СТРОНЦИАНИТ — карбонатлар синфига мансуб минерал. Илк бор 1787 й. Строншиан ш. (Шотландия) яқинида топилган, номи шундан. Кимёвий таркиби Sr[CO3]. Одатда, Са, Ва, РЬ аралашмаларига эга. Ромб сингониясида кристалланади. Агрегатлари яхлит, донадор, зич ва толасимон, ингичка найзасимон бўлиб тузилган. Рангсиз ёки яшилроқ, сарғиш ва кулранг бўлиб, ялтираши шишадек. Мўрт. Қаттиклиги 3,5—4; зичлиги 3,6—3,8 г/см3. Гидротермал жинслар орасида целестин, барит, кальцит, сульфидлар билан ассоциацияда учрайди; кўпинча чўкинди тоғ жинсларидан гиллиоҳактошларда чизиқлар кўринишида бўлади. С. Ўзбекистонда Қурама тоғ тизмаларидаги Табошар конида (1932), кальциостронцианит тури эса, Етимтоғ олтингугурт конида топилган.