ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ

ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ — ЎзР таркибидаги вилоят. 1924 йил 1 нояб. да ташкил этилган. 1927 йил 17 фев. дан 1938 йил 15 янв. гача Қашқадарё округи мақомида. 1938 йил 15 янв. да Бухоро вилоятига қўшиб юборилди. 1943 йил 20 янв. да қайта ташкил этилди. 1960 йил 25 янв. да Сурхондарё вилоятига қўшилди. 1964 йил 7 фев. дан янгидан ташкил этилди. Республиканинг жанғарбида, Қашқадарё ҳавзасида, ПомирОлай тоғ системасининг ғарбий чеккасида, Амударё ва Зарафшон дарёлари, Ҳисор ва Зарафшон тизма тоғлари орасида. Шим. ғарбдан Бухоро, жан. шарқдан Сурхондарё, жан.

ғарб ва ғарбдан Туркманистон, шарқдан Тожикистон ва Самарқанд вилоятлари билан чегарадош. Майд. 28,6 минг км2. Аҳолиси 2378,2 минг киши (2005). Таркибида 13 қишлоқ тумани (Деҳқонобод, Касби, Китоб, Косон, Миришкор, Муборак, Нишон, Чироқчи, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Қарши, Ғузор), 12 шаҳар (Бешкент, Китоб, Косон, Муборак, Таллимаржон, Чироқчи, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Янги Нишон, Қамаши, Қарши, Ғузор), 4 шаҳарча (Деҳқонобод, Мироқи, Эски Яккабоғ, Қашқадарё), 147 қишлоқ фуқаролари йиғини, 1064 қишлоқ бор (2005). Маркази — Қарши шаҳри. Қашқадарё вилояти туманлари ҳақида алоҳида мақолаларга қ; мас, Деҳқонобод тумани, Касби тумани ва бошқалар Табиати. Вилоят ҳудуди, асосан, Қашқадарё ботиғини ўз ичига олган; шим., шарқ ва жаншарқдан Зарафшон ҳамда Ҳисор тизма тоғлари билан ўралган. Тоғлар билан текисликлар орасини адирлар эгаллаган. Текисликнинг катта қисми ғарбда Сандиқли ва Қизилқум чўллари билан туташган Қарши чўлидан иборат. Иқлими континентал. Қиши нисбатан юмшоқ. Ёзи узоқ (155—160 кун), иссиқ, қуруқ. Янв. нинг ўртача т-раси 0,2° дан 1,9° гача, июлники 28°—29,5°. Энг юқори т-ра 45°. Энг паст т-ра —20°. Йилига текисликларда 290— 300 мм, адирларда 520—550 мм, тоғларда 550—650 мм ёғин тушади. Ёғин, асосан, баҳор ва қишда ёғади, ёзда гармсел эсади. Тоғларда турғун қор қоплами ҳосил бўлади (2—6 ой). Вегетация даври текисликларда 290—300 кунгача. Асосий дарёси — Қашқадарё. Унинг ирмоқлари — Жиннидарё, Оқсув, Яккабоғдарё, Танхоздарё, Ғузордарё (Катта ва Кичик Ўрадарё билан бирга). Дарёлар қор, ёмғир ва музликлар сувидан тўйинади. Дарё сувидан, асосан, суғоришда фойдаланилади. Чимқўрғон, Қамаши, Пачкамар сув омборлари; Файзиобод, 8 Март, Эскибоғ, Эски Анҳор, Косон, Пахтаобод, Қарши ва бошқалар каналлар бор. Қарши чўлини ўзлаштиришда 6 насос ст-яси, очиқ ва ёпиқ коллектор дренаж тармоқлари қурилган. Суғориладиган ерларнинг тупроғи, асосан, типик ва оч бўз тупроқлар. Китоб — Шаҳрисабз сойлигида кўпроқ қумоқ тупроқлар мавжуд. Тоғларда баландлик минтақалари бўйлаб типик бўз тупроқлар тарқалган. Табиий флораси 1200 га яқин юксак ўсимлик туридан иборат. Вилоятда 76,6 минг га ўрмон мавжуд. Ўрмонларнинг асосий қисмини арча ва саксовулзорлар ташкил этади. Тоғ ён бағирлари ҳар хил ўт ўсимликлари билан қопланган, шунингдек, бутазорлар ҳам бор. Тоғ ўрмонлари арча, бодом, писта, жийдазорлардан иборат. Тоғларда наъматак, зирк, чаканда, анзур пиёзи, қора зира ва бошқалар ўсади.

