар нохуш омиллар таъсирида касаллик зўрайиши ва соғ терига тарқалиб кетиши мумкин.
Экземани врач даволайди. Сут, ўсимлик маҳсулотларидан тайёрланган парҳез таомлар тавсия этилади; шўр, аччиқ, дудланган овқатлар ва спиртли ичимликларни чеклаш, шунингдек, углеводларни имкони борича кам истеъмол қилиш лозим. Экзема бўлган бемор вақтинча касалланган жойига сув, совун теккизмаслиги керак. Экземаси бор кишилар вақтида ухлаб, вақтида дам олиши, кўпроқ сайр қилиб организмни чиниқтириши ва тўғри овқатланиши зарур. Экземанинг олдини олишда овқатланиш режимига риоя қилиш; Э. пайдо бўлишига олиб келадиган омилларни бартараф этиш, ички касалликлар бўлса, вақгида даволатиш айниқса муҳим.
Комментарии 1