ШЎРЧИ ТУМАНИ — Сурхондарё вилоятидаги туман. 1935 йил 9 февда ташкил этилган. Шим. дан Олтинсой, Денов, жан. ва ғарбдан Қумқўрғон, шарқдан Узун туманлари билан чегарадош. Майд. 0,85 минг км2. Аҳолиси 152,3 минг киши (2004). Туманда 1 шаҳар (Шўрчи), 1 шаҳарча (Элбаён бекати), 10 қишлоқ фуқаролари йиғини (Бахтлитепа, Далварзин, Жалойир, Кичик Савур, Охунбобоев, Оқтумшуқ, Соҳибкор, Шўрчи, Элобод, Янгибозор) бор. Туман маркази — Шўрчи шаҳри.
Табиати. Рельефи, асосан, текислик ва адирлардан иборат. Ўртача бал 400—700 м. Туман ҳудуди ўртасидан Сурхондарё оқиб ўтади (туман ҳудудидаги уз. 25 км). Дарё қайирида мавжуд бўлган Оқтумшуқ, Шалдироқ каби тўқайлар қуритилиб, деҳқончилик учун ўзлаштирилди. Туманнинг жан. ғарбида Жанубий Сурхон, шим. шарқида Дегрез сув омборлари қурилган. Шўрчи тумани ҳудудида сувсиз қуруқ сой кўп. Баҳорда Боботоғдан мавсумий оқимга эга бўлган Файзова, Хўжакулсин, Арғамчи сойлари оқиб тушади. Бойсун тоғларидан оқиб тушадиган Ҳалқажар дарёси кичик шаршаралар ҳосил килган. Боботоғнинг адир ва тоғ зонасида нефть, газ ва фосфорит конлари топилган. Иқлими қуруқ, типик субтропик иклим. Йиллик ўртача тра 15°, янв. ники 2,6°. Энг паст тра —25°. Июлнинг ўртача т-раси 29°, энг юқори тра 46°. Йилига 240—260 мм ёғин тушади. Вегетация даври 230 кун. Баъзан кучли шамоллар эсади. Тупроғи ўтлоқи ва бўз тупроқ. Ёввойи ўсимликлардан шувоқ, шўра, янтоқ, писта, тоғ райҳони, дўлана, ровоч, алқор ва бошқалар ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан бўри, тулки, жайран, каламуш, қўшоёқ, юмронқозиқ, кўрсичқон, жайра; тўқайларда тўқай мушуги, қобон, чиябўри; қушлардан: майна, сўфитўрғай, каклик, кўршапалак, ғоз, ўрдак, турна; судралувчилардан ўқилон, геккон, кўзойнакли илон ва бошқалар бор.
Аҳолиси, асосан, ўзбеклар, шунингдек, тожик, рус, татар ва бошқалар миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 179,2 киши (2004).
Хўжалиги. Туманда До«н маҳсулотлар», «Шўрчипахта» акциядорлик жамиятлари, босмахона, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш уюшмаси, «Шўрчимебель» компанияси, МТП, пиллакашлик ф-каси, 2 та нон ёпиш корхонаси, «Истиқлол» пойабзал ишлаб чиқариш корхонаси ва бошқалар фаолият кўрсатади. Йирик элеватор ва 2 та ун тегирмони ишлаб турибди. Қ. х. комплекс ривожланган, асосан, пахта, ғалла, шунингдек, мева ва узум етиштирилади. Сабзавотчилик, полизчилик ва чорвачилик ҳам ривожланган. Емхашак экинлари экилади.
Туманда 9 ширкат, 600 га яқин фермер хўжалиги, 5 та фермерлар уюшмаси мавжуд. Шўрчи тумани даги жамоа ва шахсий хўжаликларида қорамол, қўй ва эчки, йилқи, парранда боқилади. Шўрчи тумани ҳудудидан ўтган т. й. узунлиги 28 км. 58 умумий таълим мактаби (43 мингдан зиёд ўқувчи), болалар мусиқа мактаби, қишлоқ хўжалиги, коммунал хизмат кўрсатиш, тиббиёт касб-ҳунар коллежлари, 2 та махсус мактаб интернати, ихтисослаштирилган интернатмактаби мавжуд. 7 қишлоқ маданият уйи, 5 қишлоқ клуби, туман марказий кутубхонаси ва унинг тармоқлари, шаҳар кутубхонаси, кўзи ожизлар кутубхонаси аҳолига хизмат кўрсатади. 290 ўринга мўлжалланган 4 та касалхона (шу жумладан, туман марказий касалхонаси), 8 қишлоқ врачлик амбулаторияси, 8 қишлоқ врачлик пункти, 24 та дорихона, 3 та поликлиника ва бошқалар тиббий муассасаларда 263 врач, 1100 га яқин ўрта тиббий ходим ишлайди. Туман худудида Далварзинтепа харобалари жойлашган. Шўрчи тумани ҳудуди орқали Москва — Душанба поезди ўтади.
Шўрчидан Термиз, Қарлуқ, Бойсун, Денов, Шеробод, Қумқўрғон, Кофрун йўналишларида автобуслар қатнайди. Термиз — Регар йўналишидаги автобус ҳам туман ҳудудидан ўтади. Туман «Шўрчи ҳаёти» газ. 1936 йилдан чоп этилади (адади 1710).