Вилоят ҳудудида 100 дан зиёд қуш тури, сут эмизувчиларнинг 60 тури, судралиб юрувчиларнинг 7 тури учрайди. Дарё ва сув ҳавзаларида қумбалиқ, илонбош, зоғорабалиқ, гулмоҳи, храмула, қорабалиқ яшайди. Вилоятда Ҳисор тоғўрмон ва Китоб давлат геология қўриқхоналари жойлашган; Китоб баландтоғ расадхоналар мажмуаси фаолият кўрсатади.

Аҳолиси, асосан, ўзбеклар (91,2%), шунингдек, тожик, туркман, рус, қозоқ, украин, озарбайжон, корейс, қирғиз, турк, украин, белорус ва бошқалар миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 83,7 киши. Шаҳар аҳолиси 587,5 минг киши, қишлоқ аҳолиси 1790,7 минг киши (2005).

20-аср бошларигача ҳоз. Қашқадарё вилояти ҳудудида яшаган аҳолининг кўпчилиги орасида уруғқабилаларга бўлиниш сақланиб келган. Мас, Қарши шаҳри ва унинг атрофларида манғит, сарой, қавчин, қатағон, кутчи, қипчоқлар, хтой, қирқ ва бошқалар уруғлар, Шаҳрисабз ва унинг атрофларида кенагас, сарой, қутчи, турк, қатағон, қалмоқ, қанғли, чуют, қиёт, қўнғирот, можор, манғит, митан, мўғул, найман, саёт уруғлари, Ғузор ва унинг атрофларида қавчин, керайит, қўнғирот, манғит ва бошқалар уруғлар яшаган. Улар деҳқончилик, чорвачилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланишган.

Хўжалиги. Қашқадарё вилояти қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ҳамда ёқилғи ресурсларини қазиб олиш бўйича Ўзбекистонда муҳим ўрин эгаллайди. Вилоят республикада қазиб олинадиган табиий газнинг 88%, нефтнинг 92%, конденсатнинг 99,6%, олтингугуртнинг 100% ни беради.

Қашқадарё республикада энг кўп дон ва пахта етказиб берадиган вилоятдир. Ўзбекистонда тайёрланадиган ялпи қ. х. маҳсулотининг 10,2%,шу жумладан, пахтанинг 11,8%, ғалланинг 12%, қоракўл терининг 19% вилоят ҳиссасига тўғри келади. Табиий газ, конденсат ва қ. х. маҳсулотларини қайта ишловчи тармоқлар ривожланмоқда. Вилоятда 1,1 минг кичик корхона, 40,6 минг микрофирма бор. Булар саноат, қурилиш, савдо ва умумий овқатланиш, қ. х. ва бошқалар корхоналардан иборат.

Саноатининг етакчи тармоқлари: — табиий газ ва нефть қазиб олиш, газни қайта ишлаш, пахта тозалаш, ёғ экстракцияси, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, ип йигирув, тикувчилик, озиқовқат ва бошқалар Энг йирик корхоналари: Муборак нефтгаз унитар корхонаси, Шўртан газ унитар корхонаси, Муборак газни қайта ишлаш з-ди, Шўртан газ кимё мажмуаси, Қарши, Косон ёғэкстракция, Шаҳрисабз консерва здлари, Шаҳрисабз пиллакашлик, Қарши тикувчилик фкалари, Қашқадарё мармар акциядорлик жамияти ва бошқалар 49 қўшма корхона фаолият кўрсатади, шулардан: Ўзбекистон — Туркия «Каштекс» тўқимачилик, «Оқсарой тўқимачилик ЛТД» қўшма корхоналари ишламоқда.

