ҚУРБОНЖОН ДОДХОҲ, Қурмонжон Маматқизи, Олай маликаси (1811 — Ўш яқинидаги Моди қишлоғи — 1907.1.2) — чор Россияси мустамлакачилигига қарши кўтарилган қўзғолон раҳбари. Қўқон хонлиги вазири Олимбек додхоҳ Ҳасанбой ўғли (1800—63)нинг рафиқаси.
Қўқон хонининг ҳарбий саркардаси Қашқардан қайтишда унга уйлангач (1832), Қ. д. ни хон саройига олиб келиб, Нодирабетимга таништиради (1833). Нодирабегим ва Увайсий каби ўзбек шоиралари таъсирида Қурбонжон додхоҳнинг дунёқараши шаклланади. Қурбонжон додхоҳ 5 ўғил ва 2 қизнинг онаси бўлган. Олимбек додхоҳ ҳокимият учун курашларда сарой фитнаси натижасида ўлдирилгач (1863), Қ. д. эри ўрнига маълум муддат Андижон ҳокими бўлган. Сўнгра фарзандларини олиб, ўз овулига жўнаб кетган. У Олай маликаси сифатида ном чиқарган. Бухоро амири Музаффархон жасур ва довюраклиги боис Қурбонжонга додхоҳ унвонини берган. Амир ёрдамида Қўқон тахтини қайта эгаллаган Худоёрхон Қ. д. ни Олай воҳасининг ҳокими қилиб тайинлайди (1865). Унинг катта ўғли Абдуллабек эса Ўш ҳокими қилиб тайинланган. Қурбонжон додхоҳ билан Қашқардаги Еттишаҳар уйғур давлати ҳукмдори Ёқуббек ўртасида яхши муносабатлар ўрнатилган.
Қўқонда хон зулми ва чор Россияси мустамлакачилигига қарши кўтарилган «Пўлатхон» қўзғолонида Қурбонжон додхоҳ ва унинг фарзандлари — Абдуллабек, Маҳмудбек, Ҳасанбек, Ботирбек ва Қамчибек ҳам қатнашган. «Пўлатхон» қўзғолони бостирилгандан кейин Олай воҳасидаги аҳоли Қ. д. бошчилигида курашни давом эттиришади (қ. Қурбонжон додхоҳ қўзғолони).
Қўзғолон бостирилгач (1876), Туркистон генерал-губернатори К. П. Кауфман томонидан Қурбонжон додхоҳ авф қилинади. Олай воҳасидаги ички бошқарувда Қурбонжон додхоҳ ўз мустақиллигини сақлаб қолган. Олай маликасининг довруғи ҳатто СанктПетербургдаги император саройигача етиб борган.
Қурбонжон додхоҳ Олай воҳасида, сўнгра Ўш яқинидаги қишлоғида умрининг охиригача яшаган. Қурбонжон додхоҳ ҳақида Фарғона водийси аҳолиси ўртасида кўплаб қўшиқлар ва ривоятлар тўқилган. Моди қишлоғида уй-музейи мавжуд. Фарғона ва Ўшда кўчалар, мактаблар унинг номига қўйилган.
Ад.: Ўзбекистоннинг янги тарихи. 1-китоб [Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида), Т., 2000; Чоратегин Т., Омурбеков Т., Қирғизистон тарихи (XIX аср боши — 1917 йил), Жалолобод, 2000.