ҚИРСИЛДОҚ ҚЎНҒИЗЛАР — қаттиққанотлилар туркумига мансуб қўнғизлар оиласи. 10 мингга яқин тури учрайди. Қўнғизларнинг тана уз. 10—20 мм, боши кичкина, мўйлови аррасимон ёки тароқсимон. Олд елка қисмининг орқа бурчаги тикансимон туртиб чиққан. Олдкўкрак ўсимтаси ўрта кўкрак чуқурчасига кирган бўлиб, тўнкарилиб қолган қўнғизлар шу мослама ёрдамида ҳаракатланиб (шунда қирсиллаган овоз чиқади; номи ҳам шундан) ағдарилади. Қанотлари яхши ривожланган. Урғочиси тупроққа 150—200 та тухум қўяди. Тухуми оқ, бир оз овалсимон, силлиқ. Личинкаси сариқ, чўзиқроқ ва қаттиқ, симга ўхшайди (шунинг учун симқурт дейилади), 3 жуфт оёклари бор. Личинкаси тупроқда яшайди (ривожланиш даври 3—4 йил). Ивиган уруғлар, ўсимлик ниҳоллари ҳамда қолдиқлари ва б. билан овқатланади. Қўнғизи ва личинкаси қишлайди. Қўнғизлар апр. май ойларида тупроқ юзасига чиқади. Ўсимлик барглари, гул ва б. ни ейди. Зараркунанданинг 15 тури маълум бўлиб, асосан, лалмикор ва тоғ олди ҳудудларидаги экинларни шикастлайди.
Кураш чоралари: кузги шудгор, ўсимлик қолдиқларини йўқ қилиш, асосан, аммиакли минерал ўғитлар, нордон тупроқларга оҳак солиш, қатор ораларига чуқур ишлов бериш; экишдан олдин уруғликни дорилаш ва б.