Вилоят ҳудудидаги дастлабки саноат корхонаси — Шаҳрисабз пахта тозалаш з-ди 1916 йилда қурилган. Ундан кейинги даврда вилоятда, асосан, пахта тозалаш здлари, тикувчилик фкалари қурилди. 1971 йилда Муборак газни қайта ишлаш з-ди ишга туширилди. Мустақиллик йилларида Шахрисабз, Яккабоғ ун ктлари, Таллимаржон иссикдик электр ст-яси, 2001 йил охирида Шўртан газ кимё мажмуаси қурилиб ишга туширилди. Қашқадарё вилоятида газ (пропан), жун, пахта толаси, момиқ, полиэтилен, томат пастаси, турли хил плиталар ишлаб чиқарилади.

Қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқлари: ғаллачилик, пахтачилик, картошкачилик, полизчилик, сабзавотчилик, чорвачилик. Боғдорчилик, токчилик, ипакчилик ҳам салмоқли ўрин тутади. Чорвачилиги гўшт-сут етиштиришга ихтисослашган. Қорамолчилик, қўйчилик, паррандачилик ривожланган. Муборак, Миришкор, Нишон, Ғузор туманларида қоракўлчиликка ихтисослашган йирик наслчилик хўжаликлари мавжуд. Асаларичиликка ҳам катта эътибор берилган.

Қашқадарё вилоятида 667,6 минг га экин майдони мавжуд бўлиб, шундан 418,7 минг гектари суғорилади. 173,8 минг га ерга пахта, 205 минг га ерга дон, 3,2 минг га ерга сабзавот, 2 минг га ерга полиз, 0,5 минг га ерга картошка, 38,1 минг га ерга озуқа экинлари экилади. 32,8 минг га ер кўп йиллик дарахтзорлар, шундан 13,2 минг га ер мевазор, 9,2 минг га ер тутзор, 10,4 минг га ер токзорлар билан банд, 1451 минг га ерни яйловлар эгаллаган. Ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида 13815 км узунликда коллектордренаж тармоқлари қурилган. Вилоятда суғориладиган деҳқончиликни ривожлантириш мақсадида суғориш каналлари (Қарши, Сандал ва бошқалар) ва сув омборлари (Таллимаржон, Чимқўрғон, Ҳисорак, Қизилсув ва’б.) барпо этилган. Суғоришни ташкил этиш учун 6 та йирик насос ст-яси қурилган. Қашқадарё вилояти маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш мақсадида Қарши чўлида 250 минг га ер ўзлаштирилган.

Вилоятда 68 ширкат, 17,6 минг деҳқон, 17,2 минг фермер хўжаликлари фаолият кўрсатади. Қашқадарё вилояти ширкат, фермер ва шахсий хўжаликларида 654,7 минг қорамол (шу жумладан, 276,8 минг сигир), 2,2 млн. қўй ва эчки, 1,3 млн. парранда, 17,3 минг йилқи боқилади (2005). 1996—2005 йил лар вилоятдан Б. Рўзиев, Қ. Мўминов, Ғ. Раҳмонов, М. Саидовлар «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлдилар.

Транспорти. Вилоятдаги т. й. узунлиги 401 км. Асосий т. й. магистраллари Когон — Қарши — Душанба, Қарши — Китоб, Қарши — Самарқанд. Янги қурилаётган Тошғузор — Бойсун— Қумқўрғон (умумий уз. 223 км) т. й. нинг 106,2 км қисми Қашқадарё вилояти ҳудудидан ўтади. 2004 йил октябргача ушбу йўлнинг 112 км дан зиёд Тошғузор — Деҳқонобод ва Қумқўрғон — Бойсун қисмлари фойдаланишга топширилди. Вилоятда жами 13,9 минг км узунликда автомобиль йўллари мавжуд. Шундан умумий фойдаланилаётган йўллар уз. 3,4 минг км, хўжаликлар ҳисобидаги йўллар уз. 10,5 минг км. Қашқадарё вилояти ҳудудидан республика аҳамиятига эга бўлган Қарши — Амударё (Туркманистон), Катта Узбекистон тракти (Тошкент — Термиз), Қарши — Бухоро, Қарши — Самарқанд автомобиль йўллари ўтади. Қаршидан Тошкент, Термиз, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Денов ва бошқалар шаҳарларга автобуслар қатнайди. Қарши аэропортидан Қарши — Москва, Қарши — Тошкент, Қарши — Андижон ва бошқалар йўналишларда йўловчилар ташувчи самолётлар қатнови йўлга қўйилган.

