ҚОН КЕТИШИ

ҚОН КЕТИШИ, қон оқиши — жароҳатланган томирлардан қон оқиши билан кечадиган патологик ҳолат. Шикастланишлар ва турли хил касалликлар оқибатида юзага келади. Артериал (артерия томирларидан оч қизил рангдаги қон отилиб чиқади), веноз (вена томирларидан қорамтир қон оқади), капиллярлар ва паренхиматоз аъзолар (жигар, талоқ, буйрак ва б.)дан қон кетади. Қон кетиши тезлиги шикастланган томирларнинг каттакичиклиги ва унинг деворлари ҳолатига боғлиқ. Қон бирорта аъзо (меъда, ичак, мия ва б.)га ёки ташқарига оқади. Қон қусиш, қон туфлаш, қон сийиш, плевра ва қорин бўшлиғида қон тўпланиши, бачадондан қон кетиши ва б. ҳам Қон кетиши турларидан. Артериядан Қон кетиши жуда хавфли, бунда қон томирдан босим билан отилиб чиқади. Болалар ва қарияларда қон йўқотиш айниқса хавфли. Аёлларда қон йўқотиш эркакларга нисбатан енгилроқ кечади. Қон ивишининг пасайиши билан кузатиладиган баъзи касалликларга (гемофилия, нур касаллиги) дучор бўлган одамларда қон кўп кетмаса-да, Қон кетиши жараёни узоқ давом этиши туфайли хавфли бўлади. Қон кетиши ташқи (қон теридаги жароҳат орқали ташқарига чиқади) ва ички (қорин, кўкрак, калла суяги бўшлиқлари ва б.) бўлиши мумкин. Қон тўқима ичига қуйилганда юмшоқ тўқималарни суради ва у ерда тўпланиб, гематома ҳосил қилади ёки сингиб кетади (қ. Лат ейиш). Ташқи Қон кетиши, одатда, тери ва оғиз, бурун бушлиғи шиллиқ пардаларининг жароҳатланиши билан боғлиқ. Бевосита шикастланишдан сўнг пайдо бўладиган травматик Қон кетиши бирламчи, жароҳатлангандан сўнг бир неча кун ўтгач, такрорланган Қон кетиши иккиламчи Қон кетиши дейилади. Бундай Қк. нинг сабаби кўпинча жароҳатдаги йиринглаш жараёнлари бўлиб, улар шикастланган томирни беркитиб қўйган қон лахталарининг эриб кетишига олиб келади. Тананинг ёпиқ ёки чегараланган бўшлиғига Қон кетиши, асосан, ички аъзолар (жигар, ўпка ва б.) нинг шикастланиши натижасида юз беради ва бунда қон ташқарига чиқмайди. Бундай Қон кетиши фақат қон йўқотиш туфайли организм умумий ҳолатининг ўзгариши ва бўшлиққа тўпланган суюқлик белгилари орқали билиниши мумкин. Қорин бўшлиғига Қон кетиши, асосан, ўткир камқонлик белгилари — рангпарлик, томирнинг кучсиз, лекин тез уриши, чанқаш, уйқучанлик, кўз олди қоронғилашиши, ҳушдан кетиш билан ифодаланади. Кўкрак бўшлиғига Қон кетишида камқонлик симптомлари ҳансираш (қийналиб ва тез нафас олиш) билан бирга намоён бўлади. Кўкрак бўшлиғига қон тўпланганлигини эшитиб, уриб кўриб ва рентгенологик текширишлар ёрдамида аникланади. Калла суяги ичига Қон кетишида биринчи ўринда қон йўқотиш симптомлари эмас, балки бош миянинг эзилиш белгилари — эс-ҳушнинг ўзгариши, нафас олишнинг издан чиқиши, фалажлар ва б. неврологик хусусиятлар юз беради. Ички Қон кетишида бўшлиқли (ковак) аъзоларга қон тўпланган сари у табиий чиқарув тешиклари орқали ташқарига чиқа бошлайди, лекин бундай Қон кетишининг сабабини аниқлаш ҳамма вақт ҳам осон бўлавермайди. Оғиздан қон келиши ўпка, юқори нафас йўллари, ҳалқум, қизилўнгач ва меъдадан Қон кетиши билан боғлиқ. Ахлатда қон бўлиши меъда-ичак йўлининг исталган қисмидан Қон кетишида кузатилади. Сийдикда қон бўлиши буйрак, сийдик йўли ва қовуқдан Қон кетишидан далолат беради. Бундай ҳолларда тўғри диагноз қўйиш учун ажралиб чиқаётган қоннинг қўриниши ва ҳолати катта аҳамиятга эга. Оғиздан қипқизил кўпирган қон келиши ўпка сили учун хос.

Кофе қуйқаси рангида қусиш меъдадан ва ўн икки бармоқ ичакдан Қон кетишини, қорамойсимон ахлат меъдаичак йўлининг юқори бўлимидан Қк. ни билдиради. Тўқ қизил ахлат билан бир текис ажралган қон ингичка ичакдан, ранги ўзгармаган ва ахлат билан аралашмаган қон йўғон ичакнинг энг пастки бўлимидан Қон кетишидан далолат беради. Аммо ҳамма вақт ҳам бу белгилар Қк. нинг сабаби, манбаини аниқлаш имконини бермайди, шунинг учун мураккаб диагностик текширувлардан фойдаланишга тўғри келади.

Қон кетишини вақтинча ва тамоман тўхтатиш мумкин. Вақгинча қон тўхтатишда жгут, босувчи боғламлар боғланади, томир торайтирувчи моддалар, муз ишлатилади. Тамоман қон тўхта-тишда жарроҳлик усуллари (томирларни боғлаш, тикиш, шикастланган аъзоларни олиб ташлаш), шунингдек, қон қуйиш, қон ўрнини босувчи суюқликлар ва дорилар қўлланилади.


Кирилл алифбосида мақола: ҚОН КЕТИШИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Қ ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
Jah Khalib, Artik & Asti - МамаМия
ОКЕАН
ПАТОЛОГИК АНАТОМИЯ
ОДАМ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты