СЕРБ-ХОРВАТ ТИЛИ — жан. славян тилларидан бири; айрим олинган халққа нисбатан хорват тили ёки серб тили деб қўлланиши мумкин. Сербия, Хорватия, Черногория, БоснияГерцеговинада, шунингдек, Америка ва Австралияда тарқалган. Сўзлашувчилар сони 17 млн. кишидан ортиқ. Бу тилнинг, асосан, 3 лақжаси бор: штокав, чакав, кайкав; улар орасидаги тафовутлар славянларда х,али ёзув бўлмаган даврда пайдо бўлган.
Серб-хорват тилининг унлилар тизими чўзиқ ва қисқа унлиларнинг мавжудлиги, унлилар сифатининг урғули ҳамда урғусиз ҳолатларда ўзгармаслиги, бўғин ҳосил қилувчи р товушининг борлиги билан ажралиб туради. 25 та ундошдан 20 таси қаттиқ, 5 таси юмшоқ хусусиятга эга. Исмлар (от, сифат, сон, олмош) келишик б-н турланади, феъл замонлари мураккаб тусланиш шаклларига эга; тусланадиган ва тусланмайдиган феъллар мавжуд. Гапда сўз таркиби эркин. Серб-хорват тилининг луғат бойлигида умумславян сўзлар билан бирга итальян, румин, юнон, турк, араб, форс тилларидан ўзлашган сўзлар ҳам анчагина.
Ҳоз. адабий Серб-хорват тили 19-а. нинг 1-ярмида штокав лаҳжаси асосида яратилган. Адабий тилда кўплаб фонетик, морфологик ва лексик вариантлар учрайди. Адабий тил ҳудудий миллий хусусиятларнинг мажмуи сифатида яшаса хам, унда хорватча унсурлар ўзининг барқарорлиги б-н ажралиб туради.
Глаголица ва кириллицада битилган энг қад. ёдгорликлар 12-а. га мансуб. Серб-хорват тилида лотин ва Кирилл графикалари асосидаги 2 алифбо тенг даражада қўлланади.