Маданий маориф, соғлиқни сақлаш ва спорт. Қашқадарё воҳаси ўзининг маданий тарихи билан машҳур. 1990-й. ларгача Қашқадарё ҳудудида палеолит (тош асри) даврида одамзоднинг яшаганлиги ҳақида ашёвий далиллар кам эди. Фақатгина Танхоздарё водийсидан топилган чақмоқтошдан ясалган айрим буюмлар, Тахтақорача довонида Такалисой бўйидаги ғордан археолог Д. Н. Лев томонидан мустье даврига оид бир нечта тош буюм топилганлиги Қашқадарё водийсида тош даври одамлари яшаганлигидан далолат берар эди.

1990-й. ларда археологлардан Р. X. Сулаймонов, А. С. Саъдуллаевлар юқори Қашқадарёдаги Оёқчисой, Қуруқсой водийларини ўрганиб палеолит даврига оид ашёвий далилларни топдилар. Сийлонтошда тош асрининг сўнгги даврига оид топилмалар аниқланди.

Воҳада мил. ав. 10—8-аср лар, жез ва темир асрларга оид Сангиртепа, Ерқўрғон ёдгорликлари топидди. Мил. ав. 7—6-аср ларда Қашқадарё водийсида деҳқончилик билан шуғулланувчи кўплаб аҳоли истиқомат қилган. Кеш, Нахшаб шаҳрилари пайдо бўлиб ривожланган. қадимий Бақтрия давлати таркибига Қашқадарё воҳасининг бир қисми ҳам кирган.

Мил. ав. 329 йилда Александр Македониялик қўшинлари Навтака (Қашқадарё) вилоятини босиб олган. Қашқадарё босқинчиларга қарши кўтарилган Спитамен қўзғолонининг марказларидан бири бўлган. Мил. ав. 3—2-асрларда Қашқадарё воҳаси Салавкийлар, ундан кейин Юнон Бақгрия давлати таркибига кирди. 468 йил да кушонлар авлодидан бўлган кўчманчи чорвадор тохарлар Кидар раҳбарлигида шарқдан Амударё ҳавзасига кириб келиб Нахшабни ўзларига вақтинча қароргоҳ қилиб турдилар.

Қашқадарёда 7—8-аср ларда иқтисодий ҳаёт ривожланган. Бир неча йиллар давомида Суғд Кеш подшолари томонидан идора қилинган. Кеш подшоси Шашеппи (Шишпар) даврида зарб қилинган танга пулда «Ихшид Шишпар» деган ёзув бўлган. Араблар қўшини 700 йилда илк бор Қашқадарёга бостириб келиб, Нахшаб ва Кеш шаҳри ларини ва улар атрофидаги қишлоқларни қўлга киритдилар. Қутайба ибн Муслим 710 йил да Кеш ва Нахшабни қайта фатҳ этди. Аммо, Қарши, Кеш ва Нахшаб (Насаф)да яна арабларга қарши норозилик ҳаракатлари бошланади. Кеш асосий марказларидан бўлган Муқанна қўзғолони бутун Мовароуннаҳрга тарқалди. 9 — 10-асрларда Қашқадарёда иқтисодийижтимоий ҳаёт, фан ва маданият яна ривожланди. Кеш «Қуббат улилм вал адаб» номига сазовор бўдди.

Мўғул босқинчилари 1220 йил ёзида Қашқадарёга бостириб келиб Нахшаб, Кеш, Ғузор шаҳрилари ва қишлоқларини вайрон қилдилар. Мўғуллар ўтроқликка ўтгандан сўнггина (14-асрда) Кепакхон (1318—26) қурдирган сарой яқинида янги шаҳар — Қарши шаҳри га асос солинди. 14—15-асрларда Темур ва Улуғбек даврларида Шаҳрисабзт бир қанча монументал бинолар — сарой, масжид ва мақбаралар ва бошқалар қурилди. Шаҳрисабз воҳанинг етакчи шаҳрига айланди. Аштархонийлар даврида Қарши, Шаҳрисабзда Бухоро хонлигидан мустақил бўлиш ҳаракати кучайди. Манғитийлар даврида Қарши тахт вориси ҳоким бўладиган вилоятга айланди.

