СУВ МУҲОФАЗА ЎРМОНЛАРИ — сув манбалари ва ҳавзаларини ифлосланиш ва лойқа босишдан саклаш, сув захираларини кўпайтириш, уларнинг мунтазам тўйинишини таъминлашга хизмат қиладиган табиий ва махсус барпо этилган ўрмонзорлар. Сув муҳофаза ўрмонлари шунингдек, сувни тартибга солиш ва тупроқни ҳимоя қилиш вазифасини ҳам бажаради; тупроқни шамол ва сув эрозиясидан саклайди; шамол тезлигини пасайтиради, намликнинг тупроқ остига ўтишини кучайтиради; селнпнг оддини олади; тупроқ эрозияси маҳсулотларини ушлаб қолиб, ҳаво ва сувни тозалайди. Сув муҳофаза ўрмонлари сув оқими ўзгарувчанлигини камайтиради; бу билан гидротехника иншоотлари ва ГЭСларнинг мунтазам ишлашига, шаҳар ва аҳоли пунктларини ичимлик сув билан, қишлоқ хўжалиги. ни суғориш суви билан барқарор таъминлашга имкон беради. Сув муҳофаза ўрмонлари 1 гуруҳ ўрмонларига киритилади. Ўрта Осиё ҳудудида асосий дарёларнинг оқими тоғларда ҳосил бўлади, шу сабабли тоғ ўрмонларининг аҳамияти, айниқса, катта. Ўсимликлар ва кўп микдорда нам сингдирадиган хазон тўшамаларигина тоғларга ёғадиган ёғинларни, айниқса жала ёмғирларини тутиб қолиши мумкин. Тажрибаларда сув ҳавзаси майдонида дарахтзорларнинг 10% кўпайиши оқимни 12—17 мм орттириши аникланган. Ўрта Осиё тоғларида ўрмонлар кам: тоғларнинг ўрмонлар билан қопланиш даражаси 2,47%, жумладан, Ўзбекистонда 2%, Қирғизистонда 4,2%, Тожикистонда 1,8%, Туркманистонда 0,8%, Жан. Қозоғистонда 2,5% ни ташкил этади. Шунинг учун ҳам бу минтақада ўрмонларни муҳофаза қилиш ва янги ўрмонзорлар барпо этиш масаласи жуда катта аҳамиятга эга. 1880 й. да Самарқанд (Омонқўтон)да Н. И. Корольков, 1889 й. да Тошкент вилояти (Оқтош)да С. Ю. Раунер биринчи марта Ўрта Осиёдаги тоғ ён бағирларида ўрмонзорлар ташкил этишга асос солдилар. Бу ўрмонзорлар ҳозир ҳам мавжуд. Арча, писта, ёнғоқ, бодом, қора арча ва б. тоғлардаги асосий дарахтлар ҳисобланади. Экологик аҳамияти катта бўлган арчазорлар бал. 1200 дан 3000 м гача бўлган тоғларда ўсади. Ўрта Осиёда табиий арчазорлар 492,8 минг га дан ортиқ, жумладан, Ўзбекистонда 192,5 минг га, Қирғизистонда 151,8 минг га, Тожикистонда 124,7 минг га, Туркманистонда 23,8 минг га майдонни, тоғ ён бағирларида экилган арчазорлар 5000 га дан зиёд майдонни эгаллайди.
Ўрмон дарахтлари кўчатлари махсус кўчатхоналарда етиштирилади. Тоғ ён бағирларида терассалар тайёрлаш, кўчатлар ўтқазиш учун машина ва механизмлар комплекси кенг қўлланилади.
Toe ўрмонзорларини муҳофаза қилиш ва кенгайтиришда қўриқхоналарнинг аҳамияти катта (қ. Зомин тоғўрмон давлат қўриқхонаси, Нурота давлат қўриқхонаси). Иҳота дарахтзорлари дарё ёқаларида, йирик магистрал каналлар (Жан. Мирзачўл, Катта Фарғона, Қарши, АмуБухоро машина канали, Қорақум ва ҳ. к.), хўжаликлараро ва хўжалик каналлари бўйида, сув омборлари (Қайроққум, Каттақўрғон, Жан. Сурхон, Чорвоқ, Туябўғиз ва б.) атрофларида ташкил қилинган. Қирғоқ бўйлари ва қайирларда, асосан, жийда, терак, тол, қайрағоч ва б. экилади.
Ад.:Ханазаров А. А., Мольдерф B. C., Технологические основы создания защитных лесных насаждений в горах, Т., 1988.
Абдушукур Хоназаров.