ШЎРТЎҒОЙ, Шўртўқай жез даврига оид археологик ёдгорлик. 6 та алоҳида жойлашган тепаликлардан иборат. Шим. Афғонистонда, Кўкча дарёсининг Амударёга қуйилиш жойида, Амударёнинг чап қирғоғида жойлашган. Ёдгорликда 1975— 76 йилларда француз археологлари (Б. Лион, А. П. Франкфор, М. Н. Поттие) илк бор археологик тадқиқотлар ўтказганлар. Ёдгорликка мансуб 2 та тепаликдагина (150*50м; 200×50 м) қазишмалар олиб борилган. Қолган тепаликлар тўлиқ ўрганиб чиқилмаган. Моддий топилмалар (сопол идишлар бўлаклари, тақинчоқлар, ўқ учлари ва бошқалар) ва иншоотлар қолдиқлари Шўртўғой макони Шим. Ҳиндистондаги Хараппа маданияти вакиллари томонидан барпо этилганлигини кўрсатди.
Шўртўғой макони мил. ав. 3-минг йиллик охири — 2-минг йилликларда хараппаликларнинг Ўрта Осиёнинг турли ҳудуди билан бўлган иқтисодиймаданий алоқаларида муҳим оралиқ пункти вазифасини бажарган. Хусусан, бу ёдгорлик орқали транзит аҳамиятга эга бўлган муҳим йўллар ўтган. Шўртўғой орқали Бадахшондаги ложувард конлари маҳсулотлари Шим. Ҳиндистонга етказиб берилган. Жез даврида Зарафшон дарёсининг юқори оқимида, Панжикент яқинида жойлашган Саразм, Зарафшон воҳасидаги Қарноб конлари, Жанубий Ўзбекистондаги Сополли ва бошқалар маконларни Шим. Ҳиндистон билан боғловчи асосий алоқа йўли Шўртўғой орқали ўтган. Бу макон оркали Амударёнинг чап қиргоғи бўйлаб Қуйи Зарафшон воҳаси ва Амударёнинг қуйи оқимига қараб кетувчи йўл ҳам ўтган.
Шўртўғойнинг юқори маданий қатламларидан жез даври Дашт маданиятига мансуб моддий топилмалар топилган. Уларга асосланиб Шўртўғой макони мил. ав. 2-минг йиллик ўрталарига келиб маҳаллий чорвадор қабилалар таъсирига тушганлиги ҳақида фикр юритиш мумкин. Ад.: Ртвеладзе Э. В., Великий шелковый путь, Т., 1999.
Ўктам Мавлонов.