Қашқадарё вилояти қўхна тарихи, қадимий маданият ёдгорликлари билан машҳур. Вилоятдан буюк олимлар, адиб ва шоирлар, машҳур санъаткорлар, бахшилар, халқ артистлари, рассомлар етишиб чиққан.

Қашқадарё вилоятида 2004/05 ўқув йилида 1094 умумий таълим мактаби, шу жумладан 34 ихтисослашган, 4 махсус мактаб, 3 гимназия ва бошқаларда 620 мингдан зиёд ўқувчи таълим олди. Вилоятда 62 касб-ҳунар коллежи (49 минг талаба), 4 академик лицей (2 минг ўқувчи), 18 болалар мусиқа мактаби (1,7 минг ўқувчи), 3 меҳрибонлик уйи, 2 олий ўқув юрти (Қарши унти, Қарши муҳандисликиқтисодиёт инти; 10,4 мингга яқин талаба) бор. Қашқадарё ўлкашунослик музейи (Қарши шаҳри), Амир Темур музейи (Шаҳрисабз шаҳри да), вилоят мусиқали драма театри, вилоят қўғирчоқ театри, «Эски масжид», «Мулоқот» театр студиялари, «Ўзбекрақс», «Ўзбекнаво»нинг вилоят бўлимлари, ашула ва рақс дирекцияси фаолият кўрсатади. 464 жамоат кутубхонаси (китоб фонди 3930 минг нусха), 148 клуб муассасаси, 6 маданият ва истироҳат боғи бор. 16 ашула ва рақс халқ ансамбли, 2 фольклор этнографик халқ ансамбли, 373 бадий ҳаваскорлик жамоа ва бошқалар маданий муассасалар ишлаб турибди.

Қашқадарё вилоятида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоблари: Раҳимжон Комилжонов, Садриддин Салимов, Исоқ Тўраев; Ўзбекистон халқ ҳофизи Ўлмас Саиджонов; Ўзбекистон халқ бахшилари: Шомурод бахши Тоғаев, Қаҳҳор бахши Раҳимов; Ўзбекистон халқ артистлари: Фароғат Раҳматова, Икрома Болтаева, Замира Суюнова, Марям Сатторова, Насиба Сатторова, Ҳусан Амирқулов, Муҳтарама Носирова; Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар: Тожиддин Муродов, Ойгул Халилова, Баҳриддин Раҳмонов, Зебо Турсуновалар вояга етганлар.

Қашқадарё воҳаси ўтмишда 300 га яқин насафийлар ва ўнлаб кешийларга ватан бўлган юртдир. Вилоятда 1996 йилда Амир Темурнинг 660 йиллиги, 2003 йил да Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллиги халқаро миқёсда нишонланди. Қашқадарё вилоятида Республика «Ўзбектуризм» миллий компаниясига қарашли бўлимлар, бир неча меҳмонхона мавжуд. 2004 йилда вилоят ҳудудига 31 мингдан зиёд турист келиб кетди.

Соғлиқни сақлаш. Вилоятда94 касалхона (12,1 минг ўрин), 395 врачлик амбулаторияполиклиника муассасаси, амбулатория ва бошқалар тиббий муассасалар, 221 болалар поликлиникаси ва хоналари, 199 қишлоқ ва шаҳар врачлик пункти, 368 фельдшеракушерлик пункти, 27 қишлоқ участка касалхонаси, 90 қишлоқ врачлик амбулаторияси мавжуд. Ушбу тиббий муассасаларда 53,6 мингга яқин врач (ҳар 10 минг кишига 21,9 врач), 23,6 мингга яқин ўрта тиббий ходим ишлайди.

Давлат дастурига асосан, вилоятдп Давлат тез тиббий ёрдам илмий маркази Қарши бўлими (220 ўрин) ва барча туман марказий касалхоналари қошида унинг бўлинмалари (410 ўрин) ташкил этилган ҳамда зарурий тиббий ва техник жиҳозлар билан таъминланган. Тиббиёт соҳасида хусусий, якка тартибда ва бошқалар нодавлат секторларида 131 тиббий муассаса фаолият кўрсатади.

Қашқадарё вилоятида 3 санаторий ишлаб турибди.

