ҚЎНҒИР ТЕМИРТОШ — темир ру даси, темир гидрооксиди (гётит, гидрогётит, лепидокрокит ва б.) нинг кремний ва алюминий оксидлари ва гидрооксидлари билан бирикмаси. Қўнғир темиртош — минералларнинг юпқа дисперс аралашмаси, ранги тўқ жигаррангдан оч сариққача. Ғовак, тупроқсимон масса, оолит, дуккакли, конкреция ва сталактитлар кўринишида бўлади. Баъ-зан таркибида пирит, марказит ва б. сульфидлар, темир таркибли карбонатлар ва оксидлар ҳамда қазилма организмлар қолдиқлари учрайди. Қўнғир темиртош — темир рудаларининг энг кўп тарқалган тури, таркибида 30% дан ортиқ темир бўлиб ва зарарли аралашмалар — олтингугурт, фосфор ва марги-муш кам бўлса саноат аҳамиятига эга бўлади. Қўнғир темиртошнинг ҳосил бўлиши Ер пўстининг юқори зонасидаги оксидланиш жараёни билан боғлиқ. Улардан металлургия саноатида кенг фойдала-нилади. Қўнғир темиртошнинг энг йирик конлари: чўкинди (денгиз, дарё, кўл, ботқоқлик) ва ўта асосли тоғ жинсларининг нураш пўстида вужудга келади. Оолитли Қўнғир темиртош ларнинг дунё бўйича энг йирик чўкинди конлари: РФ (Ғарбий Сибирь ҳавзаси), Франция (Ло-тарингия)да бор. Хром-никелли чўян ва пўлатларни қуйиш учун хом ашё ҳисобланадиган ўта асосли тоғ жинсларининг (никель, хром ва кобальт аралашмаси б-н) табиий легирланган Қўнғир темиртош конлари АҚШ, РФ (Урал), Куба (Маяри) ва Янги Каледонияда мавжуд.