СЕЙСМОГЕН ЗОНАЛАР — кучли зилзилалар бўлиб турадиган худудлар. Ер пўстидаги кучланишлар таъсирида ўзгараётган фаол геологик структура узилишларидан ташкил топади. Бу зоналарда тектоник ҳаракатларнинг муайян даврида юқори магнитудали ер қимирлашлар содир бўлади. Сейсмоген зоналар аввал ҳосил бўлган зилзила ўчоқлари, эпицентрлари, плейстосейм майдонлари ва улар б-н боғлиқ бўлган сейсмоузилмалар, сейсмодеформация қолдиқлари, келажакда кучли тебраниш манбаи шаклланиш эҳтимоли бор ҳудудларни ўз ичига олади. Сейсмоген зоналар ер ости чуқур қатламларида бўлаётган геодинамик жараёнларни ва бу қатламларни ташкил этган жинсларниг тузилишини, уларга таъсир этадиган тектоник хусусиятларни, шунингдек, қайси жойларда зилзила хавфи юқори бўлиши мумкинлигини, кучли ва кучсиз ер қимирлашлар келиб чиқиш қонуниятларини ўрганиш натижасида аниқланади. Катта кучга эга бўлган зилзила ўчоғи муайян геологик муҳит б-н боғланган сейсмоген узилишларда шаклланади ва тектоник ҳаракатларнинг фаоллашуви пайтида тебраниш манбаларига айланади. Кучсиз зилзилалар ҳамма ерда тоғ жинсларининг дарз кетишидан пайдо бўлади. Кучли зилзила ҳар гал янги жойда, яъни Сейсмоген зоналар даги маълум бўлган ер қимирлаш ўчокларининг давомида ёки улар орасидаги сейсмоген узилмаларда содир бўлади. Зилзила кучи узилмаларнинг каттакичиклигига, уларда бўладиган тектоник ҳаракатлар амплитудаси, тезлигига боғлиқ. Сейсмоген зоналарда геодинамик жараённинг тез ривожланиши натижасида ер қимирлаш манбаидаги йиғилган тектоник кучланишлар сейсмик тўлқинлар энергиясига айланади. Шу сабабли, Сейсмоген зоналарни кучли зилзилалар генератори дейиш мумкин. Ўзбекистон ҳудудида кучли зилзила ўчокларининг шаклланиши эҳтимоли бўлган Сейсмоген зоналар концепцияси илк бор яратилди.
Сейсмотектоник шароитларга қараб сейсмик хавф бўлган ҳар бир ҳудудда битта ёки бир нечта Сейсмоген зоналар бўлади. Улар ҳоз. замон тектоник ҳаракатларнинг фаол сейсмоген узилмаларининг ўлчами, зилзилаларнинг параметрлари (магнитудаси, чуқурлиги, интенсивлиги ва б.) га бўлинади. Ўзбекистонда ишлаб чиқилган Сейсмоген зоналар концепциясига кура, улар 3 тоифадан иборат. Биринчи тоифали Сейсмоген зоналарда магнитудаси 7,5, интенсивлиги 9 балл, иккинчисида — магнитудаси 6,5, интенсивлиги 8 балл ва учинчисида — магнитудаси 5,5, интенсивлиги 7 баллгача зилзилалар содир бўлади. Изланишлар натижасида биринчи марта Сейсмоген зоналарнинг янги типдаги харитаси тузилди (561бетдаги схематик харитага қ.). Ўзбекистоннинг шарқи ва унга ёндош ҳудудлар учун тузилган бу харита 1976 й. эълон қилингандан кейин 1977 й. да 8 балли ИсфараБоткен, 7 балли Ҳайдаркон, 7 балли Товоқсой, 1980 й. да 7 балли Конибодом, 8 балли Назарбек, 1982 й. да 8 балли Чимён, 1984 й. да 8 балли Поп ва 1985 й. да 8 балли Қайроққум, 1988 й. да 7 балли Шомодци, 1990 й. да Ўзган, 1992 й. да 8 балли Избоскан зилзилалари содир бўдди. Уларнинг жойи, кучи ва магнитудаси башоратга тўла мос келди. Сейсмоген зоналар концепцияси асосида Вьетнам, Лаос, Яман мамлакатлари ва Туркиянинг Эгей системаси грабенлари учун сейсмик районлаштириш хариталари тузилган, шунингдек, АҚШнинг зилзилаларни ҳалокатли окибатларини камайтириш дастурида ҳам ўз аксини топди.
Ад.: Ибрагимов Р. Н., Сейсмогенные зоны Восточного Ўзбекистана и сейсмичные районирование, М., 1976.