Спорт. Қашқадарё вилояти спортчилари спортнинг кўп турлари (кураш, дзюдо, каратэ, футбол, бокс, шахмат, теннис ва бошқалар) бўйича турли даражадаги мусобақаларда иштирок этмоқдалар. Фарҳод Хўжанов, Зокир Шарипов, Шавкат Жўраев, Эркин Холиқовлар дзюдо бўйича; Баҳром Авезов кураш бўйича (Бухарестда ва Анталияда жаҳон чемпиони); акаука Исом ва Фурқат Кенжаевлар юнонрум кураши бўйича жаҳон чемпионати бронза медали; Алишер Мухторов дзюдо бўйича, София Каспулатова каратэ бўйича (3 марта) Осиё чемпиони унвонларига сазовор бўлдилар. Шахматчилардан Анвар Ражабов Ялта, Франция, Испания, Сарвиноз Эргашева (6 марта республика чемпиони) Франциядаги жаҳон чемпионатларида қатнашдилар. Вилоятнинг «Насаф», «Машъал», «Шўртан» жамоалари футбол бўйича Ўзбекистоннинг олий лигасида иштирок этмоқда. Хотин-қизларнинг «Севинч» футбол жамоаси 2004 йилда ўтказилган республика биринчи чемпионатининг ғолиби бўлди. Вилоятда 21 стадион, теннис кортлари, спорт заллари, 8 сузиш ҳавзаси ва бошқалар спорт иншоотлари мавжуд. 26 болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолият кўрсатади. 689 минг киши (шу жумладан, қишлоқ жойларида 614 минг киши) доимий равишда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланади.

Адабиёти. Қашқадарё воҳасида қадимий дан машҳур алломалар, шоир ва файласуфлар, ёзувчи ва муҳаддислар, моҳир хаттот ва таржимонлар яшаб ўтган. 9-аср бошларида Насаф ва Кешда ҳадисшунослик ва фиқҳшунослик мактаблари вужудга келган. 10-аср да Аҳмад ибн Муҳаммад атТадёний, Ҳаммод ибн Шокир анНасафий, Абдулмуъмин ибн Халаф анНасафий, алЛайс ибн Наср алКожарий, 11-асрда Абдулазиз ибн Муҳаммад анНахшабий, Муҳаммад ибн Аҳмад алалҲасан ибн Али алҲаммодий анНахшабий каби олимлар ислом оламида шуҳрат топганлар.

Кейинги даврларда ҳам бу илмий анъаналар муваффақият билан давом эттирилган. Азизиддин Насафий асарлари дунё халқларининг кўп тилларига таржима қилинган. «Насафий» тахаллусли бир неча ўнлаб ижодкорларнинг номлари маълум. Булардан: Мотуридия калом мактабининг атоқли намояндаларидан бири Абул Муъин анНасафийдир. Унинг «Баҳр алкалом фи илм алкалом («Калом илми бўйича сўзлар денгизи») асари калом илми бўйича алмотуридия мактабининг асосий манбаларидан бири ҳисобланган.

Ҳадисшунос ва ҳанафий мазҳабининг таниқли фиқҳшуноси Абул Ҳасан алБаздавий анНасафийнинг мусулмон қонунчилиги асослари ҳақидаги «Усули Баздавий» китоби Шарқда кенг тарқалган, унга кўплаб шарҳлар битилган. Шу сабабли «Фақиҳу Мовароуннаҳр» ва «Устоз алаимма» («Имомларнинг устози») унвонларига сазовор бўлган. Фиқҳшунос Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий 100 дан ортиқ асар ёзган. Шунингдек, Абул Баракот гнНасафий, Абу алМутиъ Насафий, Ҳаким Сўзаний, Абу Туроб Нахшабий, Саидо Насафий, Нурмуҳаммад Насафий, Шамсиддин Сўзаний, Муайиддин Насафий, Шаҳобиддин Аҳмад Насафий, Шарафиддин Хусом, Абул Баракот анНасафий, Ҳофизиддин Насафий, Хожа Абулбарака (Фироқий), Аюб Шаҳрисабзий, Мавлоно Сойилий, Мавлоно Мир Қарший ва бошқалар бир қанча насафийлар яшаб, ижод этганлар.

