ШЎРТАН ГАЗ-КОНДЕНСАТ КОНИ — Қашқадарё вилоятидаги кон. Қарши шаҳридан 40 км жан. шарқда. 1974 йилда очилган. Чоржўй тектоник поғонасига тегишли Бешкент эгилмасида брахиантиклиналь кўринишидаги Шўртан структурасида жойлашган. Юқори юра даврининг келловейоксфорд ётқизиқлари маҳсулдор ҳисобланади. Газконденсат 15НР, 15Р ва 15ПР горизонтларида очилган. Горизонтлар кулранг оҳактошлардан ҳамда зичлашган, дарзли, доломитлашган оҳактошлардан иборат, қалинлиги 316—542 м. Газли қисмининг фойдали қалинлиги 118 м. Газ уюмидан юқорида жойлашган қалинлиги 341—546 м бўлган кимерижтитон туз жинслари регионал қопқоқ вазифасини ўтайди. Маҳсулдор қатлам 2735—3170 м чуқурликда ётади. Сув таркиби хлоркальцийли, минераллашганлиги 122,1 — 129,0 г/л. 1999 йилгача олинган табиий газ миқдори 245,2 млрд. м3, газ конденсати 12,4 млн. т. Кондаги газда этан миқдори юқори, газни қайта ишлаб, бу қимматбаҳо элементни ажратиб олиш мақсадга мувофиқ. Этан полимер, каучук, бўёқ ва доридармонлар олишда асосий хом ашё ҳисобланади. Шўртан газидан ажратиб олинган этанни қайта ишлаб, полиэтилен олиш мақсадида Шўртан газкимё мажмуаси бунёд этилди.