СКЛЕРОТИНИОЗЛАР, склероцияли чириш — ўсимликларнинг замбуруғли касаллиги. Sclerotinia graminearum замбуруғи қўзғатадиган кунгабоқар, сабзи, бодринг, саримсоқ, карам (айниқса, сақлаш даврида) оқ чириши, кузги ғалла экинлари С. и. катта зарар келтиради. Замбуруғ споралари кузги ёш ниҳоллар баргларига тушиб, барг оғизчалари орқали тўқималарига киради ва споралар ҳосил қилади. Баҳорда 1—6 мм катталиқда қора қаттиқ юмалоқ ёстиқчалар — склероцийлар пайдо бўлади. S. roefsii замбуруғи қўзғатадиган жануб С. и ерёнғоқ, тамаки, картошка ва б. ни зарарлайди. Ғўзада касалликни S. gossypii Jacr. замбуруғи қўзғатади. Касалланган кўсакдаги толанинг технологик сифати бузилади.
Кураш чоралари: ўсимликларнинг ётиб қолишига йўл қўймаслик, кеч кузда суғормаслик. Кузги экинлар экиладиган майдонлар чуқур шудгор қилинади, бегона ўтлар йўқотилади, уруғлик экишдан олдин дориланади, помидор ва бодринг экилган майдонларда роврал, ронилан ёки сумилексни бўр ёки оҳак билан аралаштириб қўллаш (чангитиш, пуркаш) тавсия этилади.