Насаф ва Кеш алломалари араб (9 — 10-асрлар), форс (9—11-асрлар) тилларида ижод қилганлар. 15-асрдан туркий тилда асарлар ёза бошлаганлар. Темурий шаҳзодалар ижод аҳлини ўз она тилларида ёзишга даъват этганлар, ўзлари ҳам туркий тилда асарлар битганлар. Алишер Навоийнинг «Муҳокамат уллуғатайн» асари ана шу ижтимоий талаб заминида яратилган. Аммо, амалда араб ва форс тиллари ҳам қўлланаверган.

Амир Темур ва темурий шаҳзодалар салтанати даврида Қашқадарёда илмфан, маданият ва санъат ривожланган. Ушбу воҳадан чиққан кўпгина ёзувчи ва уламолар турли йилларда пойтахт бўлган Бухоро ва Самарқандда, айримлари эса Ҳиндистон, араб давлатларида яшаб ижод этганлар. Мўғуллар истилоси даврида зиёлиларнинг каттагина қисми Ҳиндистондан бошпана топган.

Абу Саъд Абдулкарим асСамъонийнинг (1113—67) «Китоб алАнсоб» («Нисбалар китоби») асарида 8—12-аср ларда яшаб ўтган 180 яқин насафлик олим ва шоирнинг номлари қайд этилган. Насаф тарихи ва адабиёти билан боғлиқ бир қанча асарлар, хусусан, Абул Ҳорис Асад ибн Ҳамдувайҳ алВарсиний анНасафийнинг (928 йил в. э.) «Китоб муфохарот аҳл Насаф ва Каш» («Насаф ва Кеш аҳлининг ифтихорлари ҳақидаги китоб»), Абу Саъд Абдураҳмон ибн Муҳаммад алАстрободий алИдрисийнинг (мил. 1015 йил в. э.) «Тарихи Насаф», Абул Аббос алМустағфирий Насафийнинг (961 — 1041, 2 жилдли) муфассал «Насаф ва Кеш тарихи» асарлари бизгача етиб келмаган.

20-асрнинг 2-ярми Қашқадарё адабий муҳитининг кўтарилиши ва янги ижодкорлар билан бойиш даври бўлди: Гулшаний, Тоғай шоир, Шомурод бахши, Сувон Соқи, Самар Нур, Азим (бахши) Хўжаев, Қодир (бахши) Раҳимов, Абдулла Орипов, Икром Отамуродов, Жуманиёз Жабборов, Нормурод Нарзуллаев, Исмоил Тўхтамишев, Хосият Лутфуллаева, Муҳаммад Очил, Жумақул Қурбон, Нормурод Норқобил, Поён Равшанов, Убайдулла Уватов, Юсуф Бердиев каби шоир, ёзувчи ва олимларнинг илмий ва бадиий асарлари адабиёт тараққиётига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди. 90-й. лар бошларида Назар Эшонқул, Чори Аваз, Амир Худойберди, Зебо Мирзаева, Ҳабиб Абдуназар, Луқмон Бўрихон, Салим Ашур, Амирқул Карим, Ғулом Мирзо ва бошқалар шоир ва ёзувчилар фаол ижод қилдилар. Мустақиллик йилларида Қашқадарё воҳасида адабий ҳаёт янада ривожланди. Бу даврда эришилган ютуқлар сифатида Поён Равшановнинг қадимий Нахшаб ва Кешнинг тарихига оид 4 жиддли сайланмаси, Абдулла Ориповнинг «Адолат кўзгуси», «Кўзтумор», Нормурод Нарзуллаевнинг А«лёр», Икром Отамуроднинг «Тавр», Амир Худойбердининг «Еттинчи малак», Ҳабиб Абдуназарнинг «Анжир гули» каби асарларини кўрсатиб ўтиш лозим.

Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон ижодий уюшмалари (ёзувчилар, рассомлар, меъморлар, журналистлар ва бошқалар) нинг вилоят шўъбалари фаолият кўрсатади.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телевидениеси. Қашқадарё вилоятида 33 газ., шу жумладан, 2 вилоят газ. (1935 йилдан «Қашқадарё ҳақиқати», 2005 йилдан «Қашқадарё», адади 5 минг; 1943 йилдан «Кашкадарьинская правда», 2005 йилдан «Новости Кашкадарьи», адади 1,5 минг), шаҳар («Насаф»), 13 туман газ. лари, 16 тармоқ, 1 хусусий газ., шунингдек, «Насаф зиёси» журнали (Қарши давлат ун-ти муассислигида) нашр этилади.

