СОПОЛЛИТЕПА — Сурхондарё вилоятининг (Музрабод тумани) Шеробод чўлини кесиб ўтган Ўланбулоқсой ёқасига жойлашган жез даврига оид археологик ёдгорлик. У 1968 й. археолог Л. Альбаум томонидан топилган. 1969—74 й. ларда А. Асқаров томонидан ўрганилган Сополлитепанинг майдони тахм. 3 га. Унинг 1 га. га яқин марказий қисми мудофаа деворлари билан ўраб олинган. Қалъа атрофидаги майдоннинг ката қисми бузилиб, пахта далаларига айлантирилган. Тепанинг устки қисмида сопол синикдари калашиб ётганлиги учун у маҳаллий аҳоли орасида Сополлитепа деб аталган. Сополлитепада ўтказилган археологик казишмалар натижасига кўра, унинг марказий қисми мурабба (82×82 м.) шаклида қурилган қалъадан иборат. Қалъанинг томонлари гўё 3 қатор мудофаа деворлари билан ўраб олинган. Аслида эса, қалъани ўраб олган деворлар тизими ички ва ташқи йўлаксимон қопқонлардан ташкил топган бўлиб қалъа ташқи мудофаа чизиғида томонларга параллел қилиб 8 та йўлаксимон қопқонлар жойлаштирилган. Қалъанинг ички мудофаа чизиғининг марказига ва ҳар тўрт томон бурчакларига биттадан, ҳаммаси бўлиб 8 та йўлаксимон қопқонлар жойлаштирилган. Йўлаксимон қопқон тизимининг жойлашиш режасига кўра, қалъага кириш дарвозаси ҳам гўё 8 та. Аслида эса ҳақиқий дарвоза қалъа жан. томонининг марказига жойлашган, қолган «дарвозалар» ҳарбий хавф туғилганда қопқон вазифасини бажарган. Қалъанинг ички мудофаа тизимида, йўлаксимон қопқонлар оралиғида, ҳар томонда иккитадан мурабба шаклида қурилган хоналар бўлиб, уларга қалъа ички томонидан эшик очилган. Айнан ана шу хоналар томон қалъа ичига жойлашган турар жой мажмуалари оралаб тор кўчалар ўтган. Қалъа ичидаги турар жой мажмуалари унинг ички деворлари бўйлаб жойлашган. Улар ана шу кўчалар орқали 8 та маҳаллага бўлинган. Қалъа марказида эса очик, майдон бор. Қалъа дарвозасидан бошланган кенг йўл ва тор кўчалар ана шу майдон билан боғланган. Буларнинг барчаси Сополлитепа жамоаларининг мудофаа тизимини ташкил этган. Бундай мураккаб меъморий иншоот олдиндан ўйланган аниқ режа ва ғоя асосида қурилган. Сополлитепа қалъа қўрғонининг меъморий тарҳи протошаҳар таркибини эслатади, уни махсус ўйлаб топилган мудофаа режаси эса амалий тажрибадан келиб чиқиб, қалъа бош режаси ғоясига қатьий бўйсундирилган. Айнан, мана шундай мудофаа тизими Сополлитепа хавфсизлигини юкрри даражада таъминлай олган. Сополлитепа мудофаа тизимини ташкил этган узун йўлаклар дастлаб мудофаа иншооти вазифасини бажарган. Уларга мудофаа иншооти сифатида талаб сўнгач, секинаста бошқа мақсадларда фойдаланилган. Mac, шим. ва шарқий ички йўлаклар хилхона сифатида фойдаланилса, ғарбий ва жан. йўлаклар кулолчилик устахоналари сифатида фойдаланилган. Ҳар бир маҳаллада уруғ жамоаларининг хилхоналари бўлиб, марҳумлар мудофаа деворлари остига, уйларнинг поли остига кўмилган. Уруғ бошликларининг қабрлари эса, одатда, оила ўчоғи рўпарасида учратилади.
Сополлитепада ўтказилган қазиш жараёнида 150 дан ортиқ турар жой мажмуалари очилди. Уларни маҳалла бўйича тақсимлаганда ҳар бир маҳалла майдонига 15—20 тагача оилавий турар жой мажмуалари тўғри келади. Лекин, улар бир вақтда бунёд этилмаган. Сополлитепада одамлар канча вақт яшаганлигини ўрганиш мақсадида унинг ҳар хил жойларида шурфлар солинди. Шурф кесмаларига кура, мудофаа иншоотлари ва уйжой мажмуалари пойдеворсиз қурилган. Оилавий уйжой мажмуалари кўп хонали бўлиб, ҳар бир оилага қарашли кўп хонали уйнинг бири деворининг остида мўрили ўчоқ, иккинчисида сандал ўрни ёки тоза кулли қурбонгоҳ чуқурчаси, учинчисидан эса омборхона сифатида фойдаланилган. Булар оила бирлигини англатувчи муҳим белги эди. Бир неча шундай оила бирликлари катта патриархал уруғ жамоасини ташкил этган. Сополлитепа ана шундай катта патриархал уруғ жамоаларидан 8 тасини бирлаштирган қишлоқ жамоаси эди. Сополлитепа уйлари ва мудофаа иншоотлари сомон қўшилган хом ғиштлардан қурилган. Уй деворлари андавалар ёрдамида силлиқ килиб сувалган (топилмалар орасида сопол андава ҳам бор), сувоқ устидан ҳаворанг оҳак билан окданган.
Ҳар бир патриархал жамоа маҳалласи қошида уларнинг кундалик эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда кулолчилик цехи ва металл эритиш устахоналари мавжуд. Хоналарнинг баъзи бирлари тўқимачилик мақсадларига мослаб қурилган. Улар кенг ва узун бўлиб, тўқув дастгоҳини ўрнатишга мўлжаллаб қурилган. Ана шундай хоналарда урчуқ тошлар, суяк тароқлар, тош ва сопол қадоқтошлар кўпроқ учратилган. Сополлитепада тўқимачилик ипак, пахта ва ҳайвон юнги хом ашёси асосида қурилганлиги ҳақида далолат берувчи топилмалар бор.
Сополлитепа сополлари чархда ясалган, 2 қаватли хумдонда пиширилган. Улар нафис, жарангдор, нақшсиз. Кулоллар сопол и. ч. да асосий эътиборни мутаносиблик ва шаклга қаратган. Улар жуда сифатли узун оёқли вазалар, конуссимон косалар ва нимкосалар, қадахлар ва хурмачалар, кўза ва кўзачалар, хум ва хумчалар, чойнак ва пиёлалар, тоғора ва лаганлардан иборат.
Сополлитепада жездан қирғич ва пичоқлар, болта ва тешалар, игна ва бигиз, искана ва ранда тишлари, кўзгу ва муҳр, сурмадон ва хилма хил идишлар, билагузук, соч турмаклагичлар, сирға ва узуклар, тиллақош ва қош тергичлар ишлаб чиқарилган.
Сополлитепада 158 та қабр очилган. Уларнинг деярли барча ашёвий далиллари бутунлигича бизгача етиб келган. Қабрлар ҳоз. замон қабрларидан фарқ қилмайди: айвонча, айвончаларнинг ғарбий четида, ундан пастроқда лаҳад — жасадхона, унинг оғзи ярим энгаштирилиб терилган ғиштлар билан беркитилган. Айвонча лаҳаддан чиққан тоза тупроқ билан тўлғизилиб усти суваб қўйилган. Биргина фарқи Сополлитепа лаҳадлари кенгроқ, қабр оғзига яқин бўш майдонга турли идиш товоқлар, меҳнат ва б. ҳарбий қуроллар, тақинчоқ, безак буюмлари ва б. қўйилган. Лаҳадда эркаклар ғужанак ҳолда ўнг томони билан, аёллар эса чап томони билан ётибди. Ҳар икки жинс ҳам кафанда эмас, балки ҳаётлик вақтидаги байрамона кийимда кўмилган. Эркаклар қабрида меҳнат ва ҳарбий қуроллар, аёллар қабрида турли хил тақинчоқ ва безаклар учрайди. Қабрлардан топилган ашёлар таркибига қараб, марҳумларнинг касбини аниқ айтиш мумкин. Демак, сополлитепаликлар эътиқодига кўра, улар нариги дунёда ҳам яшашда давом этишларини тасаввур қилганлар. Мозордаги ашёларнинг «бой ва камбағаллиги» уларнинг ёши ва жамоада тутган мавқеи билан боглик бўлган. Қабрларда битгадан, баъзан эса иккитадан скелетлар учрайди. Баъзида аёлни эмизикли боласи билан кўмиш ҳоллари ҳам учрайди. Узоқ ўтмишдаги аждодларимиз удумига кўра, она ўлса унинг эмизикли боласи билан кўмиш табиий ҳол ҳисобланган бўлса керак. Сополлитепада ўрганилган жуфт қабрларда эркак ва аёл бирга кўмилган бўлиб, уларнинг биронтасининг суягида мажбурий ўлим излари учрамайди. Демак, улар ўз ажали ила ҳаёт билан видолашганлар.
Кейинроқ, кўчманчи мулкдор чорвадорлар орасида кўп хотинлик табиий ҳолга айланган ҳарбий демократия даврида «нариги дунёда ҳаётнинг давом этиши» ҳақидаги ибтидоий ақидага кўра, скиф подшолари ва қабила сардорлари билан уларнинг хотин ва чўриларидан бир қисмини мажбурий ўддириб бирга кўмиш одат тусини олган. Ана шу одатнинг дастлабки илдизлари Сополлитепада кўзга ташланади, қабрларда одам жасади ўрнида майда ҳайвон скелетлари учратилган, бундай қабрлар кенотаф номи билан аталади. Уларга бедарак йўқолган марҳум ўрнига жамоа дафн анъанасига кўра, унинг тирик жон мулкидан бир қўйни ўлдириб кўмиш лозим топилган. Сополлитепа кенотаф қабрларининг деярли барчаси эркакларга тегишли эди.
С аҳолиси эътиқодида қуёшга, оловга сиғиниш ўз аксини топган. Унинг излари айрим хоналар майдонида учратилган сандал ўтхонаси сифатида қабул қилинган тоза кулли чуқурчалар эди. Буларнинг барчаси оташпарастлар эътиқодига алоқадор белгилар эди.
Сополлитепа жамоаси мазкур масканда 150—200 й. лар чамаси яшаб, сув танқислигидан, сувга қулай янги унумдор ерлар қидириб, Шеробод дарёнинг қад. ўзани Бўстонсой сохилларига кўчиб кетадилар. Бу воқеалар мил. ав. 2минг йилликнинг биринчи ярмида содир бўлди. Сополлитепа деҳқонлари янги жойни ўзлаштириб, Ўзбекистон жан. да энг қад. илк шаҳарни барпо этадилар. У шаҳар Ўзбекистон тарихида Жарқўтон номи билан аталиб, унинг протошаҳри С хисобланади.
Ад.: Аскаров А., Сапаллитепа, Т., 1973; Аскаров А., Древнеземледельческая культура эпохи бронзы юга Узбекистана, Т., 1977. Аҳмадали Аскаров.