СТИЛИСТИКА (юн. stylos — ёзув, хат таёкчаси) , услубшунослик, услубият — тилшуносликнинг тил услубларини тадқиқ этувчи, тилнинг лексикфразеологик, фонетик, морфологик, сўз ясалиши ва синтактик сатҳларда синхрония ва диахрония нуқтаи назаридан функционал катламланишининг моҳияти ва ўзига хосликларини ўрганувчи, адабий тилни турли лисоний вазиятларда, ёзма адабиётнинг хилмахил тур ва жанрларида, ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида қўллаш меъерлари ва усулларини тавсифловчи тармоғи. Стилистикада параллел синонимик тил ифодаларидаги маъновий ва экспрессив нозикликлар, лисоний бирликларнинг ўзаро муносабатдош вариантлари ўрганилади. Бундай вариантларда улар орасидан муайян нутқий вазият учун зарур бўлганини танлаб олиш имконияти мавжуд бўлади.
Замонавий Стилистика турли лингвистик йўналишлар ва мактабларда турлича тушунилади, шу билан бирга ҳар бир нуқтаи назар, Стилистиканинг асосий ўрганиш мавзуи бўлмиш услубнинг серқирралиги сабабли, ўз объектив асосига эга. Стилистика тил меъёр (норма)лари билан узвий боғликдир. Стилистика ўз навбатида функционал С, лисоний бирликлар Стилистикаси, матн Стилистикаси, бадиий адабиёт (бадиий нутқ) С. си, амалий С, қиёсий С, тарихий Стилистика каби турларга бўлинади.
Функционал Стилистика адабий тилнинг ўз тарихан шаклланган кўринишлари (функционалуслубий бирликлари) асосида табақаланишини, яъни услублар тизимини, бу тизимнинг ички структуравий шаклланиш қонуниятларини ўрганади ва тавсифлайди. Функционал Стилистика назарий тадқиқот мавзуи сифатидаги адабий тилнинг асосий функционалуслубий бирликларини типологик таснифлаш ва ажратишнинг умумий принципларини ишлаб чиқади.
Лисоний бирликлар Стилистикаси адабий тилда одатдаги нутқий вазиятларда, турли маъновий ва экспрессив мазмундаги матнларда барча сатхлар бирликларининг мавжуд тил меъёрлари нуқтаи назаридан амал қилиши (қўлланиши)ни ўрганади. Бунда лисоний бирликларнинг вариантлари (вариантдор шакллар, параллел тузилмалар, луғавий ва синтактик синонимлар)нинг услубий бўёғини чоғиштириш муҳим аҳамиятга эга. Лисоний бирликлар Стилистикаси бир томондан функционал Стилистика билан бевосита боғлиқ бўлса, иккинчи томондан матн Стилистика сига жуда яқин туради.
Бадиий адабиёт (бадиий нутқ) Стилистикаси тилнинг адабиётда қандай қилиб санъат ҳодисасига айланганини текширади, унинг бадиий қўлланиши, унда эстетик ва коммуникатив вазифаларнинг бирга қўшилиши усулларини аниклайди. Бадиий асар С. си фақат ёзувчининг тилдан фойдаланишдаги ўзига хослигини, асар тилининг хусусиятларини тадқиқ этиш билан чегараланади. Услубнинг муҳим унсури бўлган тилнинг асардаги вазифасини аниклашга ёрдам беради, аммо асар тилининг барча хусусиятларини ўрганиш унинг мавзуига кирмайди. Кўпинча бир масалани Стилистика ҳам, адабиётшунослик ҳам ўрганади. Бадиий нутқ Стилистикаси тил материалининг аниқ бир бадиий тизимдаги эстетик вазифасини аниқлашга ҳаракат қилади. Шунинг учун бадиий адабиёт Стилистикасида энг муҳим тадқиқот мавзуи ёзувчи ва муайян бадиий асар тилидан иборат бўлади, яъни индивидуал услуб муаммоси биринчи ўринга қўйилади. Аниқ бир асар тилини тахлил қилиш орқали умумлашма хулосалар чиқарилади, бир қанча асарларга, ёзувчилар ижодига хос хусусиятлар аниқланади (мас, Қодирий, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Шуҳрат ижодларининг ўзига хос услубий хусусиятлари). Натижада бадиий нутқнинг бир қанча қонуниятлари, типологик принциплари ишлаб чиқилади.
Қиёсий Стилистика — турли тиллардаги услубий ҳодисаларни қиёслаб ўрганиш. Қиёсий Стилистика таржима назарияси билан узвий алоқадордир. Тарихий Стилистика тилнинг турли тарихий даврларда қўлланишини тадқиқ этади. У нафақат муайян тил услубий меъёрларининг ўзгариб туришини, балки адабий тил тузилишининг шаклланиш ва ривожланиш йўлларини, адабий тил билан бадиий нутқнинг ўзаро муносабатлари тарихини ҳам ўрганади. Амалий Стилистика нутқ маданияти талабларига мувофиқ келувчи услубий тавсияларни қамраб олувчи амалий соҳа ҳисобланади.
Стилистиканинг фан сифатида шаклланиши, ривожланиши ва ўрганилиши Ғарбда антик даврларга, Шаркда эса ўрта асрларга тўғри келади. Стилистика Шарқ мамлакатларида, жумладан, Ўзбекистонда, гарчи ҳозиргидай алоқида соға сифатида бўлмаса ҳам, лекин тилшунослик (грамматика, луғат), адабиётшунослик (илмий бадеъ, истиора, тафсир), шунингдек, илми иншо, воизлик, нотиклик санъати каби фанлар таркибида ўргатиб келинган. Ўтган асрда Ўзбекистонда С, айниқса умумийфункционал Стилистика ва бадиий адабиёт Стилистикаси мустақил фан тармоғи сифатида шакллана ва ривожлана бошлади. Бунда Фитрат, Чўлпон, Ойбек, П. Қодиров каби ёзувчиларнинг, М. Қўшжонов, Қ. Самадов, И. Қўчқортоев, А. Шомақсудов сингари олимларнинг ҳиссалари катта.
Ад.: Винокур Г. О., Избранные работў по русскому языку, М., 1959; Виноградов В. В., Стилистика. Теория поэтической речи. Поэтика, М., 1963; Ефимов А. И., Стилистика русского языка, М., 1969; Ўзбек тили стилистикаси, Т., 1983.
Абдуваҳоб Мадвалиев.