Вилоятда биринчи радиоэшиттиришлар 1945 йил дек. дан бошланган. Вилоят радиоси ва «Олтин воҳа» ҒМ радиостанцияси эшиттиришлар олиб боради. Вилоят радиоси кунига 1 соатлик, «Олтин воҳа» ҒМ радиостанцияси ҳафтада 112 соатлик ҳажмда эшиттиришлар беради. Қашқадарё вилоятида 2 давлат (вилоят ва Шаҳрисабз шаҳар телевидениеси), 3 нодавлат (Қарши жамоатчилик, Муборак «Янги аср», Қашқадарё кабелли) телевидениелари мавжуд. 1994 йил 24 авг. дан фаолият кўрсатаётган Қашқадарё вилояти телевидениесининг ҳафталик кўрсатувлари 11 соатни ташкил этади. Шунингдек, Қарши жамоатчилик телевидениесининг 1 ҳафталик кўрсатувлари 42 соат, «Янги аср» телестудиясининг 1 ҳафталик кўрсатувлари 21 соат, Шаҳрисабз телевидениесининг 1 ҳафталик кўрсатувлари 24 соат, Қашқадарё кабелли телевидениесининг 1 ҳафталик кўрсатувлари 63 соатни ташкил этади.

Меъморий ёдгорликлари. Вилоятдаги тарихий ёдгорликлардан 602 таси археология, 192 таси меъморий ва шаҳарсозлик ёдгорликларидир, шунингдек, монументал санъат ёдгорликлари ҳам бор. Вилоятдаги машҳур обидалар Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган. Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллиги, Амир Темурнинг 660 йиллиги, Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллиги муносабати билан Шаҳрисабзда обидаларни таъмирлаш ишлари кенг кўламда олиб борилди. Оқсарой меъморий мажмуаси консервация қилинди, марказий майдонда Амир Темурга ҳайкал ўрнатилди. Дор уттиловат, Дор уссиёдат мажмуасидаги Жаҳонгир (Ҳазрати Имом) мақбараси (1379—80 йиллар), Оқсарой мажмуаси (1380—1404 йиллар), Улуғбек мадрасаси (Гумбази Сайидон, 1437 йил), Китоб туманидаги Хожа Илимкон хонақоси (15— 16 а. лар), Лан#ар қишлоғидаги Лангарота (Катта Лангар) масжиди (15-аср охири — 16-асрлар), Лангарота мақбараси (16-асрнинг 1-ярми), Фудино қишлоғидаги Хусамота ансамбли (11 — 19-асрлар), Қарши шаҳрида Маҳалла масжиди (19-аср) ва бошқалар сақланган. Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги муносабати билан Қарши шаҳридаги Кўкгумбаз масжиди, тарихий кўприк ва бошқалар мадраса ва масжид бинолари таъмирланмоқда.

Ад.: Сухарева О. А., К истории городов Бухарского ханства (историкоэтнографимеский очерк), Т., 1958; Захаров С. М., Сабиржанов А. С., Карши, Т., 1978; Бобурнома, Т., 1989; Нафасов Т, Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати, Т., 1998; Янгибоев М., Қашқадарё вилояти географияси, Қарши, 1993; Равшапов П., Қашқадарё тарихи, Т., 1995; Жўрақулов О., Эргашева Ж., Қашқадарё саноати тарихи, Қарши, 1996; Қадимги Қарши, Ўрта Осиё шаҳарсозлиги ва маданияти тарихи, Древпий Карши, История культурьт и I радостроительства Средней Азии, Карши, 1999; П угачен кова Г. А., Очиқ осмон остидаги музей, Т., 1981; Сулейманова Р . X . , Древний Нахшаб, Т., 2000; Ҳакимов Н., Жўрақулов О., Шаҳрисабз тарихи, Қарши, 2001; Носир Муҳаммад, Насаф ва Кеш алломалари, Т.,2001; Шаҳрисабз минг йиллар мероси, Т., 2002.

Обод Жўрақулов, Носир Муҳаммадиев.


Кирилл алифбосида мақола: ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Қ ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
БУХОРО ВИЛОЯТИ
ФРАНЦИЯ
ҲИНДИСТОН
ИТАЛИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты